Смартфонлар мунтазам ривожланаётгани, камералар янгиланиб, процессорлар яхшиланаётганига қарамай аккумулятор гаджетларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири бўлиб қолмоқда. Батареянинг сиғими ва узоқ вақтга чидаши, шунингдек, тезда қувватланиши муҳим аҳамиятга эга. CNet нашри девайсларнинг автономлигига боғлиқ энг муҳим саволларга жавоб беришга уринди.
Яқин вақт ичида аккумуляторлар ўзгармайди
Энергия самарадорликнинг бошқа қўшимча функциялар ҳисобига гаджетдаги дастурларнинг яхшиланиши ҳисобига ошмоқда. Афсуски, муҳандисларнинг асосий эътибори электромобиллар автономлигини ошириш, сунъий йўлдошлар ва уйдаги энергия тежамкорликни йўлга қўйишга қаратилган — уларнинг батареялари одатдагидан икки-уч йилга кўпроқ ишлаши керак.
Шунингдек, аккумуляторлар ўлчами ҳам мобил қурилмаларга «қарши» ишлайди. Масалан, Tesla автомобилининг батареяси сиғими iPhone 11 Pro Мах’никидан 4000 баробарга катта.
Тезкор қувватланиш аккумуляторга зарар етказмайди
Аксарият адаптерлардан чиқувчи қувват — 5-10 Ваттга тенг. Тезкор қувватланиш ушбу кўрсаткичлари сезиларли даражада ошириши мумкин: iPhone 11 Pro учун 18 Ваттдан, Samsung’нинг сўнгги флагманлари учун — 45 Ваттгача.
Агарда аккумуляторнинг нуқсони бўлмаса, юқори қувватлантириш унинг ишчанлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бу қувватни икки босқичга ажратиш орқали таъминланади. Биринчи босқичда асосий энергия захираси тўлдирилса, иккинчи босқичда жараён батареяга шикаст етказмаслик учун секинлашади. Аккумуляторларда жиддий муаммолар сўнгги бор Samsung Galaxy Note 7’да кузатилган эди.
Аккумуляторни қайта зарядлаш имконсиз
Кўплаб фойдаланувчилар ўз қурилмаларини доимо қувватлантиргичда туришидан хавотирланади. Бироқ ҳар бир смартфонда назорат тизими бўлиб, у заряд миқдори 100 фоизга етганида аккумуляторни қувватлантиргичдан автоматик равишда узиб қўяди. «Ақлли» қувватлантиргич учун махсус функция iOS 13’да пайдо бўлган. Шунингдек, қурилмадаги заряд миқдори 80 фоизга етганида уни электр энергиясидан узса ҳам бўлади.
Батареянинг 0 фоизга қадар ўчиб қолишига йўл қўйманг
Замонавий смартфонларни ўчиб қолгунига қадар ишлатиш керак эмас. Аксинча, заряд миқдорининг тўлиқ тугаши кимёвий реакцияни юзага келтириб, аккумулятор «яшовчанлиги»ни қисқартиради. Одатда смартфон тўлиқ нолга тушиб кетгунига қадар ўчиб қолади. Бунга сабаб қурилмада махсус хавфсизлик протоколи мавжуд бўлиб, у батареяни ҳаддан ортиқ ейилишдан ҳимоя қилади.
Юқори ҳарорат аккумуляторларга зарар етказади
Аккумуляторнинг асосий душмани — юқори ҳарорат бўлиб, у хизмат кўрсатиш вақтини камайтириб юборади. Шу сабабли смартфонни тўғридан-тўғри тушувчи қуёш нурларидан ҳимоя қилиш, ойна ёки автомобилнинг қурилмалар панели олдида қолдирмаслик керак. Вақт ўтиши билан тез-тез қизийдиган аккумулятор ёмон ишлашни бошлайди. Энг ёмон ҳолатда гаджет портлаб кетади. 30 даража Цельсийдан юқори ҳароратдан эҳтиёт бўлиш даркор.
Ортиқча кабеллар девайсга хавф туғдирмайди
Контрафакт ёки носоз кабеллардан фойдаланилмас экан, смартфон хавфсизлиги таъминланган. Кабел ёки адаптернинг алмашиши унга таъсир кўрсатмайди. Содир бўлиши мумкин бўлган энг кўнгилсиз ҳодиса — қувватланиш тезлигининг тушиб кетиши. Шу билан бирга, Huawei ва OnePlus смартфонлари расмий аксессуар талаб қилади, Samsung ва Apple учун эса бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан ҳам фойдаланиш мумкин.