ИРОҚҚА ҲУЖУМ
Ироқ халқи жуда яхши эслайди. Илк бор улар кўз ўнгида қора кийган, юзларига шундай рангдаги ниқоб тутган қуролли кимсалар кириб келганда, ҳайрон бўлиш билан чекланишганди. Ниқоблилар оддий халқни ўшанда безовта қилмаган. Фақат улар жиҳод қилишга келгани, сафларига қўшилишлари лозимлиги, ҳақиқий мусулмон албатта жиҳод қилиши зарурлигини уқтиришган. Ажабланарлиси, ўшанда 2003 йилдан бери Америка ҳарбийлари тарафидан ҳақиқий жанг қоидаларини ўрганиб келган Ироқ армияси аскарлари қора ниқоблиларнинг ҳужумларига дош бера олмай қочқин уюштиришгани ҳали ҳануз халқнинг кўз олдидан ўтади. Шундай кунларнинг бирида Мосулнинг эски шаҳар қисмида портлашлар бошланди. Кимдир танишларига қўнғироқ қилиб портлаш ҳақида сўраганда, эски шаҳарни қора ниқоблилар эгаллаб олганини айтишди. Ҳатто улар таъқибидан армия уёқда қолиб полициячилар ҳам қоча бошлаганини баён қилишди.
2014 йил 10 июнида Ироқнинг аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турадиган Мосул шаҳри ўша кимсалар ихтиёрига ўтди. Ниқоблилар ўзларини халққа «Ироқ ва Аль-Шамдаги Ислом давлати» дея таништиришди. Қисқартирилган ҳолда «ИШИД» деб аташни тайинлашди.
Бу воқеадан тўрт кун олдин юзлаб жангарилар қора байроқ остида Ироқ ва Сурия чегарасидан ўтганди. Уларга эгаллаб олинган ҳудудлар камдек туюлган ва янада кўпроқ жойга эга бўлиш илинжида олдинга интиларди. 2003 йилдан Америка мутахассислари ўқитган, жанг санъатини ўргатган, замонавий қуроллар билан таъминлаган Ироқ ҳарбийлари, полициячилари эса ватанни ҳимоя этиш уёқда қолиб ниқоблилар таъқибидан қочишда давом этишди. Қуролларни ҳам, жанговар машиналарни ҳам ташлаб қочишди. Жангарилар эса бу қуролларни, машиналарни осонгина ўзлаштирган ҳолда қудратига қудрат қўша борди. Тўғри-да, текин бойлик кимга ёқмайди…
Жангарилар Мосулдаги мамлакат марказий банкини қўлга олиб 500 миллион доллар маблағни ҳам ўзлаштирди.
— Олдинига ҳаммаси яхши эди, — дейди гувоҳлардан бири Абу Анис. — Қора ниқоблилар оддий халқ вакилларига тегишмади. Аксинча уларга яқин келиб мабодо ёрдам керак бўлса, тортинмай айтаверишларини тайинлади. Ҳақиқатан бир неча ҳафта улар халққа пулдан, бошқа заруратлардан ёрдам қилди. Халқ содда-да, жангариларнинг кўрсатаётган ёрдамидан руҳланиб уларни фақат мақтайдиган бўлди. Афсуски, кўздан панада бу ниқобли каллакесарлар қандай оғир гуноҳларга, шафқатсизликларга эрк беришаётганини ҳеч ким билмасди.
ТИКРИТГА ҲУЖУМ
Жангарилар шу кўйи Йўлбарс водийси бўйлаб олдинга интилаверди. Йўл-йўлакай қишлоқлар, туманларни ўзиники қила борди. Байжи шаҳрини эгаллаш учун эса жангариларга атиги бир кунгина керак бўлди холос. Шаҳарда йирик нефтни қайта ишлаш заводи бор эди. У ҳам жангарилар қўлига ўтди. Шундан кейин улар Саддам Ҳусайннинг ватани бўлмиш Тикрит шаҳрига йўл олди.
Тикритнинг нариги бурчида 2003 йили америкаликлар ташкил этган ҳарбий база бўлғуси эди. Бу базани улар 1991 йилги «Саҳродаги бўрон» ҳарбий операцияси доирасида ҳалок бўлган илк Америка аскари шарафига (У ҳарбий учувчи Скотт Спейхер бўлиб, Анбар вилоятида самолёти уриб туширилиши оқибатида ҳалок бўлган) ташкил этишганди. Жангарилар бу ерга етиб келганда, базада бир неча минг нафар Ироқ аскарлари бор эди. Улар энди-энди ҳарбий хизматга чақирилиб, ҳарбий ўқув машғулотлари ўтаётганди. Жангарилар барча аскарларни бир сафга турғазишди-да, улар орасидан шиитларни ажратиб олиб барчаларини алоҳида хонага қамашди. Ана шундан сўнг бирма-бир отиб ташлашга ўтишди. Мурдаларни эса олдиндан ковланган чуқурларга ташлаб кўмиб юборишди. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, ўшанда каллакесарлар 1700 нафар ёш, армия сафига эндигина келиб қўшилган аскарларни шафқатсизларча ўлдириб юборишган. Даҳшатлиси, ўша бегуноҳ аскарларнинг қолдиқларини ҳозиргача ҳам қидириб топиш ишлари якунланмади.
Бундан-да даҳшатлиси шундаки, жангари каллакесарлар ўзлари содир этган ваҳшийликларни видеотасмага тушириб интернет орқали тарқатишни бошлаган. Суратларда, видеоёзувларда қора кийимдаги қуролли кимсалар бегуноҳ одамларни қандай ваҳшийлик билан ўлдираётгани тасвирланган. Шу йўл билан жангарилар халқни қўрқитишни ният қилишганди.
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|