ИРОҚДАГИ МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИК
2001 йил 11 сентябрида Америкада содир этилган террор ҳаракати «жиҳод»чиларнинг режаларини буткул ўзгартириб юборди. Америка ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга келиб дунёда фаолияти тақиқланган «Толибон» гуруҳини сиқиб чиқарган ҳолда «Аль-Қоида» жангари каллакесарлар гуруҳига қарши кенгайтирилган уруш ҳаракатларини бошлади. Гуруҳ етакчиси Бин Ладен беркинишга мажбур бўлди. Зарқавий ва унинг кўплаб ҳамтовоқлари қочиш пайига тушди. Таҳлика исканжасида қолган террорчиларга ўша лаҳзаларда ғарбликлар билан курашиш учун янги жанг майдони етишмасди. Тез орада Америка ҳамда иттифоқчилари террорчиларга худди шу имконни яратиб беришди.
2003 йили Америка Ироққа жиддий сабабларсиз, тўқима баҳоналар ёрдамида ўз қўшинларини олиб кирди. Америкаликлар Саддам Ҳусайнни хуфя тарзда оммавий қирғин қуроли яратаётганликда, жангари каллакесарларга яқиндан кўмак бераётганликда айблашди. Давлат ва армия структурасини вайрон қилиб, ўша пайтдаги сиёсатдан норози Ироқ аскарларини уйига жўнатиб, хавфсизлик хизмати вакилларини ва раҳбар лавозимларни эгаллаб турган суннийларни ҳайдаб солиб, Америка «жиҳод»чиларга кенг йўл очиб берди.
Шундан кейин орадан кўп ўтмай, «ИШИД» Ироқда кенг тарғиб қилина бошлади. Салафизм ва «жиҳод» ғоялари кучига-куч қўша борди.
Америкаликлар тарафидан Ироқ ҳукумат таркиби тўлиқ янгилангач, Зарқавий ғимирлаб қолди. Ғарб давлатларидаги ўзи нишонга олган «объект»ларга ўта шафқатсизларча зарбалар йўллай бошлади. Шу билан бирга унинг ғазабидан шиитлар ҳам қуруқ қолишмади.
Зарқавий «Жамоат ат-Тоухид валь-Жиҳод» янги гуруҳини ташкил қилиб, гуруҳга ўзи бош бўлди. Орадан маълум вақт ўтгач, у Ироқнинг собиқ раҳбарлари билан иттифоқ тузишга эришди.
Зарқавийнинг каллакесарлар гуруҳи кўплаб олдиндан мўлжалга олинган объектлар, жумладан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бағдоддаги штаб-квартирасида параллел тарзда террор ҳаракатларини содир этди. Оқибатда Бирлашган миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Сержиу Виейра ди Меллу ва яна 20 нафар ходим ҳалок бўлди. Зарқавий гуруҳи сал ўтиб Нажафда бомба жойланган машинани портлатиб юборди. Бу террорда шиитларнинг ҳурматли вакилларидан бири Муҳаммад Бакир аль-Ҳаким, у билан бир вақтда 80 нафар шогирди ҳалок бўлди. Бир сўз билан айтганда, Ироқ салафизм ва ваҳҳобизм фанатларининг гўё она ерига айланди. Шу мамлакатда хоҳлаганча одам ўлдиришди, болалар, аёлларни қулликка маҳкум этишди.
ЗАРҚАВИЙ «АЛЬ-ҚОИДА»НИНГ БИР БЎЛАГИ
Келаси йил Зарқавийнинг ташаббуси билан асирга олинган америкалик Николас Бергни сўйиш жараёни видеотасмага туширилиб, интернет сайтларига тарқатилди. Эмишки, Зарқавий асирдаги Америка фуқаросини гўёки бу давлат Абу-Грейб турмасидаги ироқлик маҳбуслар устидан кулгани учун қатл этибди.
Зарқавий етакчи ҳисобланган каллакесар жангарилар гуруҳининг Америка ҳарбийлари ҳамда Ироқнинг шиитлардан иборат янги ҳукумати ўртасидаги нифоқ тобора авж ола борди. Шундай кунларнинг бирида Зарқавий бин Ладеннинг ҳузурига бориб қасамёд қабул қилди. Шундай қилиб гуруҳи «Аль-Қоида»нинг бир бўлагига айланди. Бироқ у ва бин Ладен ўртасидаги муносабатлар барибир совуқлигича қолаверди. Бин Ладен унинг сира тўхтамасдан шиитлар мачитларида шафқатсизларча қатл маросимлари ташкил этаётганини кўргач, кўп бор танбеҳ берди.
Хайрият, Зарқавий 2006 йил ёзида Америка қирувчи самолётлари тарафидан ёғдирилган бомбалар касрига қолди. Унинг жасадини яқинлари баданидаги татуировкасидан танишди. У татуировкани бин Ладен талаб қилганда ҳам ўчиртириб ташламаганди.
ТЕРРОРЧИ МАҲЛУҚЛАР РАМЗИДИР
Сўнгги йилларда жуда кўплаб мутахассислар инсониятнинг хавфли кушандасига айланган террорчи жангарилар масаласида жиддий шуғуллана бошлашган. Шунинг натижасида улар террорчиларнинг асл башарасини кўрсатувчи амалларни аниқлашга муваффақ бўлишди. Маълум бўлишича, осмонга қараб «Оллоҳу Акбар» дея қичқираётган бу каллакесарлар оддий халқни қўрқитиб, қизларни, жувонларни гаровга олгач, бир-бирларини ўша ожизалар билан сийлаган ва сийлаб келмоқда. Улар шароб ва наркотик фанатлари ҳисобланади. Қолаверса, Оллоҳнинг номини тилга олиб саждага бош қўйган бу жангарилар Яратган эгам бандаларига тақиқлаган амалга муккасидан кетаверади. Яъни, бегуноҳларни ўлдиради, қийноққа солади. Зино қилишдан қайтмайди. Даҳшатлиси, бу ҳаромга қоришиқ амалларини тўғри деб ҳисоблайди. Асирга тушганларни ит азобида кун кўришга мажбур этади. Жасадларни эса итларга, ўлаксахўр қушларга беради. Хўш, шу амаллар худога хуш келадими? Албатта йўқ. Шундай экан, бу худосиз бандаларни иблис малайлари деб аталса ҳақиқатга яқинроқ бўларди.
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|