«Муҳайё ҳаммасини жаҳл устида айтди. Ҳозир ўзига келиб қолади ва шунда унинг ёнида бўлишим керак», деб ўйлади Абдурашид. Шундай хаёллар билан ўриндиқдан туриб, синфдошининг ортидан эргашди. Аммо ният билан мақсад бирлашмади. Муҳайё унга ортиқ эргашмаслигини, бўлмаса акаларига айтиб танобини тортиб қўйишини айтиб, Абдурашидни тағин ҳайдаб солди.
— Сарвар билан гаплашмасанг, мен ҳам сени тинч қўяман.
— Нима?! Сен кимсанки, менга буйруқ берасан?! Қараб тур, ҳали ўзига айтиб бераман сенинг шу гапингни.
Муҳайё кетди. «Нима десанг де, қўрқадиган жойим йўқ ундан», деди Абдурашид ичида. Йигитлик ғурури даъват этдими ёки қизнинг юрагидан чиқаётган нолалари кўзларида акс этдими, хуллас, Абдурашид ортиқ унинг ортидан эргашмади. То унинг қораси кўздан йўқолмагунча сўппайиб тураверди. Кейин кетишга тараддудланди. Бехосдан портфелини бояги ўриндиқда унутиб қолдиргани эсига тушди. Зудлик билан ўша томонга қараб югурди. Аммо етиб келиб не кўз билан кўрсинки, портфели қўйган жойида йўқ эди. Аланглаганча теварак-атрофни кузатди. Тўрт томонга чопқиллади.
«Болалар — алоҳида дунё», деганлари яна исботини топди. Дарҳақиқат, бола дунёси ўзгача бўлади. Ҳозиргина ўн иккига кирмаган бола синфдош қизига севги изҳор қилган-у, «маҳбуба»си эса уни рад этиб кетганида бу қадар сиқилмаган Абдурашиднинг портфели йўқолганидан кўзига дунё тор бўлиб кетди. У портфелини излаб югура бошлади. Дастлаб боғни айланиб чиқди. Кейин ташқарига чиқди. Катта кўчани айланди, аммо тополмади. Чопаётиб йиқилганида шилинган тиззасига ҳам, билагидаги оғриққа ҳам эътибор қаратмади. Катта кўчани кесиб ўтаётганида ҳам кўзлари портфель ушлаган одамларда эди. Тормозни босишга зўрға улгурган ҳайдовчиларнинг бақир-чақирига ҳам эътибор бермади. Ҳаммаёқни айланиб чиқди. Бироқ портфель ҳеч қаёқда йўқ эди.
* * *
Абдурасул етим. Отаси ёшлигидан қора меҳнатда катта бўлган. Тўрт йил олдин вафот этганди. Отасининг вафотидан сўнг шўрлик бола оғир дардга чалинган онаси билан икки йилча яшади, холос. Онаси ҳам оқ ва қорани ҳали ажратишни ўрганолмаган муштдеккина боласини ёлғиз ташлаб кетди. Ҳаёт аталмиш катта дошқозоннинг битта қулоғига осилиб қолган болага йўқчиликда яшаб ўтган ота-онасидан эни бўйидан, бўйи энидан қисқа битта хона ва оғилхона ҳажмича томорқа мерос қолди. У нафақат ота-онаси бор, балки усти-боши бут болаларга ҳам юрак-юракдан ҳавас қиларди.
Абдурасул ҳам янги кийими ва портфели бўлишини, мактабда таҳсил олишни хоҳларди. Бироқ ҳадемай ўн иккига чиқадиган, нонини ўзи топа олиши мумкин бўлган ўспиринга «Сен ўқишдан чалғима, қорнингни мен тўйғизаман!» дейдиган мард топилмасди. У мактабни ташлаб, бозорда, автопаркларда майда-чуйда сотиб тирикчилик қила бошлади. Абдурасул бир нечта яхши одамларнинг саъй-ҳаракати билан мактабга қайтди. Боқувчиси йўқлигини инобатга олиб, мактаб портфель, ўқув анжомлари билан таъминлади. Абдурасул жудаям хурсанд эди. Қувончи оламга сиғмасди. Энг суйган буюми эса, шубҳасиз, ял-ял ёниб турган портфели эди. Портфелни йўқотиб қўйишидан чўчиб юрадиган Абдурасул унинг ичига исм-шарифининг бош ҳарфларини ҳам ёзиб қўйди. Бироқ… «Асралган кўзга хас тушади», деганлари рост экан. Кутилмаганда у портфелини йўқотиб қўйди. Бозорда ҳаммоллик қиладиган кунлари Абдурасул портфелини ҳам ўзи билан бирга олар, мактабга бозордан чиқиб кетарди. Бугун эса бир аёлнинг юкларини машинасига олиб бориб қайтганидан сўнг гуммахонага қайтиб келди-да, музқаймоқ сотадиган холага ишониб қолдирган портфелини тополмади. Холадан сўраганида эса мижозлар билан бўлиб эътибор қилмаганини, ким олганини кўрмай қолганини айтиб, узр сўради. Абдурасулнинг устидан худди қаҳратонда муздек сув қуйгандек бўлди ўзиям. Ўзини қўярга жой тополмай ҳар томонга зир югурди. Бозор ўртасида битта қизни туртиб юборгани учун ўша қизнинг йигитидан бир жуфт чиройли тарсакини ҳам қабул қилиб олди. Нақ икки соатлик излаши ҳавога учиб, бозорнинг ўртасида сўппайганча қолаверди. Кейин эса… елкалари титраб-титраб йиғлай бошлади.
* * *
Бир куни саҳармардондан эшик тақиллади.
Тақиллаганидаям шунчаки эмас, худди ҳозир ё эшик синиб кетадигандек, ё уй қулайдигандек тақиллади.
Абдурасул апил-тапил югуриб борди-да, эшикни очди: остонада кўзлари чақнаб, қўлларини мушт қилиб тугган Абдурашид турарди.
Абдурасул:
— Нима бўлди, ким керак сенга? — деб сўради ваҳима аралаш.
— Портфелимни олиб чиқ! — деди Абдурашид.
Абдурасул шундагина вазиятни тўғри баҳолади:
— Демак, сен экансан-да портфелимни ўғирлаган.
— Нима?! Ҳали сен айбингни менга тўнкамоқчимисан?
Абдурашид унинг жавобини ҳам кутиб ўтирмай ичкарига отилиб кирди ва Абдурасулнинг ёқасига ёпишди. Абдурасул бор кучи билан бир силтаниб унинг қўлларидан қутулди-ю, аммо ўзини ўнглаб олмасидан яна кучли панжалар домига тушди. Абдурашид унинг бўйнига осилиб олганида иккaла бола ҳам мувозанатини йўқотиб, гурс этиб полга ағанашди. Ур-сур, мушт-тепки галма-галига ўрин алмашина бошлади…
Чарчоқ, барибир, кучини кўрсатди. Улар ҳаллослаб қолишди. Абдурасул полда ётган жойида лабининг қонини артиб ташлади-да, қаддини кўтариб, чордона қуриб ўтириб олди. Абдурашид эса шишиб кетган лаб-лунжини силаганча деворга орқасини суяб ўтирди.
Кўзлар тўқнашди. Бир текис олинаётган нафас бир зумга маромини йўқотди ва салдан сўнг яна елкалари қимирлай бошлади.
— Портфелимни бер! — деди Абдурасул.
— Нега портфелимни дейсан, инсофинг борми? Меники-ку у!
— Ёлғон гапирма, туллак. У меники, сен ўғирлаб кетгансан. Эсладингми? Паркда!
— Мен ўзимнинг нарсамни қайтариб олдим. Сен уни бозордаги гуммахонанинг ичида ўғирлаб кетгансан. Портфелимни бермайман, овора бўлма!
— Эй-й, қанақа бозор? Нега алжирайсан?
— Бор гапни айтдим!
Абдурасул ўрнидан турди. Кўрпачалар йиғиб қўйилган сандиқ олдига бориб, кўрпачаларнинг орасидан портфелни олди. Абдурашидга кўрсатмоқчи бўлди-ю, аммо қўлидан тортиб олиши мумкинлиги учун ҳам қароридан қайтди ва турган жойида портфелнинг ичини очди. Абдурасул унинг ичига «А. И» деб ёзиб қўйган экан.
— Буни менга давлат берган мактаб формамга қўшиб. Мана, қара, ичига ёзиб қўйганман «А. И» деб. Кўрдингми? Абдурасул Исажонов. Лекин олдига ёзмагандим. Сен ёздингми?
— Олдиндаги «А. И» — Абдурашид Иброҳимов. Мен уни сотиб олганман.
— Алдама!
— Эски бозордаги амакидан сотиб олганман. Демак, сендан ўғирлаган одам менга сотган.
— Кўрдингми? Бу меники, бермайман.
— Эй, ахир мен пул бериб олганман. Тушимга кирибдими сеники эканлиги?
— Бермайман, сотган одамни топиб, пулингни қайтариб ол!
— Сен ўзинг ўғирлаган одамни топиб, ундан портфелингни қайтиб ол!
— Унда бошқасини сотиб ол. Менинг қурбим етмайди.
— Нима-нима?! Битимни сотиб оламанми? Пулим бўлганида янгисини олардим, эски-туски сотадиган бозорга тушмасдан.
Абдурашид бошқа ҳеч нарса демади. Абдурасул ҳам жавоб бермади. Орага сукунат чўкди. Абдурасул унга зимдан разм солди. Аҳволига унчалик ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Тўғрироғи, Абдурасул унинг бошқа портфель сотиб олишига умид қилишдан кўра, Абдурашиднинг «Бошқасини сотиб ололмайман», деган гапига ишониши осонроқ эди.
Ўз навбатида, Абдурашид ҳам Абдурасулнинг аҳволини тушуна бошлаганди. Унинг отасиз, онасиз эканлиги, ҳатто бирор-бир яқини ҳам йўқлигига, унинг уйини қидириб келган пайти қўни-қўшнилари орқали ишонч ҳосил қилганди. Шунинг учун уни тушунди. Унга портфелни шундоқ ташлаб кетиши ҳам мумкин эди-ю, аммо оқибатини ўйлади. Ҳар куни қарз сўраб келадиганлардан яшириб-беркитиб зўрға бир-икки сўм йиққан шўрлик онаси яна қандай қилиб портфель олиб беради унга? Шундоғам бечора ярим жон бўлиб қолган. Оғир дардига қарамай бозорда хоним сотиб, кечаси фаррошлик қилиб, зўрға Абдурашид ва унинг тўртта синглисини боқяпти. Янгиси тугул эски портфелнинг пулига улар оиласи билан бир ҳафта қорин тўйғазишади ахир. Ҳар қалай, бу яқин орада онаси унга бошқа портфель олиб беролмаслиги тайин эди. Портфель ишлатмасликнинг эса иложи йўқ, синфидаги ҳаммада портфель бор. Айниқса, Сарвар нуқул янги уст-бошини, баъзан портфелини кўз-кўз қилавериши ва шунинг оқибатида уни писанда қилмай юриши Абдурашиднинг бўғзига келганди. Муҳайёнинг Сарвар билан апоқ-чапоқ эканлиги, у ҳам Сарварга қўшилиб устидан кулиб юрган шундай қалтис вазиятда кўзга кўринадиган саноқли буюмларининг биттасидан кечиш…
Дабдурустдан Абдурашиднинг миясига ярқ этиб битта фикр келиб қолди.
— Бундай қиламиз, — деди у худди бирор катта иш устида мулоҳаза юритаётган катталарга ўхшаб юзига жиддий тус берганча, — дарсинг тушдан кейин экан-а?
— Ҳа! — деди Абдурасул ҳайрон бўлиб.
— Меники эрталаб. Аввал мен фойдаланаман, тушдан кейин эса сен фойдаланасан, — дея унга қўлини узатди Абдурашид.
— Қўлингга тушса, қайтиб бермайсан, — деди Абдурасул бошини чайқаб.
— Онам ҳақи қасам ичаман!
Бир зум бўлсин онасини хаёлидан кетказа олмайдиган, унинг ёди билан ухлаб, ёди билан уйғониб юрган онасиз бола учун бу гап етарли бўлди. Абдурашиднинг кафтига кафт ташлади. Кейин эса иккилана-иккилана унга портфелини тутқазди.
— Ма, ол! — деди бурнини этагига артиб олиб.
Абдурашид портфелни қўлига олди-да, дарров кета қолмай, бирпас тараддудланиб турди. Абдурасулга қаради. Раҳми келганидан юраги увишди. Эртага туш пайтига келишини айтди ва чиқиб кетди.
* * *
Соат 12:50 бўлди. Абдурашиддан ҳамон дарак йўқ эди. Абдурасул сиқилиб кетди. Ҳатто тушликда туз ҳам тотмади. Дам-бадам кўчага чиқиб, йўл пойлай бошлади. Соддалигидан хафа бўлди. Унга ишонгани учун ўзини узоқ койиди. Нима қиларини билмай у ёқ-бу ёққа бориб келаверди. Вақт бўлганида эса… узоқдан Абдурашиднинг қораси кўринди ва Абдурасулнинг кўнгли жойига тушди.
Портфелини қўлтиқлаб мактабга шошилган Абдурасул шу куни барча фанларда худди Абдурашидга ўхшаб фаол бўлди, яхши баҳолар олди. Кун бир зумда ўтиб кетди. Оқшом тушиб, изидан тонг ҳам отди. Нонуштани деразага қараб ўтказган Абдурашид чойини ичиб бўлгач, ҳовлига чиқди. У катакка ўтиб, товуғига дон сепди. Вақт тезроқ ўтсин, деб товуқхонани тозалаб, сувини янгилаб ҳам чиқди. Барибир, вақт имиллаётгандек эди, назарида. Аслида, бунчалик оворагарчиликка ҳожат ҳам йўқлиги, унга ишонишда давом этишини, ҳар қалай, ундан шубҳаланишга ҳали вақт эрталигини ўзига-ўзи уқтира бошлади. Ниҳоят, вақт бўлди. Абдурасул эса улгурди. Абдурашид китоб-дафтарларини портфелига жойлаб, мактабга шошилди.
Кунлар шу зайлда алмашиниб, кўз очиб юмгунча бир ой ўтиб кетди. Эрталаб Абдурасул Абдурашидга, туш пайтида эса Абдурашид Абдурасулга портфелни етказар, ўзаро суҳбат қуришларига, яқиндан танишиб олишларига эса уларда на вақт етар ва на бунга эҳтиёж сезишарди. Токи Абдурасул келмай қолган кунгача.
Абдурашид уни анча кутди, соат тўққиз, ўн, ўн бир бўлди. Ахийри унинг уйига йўл олди. У Абдурасулникига вақтида етиб келган экан. Абдурасул қаттиқ йиқилиб тушганидан оёғини шикастлаб олган, ҳатто ўрнидан қўзғалишга ҳам оғриқ йўл бермаётган эди. Абдурашид «Тез ёрдам»ни бошлаб келди. Оёғи чиққан экан. «Тез ёрдам» кетганидан сўнг Абдурасул овора қилгани учун Абдурашиддан узр сўради.
— Ҳожати йўқ! — деди Абдурашид энсасини қотириб. — Сендан хавотир олиб келганим йўқ. Портфель бўлмаганида, кўзим учиб тургани йўқ эди, ўғри…
Абдурашид портфелни олиб эшикка қараб йўналди.
— Ўзинг ўғрисан, билдингми? — деди Абдурасул унинг ортидан. — Бировларнинг нарсасига кўз олайтирадиганлар ҳам ўғри дейилади. Текинтомоқ, виждонсиз!
— Валдирама! Эртага келмайман, шекилли…
Абдурасул боғлаб ташланган оёғига қаради.
— Бир ҳафта ёки ўн кун келмасанг керак!
— Баттар бўл!
— Нима бўлганда ҳам, барибир, бугунги яхшилигинг учун раҳмат!
Абдурашид чиқиб кетди. Ўша куни мактабга бормади. Тўғрироғи, кеч қолди. Уйида эса Абдурасулни ўйлади. Дастлаб «Қўполлик қилдим унга», деб ўзидан хафа бўлган бўлса, кейинчалик «Ўзи шунга лойиқ эди», деб ўзини юпатган бўлди. Эрталаб эса тағин уни эслаб қолди. Негадир шундоқ кетгиси келмади. «Майли, мендан нима кетди», дея Абдурасулнинг синф раҳбарига учрашди. Унга Абдурасулнинг аҳволини тушунтирди. Синф раҳбари бошчилигида бутун синф Абдурасулни кўргани боришди. Берилган ёрдамлар самараси ўлароқ Абдурасул тезда оёққа туриб кетди.
* * *
Абдурашид муюлишдан бурилган эди ҳамки, олдидан икки синф юқорида ўқийдиган Сарвар шериклари билан чиқиб қолди.
— Ҳа, профессор, келяпсанми? — деди Сарвар Абдурашиднинг елкасига қўл ташлаб.
— Нима эди?
— Ие! — дея Сарвар менсимагандек ёқимсиз иржайди ва шерикларига қўшилиб ҳиринглади. — Она сутинг оғзингдан кетган, шекилли, тилинг чиқиб қолибдими?
— Ўн икки йил бўлди.
— Ҳой, мишиқи! — унинг ёқасидан олди Сарвар. — Мен сенга Муҳайёдан узоқроқ юр, деганмидим? Дегандим. Бўлмаса таъзирингни ейсан, деганмидим? Дегандим. Сен латта нима қилдинг?
— Сенинг гапинг нима, ўзинг нима, деб гапингга кирмадим, нима эди?
— Вой, мараз!
Сарвар Абдурашиднинг юзига мушт туширди. Ерга думалаб тушган Абдурашид жонҳолатда ўзини ўнглаб олди-да, бир сиқим тупроқ билан Сарварнинг бетини сийлади. Сарвар кўзларини ишқалаб, бўкира бошлаганида Абдурашид унинг тиззасига тепиб чўккалатди-да, кейин устига ўзини отиб, тагига босиб олди. Бундай бўлишини кутмаган Сарварнинг ўртоқлари зудлик билан Абдурашидни ажратиб олишди-да, ўртага олиб тепкилай бошлашди. Кўзлари ёшланиб, тупроқ ивиб чиқиб кетганидан сўнг Сарвар бироз ўзига келди ва ўкириб-бўкирганича Абдурашидга ташланди. Қўлларини жуфт қилганча унинг юзига мушт тушира бошлади. Аммо шу пайт синган ғиштнинг катта бўлаги унинг энсасига келиб тегди-да, мувозанатини йўқотиб қўйди. Ялт этиб тош келган томонга қараганида эса сал нарида, югуравериб ҳаллослаб қолган, қўлларини мушт қилиб тугган Абдурасул турарди. У югуриб келиб ўзини Сарварнинг устига отди. «Портфелчи»лар ўзларидан катта тўртта йигитга бор-йўғи икки дақиқагина бас кела олишди. Кучлар тенг эмаслиги ўз самарасини берди. Сарвар ва унинг ўртоқлари Абдурашид билан Абдурасулни роса дўппослаб, кейин жуфтакни ростлашди. Йигитлар ўзига келиб олиш учун ўринларидан турмай, бирпас деворга суяниб ўтиришди.
— Қаттиқ лат емадингми? — деб сўради Абдурасул унинг елкасига қўл ташлаб.
— Сенга нима?! — деб бақирди шундоғам хўрлиги келиб турган Абдурашид йиғламсираб. — Сендан ёрдам сўраганмидим?!
— Кўзим учиб тургани йўқ эди, — бўш келмади Абдурасул ҳам, кейин ўртада ётган портфелга ишора қилиб қўшиб қўйди. — Мен мана бундан хавотир олдим.
Абдурасул ўзини зўрлаб бўлса ҳам ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Ярим туриб, ярим эмаклаб бориб портфелни қўлига олди.
— Раҳмат!
Абдурасул Абдурашидга қаради. Абдурашид «раҳмат»ни бошқа қайтармади. Юзини четга бурди. Абдурасул унинг ёнига қайтиб, яна ерга чўккалади.
— Менинг исмим Абдурасул.
— Меники Абдурашид.
Ўртада кулги кўтарилди.
* * *
Орадан йиллар ўтди. Болалар катта бўлишди. Мактабни, кейин эса институтни тамомлашди. Ҳар ким тақдир қаёққа учирса, ўша томонга парвоз қилиб кетди. Муҳайёда ҳисоб-китобга мойиллик кучли бўлганлиги учун молия соҳасини танлади. Юксак иқтидори туфайли кредит бўлими бошлиғи лавозимигача кўтарилди.
— Муҳайё Тўлаганова!
Муҳайё котиба қизга ўгирилди.
— Эшитаман.
— Тунов куни келиб кетган тадбиркорлар яна келишди, — деди котиба, — хонангизда кутиб ўтиришибди.
— Хусусий фирма очмоқчи бўлиб кредит сўраётганларми?
— Худди ўшалар.
— Майли, раҳмат! — бошини силкиди Муҳайё ва хонасига кирди.
Хонасига кирганидан сўнг меҳмонларга кўзи тушди-ю, икки қадам босар-босмас тўхтаб қолди. «Наҳотки?! Наҳотки портфель ишлаб чиқарадиган корхона очиш учун кредит сўраётган тадбиркорлар шулар бўлса?!» деб ўйлади Муҳайё собиқ мактабдошларини кўриб. Бу пайтда эса Абдурашид билан Абдурасул Муҳайё билан саломлашиш учун қўлларини чўзганча у томонга келишарди.