![](/_nw/11/90516637.jpg)
Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.
Алдов йўли билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган бу фуқароларимиз "Меҳр” инсонпарварлик амалиёти туфайли юртимизга қайтди.
Самолётдан тушиб келар экан, она-юрт тупроғига қадам қўйган катта-ю кичикнинг кўзларига ёш қалқди… Бу нафақат соғинч ёшлари, балки бу уруш оловидан, очлик, дарбадарлик, хорликлардан қутилишнинг шукрона ёшлари ҳам бўлди.
Айни пайтда бу аёллар болалари билан бирга Тошкент вилоятида жойлашган "Бўстон” сиҳатгоҳига жойлаштирилган. Мақсад уларга зарур бўлган тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, улар билан бевосита мулоқот қилиш орқали кейинги ҳаётини изга солиш учун зарур тайёргарликларни амалга оширишдир. Узоқ умидсизлик, бошларига тушган турли кўргуликлар туфайли кўзлари ғамга тўлган аёллар орадан бир кун ўтса-да, бахтли нафас олаётганларини бир туш мисоли тасаввур қилаётганини айтишди.
Ўрта ёшлардаги андижонлик бир аёлни суҳбатга тортарканмиз, унинг нигоҳларидаги мунг, қиёфасига муҳрланиб қолган ғам соясининг боисини кейин тушундим.
…Отанинг ишлаш баҳонасида уйни жуда узоқ вақт тарк этиб кетгани оилада аёлни ҳам, болаларни ҳам дийдор илинжида эзилиб яшашга маҳкум этди. Беш йиллаб кўриша олмасликдан пайдо бўлган соғинч энди оддий туйғу эмас, балки улкан дардга айлана бошлади. Бу дард эса аёлни ва тўрт фарзандни ўз исканжасига олиб, хотиржам яшашга асло изн бермай қўйди.
Гоҳ-гоҳида жиринглаган телефон қўнғироғи қувонч билан кутиб олиниб, сўзлашувнинг сўнгги дақиқалари мунгли йиғи билан тугарди.
Аввалига Россияда ишлаган оила бошлиғи кейин Туркияга, ундан Сурияга йўл олган эди. Яхши ошпаз бўлгани учун уни танишлари чақирган, у ҳам рад қилмай йўлда давом этган. Ўшанда 2015 йил эди. Уруш ўчоқлардан четда бўлсам, топишим ҳам ёмон эмас, оилам ҳам қийналиб кетди, деб у аёлини болалар билан келишга чорлади. Тўлиб юрган аёлга ҳам шу керак эди. Бор-будини сотиб, йўлга отланди. Қўшни давлатга ўтиб, ўша ердан Туркияга учиб борди. Уларни Истамбул аэропортида кутиб олган одамлар йўл-йўлакай Сурияда давом этаётган уруш, одамларнинг қурбон бўлаётгани ҳақида суҳбатлашиб кетишди. Аёл қулоғига чалинган бу гапларга мутлақо ишонмади, эсини таниб қолган ўғли Абдуҳодий эса онасига қараб "Наҳотки дадам бизни ўлим сари чоралаган бўлса?”, деди. Аёл эса шу топда ўғлининг гапига унчалик эътибор бермади. Чунки мусофирликда тўрт фарзанди билан қандай кун кечириш уни энди хавотирга сола бошлаган, уруш ҳақида чуқурроқ ўйлашга ҳоли ҳам йўқ эди шу топда.
Оила жамул-жам бўлгач аввалига ёмон яшашмади. Лекин уруш кундан-кун авж олар, унинг шарпаси улар яшаётган қишлоққа яқинлашиб қолганди. Бироқ, қанчалик даҳшатли бўлмасин, энди ортга йўл йўқ эди. Ён-атрофни қароқчилар босиб кетган, кетаман, деган одам борки, катта товон пули талаб қилишарди. Пул бермай чиқиб кетмоқчи бўлганларни эса муқаррар ўлим кутарди.
— Ўқ овозлари ҳар гал қулоғимга чалинганда дарду дунёим қоронғу бўлиб, қилмишимга минг пушаймон бўлардим, – дейди Гулсора Маматолипова. – Болаларимни отасига эмас, хавфга етаклаб келибман, деб ўкинардим. Аммо бошқа чорам йўқ эди. Катта ўғлим илм олишга қизиққани учун қишлоқдаги мадрасага ўқишга қатнай бошлади. Лекин бир куни шу мадрасага бомба тушди… Ҳали ўн саккизга тўлмаган ойдек ўғлим шу фоижиада парча-парча бўлди… Бўйи-бўйимдан баланд, орзулари бир дунё бўлган болажонимнинг тирноғини ҳам қайта топа олмадим…
Ўксиб йиғлаётган аёлга таскин беришнинг фойдаси йўқ. Фарзанд доғи онани то тирик экан ҳеч қачон тарк этмайди. Бироқ аёлнинг бошига тушган бундай оғир савдо шу билан тугамади. 2018 йилга келиб 16 ёшга қадам қўйган иккинчи ўғли Абдухолиқ нон топиб келиш илинжида чиқиб кетиб, уйга қайтмади. Унинг ҳаётида ҳам акасининг тақдири такрорланди. Боласидан умиди узилган онаизор қон дарёсидан унинг кийимидан бир парча қидирди, бироқ топа олмади…
2019 йилгача бу оиланинг уруш оловидан қочиб бормаган шаҳари, бормаган қишлоғи қолмади. Шундай кунларнинг бирида у турмуш ўртоғидан ҳам айрилди. Дайди ўқ оила бошлиғини бу дунёдан олиб кетди. Аёл бир ўғли ва бир қизи ҳамда Сурияда туғилган чақалоғи билан бўзлаб қолаверди. Ҳақиқий умидсизлик энди бошланган, очарчиликдан силлалари қуриган, қаерга бош уришни билмай турганида "Ўзбекистон фуқароларини Президенти олиб кетар экан”, деган хушхабар қулоғига чалиниб қолди. Гулсора ҳеч иккинланмай бориб рўйхатга ёзилди.
— Орадан бироз вақт ўтиб, бизни автобусга ўтқазиб Дамашқ шаҳрига олиб боришди. У ердан самолётга ўтириб, Тошкентга учиб келдик, – дейди Гулсора. – Аммо ҳамон туш кўраётгандайман. Хотиржам ухлаб турганим, қорнимиз тўйиб, сиҳатгоҳ боғида болаларим билан сайр қиларканман, фақат Ўзбекистонга хос бўлган ёқимли ҳаводан нафас олаётганимни ҳис этяпман. Президентимизнинг бизга кўрсатган катта бағрикенглигини ҳам сезиб турибман, албатта. Шу инсоннинг меҳрибончилиги туфайли мен ва қолган болаларим омон қолдик. Икки ўғлимдан, турмуш ўртоғимдан жудо бўлганим, бу ерда йўқлигимда онам қазо қилгани каби битмас жароҳатларимда ўзимнинг ҳам айбим бор, албатта. Энди армон билан ҳеч бирини тўғрилаб бўлмайди. Берилган имконият, меҳрга жавобан ҳалол меҳнат қиламан, қолган фарзандларимнинг камолини кўраман, деган умиддаман.
Сиҳатгоҳ боғида бола етаклаб сайр қилиб юрган аёл борки, бари мудҳиш даҳшатни бошидан кечирган, бирининг дарди иккинчисникидан кам эмас.
— Шу ердаги аёлларга боқиб инсоннинг бахти Ватани бўлиши, тинч яшаши эканини янада чуқурроқ ҳис қилдим, – дейди файласуф олима Жамила Шермуҳамедова. – Ўзбек аёлларнинг соддалиги, ишонувчанлиги туфайли уларнинг айримлари мана шундай буюк бахтдан маълум вақт маҳрум бўлиб қолишган. Булар билан суҳбатлашиб жабрдийдалар эканига иқрор бўлдим. Жабрдийдага чўзилган қўл эса шубҳасиз эзгулик қўлидир. Президентимиз мана шундай хайрли ишга қўл уриб, жуда катта савоб иш қилди. Муборак Рамазон кунларида бу воқеанинг рўй бергани юртимизга эзгулик нури ёғилганини англатади. Ахир Яратган бир яхшилик эвазига минг яхшилик беради. Бу аёллар билан дилдан суҳбатларимизни ҳали давом эттирамиз, уларга маънавий, руҳий ёрдам қанча керак бўлса, шунча берамиз.
Аёллар ва болалар сиҳатгоҳда тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғликларини тиклаш учун зарур шароит яратилмоқда. Ўз навбатида, улар билан малакали психологлар ва бошқа мутахассислар суҳбат олиб бориб, руҳиятини тиклашларига кўмаклашмоқда. Уларнинг жамиятда яна ўз ўринларини топишлари учун зарур маслаҳат ёрдамлари кўрсатилмоқда. Шу билан биргаликда, уларнинг маиший шароитини яхшилаш, иш билан таъминланиши билан боғлиқ, болаларни боғча, мактабга жойлаштириш чоралари ҳам амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Меҳр” амалиёти доирасида Яқин Шарқдан 48 нафар аёл, уларнинг 105 нафар фарзанди, 2 нафар чин етим бола, 1 нафар эркак Ўзбекистонга олиб келинди.
Олиб келинган бир эркак эса Сурия қамоқхонасидан олиб чиқилган бўлиб, ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ижтимоий тармоқларда мазкур рақамлар бузиб кўрсатилаётгани, олиб келинган эркаклар кўпроқ бўлиб, ДХХ сўроқ қилинаётгани тилга олинган. Аммо бу мутлақо асоссиз.
Айримлар эса ушбу инсонпарварлик акциясини ташкил этиш учун халқаро ташкилотлар 3 миллион доллар ажратганини иддао қилган. Тассуфки, бу гап ҳам асл фактларга мутлақо зиддир!
"Меҳр” амалиёти Ўзбектон Президенти ташаббуси билан, бевосита Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилган операциядир. Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди.
Дарвоқе, Ўзбекистон ўз фуқароларини қаерда бўлишидан қатъий назар ҳимоя қилади. Бу қомусий қоида бўлиб, буни амалда таъминлашнинг барча чоралари кўриб келинмоқда. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|