Халит Эргенч 1970 йил 30 апрелда Истанбул шаҳрида туғилган. 1989 йил кема иншооти ва денгиз билимлари бўйича диплом олган Эргенч Мимар Синан университетининг опера ва мусиқали театр актёри бўлимига ўқишга кирди.
Актёрлик карьераси давомида мюзикл, опера ва балетларда ҳам роль ўйнади. Маълум муддат АҚШда яшади, у ерда турли ишларни бажариш билан бирга спектаклларда қатнашди.
Эргенчнинг телевидениедаги карьераси ҳам муваффақиятли кечмоқда. «Қора малак», «Дадам Гофрат ва мен», «Тутқун шаҳар одамлари», «Зерда», «Алия» каби муваффақиятли сериалларда суратга тушди. Халит Эргенч театр, кино ва сериалларда роль ўйнашдан ташқари ТВ дастурлари ва реклама роликларида ҳам фаол иштирок этади. Актёрнинг «Катта таклиф» мусобақа кўрсатувидаги иши шулар жумласидандир. Халит — энг талабгир актёрлардан бири.
— Саҳна ва кадрда кўзларингиз билан кўп нарсаларни англатиб қўясиз. Буни қандай бажарасиз?
— Бунда режиссёр Қудрат Сабанчининг ҳиссаси катта. Саҳнада бўлаётган воқеаларни ишончли кўрсата олади. Сўзга ҳожат бўлмаган жойда кўп нарсани кўз ва вужуд билан англатса бўлади. Аммо ҳаммаси самимий бўлиши керак. Шунда бу саҳналар эсингизда қолади ва сериалнинг энг муҳим саҳналари ҳам ўшалардир.
— Сериал сценарийсини кўраркансиз, ўйнайдиган характерингизнинг қайси жиҳатлари сизни жалб қилади?
— Бу ўйнайдиган ролимни қанчалик ўзлаштира олишимга боғлиқ. Яъни мен ўйнайдиган характеримни қанчалик ишончли чиқариб, қанчалик яхши ўргана оламан. Энг асосийси шу. Бу менинг учун бир ўйин. Бу характерни жонлантириш жуда ажойиб томоша. Агар мен ўша ишни қилаётганимда бахтсиз бўлсам, чиройли ўйин кўрсатолмайман.
— Телевидениеда ўйнолмайдиган ролларингиз ҳам борми?
— Бор, албатта. Менинг ўз ҳаётим, турмуш тарзим бор. Ўз дунёқарашимга сиғдиролмайдиган нарсамни одамларга тақдим этолмайман. Ишонмайдиган нарсамни қандай қилиб кўрсатаман? Масалан, тижоратда ҳам шундай: одам молига ишонмаса, сотолмайди.
— Уйлангач, ҳаётингизда нималар ўзгарди?
— Уйланиш ажойиб экан. Ҳақиқатан ҳам ўзимни жуда қизиқ ҳис қиляпман. Рафиқамнинг соясида уйим уйга ўхшади. Уйимиз у билан бирга уй бўлди.
— Сериалларда интизор ошиқ ролларини қойиллатиб ўйнайсиз. Ҳаётда ишқ сизга қандай таъсир қилади?
— Буни аёлимдан сўраш керак. Аслида, ишқ менга зўр қувват бағишлайди.
— Уй ишлари масаласида қандайсиз? Уйда ёрдамчи бўла оласизми?
— Мен жуда узоқ вақт ёлғиз яшадим. Шунинг учун уй ишлари менга бегона эмас. Кир юваман, овқатни жуда яхши пишираман. Шу маънода ёрдамчи бўла оламан, менимча.
— Тартибга амал қиласизми?
— Албатта, соғлиққа зарарли таомларни емайман. Нонуштага мураббо ейишни яхши кўраман. Бақлажон, анжир кабилардан тайёрланган мураббо ва икралар уйимизда доим бўлади. Зарарли ичимликлар ичмайман, гамбургер емайман. Тамаки чекмайман. Шакарни ҳам иложи борича истеъмол қилмайман. Аммо ширинликларни яхши кўраман, шоколадни ҳам. Мажбур бўлмагунимча тезкор ресторанларда фаст-фуд емайман.
— Энг яхши кўрган таомларингиз?
— Зайтун ёғидан тайёрланган овқатни яхши кўраман. Аслида, мен фарқлайдиган, танлайдиган овқат йўқ.
— Спорт билан шуғулланишга ҳам вақт ажратасизми?
— Аслида, анчадан бери вақтим йўқлиги боис спорт билан шуғулланмасдим. Аммо икки ҳафта олдин яна спорт билан шуғуллана бошладим. Ҳафтада икки ёки уч кун югураман, ёки ҳовузда сузаман.
— Асло воз кечмайдиган уч принципингиз?
— Яхшилик, очиқ фикрлилик, очиқкўнгиллик. Чунки баъзан ўзингиз истамаган ҳолда яхши бўлолмайсиз. Кўнглингизда нима бўлса, ташингизда ҳам ўша нарса бўлиши керак. Бу ўзингизни яхши танимоқ учун ҳам жуда муҳим. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|