АҚШ БИЛАН ҲАМКОРЛИК
Ажабланарлиси, террорчилар дастлаб Америкага иттифоқдош ҳисобланган. Масалан, Америка марказий разведка бошқармаси «Циклон» деб номланган операция ташкил этган. Операция жараёнида миллионлаб доллар маблағ Покистон орқали Афғонистондаги каллакесар жангарилар гуруҳи етакчиларига етказиб берилган. Шундай етакчилардан бири Гулбиддин Ҳикматёр исмли каллакесар Араб давлатларидаги террорчилар билан ўша пуллар ёрдамида яқин ҳамкорлик қилган.
Умуман айтадиган бўлсак, дунёда фаолияти тақиқланган барча террор гуруҳларининг етакчилари Афғонистонда тажриба тўплаган. 1989 йили собиқ советлар қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач, «Аль-Қоида» Афғонистонда асосий етакчига айланди.
1996 йили Афғонистонни дунёда фаолияти тақиқланган «Толибон» жангарилар гуруҳи эгаллади ва улар Усама бин Ладеннинг ҳамкорларига айланди. Кейинчалик Афғонистон салафитларнинг етакчилари ва асосчилари учун тажриба майдони вазифасини ўтади. Мана шу тажриба натижасида ҳозирги «ИШИД» жангари каллакесарлар гуруҳи пайдо бўлиш палласига кирди.
«ИШИД»НИНГ «ОТА»СИ КИМ ЭДИ?..
Афғонистондаги уруш, террор балоси Иорданиядан келиб қолган Абу Мусоб аз-Зарқавий исмли кимса учун жуда қулай имконият яратиб берди. Айнан ўша каллакесарни «ИШИД» гуруҳининг «отаси» деб бежизга айтишмайди.
Олий ўқув юртини ўлда-жўлда ташлаб, жиноят кўчасига кирган, наркотик ва номусга тегиш жиноятлари билан қамалиб чиқишга улгурган Зарқавий Уммондаги диний мактабнинг бир неча дарсларида иштирок этди-ю, Исломга кирди. Дастлаб Покистонга келди. Шу ердаги каллакесар жангариларга қўшилишни, «жиҳод» қилишни мўлжаллади. Ўшанда айни собиқ совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганди. Афғонистонга келиб террорчилар сафига қўшилди. Аммо орадан маълум вақт ўтиб ватани Иорданияга қайтди ва уни ўша ерда қўлга олишди. Зарқавий террор жиноятлари содир этганликда айбланиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Аммо сал ўтмай умумий амнистияга тушиб, озодликка чиқди.
1999 йили у Усама бин Ладен ва Айман аз-Завоҳирий билан учрашди. Гувоҳларнинг ёзишича, ўшанда Зарқавий иккала террор етакчисига ҳам ёқиб тушмаган. Уни ўта қайсар ва мақтанчоқликда айблашган экан. Қолаверса, Зарқавийнинг танасидаги ўтмишдан қолган татуировкалар Бин Ладеннинг ғашини келтирганмиш. Лекин жуда ишбилги чиқди. Нима қилиб бўлса-да, Бин Ладеннинг ишончига кирди. Тез орада уни Афғонистондаги каллакесар жангарилар базасига етакчиси этиб тайинлашди. Ўша ерда бу террорчи каллакесарлар, худосизларнинг «пир»ларидан бири Абу Абдулла аль-Муҳожир билан яқиндан танишди.
ТЕРРОРЧИ КАЛЛАКЕСАРНИНГ ДАРСЛИКЛАРИ
Худди ўша Муҳожир деган кимса ўзининг «Жиҳод теологияси» деган, худосизликни тарғиб этувчи, Яратганнинг хоҳиши, иродасига қарши фикрларга қоришиқ китоби билан террорчилар орасида машҳур эди. Террорчилар у ёзган ҳаромга қоришиқ мисраларни ўқиб, шунга амал қиларди ва реал ҳаётда қўлларди.
— Одамнинг бошини танасидан жудо этиш, — деб ёзилганди ўша китобда, — Ўта шафқатсизлик билан амалга оширилиш лозим. Шунда бу ишимиз худога ҳам, пайғамбарга ҳам маъқул келади…
Бу иблис етагидаги китобни каллакесар жангарилар «Қон тўкиш теологияси» этиб ўзгартирган ҳолда унга асосланиб ўта шафқатсиз жиноятларни амалга оширишган ва ошириб келишмоқда. Ачинарлиси, алам қиладигани, шу ишини жангарилар тўғри, худога хуш дея ҳисоблайди.
Китобда Муҳожир шиитларни, суннитларни кофирлар деб атаган ва биринчи навбатда ўшалар ўлдирилиши лозим деб ҳисоблаган.
«ИШИД» ҚЎЛЛАНМАСИ
Бу яна бир худони унутган кимса Абу Бакир Ножийга тегишли бўлиб, «Шафқатсизликни бошқариш» деб номланган. Шу қўлланмадан ҳозир ҳам дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилари кенг кўламда фойдаланаркан. Китобни террорчилар 2004 йили интернет сайтларига ҳам тарқатишгани ҳақида маълумотлар бор.
— Биз худди «Бону Қурайза» каби гаровдагиларни, асирликдагиларни, қулларимизни ўлдиришимиз керак, — деб ёзади Ножий. — Шундай ўлдиришимиз керакки, шафқатсизлигимизни бутун дунё кўрсин ва қўрқсин!..
«Бону Қурайза» жуҳудлар қабиласи бўлиб, VII асрда Аравий ярим оролида умргузаронлик қилган. Тарихий маълумотларда айтиладики, уларни ҳам худди ҳозиргидек террорчи тўдалар асирга олиб, эркакларни ўлдириб юборган, аёллар ва болаларни қул қилиб сотган…
Мана шу хосиятсиз китоб ёрдамида сўнгги йилларда жангари каллакесарлар Европада қандай террор ҳаракатлари содир этиш, европаликларни қай йўл билан нотўғри қадам ташлашга мажбур этиш, охир оқибат барчасини яксон қилишни ўрганишган ва ўрганиб келишмоқда.
Хайрият, Ножийнинг ўзи 2008 йили Вазиристон вилоятида Американинг ўзиучар самолётлари ёрдамида ўлдирилган.
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|