Нафиса кўҳликкина қиз бўлган. Қош-кўзи, ғунчадек лаблари-ку, майли, чиройли қоматини кўрган йигитлар ёнидан оҳ тортмай ўта олишмайди. Фақат сал қайсарлиги бор. Онаси Суйди опанинг «мактабни битирганингга бир йил бўлди, иш топиб ишлаб, рўзғорга қарашгин!» дея зорланишлари энсасини қотиради. У арзимаган пул учун эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилишни ўзига эп кўрмайди. Нафиса чет эллардаги фалон минг долларлик ишларни орзулайди. Яқинда бир дугонаси шундай деб қолди. Шаҳарда чет элга ишлаш учун жўнатадиган фирмалар тиқилиб ётганмиш. Ресторан, қаҳвахоналарда официанткаликка ёлланса, беш юз доллардан кам ҳақ беришмасмиш. Ахир, бу ҳазилакам пулмиди! Бунақанги маош учун қанча тер тўкса арзийди.
Нафиса дугонасидан шу хабарни эшитгач, астойдил чет тилини ўрганишга киришди. Йўқ, муаллим ёллаб ўтирмади. Онаси муаллим ҳақини тополмайди. Шунинг учун ўзи мустақил ўрганишга аҳд қилди. Саводи ёмон эмас. Бир ой деганда ҳартугул фикрини тушунтира оладиган даражада тил ўрганди. Ана энди бемалол ўшанақанги фирмалардан бирининг манзилини топиб борса бўлади. Қани, нима дейишаркин?!.
Билади. Барибир пул сўрашади. Буёғини ҳам ўйлаб қўйди. Тоғаси Маҳмуд акадан сўрайди. «Чет элга кетмоқчиман» деса бериб турар, ахир!
Қани, олдин аниқласин-чи!..
* * *
Нафиса кечқурун онаси Суйди опа ишдан келгач, масалани кўндаланг қўйди.
— Ойи, мен барибир чет элга кетишга аҳд қилдим! — деди у. — Уёқларда ойига бир дунё пул тўлашаркан.
Суйди опа бу гаплардан сўнг бир чарчоғига юз чарчоқ қўшилгандек, оғир хўрсинди.
— Ҳамма жойнинг ҳам ўз тош тарозиси бўлади, қизим! — насиҳат қилишга уринди она. — Ўзимизда кам бўлсаям, насибангга яраша ҳақ оласан. Уйинг тайин, овқатинг тайёр! Хоҳлаганингда дам оласан, хоҳламасанг, ўтирасан. Нима кераги бор беҳуда гапларнинг?
— Ойи, — кутилмаганда Суйди опани силтаб ташлади Нафиса. — Қачонгача бева-бечоралардай кун кечирамиз? Уйимизнинг туришини қаранг! Одамлар қаёқлардадир ишлаб келиб, бойиб кетаяпти. Қўша-қўша иморатлар қураяпти, машиналарни уйи олдига қаторлаштириб ташлашаяпти. Биз-чи? Бизнинг нимамиз бор? Мен-чи, мана шу уйимизга дугоналаримни чақиришгаям уяламан, билдингизми, уяламан?!.
— Билганингни қил! — қўл силтаб нари кетди Суйди опа. — Лекин мендан бир сўм ҳам пул сўрамагин. Аҳволимни ўзинг яхши биласан.
— Сўрамайман сиздан! — деди Нафиса. — Маҳмуд тоғамдан қарз олиб тураман.
* * *
Эртаси куниёқ у газетадаги эълон бўйича чет элга ишга жўнатувчи фирма офисини топиб борди. Шаҳар четида экан.
Нафисани оқ-сариқдан келган, ўзи тенги қиз қарши олди. Ўзини Сабина дея таништирди.
Мақсадга ўтишди.
— Чет тилини биласизми? — сўради қиз.
— Биламан. — ишонч билан жавоб қилди Нафиса.
— Жуда яхши. Унда эшитинг. Биз чет элга офицантка ва сотувчиларни ишга юборамиз. — деди қиз майин жилмайиб. — Харажатларини иш берувчиларнинг ўзлари қоплашади. Фақат тиббий кўрикдан ўтиш ва ҳужжат тўплаш кабилар учун икки юз доллар олдиндан бериб қўясиз. Бундан ташқари, эллик минг сўм йўл харажатига, ўн минг сўм сўров варақаси учун берасиз. Паспортингиз ҳам бизда туради. «Партия» тўлиши билан қўнғироқ қиламиз, учиб кетаверасиз. Айтганча, ойлик иш ҳақингиз беш юз доллардан кам бўлмайди. Ётар жойингиз, уч маҳал овқатингиз уларнинг зиммасида бўлади.
— Қ-қачон тўлади? — сўради Нафиса. — Узоқ кутиш керакми?
— Йўқ, кўпи билан ўн кун кутасиз.
— Вой, ҳеч қанча эмас экан-ку! — деди Нафиса мамнун бўлиб. — Пул ва ҳужжатларни қачон опкелиб берсам бўлади?
Қиз унга қаттиқроқ тикилиб сўради:
— Ўзи… Ростдан кетмоқчимисиз ишга?
— Албатта-да! Бўлмаса келармидим…
— У ҳолда сўров варақасини тўлдирасиз. Ундан кейин паспортингизни қолдирасиз.
Шу пайт эшик очилиб, баланд бўйли, ёши тахминан ўттиз бешлардаги башанг кийинган бир эркак кириб келди.
— Ана, «шеф»имиз ҳам келиб қолди! — шошиб ўрнидан турди қиз. — Танишинг, бу киши фирмамиз раҳбари Шоди ака бўлади.
— Бу қизча ким экан? — кулимсираб сўради раҳбар. — Менда ишлари бор эканми?
— Йўқ, чет элга кетмоқчи экан. Шунга… Ҳужжатлар масаласини гаплашиб ўтиргандик.
— Қанча пул тўлашиниям айтдингизми?
— Айтдим.
Раҳбар бош ирғаб хонаси томон йўл олди. Нафиса эса қиз узатган сўров варақасини тўлдиришга тутинди.
* * *
Орадан ўн икки кун ўтиб, ниҳоят Нафисанинг орзуси ушаладиган лаҳзалар яқинлашди. Йигирма нафар қиздан иборат бўлғуси ишчиларни аэропортга олиб боришди. Негадир кузатгани Шоди ака чиқмади. Аммо бунга эътибор бериб ўтиришга қизларнинг вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ эди. Улар юраклари ҳаяжонга тўлиб, ўзларича бегона юртдаги нуфузли меҳмонхоналарни, даста-даста кўкимтир пулларни тасаввур этиб чарчашмасди.
Хайрият, чиптани ҳам, визаларни ҳам иш берувчиларнинг ўзлари амаллашибди. Қизлар қаторида Нафиса ҳам тоғасига ялина-ялина икки юз доллар пулни сумкасига жойлаб олди…
Фақат бир нарсадан Нафисанинг юраги ғаш эди.
Онаси йиғлаб қолди…
«Майли, — ўйларди ўзича у иллюминатордан ташқарига маҳзун боқаркан. — Худо хоҳласа, бир йил ичида ойижонимни бой қолиб юборсам, йиғлаганлари ёдидан чиқиб кетади. Мен албатта шундай қилишим керак!..»
Самолёт керакли манзилгача тахминан олти соатча учди. Ерга қўнишганда, кучли иссиқ шамол эсар, нафас олиш анча оғир эди.
Қизларни ўрта бўйли, қоп-қора рўмолни иягигача танғиб бойлаган бир аёл кутиб олди ва барчаларини алоҳида-алоҳида машинага ўтқазди. Нафиса самолётда танишган Ҳуснида исмли тенгдош қиз билан бирга ярқираган «Мерседес»га ўтирди.
Машина чамаси икки соатча йўл босиб катта бир шаҳар ичкарисига кирди.
Бу ерлардаги бинолар, иншоотлар ватандагидан буткул фарқланар, Нафиса кўчаларни кузатаркан, бу биноларга боқиб ҳайратдан ёқа ушлагиси келарди.
Аёл икки дугонани ўн олти қаватли уйнинг энг баланд қаватига олиб чиқди. Йўл-йўлакай танишишди. Аёлнинг исми Сабрина экан.
Ҳайрон бўлди. Кўзлари мовийлигидан оврўпаликларга ҳам ўхшаб кетарди. Лекин исми бўлакчалигини эшитиб, Нафиса лабини тишлаб қўя қолди…
* * *
Квартира беш хонали бўлиб, тўрттасига турли ёшдаги қизлар жойлаштирилган эди. Қизлар янги меҳмонларни кўриб ими-жимида саломлашишган бўлишди-ю, хоналарига қайтишди.
— Манави ер икковларингники, — тушунтирди Сабрина опа қизларни йўлакнинг ўнг бурчагидаги хонага олиб кириб. — Ана, каравот, ётар ўрин муҳайё. Овқатдан камчилик кўрмайсанлар. Фақат ўзбошимчалик қилиб кўчага чиқиб юрманглар. Бунга рухсат йўқ. Бир ҳафтадан кейин Фарид исмли йигит келади. У бошлиғимиз. Иш масаласини ўшанда гаплашамиз.
Сабрина опа хайр-маъзур қилиб чиқиб кетди.
Қизлар бир-бирларига маъноли тикилиб олишди-да, қўлларидаги сумкаларни шкафга жойлаш ҳаракатига тушишди.
* * *
Тўғридаги хонада Марина исмли рус қизи ҳам яшарди. Гавдали, сийналари ярим очиқ, малла сочлари ёйиқ бу қиз Нафиса ва Ҳуснида билан қизиқиб қолди. Соф инглиз тилида уларнинг қаерданлигини, қаерда ўқиганлари-ю, бунгача нима иш билан шуғулланганликларини суриштирди. Қизлар ҳам яшириб ўтиришмади.
— Бу ерда нима иш қилишларингни биласизларми? — сўради Марина охири.
— Нима иш қилардик? — деди Нафиса. — Сотувчилик қиламиз-да!
Марина бу гапни эшитиб кулиб юборди.
— Сотувчилик? Ким айтди?
— Шартномада кўрсатилган. Ҳаммасини фирмадагилар билан келишганмиз.
— Шунақа денглар? — Марина бирдан маъюс тортиб икковларига бирма-бир қараб чиқди.
— Алдашибди, — деди бош чайқаб. — Бу ерда сизлар эркакларнинг кўнглини олиш билан шуғулланасизлар. Мана кўрасан, бир ҳафтадан сўнг мижозлар кела бошлашади. Анави Сабрина ҳаммани мижозларга бўлиб чиқади.
— Нима?.. — Нафиса беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Нега биз эркакларнинг кўнглини олишимиз керак?.. Мен… Ахир, биз ҳали бокирамиз!.. Бизга… Сотувчилик қиласизлар дейишган-ку!..
— Бокираликларинг эвазига сизларга кўпроқ ҳақ тўлашлари мумкин, — деди Марина ўрнидан қўзғалиб эшик томон юраркан. — Менга қаранглар, яхши, одобли қизларга ўхшайсизлар. Кетинглар бу уйдан! Алданганларингга яраша номусларингни сақлаб қолинглар!.. Мен кимларга учрашишни биламан. Улар сизларнинг ватанга қайтишларингга албатта ёрдам беришади.
— Паспорт-чи? — Маринага тикилди Ҳуснида титраб. — Паспортимни Сабрина олиб қўйган-ку!
— Унисиниям мен айтган одамлар тўғрилаб беришади. Сизларга маслаҳатим, тезроқ кетинглар!..
Кеч эди. Нафиса ҳозирча тунаб қолишга шеригини кўндирди.
Икки қиз эрта тонгда уйқусизликдан қизарган кўзларини ишқалаганча Марина ёзиб берган манзил томон йўл олишди.
ЭСЛАТМА:
Нафиса ва Ҳуснида масъул ташкилотларнинг кўмаги билан бир амаллаб ватанга қайтишди ва фирибгарлар устидан милиция бўлимига арз қилишди.
Жиноятчилар жазога тортилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|