Фароғатнинг кўзларига дунё қоронғи бўлди. Қоқ туш пайти бедазор ўртасига бориб беркинганча ўтириб йиғлар, аъзойи баданидан совуқ тер оқар, титраб-қақшаб борарди.
"Нима қилиб қўйдим? — ўйларди у атрофга аланглаб. — Нега бундай қилдим? Нега Тоштемирга қаршилик қила олмадим?.. Йўқ, ота-онам, қариндош-уруғларим олдида шарманда бўлдим! Эшитиб қолишса, сезиб қолишса, мени ур калтак қилиб юборишади. Тоштемир эса, индамасдан юраверади. Биламан, эркак кишига осон. Мен айтиб қўймаслигимниям яхши билади. Шунинг учун ҳам индамасдан менинг шарманда бўлишимни томоша қилиб тураверади!.. Мен-чи?.. Нима деб ўзимни оқлайман?.. Қай сўз билан ҳаммасини тушунтираман?.. Йўқ, барибир гуноҳга ботдим! Жуда оғир, кечирилмас гуноҳга ботдим! Нимага бошида ўйламадим. Нега ўша ярамас Тоштемирнинг ширин сўзларига, алдовларига учдим? Мен ҳам бошқаларга ўхшаб турмушга чиқсам, келинлик либосини кийсам бўларди-ку! Нега шошдим?.. Ўзимни ўлдираман! Бундан бошқа йўл йўқ!.. Лекин қандай қилиб?.. Осайми ўзимни? Ё чўлга бориб каналга ўзимни ташлайми? Унда нима ўзгаради?.. Яна қайта гуноҳга ботмайманми?.. Ё бирор аёлга тушунтириб кўрайми? Нима деб айтаман? Ҳаммасини очиқ гапирсам, нима қилиш кераклигини айтишармикан? Лекин… Қандай айтаман?.. Йўқ, Холниса аяга айтаман. Ҳар ҳолда у аёл киши. Бунинг устига намоз ҳам ўқийди. Китоб кўрган…
Йўқ, унга ҳам айтмайман. Бу дунёда мени тушунадиган одамнинг ўзи йўқ. Барибир кўзига ёмон кўринаман. Мени бузуқига чиқариб қишлоқдагилар олдида шармандаи шармисор қилади. Аниқ биламан. Энг яхши йўл битта. Дорихонага бораман-у, дори сотиб олиб ҳаммасини ичаман. Шунда кўнглим таскин топади. Ёруғ дунёнинг мени кутаётган оғир зарбаларидан халос бўламан. Ҳеч кимнинг қаршисида мулзам бўлмайман. Ҳеч ким менинг нима сабабдан ўз жонимга қасд қилганимниям билмай қолади… Шундай қиламан!.. Мен учун бундан тўғрироқ йўл йўқ!..”
Фароғат бошидаги рўмолини тўғрилади-да, жонҳолатда қишлоқ четидаги дорихона томон чопиб кетди.
Қишлоқ кўчасида зоғ кўринмасди. Туш маҳали бўлгани сабабми, даладагилар ҳам уй-уйларига кириб кетишган. Энди улар кеч тушиб, қуёш нури пасанда бўлгандан кейингина чиқишади…
Фароғат дорихонадан икки қути дори сотиб олди ва яна бедазорга қайтиб зовур суви билан қўшган кўйи дориларнинг ҳаммасини бир-бир ичиб ташлади…
Орадан беш дақиқалар чамаси вақт ўтди, ё ўтмади. Аввалига боши айланди. Кейинроқ қусгиси келиб ўқчиди. Бу ҳам ўтиб кетиб боши қаттиқроқ айланиб, юраги тез-тез ура бошлади.
Фароғат жонини тезроқ Азроил қўлига топшириш илинжида бедалар орасига чўзилди-ю, кўзларини юмди…
Ким билсин? У оламдан ўтдими, ёки ҳушдан кетдими?.. Бир маҳал кўзлари ўз-ўзидан очилиб кетди. Лаблари қуруқшаб кетган, томоғи ачишар, мияси лўқиллаб оғрирди… Кўзларини кафтлари билан ишқалаб-ишқалаб кўрди…
Не кўз билан кўрсинки, тепасида оппоқ соқолли, лекин кийимлари йиртиқ-ямоқ дарвиш қиёфасидаги бир чол тикилиб турарди.
Фароғат қўрқиб даст ўрнидан турди-да, ортга тисланди.
— Қўрқма, чироғим! — тилга кирди қария узун ҳассасига қўлларини тираган кўйи. — Нега рангинг докадай оқариб кетибди? Фақат мендан беркитма!.. Сенда бир гап бор. Нима бўлди?..
— Ҳ-ҳеч нарса… — зўрға гапира олди Фароғат.
— Алдама. Алдаш ҳам гуноҳ, — деди қария. — Агар бир гап бўлмаса, рангинг бу қадар оқармасди, тиззаларинг титраб-қақшамасди, аъзойи баданинг қора терга ботмасди…
— Сиз… ўзи кимсиз?.. — сўради Фароғат қўрқа-писа.
— Менми?.. — қария кулиб қўйди. — Мен бир дарвишман. Қишлоқ кезаман. Тирикчилигим ташвишида юраман. Сен-чи?.. Нима иш ўтдики бошингдан, бу қадар безовтасан? Анави дори қоғозлари сеникими?
— Ҳ-ҳа…
— Қара-я, шунча дорини бирданига ичибсан. Ахир, ўлиб қолсанг нима бўларди?
— Бу кунимдан ўлганим яхши, — ниҳоят Фароғат ёрилган бўлди.
— Нега? Айтсанг-чи сабабини?
— Мен… Бир йигитга… Номусимни…
— Нима?.. Ҳа-а, тушунарли… Наҳотки?.. Ҳали ёшсан-ку!.. Зўрладими ўша ярамас?
— Йўқ, ўзим…
Қария бирпас жим турди-да, яна кулиб қўйди.
— Шунинг учун ўзингни ўлдирмоқчи бўлдингми, қизим? — сўради у хотиржам оҳангда.
— Ҳа.
— Қўй, ўлдирма. Сен адашгансан холос. Тўғри, яхши иш қилмагансан. Ота-онангнинг юзини шувут қиладиган ишга қўл ургансан… Бу гуноҳинг учун ҳам ҳали қиёматда, албатта, жавоб берасан. Чунки, жавобсиз қоладиган гуноҳнинг ўзи йўқ. Лекин шу гуноҳ туфайли ўз жонингга қасд қилишинг яна бир катта юкни елкангга ортиб қўядики, сенга ҳеч ким ёрдам бера олмайди…
Шу тобда қариянинг кўзлари ёшланиб ерга боқди ва жим қолди.
— Нега йиғлаяпсиз, бобо? — сал жонлангандек бўлиб сўради Фароғат.
— Э, сўрама!.. — деди қария. — Мен сендан ҳам оғирроқ гуноҳ қилганман. Оқибатда кўриб турганингдек дарвиш бўлиб юрибман.
— Нима гуноҳ қилгансиз?
— Илгари бошқалар қатори мачитга қатнардим, беш вақт намозни канда қилмасдим. Шайтон йўлдан уриб бир-иккита ярамаснинг гапига кирдим. Ичкиликка, қиморга берилдим… Хуллас, намозни ташладим. Ҳеч қанча ўтмай, ишларим чаппасига кетди. Уй-жойимдан, оиламдан айрилдим. Мана, энди шу кўйи юрибман…
— Намозни ташласа ёмон бўларканми? — соддаларча савол ташлади Фароғат.
— Ҳа, олдин билмагандим. Яқинда бир китобда ўқиб қолдим. Намозни қасддан ташлаб кетишдан оғирроқ гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун, қизим, сен ўзингни қўлга ол ва яшашда давом эт!.. Майли, шу гуноҳинг учун у дунёдами, бу дунёдами жазоингни оласан. Аммо яшаб қолишнинг ўзи сен учун катта мукофот. Бор, уйингга бориб Яратганга тавба қил!..
Қария шу гапни айтди-ю, йўл томон кета бошлади.
Фароғат эса… Ўйга толди…
Йўқ, энди ўзини ўлдириш ниятидан қайта бошлаганди. Уйга бориш ва шу кундан бошлаб гуноҳлари учун қария тайинлаганидек тавба қилиш ҳақида бош қотирарди. Шундай қилса, енгил тортишига, ҳаётга қайтишига ишонарди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|