2017 йилда "ZOʻR” телеканалида намойиш этилган "Севги изтироби” турк сериали томошабинлар томонидан танқидий мулоҳазаларга учрагач, 2018 йилнинг февраль ойида эфирдан олиб ташланди. Жорий йил июнь ойи ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов аҳолидан телеканалларда намойиш этилаётган турк сериалларига нисбатан эътирозлар 5 карра кўпайгани ҳақидаги фикрларини билдирган эди.
Ана шундай эътирозлардан сўнг юртимиздаги энг юқори рейтингларда турадиган хусусий телеканалларда турк сериаллари ўрнига ўзбек миллий сериаллари намойиш этила бошланди.
Эркаклари аёлсотар, аёллари енгилтак
Масалан, "Sevimli”да "Бокира”, "Milliy”да "Ожиза”, ”Туҳмат гирдоби”, "Zoʻr” телеканалида "Бегуноҳ”, "Mening yurtim”да "Изтироб” ҳамда "Журналист” каби миллий сериаллар намойиши ўрин эгаллади. Табиийки, ушбу сериалларни халқимиз қизиқиш билан томоша қила бошлади. Аммо кўп ўтмай ижтимоий тармоқлардан ўзбек миллий сериалларининг жуда ҳам саёз ишлангани ҳақидаги одамларнинг қаттиқ танқид ва эътирозларига сабаб бўлган баҳс-мунозарали мақолалар ўрин олди. Мисол тариқасида "Oʻzbek teatrlari” телеграмм гуруҳида юртдошларимиздан бири шундай фикр билдирган.
…"Журналист” сериали эфирдан олинишини талаб қиламан. Аслида интернетда бирорта тузук постери йўқлиги учуноқ тақиқласа бўларди-ю, жиддийроқ сабаблар чиқиб қолди.
Бу сериални кўрсанг, журналистика оламида бирорта тўғри одам йўқ деб ўйлайсан. Энг яхши қаҳрамон – икки марта эрга теккан. Эркаклар ё мафия, ё аёлсотар, аёллари ё енгилтак, ё фитначи. Ҳаммаёқ эр талашиш, мансаб талашиш, бандитизм бўлиб ётибди. Бир сериясида кетма-кет уч кишини ўйнашлари "жоним, тезроқ келинг” деб чақирди-я!
Бу сериал халқимизнинг маънавий қиёфасига зарар келтириш билан бирга, журналистларнинг ҳаётини оғирлаштирмоқда. Журналистларнинг турмуш ўртоқлари: "Э-ҳе, ишхоналаринг бу аҳвол бўлиб ётибдими ҳали?” деб босим ўтказмоқда. Эркак журналистлар ухлашга қўрқиб қолган – телефони тинтув қилинади, айтишларича, хотинлари ҳатто жосус ёллашгача бормоқда. Нега менга ундай қараяпсизлар? Мен ўзимни назарда тутмаяпман, менда ҳаммаси яхши!…
Муаллифлар ёзувчилар эмас, "кимлар”дир…
"Facebook” тармоғидан олинган мулоҳазалар:
Барно Султонова: – Эрталаб TVда кино беряпти. Бир парчасига кўзим тушиб қолди.
Тўйи бўлмоқчи бўлган, ҳатто узук тақилган қиз йигити билан тортишиб қолди.
Қиз "Мараз, ит”, – деди йигитга. Йигит ундан кечиб кетишини кутгандим. Аммо итлиги рост экан ўша қизнинг орқасидан қолмади. Кинонинг қолганини кўрмадим. Бизнинг ҳам ўртамизда жанжаллар, баҳслар, тортишувлар бўлиб туради. Лекин 25 йиллик турмуш давомида бирор марта бир-биримизнинг шахсиятимизга, нафсониятимизга, шаънимизга тегадиган ҳақорат гаплар ишлатмадик. На мен, на у киши ўртадаги пардани кўтариш учун биринчи қадамни ташлашга журъат қилолмадик.
Хулосам шу бўлдики: Кино яратувчилар – сценарист, режиссёр, актёрлар учун ҳали турмушга чиқмаган қизнинг йигитига "мараз, ит" дейишини кинога олиб чиқяптими демак улар учун оилада, опа-сингил, ака-ука, эр-хотин бир-бирига мараз, ит дейиши табиий ҳол. Ҳар ҳолда менинг оламимда бундай кадрбоп сюжетлар йўқлиги учун шундай хулосага келдим.
Гулчеҳра Мансурова: – Бизларнинг киноларимиз фақат халқимизни ерга уриш билан банд. Ундан кўра маъданиятни ўргатадиган кинолар ишлашганда ёшларимизга сабоқ бўлармиди?…
Лайло Ўзбекхон: – Ҳозир сценарий муаллифлари, ёзувчилар эмас, "кимлардир”. Фильм моҳиятини шундан англаб олаверинг.
Ойжамол Сулаймонова: – Баъзи бир одамлар ҳозир кино олиш учун жуда кўп маблағ сарф қилинади, дейишлари мумкин. Ахир "Суюнчи”, "Маҳаллада дув-дув гап”, "Келинлар қўзғалони” дек фильмларни суратга олиш учун маблағ эмас иқтидорли санъаткор зарур бўлган-ку. Демак, ҳамма гап режиссёрларда.
"Бокира”, "Ожиза”, "Изтироб”… кўриш шарт эмас!
…"Бокира”, "Ожиза”, "Изтироб”…Бу фильмлар фақатгина одамларнинг вақтини ўғирлайди. Буларни нима демоқчи эканини фильмнинг номидан билиб олса ҳам бўлади, кўриш шарт эмас. Боиси шуки, юқорида номлари айтиб ўтилган фильмлар ота-оналар фарзандлари билан бир дастурхон атрофида овқатланиб ўтирадиган вақтда яъни, кечки соат 19 дан бошланади. Аммо уларнинг бирортасини миллий сериал деб бўлмайди. Уларда илгари сурилган ғоялар асосан севги ва хиёнат, гиёҳвандлик, пичоқбозлик, йиғи-сиғи.Сериаллар сценарийсини битта одам ёзгандек, барчасини ғояси бир-бирига ўхшаш. Масалан, биттасида хиёнатга учраган аёл уйида йиғлаб нола қилса, иккинчисида кўчада йиғлаётган бўлади. Ҳаммасидан ҳам одамни жиғибийрон қиладиган томони, ушбу сериалларда икки нафар йигит, учинчи бир йигитни орқасидан бориб, унга пичоқ тирайди. Бу воқеалар куппа-кундуз куни пойтахтимизнинг одамлар гавжум кўчаларида содир бўлади. Қачондан буён йигитларимиз ҳамманинг ёнида бир-бирини пичоқлайдиган бўлди? Бунисини ҳам қўйиб туринг, ушбу фильмлардаги яна бир лавҳада иккита гиёҳванд йигитчалар битган иморат ичида гиёҳванд модда истеъмол қилаётган вақтда қора машинада бир йигит келиб, ўша уйга бензин сепиб ёқиб юборади. Эшик-деразаси йўқ, томи битмаган уйдан икки нафар барзангидай йигитлар гўёки қочиб чиқолмай, ҳалок бўлишади…
Бемор аёл макияжда
Аслида мақолани таъсир кучини ошириш, таҳлилни янаям очиб бериш учун режиссёрлардан ҳам фикр сўраш жоиз эди. Аммо буни истамадим. Боиси "Нега яхши фильмлар ишланмайди”, деган саволга режиссёрлар: "Бизда яхши сценарийнинг ўзи йўқ”, деган фикрни айтишади. Шу сабаб ўзлари йўл-йўлакай хаёлига келган фикрларни кинога айлантиришади. Шунинг учун фильмларнинг аксарияти бир хил. Она образини яратган аёл билан фарзандининг ёши тенг. Она хиёнат туфайли касал бўлиб тўшакка михланиб ётади, томошабин унинг юзидан азият чеккан аёл қиёфасини излайди. Аммо тўшакда ётган бемор аёлнинг юз-кўзлари худди тўйга кетаётгандек макияж қилинган, эгнида чиройли либос ва буларнинг барчаси ёлғон кино эканини сезиб турасиз.
Мана сизга сценарий
Аслида сценарий ёзиш учун ҳаётни ўрганиш қийин эмас. Бизда яхши сценарий йўқ, дея баҳона қилувчи кино яратувчиларга барчамиз кузатган ва кино яратишга айнан лойиқ воқеаларни эслатиб ўтмоқчиман. Деновлик қиз ўз фарзандини ҳожатхонада туғиб, ўша ерга ташлаб кетди. Бу воқеадан ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи барча мухлислар, ҳатто Хотин-қизлар қўмитаси ҳам хабардор. Шофирконлик Шукрона исмли қизалоқ ўз отаси ва ўгай онасининг зўравонликлари сабаб мактаб интернетига топширилди. Калтак зарбидан бутун аъзои бадани кўкарганини кўрган қўшнилари, маҳалла-кўй қизчага ёрдам бериш ўрнига унинг отасининг шаънини ўйлашди. Бу отанинг ўз фарзандини хўрлашга сабаб бўлган оқибатлар ўрганилиб, кино ишлашга арзимайдими? Ёки клиник ўлим ҳолатида шифохонага олиб келинган 2 ёшли болакай Умаржон Нуриллаевни 41 ёшли шифокор Сергей Владимирович Тобиас қутқариб қолди. Мазкур жараёнда қаҳрамонлик кўрсатган Сергей Владимирович Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан"Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Сурхондарёнинг Қизириқ туманида яшовчи Гулноза исмли аёл 3 яшар қизининг юрак порогини операция қилдириш ниятида пойтахтдаги шифохонага олиб келади. Нотўғри операция туфайли боласини ногирон ва чалажон аҳволда уйига қайтариб олиб кетишга мажбур бўлади. Ўлганнинг устига тепган деганларидек, фарзандининг ҳаёти қил устида турган аёлга турмуш ўртоғи ажралишни таклиф қилади. Туркияда яшаб умри фожиали ўлим билан якун топган Нодира Қодированинг ўлими сабабларини ўрганиш кино ишлашга арзимайдими? Яқинда Россияда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазн бўйича чемпиони ҳамда чемпионатнинг энг яхши спортчиси деб топилган Баҳодир Жалоловнинг босиб ўтган излари ҳақида фильм кўришни жуда-жуда истаган бўлардик. Ана ўшанда кино орқали муаммоларга ечим топиш мумкинлигига ишонамиз. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|