Самарқанд шаҳрига кириш ва чиқишда чекловлар кучайтирилади, шаҳар ҳудудида куннинг маълум вақтларида махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш имконияти яна бекор қилинади.
Самарқанд шаҳрида 13 май куни соат 06:00дан бошлаб яна карантин чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳри ҳокими, шаҳар прокурори ва шаҳар ИИБ бошлиғи иштирокида ўтказилган онлайн брифингда хабар қилинди.
Хусусан, эрталаб соат 07:00дан 10:00гача ҳамда кечки соат 17:00дан 20:00гача бўлган вақтда автотранспорт воситалари эркин ҳаракатланиши чекланади.
Фақат озиқ-овқат савдо дўконлари, дорихоналар ва деҳқон бозорлари фаолиятига рухсат берилади.
Бундан бошқа барча хизмат турлари чекланади:
озиқ-овқат савдо дўконлари, дорихона ва деҳқон бозорларига киришда ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчанади. Бозор ёки савдо мажмуасига кираётганда дезинфекция воситалари билан ишлов берилади;
шаҳарга киришда ўрнатилган 25та блокпостлар фаолияти кучайтирилади. Шаҳарга мақсадсиз кириш ва шаҳар ичида мақсадсиз, стикерларсиз ҳаракатланиш чекланади;
шаҳардаги вилоят ва шаҳар ташкилотларида карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши назорат қилинади ва бунда бошқарма ва ташкилот раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилади. Карантин қоидаларига амал қилмаган ташкилот раҳбарини Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилиши масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан кўриб чиқилади;
мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқарма, ташкилот ва муассасаларга бегона шахслар киритилмайди. Ҳар бир ташкилотнинг кириш эшигида доимий навбатчилик ташкил этилади. Шунингдек, ҳар бир ташкилот ходимлари корхонага киришида тана ҳарорати ўлчаниб, дезинфекция қилинади.
Айни пайтда шаҳарда СЭС инспекцияси, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва миллий гвардия ходимларидан иборат 10 та мобил назорат гуруҳи ишламоқда. Яна 15та шундай гуруҳ ташкил қилинади ва кунлик назорат ишлари давом эттирилади.
Маълумот учун, Самарқанд вилояти Ўзбекистонда эпидемиологик вазият энг оғир аҳволда қолаётган ҳудуд ҳисобланади. Вилоятда сўнгги ҳафталарда ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.