Россиядаги «Фуқароларга ёрдам» қўмитаси тожикистонлик муҳожир аёл шу йил март ойида Москва вилоятидаги дўконларнинг бирида шафқатсизларча калтакланганини маълум қилди. Қўмита аъзолари аёлга зудлик билан ёрдам бериш зарурлигини уқтиришмоқда.
Маълум бўлишича, аёлни Щелково шаҳарчасидаги супермаркетда сотувчи бўлиб ишловчи аёл калтаклаган. Кўп маротаба қорни аралаш зарбалар йўллаган, юзи ва бош қисмига штрих-код сканери билан урган. Шу аснода жабрланувчини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Сотувчи аёл айтдики, Х. Б. исмли бу тожикистонлик аёл 8 яшар ўғли учун сотиб олган йогуртнинг муддати ўтганини ва уни янгисига алмаштириб беришни талаб қилган.
Х. Б. 2015 йили эри ва 5 яшар ўғли билан Россияга кўчиб ўтган. Шу ердан бахтли ва тўкис ҳаёт топишга умид боғлаган. Ҳужжатларни Россия қонунлари асосида расмийлаштиришган. Аёл касалхонага акушер-гинеколог бўлиб ишга жойлашган. Орадан икки йил ўтгач, эри уни ва ўғлини ташлаб кетди. Ўшанда иккинчи фарзандига ҳомиладор эди. У ҳам ўғил экан. Бу боласи жигар циррози билан туғилди. Фарзандининг туғилиши муносабати билан аёл ишдан бўшаб, қандолатчилик фабрикасида ишлаб пул топа бошлади. Тўнғичи мактабга чиққанди. Дарслардан кейин онасига ёрдам бера бошлади. Дўконга чиқиб келиш керакми, укасига қараш керакми, ҳаммасини уддалади.
2018 йил ёзида Х. Б. «Магнит» супермаркетига кириб ҳар бири 12 рубл турадиган тўртта йогурт сотиб олди. Кейин ишга кетди. Кундузи тахминан соат иккиларда тўнғичи қўнғироқ қилиб, укасининг иситмаси кўтарилганини, тинимсиз йиғлаётганини айтди. Аёл етиб келганда, ҳақиқатан, чақалоқнинг тана ҳарорати 39, 7 га чиқиб кетганди. Дарров «Тез ёрдам» чақирди. Касалхонага олиб кетишди. Ўғилчаси егуликдан заҳарлангани маълум бўлди. Х. Б. ўзи эрталаб харид қилган йогуртларнинг қолгани ва чекни олиб супермаркетга келди. Ҳақиқатан йогуртларнинг сақланиш муддати ўтган экан. Дўкон менежери айбини бўйнига олиб узоқ узр сўради. Сотувчи Ирина албатта жазоланишини айтди. Лекин орадан бир неча кун ўтиб тўнғич ўғли дўконга кирганда, Ирина уни қувиб солди. Бор овозда бақир-чақир қилиб, онасининг дастидан бир ойлик маошдан маҳрум этишганини айтди.
— Сенга пишириб қўйибдими бу ерда? — бор овозда қичқирди Ирина. — Даф бўл! Акс ҳолда оёқ-қўлларингни синдириб ташлайман ҳозир!..
Кечқурун болакай йиғлай-йиғлай, онасига бўлиб ўтган гапларни тўкиб солди. Аёл шу кўйи супермаркетга ярим йилча қадам босмади. Не керак бўлса, бошқа дўкондан олиб юришди.
Аммо 2019 йил 3 март куни Х. Б. ишдан кеч қайтди. Яна «Магнит» супермаркетига киришга мажбур бўлди. Ва Ирина билан тўқнаш келди.
— Нега бу тожиклар бизнинг дўконга чопқиллайверади? — қичқирди Ирина. — Ҳаммаси ўғри!..
— Бу гапларни менга айтяпсизми? — сўради Х. Б. босиқлик билан.
— Сенга бўлмай катта холангга айтаманми? — бақиришда давом этди Ирина. — Ўғлингни огоҳлантирганман. Шу ерга қадам босмаларинг деганман!
— Нима, бу сизнинг шахсий дўконингизми?
— Сенга нима фарқи бор? Эрим қаерда ишлашини биласанми ўзи?
— Йўқ. Қаерда ишлайди?
— Жиноят қидирув бўлимида.
— Хўш, нима бўпти шунга?
— Мен ҳозир уни чақирсам, сенларни депорт қилиб юборади…
Шу гаплардан сўнг Ирина Х. Б. га ташланди. Қўлидаги штрих-код сканери билан юз ва бош қисмларига бир неча марта туширди. Аёл йиқилгач, қорни аралаш тепа кетди. Аёлнинг чап кўзидан қон кета бошлади. Шу тахлит анча вақтгача ўрнидан қўзғала олмади. Бош айланиши йўл бермади. Ачинарлиси, супермаркетга кирганлар, бошқа ходимларнинг ҳеч бири Х. Б. га ёрдам кўрсатмади. Дўкон менежери пайдо бўлгач, «Бу аёл ўғри! Ўғри!», дея қичқира бошлаган Иринани эркаклардан бири тўхтатди. Менежерга жанжалда фақат Ирина айбдор эканини, Х. Б. ҳеч нима ўғирламаганини айтди.
Тез фурсатда полициячилар етиб келди. Лекин улар масалага бармоқ орасидан қараб туришди-ю, жўнаб қолишди. Кетишдан олдин Х. Б. ни жиддий огоҳлантиришди.
— Биз сени депорт қиламиз, — дейишди полициячилар. — Болаларингни детдомга топширамиз. Бу ерда сен муҳожирсан. Кимнингдир устидан шикоят қилишга ҳақли эмассан!..
Шу фожиа тожикистонлик аёлни ер билан битта қилди. Гарчи «Фуқароларга ёрдам» ташкилоти дастлабки муолажалар ҳақини тўлаб берган бўлса-да, қолган қарзлари ошиб тушди. Ижара ҳақи ва бошқалардан қарзга ботди. Ҳозир у Боткина касалхонасида муолажалар олмоқда. Бу амал августга қадар давом этади. Тўлиқ муолажалар қилиш, болаларнинг кундалик эҳтиёжи учун Х. Б. га 100 минг рублдан ортиқ пул кетади. Шу сабабли ташкилот мутасаддилари аҳолига мурожаат этиб, моддий кўмак беришларини сўради.
Дарвоқе, Ирина қилган айби учун атиги жаримага тортилибди. Супермаркет раҳбари эса унинг лавозимини кўтарибди, маошини оширибди.
Ана шунақа гаплар.
Астағфирилло! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|