Боланинг мактаб ёшиданоқ янгилик яратишга интилиши мақтовга лойиқ. Бироқ интилиш замирида жиноят ётса-чи?.. Бу хусусда ўн беш яшар Умрзоқнинг янгилигини сира қувватламаган бўлардим…
Тушлик вақти. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида ҳаёт қайнарди. Йўлни тўлдириб ғиз-ғиз ўтаётган машиналарнинг кети кўринмайди.
Ана шу лаҳзаларда Умрзоқ мактабдан қайтиб сумкасини уйга ташлаб, чорраҳа томон илдам юриб келарди. У ёлғиз эмасди. Ёнида Зуфар ва Зафар деган синфдош дўстлари ҳам ёнма-ён келишарди… Улар Умрзоқ билан гаров бойлашишган. Агар ютиб чиқишса, улуш олишдан умидвор эдилар.
Умрзоқ чорраҳага етмасдан эллик қадамча нарида тўхтади-да, қўлларини шимининг чўнтакларига солган кўйи машиналар карвонини зимдан кузата бошлади.
— Вей, бошламайсанми? — масхараомуз тиржайиб сўради бўйи узунроқ Зафар. — Ё қўрқаяпсанми? Балки, бизни алдагандирсан-а?
— Нима, қиз боламидим алдаб? — деди Умрзоқ норози оҳангда. — Шошмасанг кўрасан «фокус»ни.
— Бе, сен гапираверасан-да! — орага қўшилди юмалоқдан келган, пакана Зуфар. — Ундан кўра ютқазганингни бўйнингга ол-да, улушни чўз, ўртоқ!
— Ҳовлиқавермасанг, оласан ўша улушингни. — уни жеркиб берди Умрзоқ. — Намунча ҳажиқизларга ўхшаб минғиллайверасан?
— Пайсаллама-да бўлмаса! Биз ҳали паркка боришимиз керак.
— Ҳозир… Ҳозир…
Умрзоқ ҳуштак чалганча светофор яқинига борди ва қизил чироқ ёнишини кута бошлади. Орадан бир неча сония ўтиб қизил чироқ ҳам ёнди. Энди у турнақатор машиналарни оралаб, бирма-бир салонларга кўз ташлай бошлади.
Ана, қидиргани, кутгани…
Сутдек оппоқ «Нексия» салонида яп-янги қўл телефони қўйилганди. Семиздан келган ҳайдовчи эса, чап ёнига бошини бурган кўйи писта чақиш билан овора. Бахтига ойна ҳам ланг очиқ.
Умрзоқ фурсатни бой бериб қўймаслик учун югуриб борди-да, салонга қўл тиқиб телефонни олди ва ура қочди. Ҳайдовчи бу ёнбошига бурилишга-да улгурмай қолди.
Умрзоқ жонҳолатда кўп қаватли уйлар оралаб чопиб бораркан, нафаси бўғзига тиқилганини ҳам пайқамасди. Аксинча, ўртоқларидан тезроқ пул ундиришни режаларди.
* * *
Шу куниёқ Умрзоқнинг чўнтаги пулга тўлди. Телефон ноёб, бунинг устига яп-янги экан. Бозордаги олибсотар йигитлар талашиб қолишди.
Хўш, шунча пули бор одам нима қилиши керак? Ота-онаси ишда бўлса. Мактабга бориши керакми? Нима қилади? Синфдошларига пулларини кўз-кўз қиладими? Бундан нима фойда? Кўз-кўз қилгани билан шохи чиқармиди. Ҳа, пулларини дарсхонасига беркитади-да, ишни давом эттиради. Йўқ, олдин қаҳвахонага бориб мазали овқатлардан тановул қилади. Ҳар ҳолда бугун иштаҳасига эрк берса арзийди.
— Ие, нега энди бугун бўларкан? — Умрзоқ йўлакни тўлдириб ўтаётган бир гуруҳ қизларга менсимайгина қараб олди-да, ўйлади. — Бундан буён ҳар куни чўнакларим пулга тўла бўлади. Телефонини бир четга қўйиб, машина ойнасини очиқ қолдирадигалар каммиди. Бир ой ичида ўнта телефон ўғирлаб сотдим-ку! Демак, буёғигаям шундай бўлади. Эҳ, бугунгига ўхшаганидан беш-олтитаси қўлимга тушсайди… Бемалол компьютер сотиб олардим-да, маза қилиб ўйинлар ўйнардим…
Бойлик ҳатто ўсмир йигитчани ҳам ҳушёр торттириб қўяркан. Умрзоқ баъзи болалар каби ҳовлиқиб қолмади. Ими-жимида иш тутишни маъқул билди.
Зудлик билан уйига кириб пулларининг асосий қисмини ишончли жойга беркитди-да, мазали овқатлар тамадди қилиш илинжида қаҳвахонага жўнади.
* * *
Орадан бир ҳафта ўтди. Умрзоқ ота-онасининг жуда бандлигидан унумли фойдаланарди. Эрталаб сумкасини елкага иларди-да, кўчага чиқарди. Аммо мактабга келиб бирор дарсга кирмасди. Сумкани парта остига қўйиб, севимли машғулоти билан машғул бўлиш илинжида чорраҳа томон йўл оларди.
Бир ҳафта ичида бирор марта бўлсин қўлга тушмади. Чув тушган ҳайдовчилар ўтирган жойида бақир-чақир қилишдан нарига ўтишмади. Қочиб қолишга эришган Умрзоқ эса оғзи қулоғида ўғирланган телефонларни сотиш, пулларнинг бир қисмини беркитиш, қолганини еб-ичиш, кайфини чоғлаш билан банд бўлди.
Қилиб юрган ишидан хабардор ўртоқлари шерик бўлишга уриниб кўришди. Умрзоққа ялиниб-ёлворишди. Ҳеч кимни шерик қилмади. Кафтлари орасида олтин каби жозиба таратиб турувчи пулларни бировлар билан бўлишишни хоҳламади.
«Дадам ҳам қаттиқлик қилавераркан-да! — ўйларди ўзича Умрзоқ чорраҳага яқинлашиб келаркан. — Ҳамма ўртоқларимнинг компьютери бор. Маза қилиб ўйинлар ўйнашади, клиплар томоша қилишади. Менга бўлса «Сабр қил»дан нарига ўтишмайди. Майли, яна озгина пул йиғсам, ўзим олволаман ўша компьютерни. Обермаса обермас…»
У ҳеч ким таниб қолмаслиги учун курткасининг ёқасини кўтарганча светофорга яқин борди. Бироз кутишдан сўнг светофорнинг қизил чироғи ёниб, машиналар кетма-кет келиб тўхтади.
Умрзоқ ҳар галгидек юраги безовта уриб гўё ўтиб кетаётган каби олдинга юрди. Нигоҳлари эса машиналар салонида бўлди.
«Ў, зўри боракан! — кўнглидан ўтказди у яшил «Мерседес»нинг олд ойнаси остида товланиб турган телефонни кўриб. — Ҳайдовчиси қарироқ эмас экан-да! Бу мўйловли киши тутиб олса борми, жонимни суғуриб олади. Ишқилиб, шарманда қилмасин!..»
У аста бориб ичкарига қўл чўзди-ю, телефонни олиб ура қочди.
Шу тобда ҳайдовчини хаёл олиб қочган эканми, ўзини ўнглагунча Умрзоқ жуфтакни ростлаб улгурди.
— Ҳой бола, тўхта! Тўхта дедим!..
То машина жойидан қўзғалиб, ортга бурилгунча Умрзоқ кўп қаватли уйлар орасига кириб кетди.
Афсуски, бу гал омади чопмади. Ҳайдовчи машинасини уйлардан бири рўпарасида қолдирди-да, унинг ортидан қувлай бошлади.
Умрзоқ на подьездга беркинишни, на катта йўл томон бурилишни биларди. Ҳеч қачон қувғинга учрамаган ўсмир буткул довдираб қолганди. Бунинг устига узун бўйли ҳайдовчи ундан-да тезроқ чопиб келарди.
Охири бўлмади. Умрзоқ йўл-йўлакай телефонни бир четга — гулзор ичига ирғитиб юборди.
Йўқ, барибир узоққа бора олмади. Ҳайдовчи уни тутиб олди ва бўйнидан маҳкам сиқиб телефон ташланган гулзор томон судради.
— Итга ўхшаган! — сўкинарди ҳайдовчи Умрзоққа нафрат аралаш тикилиб. — Сўрасанг берардим-ку шу телефонни! Ўғирлашингга бало борми?..
— Қўйворинг, амаки! Қўйворинг! — ингранарди Умрзоқ кучли қўллардан халос бўлишга қурби келмагач. — Энди бундай қилмайман, қўйворинг!..
— Йўқ, болакай, — деди ҳайдовчи. — Милиция бўлимига борайлик! Ўшанда қўйвораман! Бўл тез! Чаққон-чаққон юр, ўғри, муттаҳам!..
Қилмиш-қидирмиш деганларидек, Умрзоқнинг жиноятлари милиция бўлимига келгач, бир-бир очила борди.
У суд ҳукми билан бир неча йил вояга етмаганлар ахлоқ тузатиш колониясида ўтирадиган бўлди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|