Хитойнинг Шэньси провинциясида қутқарувчилар тупроқ остида уч кун қолиб кетган аёлни қабрдан чиқариб олишди, дея хабар берди «Metro».
Фавқулодда хизмат ходимлари 79 ёшли кампирни чиқариб олишди. Уни ўз ўғли тириклайин кўмиб ташлаган экан. Хабарга кўра, нафақадаги аёл тирик.
Ҳодиса 5 май куни маълум бўлди. Йўқолиб қолган кампирнинг келини полицияга мурожаат қилган.
Унинг айтишича, эри фалажланган онасини аравага солиб, қаёққадир олиб кетган. Сўнг ёлғиз ўзи қайтган. Қайнанаси қаердалигини сўраганида, эри машинага солиб, қариндошиникига юборганини айтган.
Эрининг гапларига ишонмаган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Кейинчалик маълум бўлишича, 57 ёшли Ма онасини қабристондаги ташландиқ гўрга ташлаб, жиноятини яшириш учун тупроқ билан кўмиб юборган.
Фалажланган кекса аёл овқатсиз, сувсиз қабрда уч кечаю уч кундуз қолиб кетган. Қабристонда полициячилар аёлнинг ёрдам сўраб инграётганини эшитишган. Улар қабрни ковлаб, аёлни чиқариб олишган. У қийналиб нафас оларди. Кекса аёл тезда шифохонага етказилган. Ўғли эса ҳибсга олинган.