«АЛЬ-ҚОИДА»НИНГ «ПИРИ»
Аммо ХХ асрга келиб салафизмни тарқатган ягона шахс бу мисрлик Сайид Қутб ҳисобланади. Айнан у аль-Ваҳҳобнинг меросхўри сифатида бу оқим ниқоби остида жиҳод тушунчасини ҳарбийлаштириб, Оллоҳнинг ҳузурига покланган ҳолда бориш учун хизмат қилувчи таълимотни каллакесарлар, қотиллик жиноятига айлантирган.
Қутб 1906 йили Мисрдаги олис қишлоқлардан бирида туғилган. Аввалига Ислом динини хушламай яшади. Қирқинчи йилларда Америкада икки йил яшагач, қарашларини ўзгартирди. Мисрга қайтгач, тушуниб етдики, Ғарб давлатлари дунёнинг ҳар бир ҳудудини ўз назорати остига олиш учун интилмоқда. Айниқса, Усмоний турклар империяси тугатилгач, Биринчи жаҳон урушидан сўнг ғарбликларга мусулмонлар шу ниятни амалга оширишда катта ёрдам беряпти деб ҳисоблади. Шунинг учун у гўё ғарбликларга ёрдам кўрсатаётган «сотқин» мусулмонларга қарши уруш эълон қилиш керак деб ҳисоблади. Бундайларни «кофир»лар деб атаб, уларни ўлдириш савоб деб ўйлади. Тўғри, у аслида теорияга асосланган ҳолда иш тутар, амалда бировга қўл кўтариш ёки қўлига қурол тутиш кабилардан йироқ эди. У ўзининг маслаҳатлари билан «жиҳодчи»ларни илҳомлантирарди. Шунга қарамай, Миср ҳукумат раҳбарлари Қутбни жамият учун ўта хавфли кимса сифатида баҳолади ва Қутб 1966 йили «Мусулмон ака-укалар» террор ташкилоти билан тил бириктириб ўша пайтдаги Миср президенти Камол Абдул Носирга суиқасд уюштирганликда айбланди ва осиб ўлдирилди. Қутб ўлгандан кейин унинг 24 та китоби баравар чоп этилди. Бу китобларнинг барчасида ҳозирги террор масаласидаги ғоялар илгари сурилганди. Шубҳасиз, бу китобларни радикал ташкилотлар аъзолари, етакчилари, каллакесарликдан бўлакка ярамайдиган кимсалар, ниқобли ва ниқобсиз террорчилар қўлма-қўл қилиб ўқишган. Қутб таълимотининг ана шундай фанатларидан бири Айман аз-Завоҳирий эди. У кейинчалик дунёда фаолияти тақиқланган «Аль-Қоида» жангари каллакесар террорчилар гуруҳи раҳбарига айланди.
УСАМА БИН ЛАДЕН ҚУТБНИНГ ФАНАТИ ЭДИ
Ҳа, ўз даврида «Аль-Қоида» террор гуруҳи етакчиси Усама бин Ладен Қутбни «Исломий инқилоб файласуфи», «Жиҳод булоғи» деб ҳам атаган. Ўзи эса фақат Қутб ғояларига суянган ҳолда қотилликларга қўл урган, бегуноҳларнинг қонини тўккан, бутун бошли оилаларни қирган, худонинг бандаларини банди этган ҳолда бошларини таналаридан бир туки сесканмасдан жудо этган. Усама бин Ладен ўлдирилгандан кейин орадан 35 йил ўтиб 2001 йилги Нью-Йоркдаги террор ҳаракатини ўрганиш билан шуғулланган махсус комиссия аъзолари бин Ладеннинг ростдан ҳам Қутб фанатларидан бири бўлгани, унинг ғояларига асосланиб қотилликларга қўл урганини аниқлашди.
Қутб ҳозирги кунда ҳам дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» террор гуруҳи жангарилари орасида юқори баҳоланади. Ироқлик эксперт Ҳишом аль Ҳошимийнинг айтишича, бу жангарилар гуруҳи ҳам аль Ваҳҳоб таълимоти ва Қутбнинг ғоялари асосида қотилликларга қўл уради.
«АЛЬ-ҚОИДА»НИНГ РИВОЖЛАНИШ МАНБАИ
Демак, террорчилар жиҳод ва жангариликдан етарлича таълим олишди. Каллакесарлардангина иборат катта гуруҳ тузилди. Энди уларнинг ривожи учун жанг майдони ва қулай имкониятлар зарур эди. Каллакесарларга бу масалада Афғонистон ўз эшикларини кенг очиб берди.
Собиқ совет қўшинларининг 1979 йили Афғонистонга кириб бориши ва кейинги ўн йил араб дунёсидаги террорчи каллакесарларнинг пайтавасига қурт туширди. 35 мингдан зиёд террорчилар Афғонистонга кириб келиб собиқ советлар қўшинларига қарши уруш эълон қилди. Шу йўл билан Афғонистондаги террорчиларга яқиндан кўмак берди. Афғонистонни Вьетнамга айлантириш ҳаракатига тушишди.
Тўғри дунёда фаолияти тақиқланган террор гуруҳлари собиқ совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишига умуман ҳисса қўшмаган. Аммо айнан улар бу мамлакатдаги жангариларни қурол-аслаҳа, пул билан таъминлаб турган. Афғонистоннинг тоғли ҳудудларида бекитиқча лагерлар ташкил этиб, янги келган жангариларга каллакесарликдан сабоқ берган. Улар бошқа давлатлардаги исломийлар, «жиҳод»чилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишда Афғонистон ягона имконият эшиги вазифасини ўтади.
(давоми бор)