— Унга қўнғироқ қилишни истайман, бироқ юрагим безиллайди. Иши бошидан ошиб ётибди, дейман ўзимга-ўзим. Менинг синиқ овозимни тинглашга вақти йўқ, мудом банд. Қўнғироқ қилганим билан нима ҳам дейман, баҳона қилишга бирор тайинли гап топилмайди… Қуриб кетсин. Ёнимда телефон… Ҳайтовур тағин хаёлим бузилади. Нима деса дер, койиса ҳам, рўйихуш бермаса ҳам майли. Қўнғироқ қиламан-у, атиги икки сониягина ҳол-аҳвол сўраб, сўнг гўшакни қўяман. Ғурур оғринади, «Э, ҳайф сенга, бебурд экансан», дея бурчакда туриб, таъби хира бўлганини яшириб ўтирмайди. Унинг олдида тилим қисиқ, бетим шувут. Ҳаёсизда номус нима қилсин? Ориятни йиғиштириб, уни кўндирмоқлик учун ширин калом билан алқайман. «Охирги марта, сўнг унинг учун барча кириш эшикларини ёпиб қўяман», дейман. Нафсиламрда бундай бўлмаслигини иккимиз ҳам яхши биламиз. Ғурур отдан тушса ҳамки, эгардан тушмайди. Нуқул қошини чимириб, хўмрайгани-хўмрайган. Мағрур ғурурни ҳовуридан тушириб, шаштини синдирмоқликка қилинган саъй-ҳаракатларнинг бари кўкка совурилди. Ялиниб-ёлвориш жонимга тегди, охири мен ҳам тўнимни тескари кияман. «Кўнмаса кўнмасин, ғурур ўзидан бошқани ўйламайди, барибир. Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдираётганини сезмайди, бурнидан олисни кўролмаса, нима қилсин, бечора». Шу тахлит сўзлар ила ўзимга-ўзим таскин бериб, тўғри йўл тутаётганимга шубҳа қилмайин, гўшакни қўлимга оламан. «Аҳмоққа, барибир, ақл кирмас экан-да, кўрамиз, ёринг қалбингдагиларни англармикан?» дейди у такаббурлик билан лабини буриб. Ғурурга қарши бориб, тағин ади-бади айтиб ўтиришни эп кўрмай, хаёлимда сўзламоқчи бўлган гапларимни олдиндан ўйлайман, аммо товушини эшитишим ҳамоноқ бари тумандек тарқаб кетади. Ҳамма-ҳаммасини унутиб юбораман, «Товушингдан ўргилай, жоним!» дея бутун вужудимга титроқ киради. Овозига тўйишга улгурмасимдан у гўшакни илади. Кўнглим оғринади, ғурурга бу сафар ҳам енгиламан. Мағрур ғурур мени яна қийноққа солади. «Мен уни соғинсам нима қилай?» дейман охири. Ҳар нечук унинг раҳми келди, шекилли, ортга чекинади. Соғинч ич-этимни кемиришни бошлайди, очликка чидаш мумкин, аммо бу дардга бардошим етмайди. Қўлим тағин телефон томон чўзилганини сезмайман. Бу гал у чидаб туролмайди:
— Яхшимисиз?
Юрак ютиб аранг берган сўровимга у:
— Ҳа, нимайди? — дея жавоб беради.
Бундан «Тағин нима керак сенга?» деган маънони уқаман. Худди мен бундан илгари ундан бирор нима сўраб телефон қилгандай. Оромини бузганим учун ноқулай аҳволга тушаман. Қўлимдаги барча ишларнинг жилови чиқиб кетгандек, юрагим бўшаб қолади. Ҳа, чиндан ҳам нега қўнғироқ қиляпман ўзи, дейман? Ҳозир «Ўзим шунчаки, овозингизни эшитгим келганди», дегудек бўлсам, тутақиб кетиши аниқ. Шунинг учун гап тополмаганимдан:
— Бугун келасизми? — деб сўрадим.
— Йўқ, мени кутма. Бу яқин орада боролмайман! — у шундай деди-ю, ҳеч нарсани андиша қилмай, гўшакни илиб қўйди.
Шу бизнинг сўнгги суҳбатимиз эди. Мен эса у билан илк учрашувимизни эслайман. Бир кафеда кичик даврада ўтаётган туғилган кунимда танишганман у билан. Мен турмушга чиқмаган қиз эдим. У эса уйланган, икки болали эркак эди. «Хотинимга кўнглим йўқ. У билан икки болам учун яшаяпман. Яқинда ажрашаман ва биз турмуш қурамиз. Сен менинг ягона малагимга айланасан». Шу тахлит чиройли сўзлар, яна тоғ-тоғ ваъдалар берганди. Мен уни чин юракдан севдим. Унга ишондим ва инон-ихтиёримни топширдим. Эвазига эса уч йилдан кейин хўрлик кўрдим. Чунки бу пайтгача унинг жонига тегиб улгургандим.
Азиз ака менга ҳеч қандай изоҳ бермай ҳаётидан кетишимни сўради ва мен унинг айтганини қилдим. Йиғладим, сиқтадим, ахийри, тақдирга кўндим. Худо меҳрибон, бошимни силади ва муҳаббатини дариғ тутмади. У менга Шариф акага ўхшаган ажойиб инсонни учратди ва мен хотини ўлган, қарамоғида беш яшар ўғли бор эркакка турмушга чиқдим. Фарзандли бўлдим, оз бўлса-да, биринчи муҳаббатимдан қолган яраларнинг жойи битди. Азиз акани буткул эсимдан чиқардим, деёлмайман-у, ҳар қалай, юрак дарди аввалгидай азоб бермай қўйди. Энди тақдир йўлларимизни туташтирмаса керак, деб ўйлагандим. Бироқ чучварани хом санаган эканман, тоғ тоғ билан учрашмаса ҳам одам одам билан юзлашаркан, барибир. Тўғрироғи, у мени ортимдан излаб келди. У ортга қайтишимни сўраяпти. Хотини билан хиёнат туфайли ажрашибди. Бошқа билан ҳаётини тасаввур қилолмас экан. Аммо у энди мен бошида эри бор аёл эканимни, фарзандларимдан кеча олмаслигимни ўйламаяпти. Мен кўрган азоблар каммиди? Хуллас, шуларни ўйлайвериб силлам қуриди…
ЗАРИФА
Фарғона вилояти
Мутахассис маслаҳати
Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:
— Қабулимга келганларга руҳшунос сифатида маслаҳат берганман, бироқ сизга аёл, ўз оиласини қадрлайдиган рафиқа ва опа сифатида тўғри йўлни кўрсатишга қарор қилдим. Сиз аввал бошида ҳам нотўғри йўлда эдингиз. Ҳозир ҳам. Азиз акангиз билан ҳаётингизни боғлаганингиз хато эди. Кўрган азобларингизга Тангрининг раҳми келиб, бошингизни силабди ва сизга оила қуришдек бахт насиб этибди. Бу бахтнинг қадрига етиш ва ардоқлаш зарур. Муҳаббат — буюк туйғу, бироқ у туфайли оилани қурбон қилиш, фарзандларингизнинг кўз ёшини оқизиб, уларни хор этиш ярамайди. Одамзод хор тутганига зор бўлади, аслида. Худди Азиз акангиз сизни хор тутиб, бугун йўқлаб келгани сингари. Кўзингизни каттароқ очинг. Ҳаётда оиладан муқаддасроғи йўқ.
Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Агар муҳаббатингизга чиндан ишонганингизда сизда иккиланиш туйғуси бўлмасди. Ҳозир, балки ўша одамнинг ортидан эргашарсиз, бироқ яна икки кундан кейин сиз унинг жонига тегиб қолмаслигингизга ким кафолат беради? Синовлар, одатда, хатонгизни қайта такрорламаслик учун бошингизга тушади. Сиз уни чин юракдан севасиз, бироқ у сизни севмайди. У шунчаки сиздан таскин излаб келган, бунга ишончим комил. Чунки севган юрак суюкли ёрининг ҳаётини бузмайди, унга бахт тилаб яшайди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|