Juma, 05.07.2024, 01:49
www.24soat.com
Hush kelibsiz Гость | RSS

Sayt menyusi
Turkumlar
KUN YANGILIKLARI / ЯНГИЛИКЛАР / ХАБАРЛАР / HABARLAR / UZBEKISTAN 24 [2214]
KUN YANGILIKLARI / ЯНГИЛИКЛАР / ХАБАРЛАР / HABARLAR / UZBEKISTAN 24
DUNYO YANGILIKLARI / JAHON YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ / ЖАХОН ЯНГИЛИКЛАРИ [1691]
DUNYO YANGILIKLARI / JAHON YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ / ЖАХОН ЯНГИЛИКЛАРИ
FUTBOL YANGILIKLARI / ФУТБОЛ ЯНГИЛИКЛАРИ / 24 СОАТ ФУТБОЛ [507]
FUTBOL YANGILIKLARI / ФУТБОЛ ЯНГИЛИКЛАРИ / 24 СОАТ ФУТБОЛ
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ [1160]
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ
HIKOYALAR / HAYOTIY HIKOYALAR / XIKOYALAR / SEVGI HIKOYALARI / ХИКОЯЛАР / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ [695]
HIKOYALAR / HAYOTIY HIKOYALAR / XIKOYALAR / SEVGI HIKOYALARI / ХИКОЯЛАР / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / ХАЁТИЙ ХИКОЯЛАР / БЎЛГАН ВОКЭАЛАР / BO'LGAN VOQAEALAR
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ [37]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / СЕВГИ ХАКИДА ХИКОЯЛАР
FIKR VA MULOHAZALAR / BAXS MUNOZARALAR / БАХС ФИКР МУЛОХАЗАЛАР [695]
FIKR VA MULOHAZALAR / BAXS MUNOZARALAR / БАХС ФИКР МУЛОХАЗАЛАР
FOYDALI MASLAHATLAR / MASLAHATLAR / ФОЙДАЛИ МАСЛАХАТЛАР / МАСЛАХАТЛАР [414]
FOYDALI MASLAHATLAR / MASLAHATLAR / ФОЙДАЛИ МАСЛАХАТЛАР / МАСЛАХАТЛАР / ФОЙДА / ТАБОБАТ ОЛАМИ
AYOLLAR UCHUN FOYDALI MASLAHATLAR MAKEUPLAR / АЁЛЛАР УЧУН ФОЙДАЛИ МАСЛАХАТЛАР МЭЙКАПЛАР [23]
AYOLLAR UCHUN FOYDALI MASLAHATLAR MAKEUPLAR / АЁЛЛАР УЧУН ФОЙДАЛИ МАСЛАХАТЛАР МЭЙКАПЛАР
PAZANDACHILIK / PAZANDA / TAOMLAR RETSEPTLARI / ТАОМЛАР РЕТСЕПТЛАРИ / ПАЗАНДАЧИЛИК [25]
PAZANDACHILIK / PAZANDA / TAOMLAR RETSEPTLARI / ТАОМЛАР РЕТСЕПТЛАРИ / ПАЗАНДАЧИЛИК / ТАОМЛАР / ОВКАТ ТАЁРЛАШ / ОВКАТЛАР / СИРЛАРИ / УСУЛЛАРИ / ХОРИЖИЙ ОВКАТЛАР
HIDOYAT SARI / DINIY MALUMOTLAR / ISLOMIY MALUMOTLAR / MARUZALAR [383]
HIDOYAT SARI / DINIY MALUMOTLAR / ISLOMIY MALUMOTLAR / MARUZALAR / ISLOM HAQIDA / HADISLAR / SAHIY HADISLAR / ISLOMIY HIKOYALAR / ISLOM TARIXI
NAMOZ VAQTI / NAMOZ VAQTLARI / НАМОЗ ВАКТИ / НАМОЗ УКИШ ВАКТЛАРИ / НАМОЗ [9]
NAMOZ VAQTI / NAMOZ VAQTLARI / НАМОЗ ВАКТИ / НАМОЗ УКИШ ВАКТЛАРИ / НАМОЗ / НАМОЗ УКИШ ХАКИДА / НАМОЗЛАР / ВАКТЛАР
TARIXIY MALUMOTLAR / ТАРИХИЙ МАЛУМОТЛАР / MOZIYDAN SADO / TARIX [101]
TARIXIY MALUMOTLAR / ТАРИХИЙ МАЛУМОТЛАР / MOZIYDAN SADO / TARIX / JAHON TARIXI / O'ZBEKISTON TARIXI / AMIR TEMUR HAQIDA / BOBUR HAQIDA / ALISHER NAVOIY HAQIDA / TARIXIY YANGILIKLAR / 24 SOAT TARIXIY MALUMOTLAR
JINSIY MALUMOTLAR / JINSIY HAYOT / ЖИНСИЙ МАЛУМОТЛАР / ЖИНСИЙ ХАЁТ [33]
JINSIY MALUMOTLAR / JINSIY HAYOT / ЖИНСИЙ МАЛУМОТЛАР / ЖИНСИЙ ХАЁТ / 18+ / +18 / 18 / КАТТАЛАР УЧУН МАЛУМОТЛАР / ЖИНСИЙ МАСЛАХАТЛАР / КОВУШИШ СИРЛАРИ / ДОКТОР Д / МАСЛАХАТЛАР
O'ZBEKCHA KINOLAR YANGI / УЗБЕКЧА КИНОЛАР ЯНГИ [484]
O'ZBEKCHA KINOLAR YANGI / УЗБЕКЧА КИНОЛАР ЯНГИ
TURKCHA KINOLAR / ТУРКЧА КИНОЛАР [33]
TURKCHA KINOLAR / ТУРКЧА КИНОЛАР / TURK KINOLARI UZBEK TILIDA / KARA SEVDA UZBEK TILIDA / ТУРКЧА КИНОЛАР УЗБЕК ТИЛИДА
JAHON KINOLARI / CHET EL KINOLARI / ЧЕТ ЭЛ КИНОЛАРИ / ЖАХОН КИНОЛАРИ ЯНГИЛАРИ [14]
JAHON KINOLARI / CHET EL KINOLARI / ЧЕТ ЭЛ КИНОЛАРИ / ЖАХОН КИНОЛАРИ ЯНГИЛАРИ
HIND KINOLARI / ХИНД КИНОЛАРИ [69]
HIND KINOLARI / ХИНД КИНОЛАРИ / ХИНДЧА КИНОЛАР УЗБЕК ТИЛИДА
TUSH TABIRI / TUSHLAR TABIRI / ТУШ ТАБИРИ / ТУШЛАР ТАБИРИ / ТАБИРЛАР / ТУШ КУРГАНДА [2]
TUSH TABIRI / TUSHLAR TABIRI / ТУШ ТАБИРИ / ТУШЛАР ТАБИРИ / ТАБИРЛАР / ТУШ КУРГАНДА / ТУШДА КУРСА / ТУШДА ИЛОН КУРСА / ТУШДА КУЧУК КУРСА / ТУШЛАР ХАКИДА
MUNAJJIMLAR BASHORTI / MUNAJJIMLAR / MUNAJIM / МУНАЖЖИМЛАР БАШОРАТИ / МУНАЖЖИМ / БАШОРАТ [8]
MUNAJJIMLAR BASHORTI / MUNAJJIMLAR / MUNAJIM / МУНАЖЖИМЛАР БАШОРАТИ / МУНАЖЖИМ / БАШОРАТ / МУНАЖИМЛАР
ANDROID O'YINLAR VA DASTURLAR / APK O'YINLAR / PROGRAMMALAR / АНДРОИД УЙИНЛАР ДАСТУРЛАР [76]
ANDROID O'YINLAR VA DASTURLAR / APK O'YINLAR / PROGRAMMALAR / АНДРОИД УЙИНЛАР ДАСТУРЛАР ПРОГРАММАЛАР УЗБЕКЧА УЙИНЛАР
JAVA O'YINLAR / JAVA DASTURLAR / ЖАВА УЙИНЛАР / ЖАВА ДАСТУРЛАР [0]
JAVA O'YINLAR / JAVA DASTURLAR / ЖАВА УЙИНЛАР / ЖАВА ДАСТУРЛАР / НОКИА ЖАВА УЙИНЛАР / НОКИА САМСУНГ СОНИЙ ЖАВА УЙИН ПРОГРАММА ДАСТУРЛАР
JINOYAT VA JAZO / ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО [275]
JINOYAT VA JAZO / ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО / ЖИНОЯТЛАР / ЎЛДИРДИ / СУЙИБ ТАШЛАДИ / ОСИБ КУЙДИ / ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛДИ
Muchallar haqida malumot / Мучаллар хакида / MUCHALLAR / BURJLAR [17]
Muchallar haqida malumot / Мучаллар хакида / MUCHALLAR / BURJLAR
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ / AKTRISALAR HAQIDA / QO'SHIQCHILAR HAQIDA [15]
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ / AKTRISALAR HAQIDA / QO'SHIQCHILAR HAQIDA / O'ZBEK QO'SHIQCHILARI HAQIDA
+18 HIKOYALAR / +18 ХИКОЯЛАР [28]
+18 HIKOYALAR / +18 ХИКОЯЛАР / ZO'RAVONLIK QURBONLARI / ЗУРАВОНЛИК КУРБОНЛАРИ / НОМУСГА ТЕГИШ / СУРЛАШ / ҚИЗЛИГИНИ ОЛИШ ХИКОЯЛАРИ / ХАЁТИЙ ХИКОЯЛАР / КАТТАЛАР УЧУН ХИКОЯЛАР
Sizga savol
Bizning saytga baho bering
Всего ответов: 10
Xisobot



Jami saytda: 110
Mehmon: 110
Ishtrokchilar: 0
Главная / Bosh sahifa » 2019 » May » 13 » ШАЙТАНАТ… (7-қисм. Биринчи китоб)

18:55
ШАЙТАНАТ… (7-қисм. Биринчи китоб)
Элчин Янги йил кечаси Асадбекнинг қоронғи, совуқ уйида бўлиб ўтган суҳбатни Сибирда орттирган ошнаси Зелихонга айтиб берди. Қиррабурун, кўзлари бургутникидек ўткир Зелихон ўй сурганида ҳам нигоҳини бир нуқтада тўхтатмас эди.
— Асадбек молодетс! Висший класс! — деди у. — Аниқ топибди. Энди у билан ҳазиллашиб бўлмайди.

— Шошилма, — деди Элчин. — Бошқалар билан ҳам худди шундай гаплашган бўлса-чи. Шаҳарда нима кўп, тўда кўп. Аввал уларга қўл солган. Кейин ҳар эҳтимолга қарши мендан ҳам хавотири борлигини билдириб қўйган бўлса-чи?

— Барибир. Энг муҳими — сени назаридан четда қолдирмаган. Фақат ўзи билган тўдаларни кавлаштирганида аҳмоқ бўларди.

— Биз мўлжални аниқ олдик, муҳими — шу!

— Аниқликка аниқ, лекин сен йўлбарснинг пешонасини мўлжалга олмадинг-да. Ўқинг қовурғасини ялаб ўтди. Энди ярадор йўлбарсдан қўрқишинг керак.

— Менга унинг ўлими эмас, яраланиб, азобланиб ўкириши керак. Бир ўқ билан ўлишининг кераги йўқ.

Зелихон Элчиннинг елкасига қўл ташлади. Унинг одати шу — меҳри товланиб кетса, шундай қилади.

Элчин Сибирдаги лагерга кўчирилганда, ҳали «ўқилон»нинг овозаси етиб келмай туриб, шу Зелихоннинг паноҳида жон сақлаган эди. Ўзбекистондан келган, бўш-баёв кўринган бу йигитни дастёрга, аниқроғи, қулга айлантирмоқчи бўлган зўравон маҳбуслар Зелихоннинг «бу менинг землягим» деган гапидан кейин тинчишди. «Сенам мусулмонсан, мен ҳам мусулмонман. Ёнимда юр», деган гапи Элчинга «Мен акангман» дегандай туюлди. Чўнтаккесарликдан иш бошлаб, катта хазинага ҳужум қилишгача бориб етган Зелихон турмаларнинг ҳам, маҳбусларнинг ҳам турли тоифасини кўриб кўзи пишган эди. У Элчиннинг биринчи марта қамалганини юриш-туришиданоқ билган эди. То Элчиннинг ўзи айтиб бермагунича қамалиши сабабини сўрамади. Элчин Сибирда юрганларида тўғри гапни яширди. Ҳақиқатни кейинроқ, қамоқдан чиққач айтди. Режасини амалга ошириш учун ишончли, мард одамлар керак эди. Энг ишонгани Зелихон бўлгач, ундан ҳақиқатни яширолмасди.

— Сенга бир қарашдаёқ юрагингда ўч борлигини сезганман. Эркакнинг ўч олиши яхши. Чеченлар ёмонликни ҳеч қачон кечира олмайди. Биз майда-чуйда гапларга ўралашмаймиз. Қасос яхши нарса. Дунёнинг лаззати шу қасосда. Сен қасос олиб мазза қилсанг, мен ҳам мазза қиламан. Аммо менсиз бир қадам ҳам босмайсан. Сен атак-чечак қилаётган боласан. Мен бу оламда югуриб юриб катта бўлдим. Қайси тешикда илон, қайси тешикда чувалчанг ётиши менга аниқ.

Чиндан ҳам Зелихон биз жиноятчи деб атайдиган одамлар оламининг пасту баландини яхши биларди. Биринчи марта чўнтак кесганидан то сўнгги хазинани урганига қадар ягона ақидага амал қилади — у фақат ўзигагина ишонади. Шерикларига «Мен ҳатто ўзимга ҳам ишонмайман!» дерди. Бу гапида ҳам жон бор эди. Зелихон ёлғиз ишлашни ёқтирарди. Лозим бўлганда бир-икки шерикка суянарди. Унинг қоидасига кўра, шериклар кўпайгани сайин ишнинг муваффақиятли якунланишига ишонч камайиб, аксинча, хоинлик учун шароит ортиб боради. «Иш тақдирини куч эмас, ақл ҳал этади». Зелихон фақат шу қоидани тан оларди. Элчин қасос ҳақида сўз очиб, одам тўплашни таклиф этганида Зелихон «уч киши етарли» деди. Жиноятчилар оламининг тўс-тўполонини чиқармоқчи бўлган Элчин бу гапдан ҳайратланди. У атрофига камида юз кишилик лашкар тўпламоқчи эди. «Юз киши» деган гапни эшитиб, Зелихон кулиб қўйди. Кейин шу боланинг сазаси ўлмасин, деб беш кишига рози бўлди. «Қанча одам керак бўлса, кейин сотиб олаверамиз», деб кўнглини тинчитди.

Зелихон ўттиз йилдан ортиқ от суриб юрган бўлса, уч марта қўлга тушган. Ўсмирлигида бир ярим йил, сўнг уч йил, охирги марта беш йилга кесилган эди. Биринчисида айб ўзида, тан олади. Қолган иккитаси шерикларининг ландавурлиги туфайли бўлди. Барча қилган жиноятларини қамоқдаги кунларига тақсимлаб чиқилса ҳар бир иши учун беш-ўн дақиқа ўтирган ҳисобланарди.

Зелихоннинг лақаби «академик» эди. Бунга сабаб — у пухта ўйлаб олиб, сўнг ишга киришарди. Унинг бошқалардан фарқи — одамлар руҳиятини албатта ҳисобга оларди. Лозим бўлганда катта идораларга бошқа бир идора бошлиғидай бемалол кириб чиқаверарди. Эшик оғзидаги соқчига киборлик билан сўз ташлаб, «ҳа, ўтирибсанми» деб кириб кетаверарди. Элчин унинг бу «фазилати»ни шаҳарда учрашганда билди. Бир куни Зелихон машинасини кириш мумкин бўлмаган кўчага бурди. Милиса таёғини кўтаргач, тўхтади-ю, тушмади. Милиса лапанглаб келиб, энгашиши билан ойнани тушириб:

— Ҳа, турибсанми, — деди. Милиса жавоб қайтаришга улгурмай яна савол берди: — Лейтенант қани?

— Собировми? — деди милиса йигит талмовсираб.

— Ҳа, ўша, нимага лаллаясан, қаёққа кетди?

— Ҳозир келади.

— Менга учрашсин.

Зелихон шундай деб машинани юргизди. Милиса эса гарданини қашиб қолаверди.

— Собиров деганингиз ким? — деди Элчин.

— Қаёқдан биламан, — деди Зелихон кулиб. — Сенам милисага ўхшаган лақма экансан-ку.

— Лейтенантлигини билдингиз-ку?

Зелихон қаҳ-қаҳ отиб кулди:

— Буларда нима кўп, лейтенант кўп…

Зелихон шундай одам эди. Элчин Асадбекнинг қизи ҳақида гапирганида Зелихон кўп ҳам бош қотирмади. Атрофида юрган қизлардан бирини ишга солди. Қиз сиртқидан кундузги ўқишга ўтаётган толиба қиёфасида Асадбекнинг қизи билан дарсларга кириб юраверди. Асадбекнинг қизини танаффус пайтида машинагача олиб боргач, ўша куниёқ Кавказ томонга учиб кетди. Зелихон «қанча одам керак бўлса, сотиб олаверамиз», деганида шу қиз кабиларни назарда тутган, ҳар бир иш учун алоҳида одам ёллаш унинг назарида бехавотирроқ эди.

 

***

 

— У сени ўзига яқин одамнинг қизига уйлантиради. Шу билан ҳар бир қадамингни эмас, ҳар бир нафас олишингни ҳам кузатишади.

— Бу жуда яхши! — деди Элчин, — улар мени кузатишади, сиз эса ошни пиширасиз.

— Мен пишираман, сен сузасанми?

— Ҳа.

— Бўлмайди, земляк. Энди ош сузишинг қийин. Бир марта, бор, ана, икки марта сузарсан. Учинчисида ўзингни сузиб қўйишади. Бошқа йўл топиш керак. Сен… мен билан энди яширин учрашма. Ака-укадай келиб-кетиб юравер. Аммо йигитларимиз билан кўришмайсан. Сен уларни танимайсан, улар сени танишмайди билдингми? Сен ашулангни айтиб юравер. Асадбек ростданам ақлли бўлса, бизга ўзи ёрдам беради.

— Қандай қилиб?

— Қотиллар кимлигини ўзи сенга айтади. Сен уларни ўлдирасан. Шу билан орани очиқ қилади.

— Лақиллатиб, бошқа одамни кўрсатса-чи?

— Йў-ўқ. Ўқилон ғирромлик қилмайди. Ғирромга суянган одам бу оламда узоқ яшай олмайди. Ўқилон — фигура! — Зелихон шундай деб кўрсаткич бармоғи билан ҳавода ундов белгисини ясади. — Сен мени гўрга тиқасан, земляк. Минг марта айтдим сенга: ўч олиш фикри ақлингни ўтмаслаштириб ташлаяпти. Чуқур ўйламаяпсан. Ҳар бир ишга алоҳида режа тузиш керак. Бир иш иккинчисига сира ўхшамасин. Биз уларни чалғитиб ташламасак, дарров думимизни босишади.

Зелихон хонтахта устидаги шишадан пиёлага мусаллас қуйиб сипқорди, сўнг сигарет тутатди. Чордана қуриб ўтирган Элчин худди тасбеҳ ўгираётган мулладек нигоҳини бир нуқтага қадади. У Зелихоннинг зеҳнига, садоқатига ишонар эди. Қамоқда юрган кезларида, вужуди қасос алангасида қовжираётган дамларда Элчин йўл-йўриқ изларди. У аввалига бир ўзи жангга кирмоққа қасд қилди. Ўша машъум кечада ҳовлисига қадам қўйган ҳар бир одамнинг калласини сапчадек узишни истади. «Каллани сапчадек узиш» — айтмоққа осон. Умрида чумчуқ сўймаган йигит одам боласига пичоқ ура олармикин? Элчин душмани билан юзма-юз келганида қўллари қалтирашини билиб, ўзини бу ишга руҳан тайёрлади. Хаёлан юзлаб одамларнинг юрагига пичоқ қадади, калласини узди. Зелихон қамоқдалигида кўзлари чақчайган бир йигитни кўрсатиб «отасининг калласини арралаб ташлабди, ҳайвон» деганида Элчин бир неча кун давомида душманларига шу жазони раво кўрди. Хаёлан арралаганда уларнинг дод-фарёдлари орасида арра тишларига дош беролмаган суякларнинг қиртиллаганини эшитиб ўзи ҳам сесканиб кетди. Кейин «уйимга кирганларнинг турқи балки шу йигитга ўхшагандир», деб ўйлаб душманларини шу кўзлари чақчайган тимсолида кўра бошлади. Ана шунда кўкракка пичоқ қадаш қўлидан келмаслигига фаҳми етиб, Зелихонга суянишни ўйлади. Зелихон одам ўлдириш, деган тушунчадан йироқ эди. Иложи бўлса бировнинг бурнини қонатмасам, дерди. У «ақл иш бермаган ерда қон тўкилади», деб ҳисобларди. Зелихон фақат ўз ақлига ишонади. Қамоқдан кейин учрашишиб қасос ҳақида сўз очилганида у «йўлбарсни бир ўқ билан ўлдиришнинг қизиғи йўқ, уни яралаб, ўкиртириб лаззат олиш керак», деди. Бу гап Элчинга мойдек ёққан, ҳозир шуни ўз тили билан Зелихонга қайтармоқда эди.

Зелихон рўпарасида ўйга чўмиб қолган бу йигитни нима учун ёқтириб қолганини ўзи ҳам билмайди. Элчин истарали йигит, десак, Зелихон бунақаларни кўп кўрган, мусофирликда икки мусулмон фарзанди бир-бирига суянди, десак, қамоқда бошқа мусулмонлар ҳам бор эди. Зелихон бегуноҳларга хайрихоҳ эди, десак, қамоқ фақат гуноҳкорларнинггина бошпанаси эмас, кўзларига «мен нима учун бу азобларни тортяпман?» деган савол муҳрланиб қолган маҳбуслар кўп учрарди. Зелихон қамоқ, айрилиқ азобларига чидай олмасдан ҳўнг-ҳўнг йиғловчи эркаклардан нафратланарди. Тўғри, йиғи эркакка хос ҳусн эмас. Аммо, Зелихон уларнинг дардини ҳис қила олмас эди. На фарзанди, на тайинли хотини, на тайинли қариндош-уруғи бўлган одам соғинч ҳиссини туйиши мумкинми? Элчинда Зелихонни нафратлантирадиган нарса йўқ эди — Элчин ўзининг бегуноҳлигини кўрсатишга ҳаракат қилмас, нолимас эди. Бу йигитнинг муштдек юрагини қоядек дард босиб турганини Зелихоннинг синчков нигоҳи илғади. Зелихон дардини яшира оладиган одамни яхши кўрарди. Ҳасратини ҳар кимга тўкиб солувчи эркакдан дўст чиқмайди, деб ишонарди.

Зелихон Элчиндан қасос ҳақидаги гапларни биринчи марта эшитганда сергакланди. У муштдек юракни қоядек дард босиб турибди, деб юрса, бу вужудда вулқон куч тўплаётган экан. Вулқон отилса ҳаммаёқни барбод қилади. Бироқ отилган чоқда баҳайбат тоғларни поралаб ташлагани каби кўкракни ҳам, аламли юракни ҳам тилка-тилка қилиб юборади. Зелихон айнан шундан хавотирга тушди. Қамоқда юриб ҳамма нарсани ўргандим, деган бу гўдак (Зелихоннинг олдида Элчин бир гўдак эди) биринчи тўқнашувдаёқ нобуд бўлиши аниқ эди. Зелихон бу катта шаҳарга бегона, бу томонларда ризқ териб ейиш унга насиб бўлмаган, қамоқда. Элчиннинг тарғиботидан кейин шу ерларда юрган эди. Қиморбозликдан иш бошлаб жуда катта тўдага бош бўлган, энг муҳими, бирон марта бўлсин қўлга тушмаган Асадбекнинг кимлигини у яхши билмас эди. Асадбек тўғрисида юрган гапларга ишонмаган тақдирда ҳам, шаҳар ҳокимига нисбатан кўпроқ мавқега эга бўлган бу одам аҳмоқмасдир, деб қўйган эди. Зелихон аввалига Элчинни бу йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлди. У дунёда уч нарса очиқ кўзни кўрмайдиган қилиб қўяди, деб ҳисобларди. Бу — муҳаббат ўти, қасос ўти ва бойлик ўти. Зелихон муҳаббат ўтида ёнмаган. Бирон-бир қиз ишқида ўртанмаган. Муҳаббат муаммоси тўшакда бир неча дақиқада ҳал этилади, деган ақидага амал қилиб яшаган.

У бойлик ўтидан ҳам қўрқмайди. Чунки у ўғри бўлгани билан, ҳеч маҳал бойлик тўплашга уринмаган. Яшаши учун ақчаси бўлса бас, бошқалардай данғиллама иморату орзу-ҳавасларга берилмаган. Шу ёшга кириб ҳали ўз уйи бўлмаган. Чўнтак бўшаб қолган тақдирдагина «ов»га чиққан. Ҳатто қўлга тушиб қамалиб кетсам, чиққанимда асқотади, деб жамғармаган ҳам.

Қасос ўти болалигида бир ёнгану бобосининг саъй-ҳаракати билан ўчирилган эди.

 

***

 

Уруш чеченлар яшайдиган қишлоқлардан узоқроқда бўлса ҳам унинг совуқ нафаси уфуриб турарди. Қишлоққа қорахатлар билан бирга нохуш миш-мишлар ҳам етиб келарди. Миш-мишлар оқибатда ҳақиқатга айланиб бутун қишлоқ бир кечада иссиқ уйлардан ҳайдаб чиқилди. Бир ҳафта бурун Зелихонларникига қорахат келиб аза очилган эди. Олти ёшга тўлган бола дам онасига қўшилиб йиғларди, дам бобосига қўшилиб қўлини фотиҳага очарди. У нима учун аза очилганини тушунди — отасини фашистлар ўлдирган. Энди қотилларни кечириш мутлақо мумкин эмас! Зелихон — энди хунхўр! Томирларида чечен қони оқаётган олти ёшли бола аждодлар қонунини биларди. Унга на онаси, на бобоси «ўч ол!» деди. Бу гапни унинг юраги айтарди. Шунга ақли етган бола нима учун уйқудан уйғонишганини, иккита тугунни орқалаб тун бўйи йўл юришганини, сўнг поездга чиқишганини билмади. Биров «фашистлар яқин келиб қолишибди, бизни асрашяпти», деди. Бундан Зелихон ажабланди: фашистлар яқин келса яхши-ку! Ўч олиш имкони туғилган экан-ку?! Яна биров: «Ичимиздан сотқин чиқибди, ҳаммамиз шунинг касофатига қолибмиз», деди. Зелихон бунга ҳам ажабланди: қанақа сотқин, нимани сотади, қишлоқда сотадиган нима бор?..

Узун кечалар йўл юриб, ниҳоят бир қишлоқдан паноҳ топишди. Унинг кўнгли, кўзлари тоғларга, чўққиларга ўрганган эди. Бу қишлоқ тоғдан анча узоқ экан. Аммо бобоси ҳам, онаси ҳам шукр қилдилар. Бир деҳқон уйининг ярмини бўшатиб берди. Девор ўрнига эски шолча тортиб яшайверишди. Етти ёт бегонага ҳам мурувват кўрсатувчи имонли одамларга учратгани учун бобоси Оллоҳга шукрлар қилди. Яхшиям, бобоси туркчани биларди, бўлмаса кунлари имо-ишора билан гаплашишга қолармиди…

Зелихоннинг онаси бетобланиб, икки кунгина ётди. Учинчи куни узилди. Бобоси доно эди. Ортиқча кийим-бошни қўйиб, ўлимлигини олволган экан, ўзига эмас, келинига насиб этди. Уч йил оралатиб ўзи қайтиш қилганида кафанликни шу уй эгаси топиб берди.

Бобоси бир ойдан зиёдроқ ётди. Унинг умри тугаган, бу ҳаётдан насибаси қирқилган эди. Бироқ, Худога ёлбориб яна бир-икки ой умр сўрарди. Бегона юртда ғирт етим бўлиб қолаётган набирасини озгина бўлса-да, оёққа қўйиб омонатини топширса, кўзи очиқ кетмас эди. Насиба қирқилса, банда чорасиз экан. Бобоси то сўнгги нафаси чиққунча Зелихонга насиҳат қилди. Сўнгги кечада, сўнгги кучини жамлаб бир гап айтди:

— Болам, биз чеченлармиз! Унутма! Чеченлар ҳеч қачон ўзларини хор қилиб қўймаганлар. Сен ҳеч қачон номардларга бўйин эгма! Аммо яхшилик қилганларни умринг адо бўлгунча бошингда кўтариб юр. Сен ўз номусинг учун жанг қилмасанг, кечираман. Лекин сенга яхшилик қилган ўзбекларнинг номуси учун жон бермасанг, рози бўлмайман. Оллоҳ ҳам сени кечирмайди, билиб қўй! Ўзбеклар ҳам биз каби хорланган экан, вақти келса жонингни аяма…

— Бизни хўрлаганлардан қасос оламан! — деди Зелихон. Тўққиз ёшли чечен боласининг томирида қасос қони кўпириши учун етарли асос бор эди. Бобо буни биларди ва шундан қўрқарди. Қасос ўти боланинг кўзини кўр қилиб ҳалокат жари томон етаклаши муқаррарлигини билгани учун ҳам қўрқарди.

— Зинҳор! — деди бобо, кейин кўзларини юмиб тин олди. У хўрликни кечира олмайдиган чечен эди. Айни чоқда, мусулмон ҳам эди. Чолнинг уришдан тўхтай деб турган юрагида армон билан биргаликда қасос ҳам бор эди. Қасос — хўрликдан, армон эса қасоснинг қиёматга қолаётганидан. Чечен учун хўрликдан ҳам чорасизлик ёмон. Улар чорасиз эдилар. Тўққиз ёшли бола қасос оламан, деб қасам ичяпти. Аммо кимдан қасос олади? Биргина шуларнинг ўзини ҳайдаб чиқарганларида эди, сўраб-суриштириб, айбдорни топарди. Агар бу мўйловнинг (бобоси Сталинни «мўйлов» деб атарди) истаги билан амалга оширилган бўлса бошини қайси тошга уриши керак?! Бобоси кўзларини юмиб шуларни ўйлади. Унинг бу ўйлари Зелихон учун сир бўлиб қолаверди.

— Зинҳор, — деди бобоси кўзини очиб. — Бундай қасам ичма! Ота-онам гўрида безовта бўлмасин, десанг, тинч юр!

Уй эгаси, эски дўппининг устидан қийиқча боғлаб олган мўйсафид ярим пиёла сутга тўрт тўғрам нон ташлаб, бир тишламини хастанинг оғзига тутди. Зелихоннинг бобоси лабини қимтиб бош чайқади.

— Э, биродар, жонга дармон керак. Нима деяётганингизни англамадим-у, аммо болани қўрқитиш ярамайди. У ҳали ҳеч нимани тушунмайди.

Бобоси уй эгасининг мақсадини англаб, оғзини базўр очди. Анчагача тамшанди. Аммо нонни юта олмай аста чиқарди. Кўзлари бежо бўлди.

— Болам, сен бир айланиб кел, — деди уй эгаси Зелихонга.

Зелихон чиқиб кетди. Уй эгасининг нима учун чиқариб юборганини улғайганидан сўнг фаҳмлади. Бобосининг тамшаниши то ҳанузга қадар кўз олдидан кетмайди. Бобосининг ризқи тугаганмиди ё ўлим олдидан бировнинг луқмасини ютишни истамадими — бу Зелихон учун муаммолигича қолди.

Зелихон Элчин билан шаҳарда учрашганидан бери бобосининг сўнгги гапларини кўп эслайди. Бир томондан бобоси қасосга йўл бермай кетди. Бир томондан Элчин — ўзбек, уларга ҳам бошпана, ҳам насибасидан бир улушини, ҳатто кафанлигини баҳам кўрган халқ фарзанди. Яна бир томондан эса, Элчин қасос олмоқчи бўлган одамлар ҳам шу халқ фарзандлари.

Аланга Зелихонни уч томондан ўраб келарди. Бир томон очиқ — қочоқлик, қўрқоқлик йўли. Чеченнинг энг номарди ҳам бу йўлдан юрмайди. Зелихон Элчинни қасос йўлидан қайтара олмаслигини биларди. Зелихон қасосга шерик бўлиш учун эмас, балки Элчинни аждаҳо комидан асраб қолиш учун ҳам унинг ёнига кирди.

Уч-тўрт киши бўлиб хазинани уриш ёки бирон бойни қақшатиш Зелихонга чўт эмасди. Аммо Элчиннинг бошлаётган иши уни анча гангитиб, ташвишга солди. У Асадбекдан чўчиди, дейиш бўҳтон. Асадбекдан жони ўзига ширин одамлар қўрқишади. Шу пайтгача Зелихон жонини сира аямаган. Унинг ташвиши — мақсад сари бир-икки қадам қўйганда бевақт йиқилиб қолиш. Эркак одам бир ишга қўл урдими, ўлса ҳам охирига етказиб ўлиши керак — шу ақида асосида улғайган Зелихон бошқача йўл тутолмас эди.

Зелихон пиёладаги мусалласни сипқориб, нигоҳини бир нуқтага қадаб ўтирган Элчинни елкасига аста туртиб қўйди.

— Зелихон ярим йўлда ташлаб қочмайди. Мен — чеченман! Унутма! Асадбек сенга уйлан дебдими, уйлан. Тўйга тайёргарлик кўравер.

Бу гапдан кейин Элчин бошини кўтарди.

— Ўзига куёв қилса-чи?

Зелихоннинг режасида ишнинг бу томонга оғиши назарда тутилмаган эди. Асадбекнинг қизини ўғирлаш, унинг номусига тегиш ғояси Зелихондан чиққанди. Ишни бошидан охиригача ўзи пишитиб берган эди. Элчиннинг вазифаси қоронғи уйда қўрқувдан титраб ўтирган қизнинг қўйнига кириш эди. Элчин биринчи кирганида «Ойижон!» деб ўзини ҳимоя қилган, жонҳолатда типирчилаган қизни енга олмади. Унга раҳми келди. Агар қиз «отажон!» деб бақирганида кўз олдига Асадбекнинг қаҳрли нигоҳи келиб, балки кўнглидаги раҳмини парчалаб ташлармиди… Кейинги сафар қиз «Ойижон!» деб бақирганда Ноиланинг ноласини эшитгандай бўлди. Қиз унинг бағрида типирчилаганда кўкрагига пичоқ қадалиб жон талвасасида ётган хотини кўзига кўринди.

Ўша тун Элчин учун синов кечаси эди. У ўч олишнинг азобини ҳам, лаззатини ҳам татиб кўрди. Лаззат шаҳватини қондиришдан эмас, балки дастлабки қасоснинг ширин сувидан эди. Азоби — ноҳақ жабр тортиш нима эканини тотиб кўрган йигит бегуноҳ бир покиза вужудни булғади.

Зелихон бу режани тузаётганида Элчининг икки ўт орасида қовурилишини ҳисобга олган эди. Чунки у биринчи марта бегона одамнинг чўнтагига қўл солганини, пулини олгандан сўнг уятдан ёниб кетай деганини ҳали-ҳали унутмайди.

У Асадбекнинг феълини билмас эди. Бундай воқеага қўл силтаб қўядими ё куйиб-ўртанадими — бу Яратганга аён бўлмаса, Зелихон учун қоронғи эди. Унинг назарида Асадбек — ота. Қизининг номусига бефарқ қарайдиган ота бу юртда йўқдир. Айниқса, кўпнинг назарида турган одам номусига бефарқ қарамас. Тўғри, унинг олдида шўрлик қизи ҳақида оғиз очишга журъат этмайдилар. Лекин пана-панада висир-висир бўлишини Асадбек сезмасмикин? Гап-сўзларга барҳам беришнинг энг тўғри йўли — уни турмушга узатиш. Куёв ким — Элчинми?

Зелихон Элчиннинг сўзларидан кейин ўзини Асадбекнинг ўрнига қўйиб кўрди. Ўзини марҳаматли, одампарвар кўрсатаман, деса «қамалиб чиққан отарчи»дан ҳазар қилмай, елкасига куёвлик сарпосини ёпади. Мисқоллаб тўплаган обрў-эътиборини ўйласа — бу ишга қўл урмайди. Хўш, Асадбек учун қай бири қадрли? Зелихон бу муаммога жавоб топа олмади. Бу саволга жавобини орадан кунлар ўтиб Асадбекнинг ўзи айтди.

 

***

 

Шариф гаранг эди. Кўргани, эшитгани тушми ё ўнг эканини фарқлай олмас эди. Дам баданига ҳаловатли, ҳузурли куч ҳукм ўтказади. Бундай пайтда у булутларга ёнбошлаб олиб осмонда сузади. Баъзан эса қандайдир кўринмас бир куч темирчининг омбури билан юрагини сиқа бошлайди. Ана шунда дунё кўзига тор бўлиб кетади. Эсини таниганидан бери кўрган хўрликларини, аламларини, ташвишларини эслайди. Эслаб туриб «омбурингни қаттиқроқ сиқсанг-чи, бу юракни биратўла вайрон қилиб юбора қолсанг-чи», деб нола қилганини ўзи ҳам билмайди.

Шариф ҳозир ҳам шу аҳволда эди. Икки қаватли каравотнинг юқорисида юзтубан ётиб, дардли бир тўлғоқни бошидан кечирар эди. Бировларни оналари дуру гавҳар устида туғиб, зарҳал чойшабларга йўргаклайди. Шариф эса, ўзининг назарида, аламлар тиконзори устида туғилиб, ташвиш чойшабига йўргакланган. Бировлар бу дунё неъматларидан тўйиб баҳраманд бўлиш учун туғилган бўлса, Шариф, ўзининг назарида, бу дунёдан нафратланиш учунгина туғилган. Гўё поки Парвардигор уни яратиб «мана, қараб қўй, бу дунёда ҳавас қиладиган ҳеч нима йўқ», дегану Шариф туғилганидан бери мана шу ҳақиқатни қадам-бақадам англаб бораётгандай. Бу дунёда ҳамма нарса ўлчовли, ҳамма нарсанинг чеки-чегараси мавжуд. Алқисса, Шарифнинг бошига ёғилаётган абри бало ҳам ўтай деб қолдими? Бу булут унинг бошига ҳам турли аламларни, ғуссаларни ёғдирди. Энг сўнгги бало — ўлим уруғими, қамоқда чириш қисматими?

Шарифнинг баданига титроқ югуриб, тан азоби руҳ азобини қувиб чиқара бошлади. Энг чеккадаги каравотда қарта ўйнаб ўтирган давранинг дам жимиб қолиши, дам асабга тегувчи ғўнғиллаши, дам баланд овозда гап талашишлари ҳам туманли уфқ бағрига сингиб кетди. Кўнгли айниб, аъзойи бадани қақшади. Гўё ичига катта илон кириб олиб, буралиб, тўлғона кетди. Шариф шу ёшга кириб сира бу ҳолга тушмаган эди. Тумов каби неъматлардан эл қатори баҳраманд бўлиб юрарди. Аммо бунақа азобли дардни сира тортмаган эди. «Ўладиганга ўхшайман, — деб ўйлади у. — Ичимда буралаётган жон бўлса керак. Жон чиқиши шунақа оғирми?» азоблар мавжи бир оз пасайган дамда отасини эслади. Отаси мулойим гапира туриб жон таслим қилган эди. Гўё гапдан ҳориб пича тин олиш учун кўз юмгандай эди. Ўшанда «ўлиш ҳам осон эканда», деб қўйганди. Ҳозир бу дунёни ташлаб кетиш осон эмаслигини англади.

Шариф ҳаётдан тўйган банда эмасди. Тўғри, у тўйиб еб-ичмади, тараллабедодлар унга насиб этмади. Агар шуларга интилса, балки эришарди. Нолимай яшади, ўз ишини билди. Шу аҳволда бўлса ҳам яна узоқ йил умр кўришни истарди. Аммо начора… куни битганга ўхшайди.

«Куним битганга ўхшайди…» Шарифнинг хаёлига бу фикр қаттиқ ўрнашиб олган эди. Соқчи орқали дўхтир чақиришни ўйламасди. Бу дард ўлим даракчиси эмас, балки мастлигида томирига юборилган қорадорининг хумори экани хаёлига ҳам келмас эди. Терговчининг гаплари, билагидаги игна изи оқибатда бунчалар азобларга қўйишини ўйлаб кўрмаган эди. У гиёҳвандларнинг телба кўзларини, қийноқдан тўлғонишларини телевизорда кўрган, аммо бу аҳволга тушиб қолиш мумкинлигини билмас эди.

Унинг букчайиб титраши, ўқчиши хона бурчагида қимор ўйнаб ўтирган йигитлар диққатини тортди. Улардан бири Шарифга яқинлашиб пешонасида тўзиб ётган сочини сиқимлаб, бошини кўтарди-да, ярим очиқ кўзларига қаради.

— Пахан ўзимиздан экан-ку, — деди у шерикларига қараб. — Нима қиламиз?

— Ишинг бўлмасин, — деди тўрда ўтирган киши.

— Одам қилиб қўя қолай, ҳаққини тўлар? — деди йигит.

Тўрда ўтирган кишидан садо чиқмади. Йигит ўзи ётадиган каравот томон юрди. Ёстиғини кўтариб, тугунча олди. Тугунчада эм игнаси, икки қарич ингичка резина ичак бор эди. У Шарифга яқин келиб уста ҳамширалардай резина ичакни Шарифнинг билагига ўради. Сўнг бўртиб чиққан томирга игна санчди.

Шарифни азоблар тарк этди. Ичидаги илон ҳам тинчиди. «Жоним чиқиб кетдими?» деб ўйлади. У роҳат қучоғида суза бошлади.

Ширин тушлар адоғига етиб маст уйқудан уйғониш вақти етди. У кўзини очиб пича карахт ётди. Қамоқда экани, азоб билан тўлғонгани туш эмас, ҳақиқат экани аён бўлгач, ёстиқдан бош кўтарди. Темир панжарали дераза ортида туннинг қора башараси кўринди. Икки қаватли темир каравотларда маҳбуслар ухлаб ётишибди. Хона бурчаги одатдагидай бедор. Улар Шарифнинг уйғонганини дарров сезишмади. Шариф қаддини кўтариб оёқларини пастга осилтириб ўтирганидан кейин даврадаги бир йигит ўрнидан турди.

— Ҳа, пахан, аҳвол қандоқ, зўрми? — деди у Шарифга яқинлашиб.

Шарифга унинг юзи таниш кўринди. «Қаерда учратган эканман?» деб ўйлади.

— Пастга тушинг мундоқ, ҳисоб-китоб қилиб қўяйлик.

«Нимани ҳисоб-китоб қиларкан», деб ўйлади Шариф.

Йигит Шарифни эшик томон бошлади. Ювингич ёнидаги қўпол қутини имлаб деди:

— Ўтириб ёзинг, пахан. Кеннайимга бизадан салом этинг. Эртага бештагина кусок тайёрлаб қўйсинла.

— Тушунмадим, — деди Шариф, — кусогингиз нима?

Йигит ростдан тушунмадими ё лақиллатяптими, деб ўйланиб, унга қаттиқ тикилди. Кейин қўпол оҳангда:

— Беш минг, — деди. — Эртага беш минг сўм етказиб бермаса тилла тишларингни суғуриб оламан.

— Менда… тилла тиш йўқ, — деди Шариф соддалик қилиб.

— Қани, оғзингни оч-чи?

Шариф йигитнинг амрига бўйсинди.

— И-э, — йигит ажабланди, лекин бўш келмади, — унда каллангни суғуриб оламан. Беш мингга арзийдими ўзи бу калла?

— Оғайни, уйда беш мингим йўқ менинг. Мен…

— Гапни чўзма. Ёз хатингни. «Беш минг топиб бермасанг, мени ўлдиришаркан», деб ёз. Агар бу ҳам сенга етмаса, бола-чақанг билан қириб юборамиз. Беш минг топилади, бола-чақа топилмайди!

Шариф чинакамига қўрқиб кетди. Бу йигит ҳазиллашаётганга ўхшамайди. Шариф бундай қаҳри қаттиқ одамларнинг қилмишларини кўп эшитган. Одамнинг калласини олиб ҳузур топадиган бу бандалар шунчаки пўписа қилишмайди. Шариф йигит узатган қаламни олиб иккитагина жумла ёзди: «Онаси, менга беш минг жуда зарур. Хатни олиб борган одамга топиб бер». Йигит хатни ўқиб жилмайди.

— Вей, пахан, одам экансан-ку, а? — деб елкасига уриб қўйди-да, эшикни тақиллатди. Дарча очилиб соқчининг юзи кўрингач, хатни узатди.

— Шу акахонимизнинг хатлари бор экан, бериб қўйинг, дуо қиламиз.

Шариф бу ҳолатни кўриб лол қолди. Бу йигит ким ўзи — маҳбусми ё турманинг эгасими? «Ҳар ҳолда пачакилашмаганим дуруст бўлди», деб ўзига таскин берди. Йигит уни даврага бошлади. Шарифга ҳам қарта узатдилар.

— Мен… ўйнамайман… билмайман, — деди Шариф картани нари суриб.

— Билмасанг, ўрганасан, бундан осон иш йўқ. Эркакмисан ўзинг? — деди йигит қатъий оҳангда. Сўнг Шарифнинг олдига бир сиқим пул қўйди. — Бу қарз. Ҳалигидан ташқари.

Шариф аввалига бир оз ютди. Йигит унга маслаҳатчи бўлди. Сўнг ютқизиқ бошланди. Қарзга берилган бир сиқим ғижим пул учдию кетди. Даврадагилар ҳотамтой эдилар, бу бечорага раҳм қилиб қарзга ўйнашга рози бўлдилар. Тонгга қадар «Шариф бойвачча» ўттиз минг сўмлик қарзга ботиб, ўрнидан турди.

— Кеннайимга яна бир хат ёзасан. Пул уч кунда шу ерда бўлиши керак, — деди йигит. — Бўлмаса…

— Биламан, — деди Шариф, — молим ҳам, жоним ҳам талонда.

— Ҳа, баракалла, бор, ёзақол.

Соқчига яна битта хат берилди. Шариф ўрнига чиқиб ётиб ўйга толди. Боши берк кўчага кириб қолди десак, унча тўғри бўлмас. Боши берк кўчага кириб қолган одам орқасига қайрилиб қайтиб чиқиб кетиши мумкин. Шариф назарида боши берк кўчага кириб қолмади, балки нақ жаҳаннамнинг ўзига қулади, энди ортга йўл йўқ. Шу ерда куйиб кул бўлиши керак. Ўзи-ку куйиб кул бўлишга маҳкум этилган экан, оиласини нима сабабдан жаҳаннам оловига рўпара қилди? Шариф мана шундан доғда эди. Энди нима қилсин? Терговчига айтсинми? У ҳам буларнинг одами бўлса-чи? Терговчининг кўриниши бинойи, ўзини раҳмдил, ҳақиқатпарвар қилиб кўрсатяпти. Бироқ… ҳамма балони шулар бошлайди — Шарифнинг биринчи учрашувдан чиқарган хулосаси шу.

Янги йилнинг биринчи куни Шарифни ўттиз минглик қарз ботқоғига ботирди. Хотини бу пулни қаердан топади, кимларнинг остонасига бош уради — ўйлаб ўйига етолмади. Пулдор қариндош-уруғи, ошна-оғайниси ҳам йўқ. Синфдошлари орасида бойваччалар бор, лекин уларни ҳаромхўр деб билиб, ҳатто ҳазар қилиб борди-келдини йиғиштириб қўйган эди. Энди улар ёрдам беришармикин?

Нонуштадан кейин Шарифнинг тунги «улфатлари» дам олиш учун каравотларига чўзилишди. Уларга халақит беришнинг қандай оқибатга олиб келишини барча билармиди, ҳар ҳолда айтадиган гапларини пичирлаб айтишди, юрсалар оёқ учида, товуш чиқармай юришди. Тунда ҳориган маҳбуслар пешингача ухлаб, худди келишиб олгандай бир вақтда уйғонишди. Бир-иккитаси юз-қўлини ювган бўлди. Қолгани турибоқ, бир эснаб, бир керишиб тунда эгаллаб ўтирган жойига борди. Тартибли идора ходимларидай, хизматни бир дақиқа кеч бошласа қиёмат юз берадигандай жам бўлиб олишди. Лекин ўйинни — хизматни бошлашмади. Идоралардаги «беш дақиқалик мажлис» каби буларнинг ҳам издиҳоми мавжуд эди. Идоралардан фарқи — бу ерда мажлис бир-икки соат эмас, бир-икки дақиқа давом этарди. Тўроғасининг гапи қисқа эди:

— Олиб келишмабдими?

Жавоб ундан ҳам қисқа:

— Вақт ўтди.

Ҳукм ундан-да қисқа:

— Бошла.

Шариф талвасада ётганида унга жон ато этган йигит ўрнидан туриб эшик яқинидаги каравотга яқинлашди. Каравотда узала тушиб ётган гўштдор одамни туртди:

— Тур ўрнингдан, тўнка! — деб бақирди. Хонадагилар ҳозир даҳшатли воқеа юз беражагини фаҳмлаб, нафас ютдилар. Каравотдаги одам — ўттиз беш ёшлардаги бақалоқ йигит — пинакка кетган эканми, қаддини кўтарди-ю, аммо нима гап эканини англамай, жавдираб қаради.

— Соатингга қара, бир бўлдими? Ўн иккига етказишинг керакмиди?

— Олиб келишади, гап йўқ, окахон.

— Қани, оғзингни оч.

— Жон окахон, Худо урсин, олиб келишади.

— Оч деяпман!

Йигит эланавергач, даврадан бир одам турди-да, унга яқинлашиб бошини чангаллади. Худди тарвуз танлаётгандай қаттиқ сиқди. Йигит оғриққа чидаёлмай додлади. Шунда у одам иккита бармоғини йигитнинг бурнига тиқиб, бир қўли билан пастки жағини пастга тортди. Япалоқ омбир билан йигитнинг тилла тишларини бир-бир суғуриб олдилар. Маҳбуслар, жумладан Шариф ҳам орага тушишга қўрқиб, ҳеч нарсани эшитмагандай, сезмагандай жим ётавердилар. Ташқаридаги соқчилар эса, дод-фарёдга аҳамият ҳам бермадилар. Шариф бу манзарани кўриб титраб кетди. «Бунинг-ку, тилла тишларини суғуриб олдилар. Мени нима қилишар экан?» деган ўй уни «ўзимни ўлдирсам қутуламанми шу азоблардан», деган тўхтам сари бошлади.

(давоми бор)

Manba: 24soat.com -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi!

< ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:


Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
Категория: HIKOYALAR / HAYOTIY HIKOYALAR / XIKOYALAR / SEVGI HIKOYALARI / ХИКОЯЛАР / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ | Ko'rildi: 391 | Qo'shdi: | Reyting: 0.0/0
Barcha izohlar: 0
avatar

Saytga kirish
Malumot Izlash
-------


Yangi Musiqalar:
1) Sardor Mamadaliyev - Yiqilsang
2) Dildora Niyozova - Onaginam
3) Shahzoda - Mayli
4) Shahzoda - Bir dona
5) Munisa Rizayeva va Yamin - Armon (Remake)
6) Yusufxon Nurmatov - Nima deymiz Allohning huzurida
7) Janob Rasul - Dikkir - dikkir
8) DJ Piligrim - Ты меня забудь (Piano version)
9) Dildora Niyozova - Hamdu sanolar
10) Shohruhxon - Ilk sevgim

Malumot Izlash





















YANGI KINO FILMLAR










Kalendar
Arxiv ma'lumotlar
Do'stlar
Copyright www.24soat.com © 2024
uCoz