— «Мавлуда, сенга анчадан бери айтолмаган гапимни айтмоқчиман… Сени яхши кўраман!.. Бу гапни юзингга барибир айта олмасдим. Шунинг учун хат ёзишга мажбур бўлдим… Жавобингни кутаман. Шуҳрат.»;СГЕ;
Мавлуда сарғайиб, четларигача титилиб кетган бир парча қоғозни юзларига босганча узоқ вақт ўтириб қолди. Кўз ўнгида мактаб ҳовлиси, одмигина кийинган, паст бўйли, юзлари сепкилдор Шуҳрат гавдаланди…
Ҳа, шу хатни олганда Шуҳрат тўққизинчини битириш арафасида эди. Мавлуда эса, энди еттинчи синфни тугатаётганди…
"Ҳозир қандай бўлиб кетдийкин? — ўйлади у ҳовлида ўйноқлаб чопаётган ўғли Назарбекни кузатаркан. — Ҳойнаҳой, институтларда ўқиб катта одам бўлгандир?!. Мени кўрса танимасаям керак… ё танирмикан?.. Э, энди нима фойдаси бор? Ўшанда ноз қилмаганимда, ҳаммаси бошқача бўларди. Оиласини ночор дедим… Кўнглим бўла туриб уни эшитмаганга, пайқамаганга олдим. Энди-чи?.. Энди нимага эришдим?.. Пиёниста, баджаҳл эргами?.. Нима каромат кўрдим ундан?.. Орттирганим шу биттагина болами?..
Ҳамма айб ўзимда. Дўкондорлигига учдим ўшанда. Аслида бетайин бир одамга теккан эканман… Энди бўлса, ўзига қарамаганга, келишган эмасга чиқдим. Кўчада бошқаларни кўриб юрса керак-да ифлос!.. Бир кун жазосини тортар, ахир!.. Уф-ф…”
— Онанг қани, ўғилтой?..
Мавлуда эрининг овозини эшитиб шоша-пиша хатни сандиққа яширди-да, ташқарига отилди.
— Вей, ёш болани ҳовлида қолдириб нима қанд еб ўтирибсан уйда? — кўп ичганидан кўзлари қизариб кетган Салим хотинига ўдағайлади. — Тентираб кўчага чиқиб кетса нима бўлади?..
— Вой, дадаси, қараб ўтирибман ичкаридан!..
— Ҳе қарамай ўл!.. Қараб ўтирганмиш… Ҳозир… Бир солайми?..
Мавлуда тепасига мушт ўқталиб келган эридан қўрқиб ўзини орқага ташлади. Шундоқ оёқлари остида турган сув тўла чойдишни пайқамай қолибди. Оёғи билан урилиб ерга ағдарилди.
— Вой оёғим!.. Вой-вой-вой!..
— Ҳа-а, ўляпсанми? — Салим оғриққа чидолмай йиғлай бошлаган Мавлудани ётган ерида туртиб юборди. — Хўп ландовур хотинга учраганман-да ўзи!.. На ўзига қарашни билади, на тўғри юришни!.. Тур ўрнингдан, болага қара!..
Мавлуда базўр ўрнидан туриб оқсоқлаганча, ичкари уй томон юрди.
— Қаерга кетяпсан?.. — бақирди Салим. — Болага қара, болага!..
— Ҳозир, дадаси!..
— Қара дедим!..
— Хўп, мана кетяпман!.. Фақат урманг, жон дадаси!..
— Қилғилиқни қилиб яна қўрқишниям билади бу ярамас!.. Туришини қаранглар лаллайиб!..
Салим жаврай-жаврай, ичкарига кириб кетди…
* * *
— Вей, шишиб ухлайверасанми?.. — Бу қичқириқ яна Салимники эди. — Тур ўрнингдан, овқат иситиб кел!..
Мавлуда қаттиқ ухлаб қолган экан. Тура солиб соатга қаради. Бирдан ошган. Салим хона ўртасига хонтахтани қўйиб бемалол ароқ ичарди.
— Нимага қоққан қозиқдай туриб қолдинг? Бор, овқат опкел!..
Кўз очиб юмгунча овқат иситиб келинди. Бу орада тўрт яшар ўғилчаси Ҳалимжон ҳам шовқиндан уйғониб дадасининг рўпарасига келиб туриб олди.
Салим косадаги овқатдан бир қошиқ ичди холос. Шу ондаёқ коса Мавлуданинг бошига қараб учди.
— Яхшилаб иситсанг ўлармидинг, қанжиқ?..
Эр энди чегарадан чиққанди. Ортиқ чидаб бўлмасди…
Жонидан тўйиб кетган Мавлуда зор қақшаб йиғлаганча бошидаги овқат қолдиқларини артаркан, эрига тикилди. Салим оёқда зўрға турар, энди хонтахта устидаги чойнакка қўл юбормоқчи эди.
— Нимага мени урасан? — йиғига жўр бўлган ўғилчасини бағрига олиб қичқирди Мавлуда. — Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Бола туғиб берганимгами? ё овқатингни тайёрлаб, кирларингни ювганимгами?.. Бўлди! Тўйдим!.. Жавобимни бер!..
— Ие, тилинг чиқиб қоптими? Ҳали сенга… Жавоб керак бўп қолдими?.. Бор, болани ухлат!..
— Ухламайди бола! Менминан кетади!..
— Нима? Шунақами?.. Мана сенга!..
Салим қўлидаги чойнакни Мавлудага қараб отди. Яхшиямки, чап бериб қолди. Бўлмаса…
— Худоё урган қўлларинг синиб тушсин!.. — қарғана-қарғана нарсаларини йиғиштира бошлади Мавлуда. — Худо бордир сенгаям!.. Юр, болам, кетамиз!..
— Қайт орқангга! — она-боланинг ортидан ўшқирди Салим. — Қайт дедим! Қайтмасанг, билиб қўй, қўйвораман!..
— Қўй! — остонада тўхтаб орқасига ўгирилди Мавлуда. — Қани, қўймайсанми?.. Ўзи шуни кутиб юргандим!
— Уч талоқсан!.. Ана энди йўқол!.. Ўша товуқ катагингда тиқилиб ўл, қанжиқ!.. Билиб қўй, мени қариндош-уруғим кўп! Пулим ҳам етарли. Буни биласан. Бир ҳафта ичида қиз боласини олмасам, отимни бошқа қўяман, мана кўрасан!..
— Э, ким сенга тегаман деб ўлиб турибдийкан? — ўзича пичирлади Мавлуда катта кўчага чиққач. — Сен бизнинг қарғишимизга қоласан ҳали!..
Она-бола ярим кечада қўрқиб-писиб бўлса-да, Қўрғончага — она уйига етиб олишди…
* * *
Худоё ҳайдамай балога йўлиқсин, пиёниста! — ёз ойлари бўлгани сабаб Хосият хола ҳовлидаги сўрига жой тўшаб ётганди. Бир аҳволда кириб келган қизини кўргач, жон-пони чиқиб, жаврана-жаврана кўзлари юмилиб бораётган неварасини сўрига ётқизди. — Айтгандим, ажраш-ажраш деб!.. Қулоғингга олмадинг! Мана оқибати!
— Боламни ўйлагандим-да, эна! — деди Мавлуда йиғлаб. — Бир кун инсофга кеп қолар дегандим-да!
— Унақалар инсофга кирармиди?!. Кириб бўпти!.. Пул қутуртириб қўйган уни!.. Отанг тирик бўлганда-ку, шу иши учун уйига ўт қўйиб келарди…
— Қўяверинг, эна, бир томондан яхшиям бўлди. Бошида қолсин ўша уйи. Унгаям боққан бало бордир…
Хосият хола шу йили олтмишга қадам қўйган. Қарилик таъсир қила бошлаганиданми, сўнгги пайтларда салга толиқадиган бўлиб қолганди…
Инқиллай-инқиллай, қизининг ёнига ўтирди.
— Шунақа дейсан-у, қизим, лекин… менам қариб қолдим. Сенгинага қийин бўладими дейман-да!..
— Менга нимага қийин бўларкан? Худога шукр куч қувватим бор ҳали. Битта боламни боқолмай қолармидим?..
— Бўпти, ўзинг биласан. — гапни калта қилди Хосият хола. — Ҳадемай тонг ҳам отиб қолади. ётиб ухлайлик, чарчагандирсан. Эртага Нурмат амакингга айтамиз. Кўч-кўронингни йиғиштириб келади. Падарига минг лаънат ўша пиёнистанинг!..
* * *
Орадан икки ҳафта ўтди. Гарчи қизига ачинган бўлса-да, Хосият хола барибир болани ўйларди. Ҳалимжоннинг отасиз қолишини ўйлаб юраги эзиларди. Бир кун келиб дўкондор куёвининг инсофга кириб қолишидан умидвор эди. Шунинг учун икки ҳафтагача Салимнинг кечирим сўраб келиб, оиласини олиб кетишини кутди. Ҳар машина сигнал берса, кўчага қаради…
Ниҳоят бир куни дарвозадан Салимнинг ўзи кириб келди. Ғирт маст, кўйлак тугмалари ечилган ҳолда… Худди кўчадаги пиёнисталар каби… Икки қўли бўм-бўш…
Ҳовли ўртасида тик турганча сўрида ҳайрон бўлиб ўзига тикилиб қолган қайнонасига бир муддат қараб турди-да, чайқала-чайқала турган еридан бақирди:
— Ҳой кампир, Мавлудани топиб беринг!..
Хосият холага алам қилиб кетди. Бир вақтлар бинойидек экан, отасидан қолган дўкони бор экан, қизимни хор қилиб қўймайди, ҳали бир кун келиб Мавлудам қишлоқнинг олди аёли бўлиб кетади деган хаёллар билан қўш қўллаб узатганди қизини. Энди бўлса…
— Қайси Мавлудани айтяпсиз, болам? — атайин сўради Хосият хола. — Сиз кимсиз ўзи? Танимайроқ турибман!
— Кампир, гапни айлантирманг! Менга хотинимни топиб беринг деяпман!
— Хотинингиз бу ерда яшамайди.
— Шу ерда яшайди…
Салим қайнонанинг совуқ муомаласидан баттар тутоқиб сўрига яқин келди.
— Мен сизга хотинимни топиб беринг дедим!.. Бўлмаса…
— Нима қиласан бўлмаса? — Хосият хола жаҳл билан ўрнидан турди. — Мениям урасанми?.. Ур, мана, ур!.. Шунақа зўравон эканинингни билмаган эканман. Бир кун қилмишига пушаймон еб кечирим сўраб келар деб хаёл қилибман мен аҳмоқ… Энди… Мана оласан Мавлудани, тузукми?!.. Қани, бир жўнаб қол-чи уйимдан! Бўлмаса, ҳозироқ қўшниларни чақираман… Туғилганингга пушаймон ейсан!.. Йўқол пиёниста!..
— Ҳали… Шунақами?.. Яхши… Унда эшитиб қўй, кампир, эртагаёқ бориб қизингнинг лаш-лушларини йиғиштириб келишинг мумкин… Менинг унақанги хотиним йўқ!.. Яна бир марта уч талоқ қилдим қизингни!..
* * *
Салим келган маҳал Мавлуда ўғлини олиб нариги маҳалладаги ўртоғиникига кетганди. Келгач, онасидан бўлган ишларни эшитиб яна кўнгли бузилди. Тақдиридан хафа бўлиб кетди…
— Ойи, бирор қўшнига айтинг, эртага бориб кўчларимни олиб кела қолайлик! — деди секин. — Кейинроқ судга ариза бераман…
Она оғир хўрсиниб қўйди. Шу тобда хаёллари чалкаш эди. Нималар бўлаётганига ақли етмай қалби азобланарди. Қизининг эртасини, неварасининг бир кун келиб отасига маҳтал бўлишини тасаввур қилгани сари баттар эзилиб борарди. Аммо на илож? Бўлар иш бўлди. Пешонасида бор экан. Куёвини пул қутуртирди. Балки қиморга берилиб шу кўйга тушгандир? Худо билади. Нима бўлсаям, Мавлуданинг уйи бузилди. Ҳалимжон тирик етим бўлиб қолди… Қизиқ… Беш йил аввалги Салим қани? Она-чи, она деб зир айланарди теварагида. Мавлудага ҳам мулойим гапирарди. ё ҳаммаси ясама эдими? Наҳотки, ўшанда ҳам қизи калтаклар еб, турткилар эшитиб юрган-у, онасига айтмаган бўлса?.. Эй Худо, нималар бўляпти ўзи?..
Хосият хола Мавлудага ҳеч нарса демади. Қарадики, қизи аллақачон ўрнидан туриб кир ювишга ўтирибди. Ҳалимжон ҳам жуда ўйинқароқ пайти эмасми, тупроқ ташийдиган замбилни айланиб чопяпти ўзича…
Хосият хола она-болага бирпас қараб турди-да, бошига оқ рўмолини ташлаб кўчага йўл олди. Қўшнилардан машина сўрашга ор қиларди. Шунинг учун Торқишлоқдаги жияни Муродалига айтиб кўргиси келди…
* * *
Муродали ака олтмишга яқинлаб қолганига қарамай, колхознинг юк машинасини ҳайдайди. Ўзи табиатан оғир-босиқ. Кам гапиради. Жуссаси кичик бўлгани билан жаҳлини чиқаришса, ҳеч кимни аямайди…
Хосият холанинг акасидан қолган биттагина ёдгор. Азалдан Салимни жини суймасди. Холасидан бу гапларни эшитиб, тепа сочи тикка бўлди.
— Э, амма, олдиндан ўша куёвингизни ёқтирмасдим. — деди у эски, ёғи чиққан дўпписини ғижимлаб. — Бор-йўғи каталакдай дўкончаси бор-у, бойваччалардай керилади. Вей, кўчада кўриб қолса, иложини топса тескари қараб ўтади у ярамас…
— Нима қилай, Муроджон, Мавлудамнинг пешонасида бор экан… Шу десанг… Машинангни сўраб келгандим…
Муродали ака дарров тушунди.
— Кўч опкелишгами?
— Ҳ-ҳа… Иссиғида олиб келмасам, у ярамас қизимнинг нарсаларини яшириб ташлашданам тоймайди…
— Қани, амма кетдик! — даст ўрнидан туриб оёғига калишини илди Муродали ака.
— Вой, ҳозир-а? Уйингда ҳеч ким йўқ-ку!..
— Нима қипти? Келинингиз болаларни олиб қариндошиникига кетган. Ҳали замон кеп қолади… Юринг, чўзиб ўтирамизми?!. Мавлудани оламиз-у, жўнаймиз…
* * *
Учовлашиб машинада бир зумда Салимникига етиб боришди. Дарвоза ланг очиқ эди. Салим аллақачон опаси Таманнони айтиб келган кўринади. Икковлари занг остидаги сўрида гаплашиб ўтиришарди. Кутилмаган «меҳмон»ларни кўриб опа-укалар баравар ўрниларидан туришди. Салимнинг кайфи бор экан. На салом, на алик бор, қизариб кетган кўзларини Муродали акага лўқ қилди.
— Ҳа, отагинам, қайси шамоллар учирди?
Муродали ака жаҳл билан дўпписини бошидан ечди-да, тиззасига ура-ура қоқиб қайтадан кийди.
— Қилғилиқни қилиб қўйиб яна иягингни кўтаряпсанми, ўғил бола? — деди у Салимга янада яқин бориб. — Қани, маҳаллангни чақир буёққа!.. Мени вақтим йўқ.
— Маҳаллага бало борми? — гапга аралашди Таманно семиз гавдаси уёқдан-буёққа қалқиб. — ё яраштириб берармиди? Мана, Салимнинг опаси рўпарангизда турибди. Гапираверинг!..
— Сизга гапирадиган гапим йўқ! — деди Муродали ака. — Қани, жиян, қайси уйда кўчларинг?.. Тез кўрсат, опчиқиб машинага ортаверайлик!..
Энди уй томон юрмоқчи бўлган Мавлуданинг йўлини Салим тўсди.
— Менга қара, ҳали болага нафақа оламан ҳам дерсан-а?..
— Сенларнинг садақангга зормас болам, тушундингми? — Мавлуда умрида биринчи марта эрини «сен»лади. — Худодан қўймасин! Бир амаллаб катта қилиб оларман…
Салим шундан кейингина орқага тисланиб, Мавлудага йўл бўшатди…
* * *
Кўз очиб юмгунча икки ой ҳам ўтиб кетди. Мавлуда охири зерикди. Онанинг нафақасига қараб яшаётганини ўйлагани сайин юраги ачишди…
Йўқ, қаердандир иш топиб ишламаса бўлмасди. Қачонгача кекса онасига боқиманда бўлиб ўтиради…
— Бирор ердан иш топмасам бўлмайди шекилли, — деди онасига бир куни эрталаб. — Уйда жуда сиқилиб кетдим… Ахир, куч-қувватим бўлса, битта сизнинг нафақангизга қара-аб ўтираверсам уят бўлади!..
Аввалига Хосият холанинг жаҳли чиқиб кетди.
— Мен сендан нон сўраяпманми, қизим? — дея Мавлудани уришган бўлди у. — Худога шукр, оч қолаётганимиз йўқ. Ўтиравермайсанми?..
— Эна, шунақа дейсиз-у… Уйда ўтираверишдан зерикдим… Ҳалимжон катта бўп қолди… Қимирламасам бўлмайди…
Хосият хола бирпас ўйланиб қолди. Бир қизига қаради, бир астойдил нон кавшаётган неварасига разм солди.
— «Бечора қизим-а, — кўнглидан ўтказди она. — Анча озиб қолди… Кўзлариям ич-ичига ботиб кетибди… Худоё оти ўчсин шунақа эрларни!.. Гулдай қизимни хазон қилаёзди-я яшшамагур!..»
— Мавлуда, сенга бир гап айтайми? — тўсатдан гап бошлади Хосият хола.
— Айтинг, эна! Нима гап?
— Қўқонда янги фабрика очилганмиш. Қишлоғимиздан бир-иккита қизлар бориб ишлашяпти. Автобус ўзи опкетиб, яна ишдан кейин опкеб қўяётганмиш… Би-ир ўша ерга бориб кўрсанг, ажабмас сенбоп иш ҳам топилиб қолса, қизим!..
— Қандай бўларкин-а? Узоқлик қилмасмикан?..
— Э, нимага узоқлик қилади? Айтдим-ку, автобус ўзи опкелиб қўяркан!..
Мавлуда хижолат тортган кўйи ўғлига тикилиб қаради. Она унинг нима демоқчи эканини сездими, неварасини бағрига тортди.
— Қизим, Ҳалимжонни ўйлама! Сен ишдалигингда иккалами-из чақчақлашиб ўтирамиз-да!..
— Бўпти, — ўрнидан турди Мавлуда. — Унда бугуноқ бора қолай!..
— Тўхта, мен анави нариги маҳалладаги Ҳожал момоникига бориб фабрика қурғури қаердалигини сўраб чиқай!.. Қизиям худди ўша ерда ишлаяпти дейишганди…
* * *
Қўқон ҳам катта шаҳар. Мавлуда то фабрикани сўроқлаб топиб боргунча вақт тушликка яқинлаб қолди…
Ҳовлида қиз-жувонлар хандон отиб кулганча уёқдан-буёққа чопиб юришганини кўриб ҳаваси келди. Улар то кўздан ғойиб бўлгунча қараб турди…
Сўнгра бўшашиб ичкарига қадам қўйди…
— Сиз кимга келдингиз? — кулимсираб сўради қабулхонада ўтирган ёшгина, келишгангина котиба қиз.
— Менга… Директор керак эди.
— Директоримиз ҳозир бандлар. Истасангиз ярим соатча кутиб туринг! Мажлис ўтказяптилар!..
— Бўпти, кутиб тураман…
Мавлуда стуллардан бирига ўтириб мажлис тугашини кута бошлади.
— «Ишқилиб, иш бўлсин-да, — ўйларди у. — Шунча жойдан келганимга яраша… Қизиқ, директори қанақа одамийкин?.. Жаҳлдор, қўпол одам бўлса-я…»
Шу тобда директор кабинети очилиб, ичкаридан ўн чоғли одам чиқиб келди.
— Марҳамат, киришингиз мумкин!.. — деди кулимсираб котиба. — Тортинманг, кираверинг!..
Мавлуда бир марта чуқур нафас олгач, ичкарига қадам қўйди…
Кирди-ю… Қотиб қолди…
Тўрда… Ўша ўзи билган… Бир пайтлар одмигина кийиниб юрадиган сепкилдор Шуҳрат ўтирарди…
Шуҳрат ҳам ҳаяжонда эди. Бир вақтлар ўзи кўнгил қўйган Мавлуда ҳозир кабинетига кириб келишини кутмаганиданми, на туришни, на саломлашишни билар, таниш чеҳрага тикилган кўзлари ёнарди…
— Келинг, Мавлуда! — ниҳоят ўзини қўлга олиб тилга кирди Шуҳрат. — Тўғриси… Кутмагандим…
— М-мен ҳам… — зўрға шивирлади Мавлуда.
Шуҳрат вазиятни юмшатиш учун эпчиллик билан Мавлуданинг қаршисига келиб, ўтиришга таклиф этди.
— Қани, ўтиринг!..
— Раҳмат.
— Хўш, қалайсиз? Ҳаётингиз қандай?
— Мен… Иш сўраб келгандим… — деди Мавлуда атайин гапни бошқа ёққа буриб.
— Буни билдим… Илтимос… Мавлуда, ҳаётингиз ҳақида гапириб беринг!..
— Ҳаётим ҳақида менданам яхшироқ биларсиз?..
Шуҳрат бош эгди.
— Кечиринг!.. Эшитганман… Ҳаммасини эшитганман… Фақат… Ўз оғзингиздан… Мавлуда, менга қаранг, эсингиздами, мактабда сизга хат ёзгандим?..
Мавлуда бу хатни эри билан ажрашгандан бери ёнида олиб юрарди. Секин чўнтагидан сарғайиб кетган қоғозни чиқариб стол устига қўйди.
— Наҳотки? — Шуҳрат кўзлари ола-кула бўлиб хатни қўлига олди. — Наҳотки, шунча пайтдан бери сақлаб юрган бўлсангиз?
— Мени ишга оласизми? — Мавлуда жавоб бериш ўрнига мақсадга кўчди.
— Ишгами?.. — Шуҳрат негадир қовоғи уйилиб ўрнидан туриб кетди. — Ишга… Ҳозир иложи йўқ, Мавлуда!.. Ўринлар тўла… Лекин… Сиз хафа бўлманг… Пича кутиб турсангиз…
Мавлуда бундай жавобни кутмаганди. Айниқса, Шуҳратдан… Бир маҳаллар ўлдим-куйдим дея орқасидан чопган Шуҳратдан кутмаганди…
Миясига кимдир гурзи билан туширгандек туюлди…
— Шунақами? — деди секин ўрнидан қўзғаларкан. — Кечирасиз… Ўринлар тўлалигини билмаган эканман…
— Мавлуда, хат…
Шуҳратнинг гапи оғзида қолди. Мавлуда зарда билан эшикни очди-да, қабулхонадан чиқиб кетди…
* * *
— Қизим, сенга бир гапни айтмоқчи эдим. — деб қолди эртаси куни эрталаб Хосият хола.
Мавлуда кечаги воқеалардан сўнг ҳали ўзига келмаганди. Қовоғи уйилганча онасига боқди.
— Нима гап, эна?
— Сени чарчагансан деб уйғотмай қўя қолгандим… Совчилар келишди…
— Нима?.. Қанақа совчилар?
Хосият хола кулиб қўйди.
— Ўша… Сени ишга олмаган Шуҳратникидан…
— Шуҳратникидан?.. Нимага келади?.. Уялмасдан…
— У йигит ҳам анчадан бери ёлғиз экан… Хотини… Уч йил бурун оламдан ўтган экан… Ҳа энди… Икки қишлоқ наридаги одам… Биз қаердан билибмиз?..
— Эна, — беихтиёр ўрнидан туриб кетди Мавлуда. — Нимага совчи қўяди?.. Кечагина мени ишга олмаган уятсиз…
— Сен охиригача эшитгин гапимни, қизим!.. Атайин ишга олмабди сени ўша Шуҳрат… «Мавлуда энди уйда ўтиради, Ҳалимжонни биргаликда катта қиламиз», деб юборибди совчилардан…
Мавлуда бўшашиб яна жойига ўтириб қолди. Хаёллари чалкашиб, нималар бўлаётганига тушунолмади…
Ўзича «Наҳотки? Наҳотки?» деб шивирлай олди, беихтиёр кулгиси қистади холос. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|