Эслатиб ўтамиз, куни кеча Сочида бўлиб ўтган ачинарли ҳодиса хусусида ёзгандик. Унда 2014 йили олимпиада бўлиб ўтиши баҳонасида уйи бузиб ташланиб, шу кунгача пансионатда яшаб келган Андрей Мартинов ҳақида сўз борганди. У анчадан бери саратон хасталиги туфайли тўшакка михланиб қолган. Шунга қарамай, суд ижрочилари ва полициячилар биргаликда келиб Мартиновни ётган ҳолича кўрпаси билан қўшиб кўчага чиқариб ташлашди. Эмишки, пансионат сотувга қўйилибди. Энди у ерда яшаш мумкин эмасмиш. У хотини Наталья билан кўчада ётишга мажбур бўлди. Лекин маҳаллий раҳбарлар эр-хотинга бир хонали квартира топиб беришибди. У ерда Мартиновлар бир кечагина тунашди. Кейин яна пансионат ёнига қайтишди.
— Бу квартирада умуман шарт-шароит йўқ, — деди Андрей Мартинов. — Сув йўқ, газ йўқ, дераза-эшиклар синиб тушган. Қўланса ҳиддан туни билан кўз юма олмадик. Ҳадеганда нафасим сиқиб сал бўлмаса ўлаёздим. Хотиним ҳам бўларича бўлди. Шунинг учун пансионат ёнига қайтиб келиб кўчада яшашга мажбур бўлдик…
Маҳаллий раҳбарларнинг айтишича, улар квартира таъмирбоплигини олдиндан айтиб Мартиновларни огоҳлантирган. Ҳарқалай кўчада тунашдан кўра шу ерда яшаш қулайлигини уқтиришган. Энди улар бу муаммони қонун йўли билан бартараф этишга киришишибди.
— Наҳотки, одамлар шу қадар шафқатсиз, меҳр-оқибатсиз бўлиб кетишган? — дейди Андрей Мартиновнинг яна кўча юзига кўрпа тўшаб ётганини кўрган ўткинчи қариялардан бири. — Одам-а, одам! Одамнинг қадри, баҳоси шу қадар пастлаб кетдими? Ҳайвон кўчада сарсон кезаётган бўлса ҳам уни вақтинча яшаш жойига, ёки доимий яшаш учун ҳайвонот боғларига олиб кетишади. Ҳеч бўлмаганда жониворни кимдир асраб олади. Қаранг, деярли ўлим тўшагида ётибди бу одам. Унга ҳеч бир раҳбарнинг раҳми келмаяпти. У уйсиз, овқатсиз. Бу ҳам етмагандек, касал. Оғир касал. Дунё шунчалар тормики, шу бечора эр-хотинга бир метр жой топилмаса?..