Турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган ва миллионлаб мухлисларнинг севимли картинасига айланган «Муҳташам юз йил» сериалида султон Сулаймоннинг дафн маросими намойиш этилмаган. Шуниси маълумки, 1556 йили усмонийлар армияси Венгриядаги Сигетвар қалъасини қўлга киритиш ниятида йўлга чиқди. Ўша пайт султон Сулаймон подаградан безовталанарди. Урушга бориш учун умуман имконияти йўқ эди. Аммо боришга қарор қилди. Бу унинг 13- юриши ва охиргисига айланишини кўнгли сезди.
1556 йил 6 сентябр куни эрталаб усмонийлар империясини 46 йил давомида муваффақиятли бошқариб келган султон Сулаймон Сигетвар қалъаси яқинидаги чодирида жон берди. Эртаси куни эса турклар қалъани эгаллаб олди. Султоннинг энг яқин ёрдамчиси Соқолли Мехмет султон оламдан ўтганини барчадан сир тутди. Шундай қилишга мажбур эди. Агар ўшанда ошкор этса, душман қарши ҳужумга ўтиши, яничарлар эса қўзғолон кўтариши тайин эди. У шаҳзода Салимга яширинча мактуб йўллади. Кейин султоннинг ички аъзоларини ими-жимида дафн этишди. Жасадни балзамлашди ва бегона кўзлардан беркитиб ташлашди.
Армия, яничарлар орасида ғалаённинг олдини олиш ниятида Соқолли Мехмет султоннинг номидан фармонларни ўқиб эшиттиришда давом этди. Ҳар гал султоннинг имзосини қалбакилаштиришдан тийилмади. Орадан 43 кун ўтгач, Соқолли Мехмет шаҳзода Салим Белградга етиб келганидан хабар топди. Армия дарҳол Белградга йўл олди.
Белградга етиб келишгач, Соқолли Мехмет муллага султоннинг ҳақига тиловат қилишни буюрди. Шундагина усмонийлар армияси султоннинг ўлимидан хабар топди. Ҳамма даҳшатга тушиб қолганди. Негаки, султон Сулаймон шу армияга 46 йил давомида қўмондонлик қилган. Биргаликда кўплаб ҳудудларни босиб олишган. Ғалаба нашидасини биргаликда суришган.
Армия йиғлади.
Тез фурсатда султоннинг жасади ниҳоят Истамбулга олиб келинди. Сулаймония мачитида жаноза ўқилди. Ўша йили 23 ноябр куни султон дафн этилди. Шунинг билан султон Сулаймоннинг даври якун топди. У билан бирга тарихчилар тилга олган «Муҳташам юз йил» ҳам ниҳоясига етди.
Ҳа, султон Сулаймондан кейинги подшоҳларнинг ҳеч бири мамлакат ҳаётини муҳташам эта олмади.