Икки аср олдин Шотландиядаги «Ташқи Гебридлар» дея ном олган оролда яшовчилар азал-азалдан афсона ҳисобланган сув парисининг ўзини кўришга муяссар бўлишди.
Ҳа, ўшанда 1830 йил эди. Бир гуруҳ оролда яшовчи шотландлар океан соҳилида ўз ишлари билан банд эди. Бир маҳал сувда жажжигина аёлни кўриб қолишди. Аёлнинг бўйи тахминан 3-4 ёшли гўдак ҳажмига тенг эди. Уларда аёл сув париси эканига сира шубҳа қолмади. Яқинроқдан кўриш ниятида қайиққа ўтириб сув париси томон йўналишди. Аммо сув париси уларга тутқич бермади. Жуда катта тезликда қайиқ ета олмас даражада ичкарилаб кетди.
Орадан бир неча кун ўтгач, сув париси яна пайдо бўлди. Унинг сочлари узун, тўқ қора рангда, ҳар бир соч толаси ялтирарди. Белдан паст қисми балиқ қиёфасида эди. Ўсмирлардан бири каттакон тош олиб сув парисига ирғитди. Тош унинг бош қисмига тегди ва сув париси океаннинг ичкарисига суза кетди. Шунинг билан «томоша» поёнига етди деб ўйлашганди. Лекин у учинчи марта пайдо бўлди. Фақат бу сафар жасадини тўлқинлар соҳилга чиқариб ташлаганига гувоҳ бўлишди. Қарангки, сув парисининг бошига теккан тош уни ўлимга маҳкум этган экан. Одамлар сув парисининг жасадини соҳилда қолдиришди. Шундан кейин ҳам маълум вақт узоқ-яқиндан одамлар келиб жасадни томоша қилди. Мурда чириб битгачгина ўша оролда яшовчилар қолдиқларни яқин атрофга дафн этишди.
Ажабланарлиси, 1833 йили ҳам Шотландия соҳилларида балиқчилар башараси маймун, танаси аёл қиёфасида бўлган сув парисини кўришибди. Уни тутиб тахминан уч соатча қайиқда ушлаб туришган. Кейин қўйиб юборишган. Сабаби, сув париси сувсизликда заифлашиб қолибди. Ўлим топиши мумкин эди.