Ли сулоласининг вакиласи бўлган тарихдаги сўнгги корейс маликасининг тақдири барчани лол қилиши табиий. Сиёсий ўйинлар, хиёнатлар ва ёлғизлик малика Ток Хени бутун умр давомида тақиб қилган. Аммо ҳеч бир нарса унинг иродасини бука олмади, ватанига бўлган муҳаббатини сўндирмади. Чосонни идора қилган йигирма олтинчи ҳукмдорнинг қизи бўлган малика Ток Хенинг тақдир болаликдан осон бўлмади.
1912 йилнинг май ойида император Коджоннинг жорияси Ян Гуй Ин қиз фарзандни дунёга келтирди. Қизалоққа Ток Хе дея исм бердилар. Аммо Ток Хени қиролича эмас, жория дунёга келтиргани учун амалдорлар унга малика сифатида назар ташламас эдилар. Халқ марҳума қиролича Минни жуда яхши кўрар, шу сабабли ҳам оддий жория дунёга келтирган қизалоқни қабул қилиш одамларга осон эмасди. Шу боис ҳам қизалоқ давраларда ҳурмат ила эмас, кинояли табассум билан қарши олинарди.
1917 йилга келиб император қизини расмий равишда малика дея тан олишларига эришди. Аммо расмий унвон одамларнинг унга бўлган муҳаббатларини тўлиқ таъминлаб бера олмади.
Бунинг оқибатида Ток Хе камгап ва одамови қиз бўлиб улғайди. Малика атрофидагилар билан кўп ҳам сўзлашмасди. Унинг отаси севимли қизининг бошқа тенгдошлари билан тил топишиши учун саройда амалдорларнинг фарзандлари тарбияланадиган боғча очди. Ғоя ҳақиқатдан иш берди, тез орада Ток Хе бошқа тенгдошлари билан дўстлашди, бу эса унинг руҳиятидаги яхши ўзгаришларга сабаб бўлди.
Малика балоғат ёшига қадам қўйган вақтда Корея ва Япония ўртасидаги сиёсий муносабатлар кескинлашди. Император ушбу ҳолат хавфини аввалдан сезиб, қизини душманларнинг чангалидан ҳимоя қилиш учун турмушга бермоқчи бўлди. Ушбу никоҳ Ток Хени япон амалдорларининг босимидан ҳимоя қилиши керак эди. Аммо тез орада Япониянинг аралашуви сабабли унаштирув бекор қилинди, Ток Хенинг бўлғуси турмуш ўртоғига саройга кириш тақиқлаб қўйилди.
Орадан бир неча ой ўтмай Ли сулоласининг бошига оғир мусибат тушди, император Коджон хасталикка чалинди.
Шифокорлар император ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишларига қарамай, у оламдан ўтди. Ушбу ҳолат нафақат малика, балки бутун мамлакат учун оғир кунларни бошлаб берди, Кореяда тартибсизликлар, ҳукумат учун аёвсиз курашлар бошланди.
Кореядаги ички сиёсий вазият японларга бу ердаги таъсир кучини ошириш учун имкон берди. Тез орада японлар Япония ва Корея ерлари бирлашувини эълон қилдилар. Бу эса Кореяда яшовчи инсонлар учун даҳшатга айланди. Бош кўтарганлар қаттиқ жазоланди, босма нашрлар ўз ишини тўхтатди, корейслар ўз исмларини японча исмларга алмаштиришга мажбур этилди, улардан ўз маданиятидан воз кечиш талаб қилинди.
1925 йилда император Коджон қўрққан воқеа юз берди, унинг севимли қизи Ток Хени мажбуран Японияга сургун қилдилар. Ток Хе маҳаллий ўқув муассасаларининг бирида таълим олишни бошлади, унга Кореяга кириш ва онаси билан кўришиш тақиқлаб қўйилди. Бегона юртда яшаётган қиз қайтадан ёлғизлик домига чўкди. Уни ўз тили ва маданиятини унутишга мажбур қилмоқчи бўлдилар.
Орадан беш йил вақт ўтиб, Ток Хенинг онаси оламдан ўтди. Маликага дафн маросимини ўтказиш учун Кореяга боришга рухсат беришди, аммо ватанига етиб келган Ток Хени онаси билан видолашиш учун унинг ёнига киритишмади.
Ушбу фожиали воқеалар Ток Хенинг қалбида оғир из қолдирди. Тез орада унда шизофрения касаллиги бошланганлиги аниқланди. Малика одатий ва кундалик нарсаларни- овқатланиш, суюқлик ичиш, кундалик буюмлардан ҳам фойдаланишни унутди. Шифокорлар унга тоза ҳавода сайр қилишни маслаҳат бердилар. Маликанинг касаллиги туфайли унинг ёнида бўлиш учун унинг укасини олиб келишди.
Малика укасини кўриши билан унинг ҳолати бироз яхшилангандек бўлди. Орадан бир йил ўтиб, унинг саломатлигида ижобий ўзгаришлар кузатила бошлади.
1931 йили Япония императорининг рафиқаси Теймей малика Ток Хени турмушга бериш фикрига келди ва унга куёв сифатида япон оқсуякларидан бири – Такеюки Сони танланди. Тез орада турмуш қурган жуфтлик оиласида Масаэ исмли қизалоқ дунёга келди. Бир қарашда маликанинг ҳаёти изига тушиб кетгандек эди. У турмушга чиқиб, оилали бўлган, ширингина қизалоғини тарбиялай бошлаганди. Аслида эса…
Жуфтлик орасида муҳаббат ҳеч қачон бўлмаган. Токхенинг турмуш ўртоғи унга хиёнат қилар, оилани сақлаб қолиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Ток Хе бундан қаттиқ азоб чекарди. У японлар жамиятига ўргана олмасди, ватан соғинчи билан яшашда давом этарди. Ток Хе япон миллий либосларини кийишдан бош тортиш билан бирга қизига корейсча исм қўйиб олган эди. Турмушининг иккинчи йилида Ток Хе саломатлигида жиддий муаммолар кузатила бошлади. Малика уйқуда юриш билан бирга одатий нарсаларни унутиб қўйди. Ортиқ унга бола тарбиясини ишониб топшириш мумкин эмасди. Бу вақтда унга шахсий ёрдамчиси кўмак қўлини чўзди, унинг қизини тарбиялаш билан бирга маликанинг қалб оғриқларини тушунишга ҳаракат қилди. Бироқ тез орада маликани руҳий касаллар шифохонасига жойлаштиришди, Ток Хени тушунган ягона инсон унинг шахсий ёрдамчисига эса малика билан кўришиш тақиқлаб қўйилди.
Малика умумий ҳисобда умрининг 15 йилини руҳий касалликлар шифохонасида ўтказди. Бу вақт давомида унга эри ва қизи билан кўришиш учун рухсат берилмади. У касалхонада бўлган вақти қизини япон одатларига кўра тарбия қилишди.
Улғайган Масаэ онасининг қаерда эканлиги билан қизиқа бошлади. Аммо Такеюки Со Ток Хенинг қаерда эканлигини қизидан қаттиқ сир тутди. Бир вақтлар Ток Хенинг яқин дугонасига айланган шахсий ёрдамчиси тинимсиз ҳаракат қилиб, маликани касалхонадан чиқариб олди.
Озодликка чиққан малика эри ва қизи билан учрашди, аммо Масаэнинг отаси ўзбошимчалик билан тарбия қилгани уни қаттиқ ранжитди.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин Япония Корея устидан назоратни йўқотди, сиёсий мақсадларда барпо бўлган Ток Хе ва Такеюки Со никоҳи ҳам якун топди. Эндигина ўзига кела бошлаган Ток Хени тақдирнинг навбатдаги зарбаси қийноққа солди- ота-онасининг ажримини оғир қабул қилган Масаэ ўз жонига қасд қилиб ҳалок бўлди.
Ягона фарзандининг ўлими Ток Хенинг уйқуга кетган касаллиги қайта бош кўтаришига сабаб бўлди. У нафақат одатий нарсаларни, балки одамларнинг ким эканлигини ҳам унутди.
1962 йилда малика корейс журналисти ёрдамида Жанубий Корея ҳукуматига мурожаат қилиб, ватанига қайтди. Кўп йиллардан бери одамлар билан сўзлашмай қўйган, атрофидагиларга нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирмайдиган малика Ватан тупроғига қадам босгач, аччиқ кўз ёш тўкди.
У бир неча йил давомида Сеулдаги саройда ҳаёт кечирди. Айнан мана шу йиллар унинг ҳаётидаги энг сокин паллага айланди. Сўнгги корейс маликаси 1989 йилда ўз ватанида оламдан ўтди.