Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши касал ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади" (Бақара сураси, 183–184-оят).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таолодан нақл қилиб айтганларки: "Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учун, илло рўзаси бундан мустаснодир.
Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим берурман". Чунки рўза бошқа ибодатлар каби инсон кўзи тушадиган, барча хабардор бўладиган амал эмас. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўра олмайди. Шу сабаб Аллоҳ таоло бу амалнинг мукофоти ёлғиз ўзига тааллуқли эканининг хабарини берди. Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Қиёмат куни қушларники каби қаноти бор инсонлар келади. Улар қанотлари билан жаннат девори устига учиб боришганида, жаннат қўриқчиси: "Сизлар кимсизлар?" деб сўрайди. Улар: "Муҳаммад (алайҳиссалом) умматиданмиз", дейишади. "Ҳисоб-китобни кўрдингизми?" деб сўраганда, "Йўқ", деб жавоб беришади. Фаришта улардан: "Сизлар сирот кўпригини кўрдиларингизми?" деб сўрайди. Улар: "Йўқ", деб жавоб беришади. Сўнг: "Сизлар бу даражага нима билан эришдингиз?" дейди. "Биз дунё ҳовлисида Аллоҳга махфий (бериё) ибодат қилганмиз. Охиратда Аллоҳ ҳам бизни жаннатга махфий ҳолатда киргизмоқда", дейди улар ("Зубдатул воизийн").
Рўзадор очлик ва чанқоқлик туфайли ҳалок бўлишидан хавфсираса ёки касал бўлса, рўза аҳволини оғирлаштирса, унинг рўза тутмаслиги дуруст бўлади.
Бу зарурат ҳолидадир. Албатта, зарурат ҳолида таъқиқлар мубоҳ бўлади ("Равзатул уламо").
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: "Менинг умматимга олдинги умматларнинг бирортасига ато қилинмаган бешта хислат берилди: 1) рамазон ойининг аввалги кечасида Аллоҳ таоло уларга раҳмат назари билан қарайди. Аллоҳ қайси бандасига раҳмат назари билан қараган бўлса, абадий азоб қилмайди; 2) Аллоҳ малоикаларга Муҳаммад (алайҳиссалом) уммати учун истиғфор айтишни буюради; 3) рўзадор кишининг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳ наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир; 4) Аллоҳ таоло жаннатга: "Зийнатлан", деб буюради ва сўнг: "Мўмин бандаларимга жаннат бўлсин, улар Менинг дўстларимдир", дейди; 5) Аллоҳ таоло уларни мағфират қилади". Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадисда айтилганки: "Ким рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" ("Зубдатул воизийн").
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: "Рамазоннинг ҳар бир соатида Қадр кечасигача олти юз мингта дўзахга маҳкум бўлган киши дўзахдан озод қилинадилар, Қадр кечасида эса, ойнинг аввалидан бошлаб унгача озод қилинганлар миқдорича киши озод қилинади. Ҳайит куни эса, бу муборак ойнинг бошидан то охиригача озод қилинганларнинг ададича киши озод қилинади" ("Мишкот").
Жобир (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилганлар: "Рамазон ойининг охирги кечасида еру осмонлар ва малоикалар: "Муҳаммад (алайҳиссалом) умматига мусибат бўлди", деб йиғлайдилар. Шунда: "Эй Расулуллоҳ, у қандай мусибат экан?" деб сўрашди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар": "Рамазоннинг кетишидир. Чунки бу ойда дуолар мустажоб, садақалар мақбул, яхшиликлар кўпайтирилган, азоб эса, дафъ қилингандир".
Рамазоннинг кетишидан ҳам каттароқ мусибат борми! Осмонлару ер ва малоикалар йиғлашидан кўра, бизлар афсусланишга ва йиғлашга ҳақлироқмиз. Чунки бу фазилату кароматлар улардан эмас, биздан узилмоқда ("Ҳаётул қулуб").
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: "Ким рўзани иймон ва ихлос билан тутса, ўтган гуноҳлари кечирилгай".
Айтишларича, рўза уч хил бўлади: 1. Авом рўзаси. 2. Хослар рўзаси. 3. Энг хос бандаларнинг рўзаси.
Омилар рўзаси қорин ва фаржларни шаҳватдан тийишдир. Хослар рўзаси солиҳ бандалар рўзаси бўлиб, инсон гуноҳлардан сақланиш билан бу даражага кўтарилади. Бу иш беш ишга давомли амал қилиш билан бўлади: 1. Номаҳрамларга қарамаслик. 2. Тилни ёлғон, ғийбат ва чақимчиликдан тийиш. Анас (р.а.) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганларини ривоят қилганлар: "Беш нарса рўзани бузади (яъни, савобини кетказади): Ёлғон сўзлаш, ғийбат қилиш, чақимчилик, ёлғон қасам ва номаҳрамга шаҳват билан назар қилиш". 3. Макруҳ (бемаъни, гуноҳ гап-сўзларни, куй-қўшиқларни) эшитмаслик. 4. Жами аъзоларни гуноҳдан тийиш ва ифторда шубҳали таомлардан сақланиш. Чунки ҳалол таом билан саҳарлик қилиб, ҳаром таом билан ифторлик қилинган рўзада маъно йўқдир. Бунинг мисоли бир қасрни қуриб, кетидан уни бузганга ўхшайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Қанчадан қанча рўза тутадиганлар бор. Уларнинг фақат очқаб, чанқагани қолади", деганлар. 5. Ифторда қоринни бўктириб таом емаслик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганларки: "Аллоҳ таоло учун ҳалол таом билан тўлдирилган қориндан кўра ғазаблироқ идиш йўқдир".
Хослар хосининг рўзаси эса, қалбни дунёвий фикрлар ва ҳар хил ғамлардан, бошқача қилиб айтганда, Аллоҳдан ташқари ҳар бир нарсадан ўзини тийишдан иборатдир. Шу мартабадаги рўзадор рўзаси давомида Аллоҳдан бошқа бирон нарсани тафаккур қилса, рўзаси очилади. Бу Пайғамбарлар ва сиддиқ бандалар мартабасидир. Чунки бу мақомнинг ҳақиқати Аллоҳга, якка Унинг ўзига юзланиш ва бошқалардан (махлуқоту мавжудотдан) юз ўгиришдир" ("Зубдатул воизийн").
Яхши билмоқ лозимки, рўза инсонларга сезилмайдиган амалдир, бу амални фақат Аллоҳ ва рўзадорнинг ўзигина билади.
Шунинг учун ҳам рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодат деб айтилган. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: "Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман".
Рўзанинг бошқа ибодатлардан яна бир фарқли фазилати шундаки, унда Аллоҳдан ўзгани шерик қилиш ҳеч бир қавм тарафидан содир бўлмаган. Масалан, мушриклар бутга сиғинишган, қуёш ва ойга ибодат этишган, санамларга атаб қурбонлик қилишган, аммо уларга атаб рўза тутишмаган. Шунинг учун ҳам бу ибодатда Аллоҳга ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик қилинмаган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ рўзани Ўзига хослади, яъни: "Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман", деб марҳамат қилган.
Абул Ҳасан: "Мукофотини ўзим бераман", деган сўзга шарҳ айтиб шундай дедилар: "Ҳар бир тоатнинг мукофоти жаннатдир, рўзанинг мукофоти эса, Аллоҳнинг ўзига йўлиқиш, Аллоҳга назар солиш ва Аллоҳнинг унга назар қилиши ҳамда У билан элчи ва таржимонсиз гаплашишдир. Бу сўзларни йодланг. Сиз муташаббеҳ (ўхшатувчилар) тоифасидан бўлманг. Бизнинг мазҳабда соим (рўзадор) хотинини ўпиши ва ушлаши ўзига ишонч бўлган вақтда дуруст. Аммо ушлаш инзол ёки жимо хавфини пайдо қилса, дуруст эмас". (Инзол – эркак ва аёл пушт сувиинг чиқиши.)
Саид ибн Мусайяб: "Рўзадорга хотинини ўпиш ёки ушлашга инзолдан хавф қилган ёки ундан эмин бўлган вақтда ҳам рухсат берилмайди", деганлар. Бу гапларини тасдиқлаш мақсадида Ибн Аббосдан (р.а.) қуйидагиларни ривоят қилганлар: "Бир йигит Ибн Аббоснинг олдига келиб сўради: "Рўзадор ҳолимда хотинимни ўпсам бўладими?" Ибн Аббос: "Йўқ", дедилар. Сўнг у кишининг олдига бир чол келди. "Рўзадор ҳолимда кампиримни ўпсам бўладими?" деди. Ибн Аббос: "Бўлади", деб жавоб бердилар. Шунда ҳалиги йигит келиб: "Ҳаммамиз бир динда бўлсак, нима учун менга ҳаром қилган нарсани унга ҳалол қилдингиз", деди. Ибн Аббос: "У чолдир, ўз аъзосига эгалик қила олади. Сен эса, шавҳат вақтида аъзойинга эга бўлолмайсан", дедилар ("Равзатул уламо").
Рўзадан мақсад Аллоҳнинг душманига қаҳр қилмоқдир. Чунки шайтоннинг васвасаси ҳам шаҳват билан амалга ошади. Шаҳват эса кўп ейиш ва ичиш билан ҳосил бўлади. Шунинг учун Аллоҳнинг душманига қаҳр қилиш, шавҳатни синдириш емишни озайтириш билан бўлади.
Рўзанинг машру қилиниши ҳақида қуйидагича ривоят бор: Аллоҳ ақлни яратиб, унга: "Олдинга ўгирил", деди. У ўгирилди. Сўнг "Орқангга ўгирил", деди. Яна ўгирилди. Кейин Аллоҳ: "Сен кимсан-у Мен кимман?" деб савол қилди. Ақл: "Сен Раббимсан, мен эса, заиф қулингдирман", деди. Шунда Аллоҳ ақлга: "Сендан кўра азизроқ махлуқ яратмаганман", деди. Сўнг Аллоҳ нафсни яратиб унга: "Олдинга ўгирил", деди, аммо у итоат этмади. Шунда Аллоҳ: "Сен кимсан ва Мен кимман?" деди. Нафс: "Мен менман, Сен Сенсан", деб жавоб қилди. Сўнг Аллоҳ уни юз йил жаҳаннам ўтида азоблади. Кейин жаҳаннамдан чиқариб: "Сен кимсану Мен кимман?" деди. Нафс яна олдингидай жавоб қилди. Шундан сўнг Аллоҳ уни очлик оловида юз йил азоблади. Нафс шундан сўнггина ўзининг банда эканига иқрор бўлди ва Раббига тазарру қилди. Шу сабаб Аллоҳ таоло нафсга рўзани фарз қилди" ("Мишкот").
Рўзани ўттиз кун қилиб белгиланишидаги ҳикмат шуки, айтишларича отамиз Одам жаннатда ўзларига ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйгач, у емиш ўттиз кун қоринларида қолди. Сўнгра Аллоҳга тавба қилдилар. Шунда Аллоҳ унга ўттиз кеча-кундуз рўза тутишни буюрди. Чунки дунёнинг лаззати тўрттадир. Биринчиси ейиш. Иккинчиси ичиш. Учинчиси жимў. Тўртинчиси уйқу. Бу лаззатлар бандани Аллоҳдан тўсувчидир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг умматларига фазл-карами билан фақат кундуз куни рўза тутишни фарз қилиб, кечқурунда еб-ичишга рухсат берди ("Баҳжатул анвар").
Ҳикоя қилинишича, бир маъжусий ўғлини рамазон ойида бозорда таом еб юрганини кўриб қолиб урди, "Мусулмонларнинг ҳурматини муборак ойларида нима учун жойига қўймаяпсан", деб койиди. Бир мажусийки рамазонни шарафлаб шунчалик қилса, мусулмонлар қанчалик унинг ҳурматига риоя қилишлари лозим бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нақл қилганларки: "Ҳар бир одам боласининг қилган ишини Аллоҳ ажрини ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтиради. Магар рўза Унинг учундир, мукофотини Унинг ўзи беради".
Уламолар ушбу ҳадиси хусусида, ҳар хил фикрлар билдиришган. 1. Рўзага риё аралашмайди. У қалбан бажариладиган нарса, бошқа амалларга риё аралашган бўлиши мумкин. Чунки рўзадан бошқа ибодатлар хатти-ҳаракат билан содир қилинади. Ибодатлар ичида фақат рўзагина инсонлардан махфий, ниятнинг ўзи билан амалга оширилади. 2. "Унинг ўзи мукофотлайди", сўзининг маъноси рўзага бериладиган ажр-савоб миқдорини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, деганидир. 3. "Рўза Аллоҳ учун, Аллоҳ уни мукофотлайди", дегани "Аллоҳ холисона қилинган ибодатни ёқтиради", деган маънодадир. 4. Бу ўринда ташриф улуғлаш бўляпти, чунончи "Байтуллоҳ" сўзидагига ўхшаш. 5. Таом ва емишлардан беҳожат бўлиш ёлғиз Аллоҳнинг сифатидандир. Мўмин рўзадор бўлганида мана шу илоҳий сифат билан хулқланади, Аллоҳга қурбат ҳосил қилади. 6. Бунда малоикаларга ўхшашлик ҳам бордир. Чунки малоикалар таомдан беҳожатдирлар. 7. Ҳамма ибодатларда баъзан бандаларга зулм етказиб қўйиш эҳтимоли бор, рўзада эса, бундай эмас. Уламои киромлар, Аллоҳ учун тутилган рўза тилида ва ишида гуноҳлардан сақланган кишининг рўзаси эканига иттифоқ қилишган.
Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинади: "Ким рўзани иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади". Бу сўзлар ҳақ-ростдир. Анас ибн Молик (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилиб, бундай деганлар: "Ҳар бир дуо ва осмон ўртасида парда бор. Токи Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саловот айтилмагунгача, дуо қабул бўлмас. Агар саловот йўлланса, у парда куйиб, дуо осмонга чиқади. Агар саловот айтилмаса, дуо қайтиб тушади".
Ҳикоя қилинишича, солиҳлардан бири намозда ўтирар экан, саловот ўқишни эсдан чиқариб, салом бериб юборди. Шу куни тушида Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрди. У зот: "Менга саловот айтишни эсдан чиқардинг", дедилар. Шунда у киши: "Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳнинг ибодати ва мадҳи ила машғул бўлиб, сизга саловот айтишни эсдан чиқарибман", деб айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга қарата: "Аё, сен менинг: "Амаллар ва дуолар то менга саловот айтилмагунгача тўхтаб тургувчидир", деган гапимни эшитмаганмисан?! Зеро, банда Қиёмат куни бутун дунё аҳлининг эзгу амаллари мислича амал билан келса, токи унда менга йўлланган саловот бўлмас экан, унинг бирор яхшилиги ҳам қабул қилинмайди. Балки ўзига қайтарилади", дедилар ("Зубдаҳ").
Мусо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Раббига муножот қилиб: "Эй Раббим! Бирор бандангни мени икром қилганингчалик икром қилганмисан? Ахир, Сен менга ўз каломингни эшиттирдинг", дедилар. Шунда Аллоҳ: "Эй Мусо! Мен сен билан гаплашган вақтимда ўртамизда етмиш минг парда бор эди. Лекин охир замон бўлганда Менинг шундай бандаларим бўлгайки, Мен уларни рамазон ойи билан икром қиламан, уларга Мен бу муборак ойда жудаям яқин бўламан. Уммати Муҳаммад рўза тутиб, лаби оқариб, рангги сарғайиб ифторликка ўтирган сонияларда Мен шу пардаларни кўтараман. Эй Мусо! Рамазон ойида қорни оч қолиб, жигари куйганларга жаннат бўлсин. Мен уларни жамолимни кўришдек улкан бахтга мушарраф қилгайман".
Шунинг учун ҳам оқиллар бу ойнинг ҳурматини билишлари ва қалбни мусулмонларга нисбатан гина ва адоватлардан сақлашлари лозим бўлади. Шунингдек, хавфу ражо орасида рўзамиз қабул бўлдими ёки йўқми, деган қўрқув туришлари керак. Зеро, Аллоҳ таоло: "Албатта, Аллоҳ муттақийлардан қабул қилади", деб марҳамат қилган.
Хабарда келишича, рўзадорлар қабрларидан чиқиб, тутан рўзаларини танийдилар. Сўнг ҳар хил туҳфалар берилгай, дастурхонларга таклиф қилингайлар, шунда уларга: "Сизлар инсонлар тўқ бўлиб, сувга қониб юрган вақтда оч ва чанқоқ эдиларингиз. Мана энди маза қилиб еб-ичинглар, бошқалар эса ҳисоб-китобдадир" ("Танбеҳул ғофилийн").
Ойиша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтдилар: "Ким ихлос билан эътикоф ўтирса, олдинги гуноҳлари кечирилади".
Яна Ойиша онамиз айтганларки: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирардилар. Вафот этган йиллари ҳам бу одатларига риоя қилдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Шунинг учун у зотнинг вафотларидан кейин муҳтарама завжалари ҳам ўз уйларида эътикоф ўтиришди. Фуқаҳолар аёлларнинг уйларида эътикоф ўтиришлари мустаҳабдир, деганлар ("Шарҳу машориҳул анвор"). Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|