Давлат солиқ қўмитаси хўжалик юритувчи субъектлардан фаолиятни тиклаш ва автомобилларда ҳаракатланишга рухсат бериш тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани тўғрисида маълум қилди.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 30 апрелдан бошлаб янги тартиб жорий этилди.
Хусусан, фуқароларга автоуловларда 07: 00 дан 10: 00 гача ва 17: 00 дан 20:00 гача ҳаракатланишга рухсат берилди. Ишини вақтинча тўхтатиб турган тадбиркорлар иложи борича тезроқ фаолиятини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Транспорт воситаларининг ҳаракатланишига ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклашга рухсат бериш учун барча туман (шаҳар) ҳокимликларида солиқ хизмати, ички ишлар органлари, прокуратура ҳамда санитария ва осойишталик маркази ходимларидан иборат махсус штаблар ташкил этилган.
ДСҚ матбуот хизматининг ёзишича, фаолиятини қайта тикламоқчи бўлган ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат олишни истаган тадбиркорлар солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган туман (шаҳар) ҳокимликларига, карантин даврида белгиланган вақт – 07: 00 дан 10: 00 гача ва 17: 00 дан 20: 00 гача шахсан ташриф буюришлари керак.
Бунинг учун туман ҳокимликларидаги махсус штабга ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиш лозим.
Aриза штаб аъзолари томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади (тадбиркорлик фаолияти мавжудлиги ва барча карантин талабларига жавоб бериши текширилади).
Рухсат бериш асоссиз равишда рад этилган тақдирда, штаб таркибидаги прокуратура вакилларига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Билдирилишича, фаолиятни қайта тиклаш ва транспорт воситаларида ҳаракатланиш учун рухсат ҳамма тадбиркорлик субъектларига ҳам берилавермайди.
Инқирозга қарши Республика комиссиясининг жорий йил 25 апрелдаги қарорига биноан қуйидаги субъектларга фаолиятини қайта тиклаш ва транспорт воситаларида ҳаракатланишга рухсат берилади:
қурилиш материаллари бозорлари (қурилиш материалларининг чакана ва улгуржи савдоси учун мўлжалланган майдон 500 кв.м дан кам бўлмаганда);
йирик ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган ҳудудлардаги тармоқ дўконлари (1 нафар харидорга 10 кв.м. санитар талабларига риоя этилиш шарти билан);
ҳунарманд ва усталарга (улар томонидан ясалган буюмларни бозорлардан ташқари алоҳида жойлашган дўкон/магазинларда сотиш амалга оширилганда);
уруғ ва кўчат етиштириш ва уларни сотиш билан шуғулланадиган (мулкчилик шаклидан қатъий назар) тадбиркорлик субъектлари;
турли объектлардаги тижорат банкларининг (кассалари) шохобчалари;
автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолияти билан шуғулланадиган (мулкчилик шаклидан қатъий назар) тадбиркорлик субъектлари (агар савдо йирик авто бозорларда алоҳида жойларда/магазинларда амалга оширилса);
автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига сервис хизмат кўрсатувчи (майдони 1000 кв.м дан кам бўлмаган) ташкилотлар, шунингдек, вулканизация хизматлари кўрсатувчи субъектлар;
кимёвий тозалаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари;
нотариал идоралар ва суғурта компаниялари;
тўхтатилган инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий соҳа объектлари қурилиши.
Карантин шароитида мазкур корхоналар фаолиятларида санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилишлари шарт.