Салом менинг азиз дадажоним ва ойижоним! Ҳозир тунги соат икки. Мен эса, ўз хонамнинг эшиги рўпарасида ўтириб сизларга хат ёзаяпман. Чунки, мени ичкарига қўйишмади. Тунаш навбатим етмабди ҳали. Кўзларим юмилиб бораяпти. Лекин ухлаёлмайман. Чунки, бир оёқли стулда ўтирибман. Ётоқхонамизда бошқа стул йўқ. Шунинг учун ҳам ухлаб қолмаслик мақсадида сизларга хат ёзаяпман…
Менинг қадрдон ота-оналарим! Сизларни жуда соғиндим. Илтимос, пул жўнатинглар! Ўтган сафарги хатларингда қирқ беш минг жўнатган экансизлар. Мен у хатларингни олмадим. Шу сабабли, мана, бир ойдан бери ҳеч нарса еганим йўқ. Фақат сув ичаяпман, холос.
Профилакторийга жойлашмоқчи эдим. У ерга то қон топширмагунингизча қўйишмасмиш. Шу туфайли мени дружиначиликка ёзиб қўйишди. У ёқда эса… Оёғимдан калтак едим. Касалхонага тушдим. Ишонасизларми, гипсни оёғимга пуллик поликлиникада ўрнатишди. Тўғри-да, гипс дегани жа камёб нарса ҳозир. Менга ўхшаган дружиначилар кўпайиб кетган. Ўшалар сотиб олиб қўйишаяпти. Агар яна ўттиз минг қўшганимда, зўрини қўйдирган бўлардим. Нима қилай? Оширилган стипендиядан бош тортдим. Оддийсини менга ҳеч ким бермайди…
Ана шунақа гаплар. Қолган ишларим жойида. Тўғри, яқинда қаватимиздагилар мени ўз сафларига қўшишди. Энди илгари ўзимники бўлган нарсалар ҳамманики бўлди. Гоша тоға Монголиядан олиб келган кремплин шимим ҳам. У шимни кийиб дўстларим загсга бориб келишаяпти. Ўрнига менга шишасиз кўзойнак ҳадя қилишди. Италияники экан… Дада, менга эски-туски кийимларингизни юборманг! Ҳамма устимдан кулаяпти. Яхшиси, пул юборинг! Юз эллик минг жўнатсангиз шимга етади.
Шунақа. Бошқа ишларим яхши. Тўғри, баҳор келиб яна юзимга сепкил тошди. Лекин буниям йўли топилди. Бир бола ҳар бир сепкил учун юз сўмдан тўласам, йўқотиб бераркан…
Дада, ойи! Ўша мен олмаган хатларингда ишларим қандайлигини сўраган экансизлар… Жавоб бераман. Ишларим аъло. Тўғри, яқинда мени институтдан ҳайдашди. Энди олган стипендияларимни қайтаришимни талаб қилишаяпти. Ҳаммаси бўлиб тўрт юз минг, йигирма тўрт тийин. Йигирма тўрт тийинни жўнатмасаларинг ҳам майли. Ўзим бир амаллайман. Ахир, сизларгаям осон эмас-да!..
Севимли ота-оналарим! Тез-тез хат ёзиб туринглар!.. Ўзларинг қалайсизлар? Бувим қалайлар? Пенсия олиб турибдими? Олаётган бўлса, нега хат ёзмаяпти?
Билиб қўйинглар, мен сизларни ҳеч қачон эсдан чиқармайман. Шундай содиқ ўғилларинг бор дунёда. Фахрланинглар уминан!..
Қачон қийналиб қолсаларинг, пул юбораверинглар, сизларга ёрдам бўлади!
Майли, хайр! Шу билан хатимни тугатаман.
Яхшиси, пулни почта орқали юборинглар!
Сизларнинг ўғлингиз! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|