Россиянинг «Фонтанка» нашри Гамалея марказининг SARS-CoV-2 коронавирус вакцинаси тўғрисидаги ҳисоботи билан танишиб чиқди. Газетада қайд этилишича, у Владимир Путин ва Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко айтганидек умидли кўринмаяпти.
11 август куни рўйхатга олинган вакцинанинг эпидемиологик самарадорлиги ўрганилмаган. Тадқиқот давомида вакцина синаб кўрилган 38 нафар кўнгиллида 144 та ножўя таъсир кузатилган.
Шифокорлар мижозларга вакцинани синаб кўраётган пайтда қўлларида шокка қарши ускуна ушлаб туришлари шарт. Бу ҳақда эса Россия президенти «Гам-Ковид-Вак» тақдимотидан олдин хабардор қилинмаган.
«Гам-Ковид-Вак»ни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган Гамалея марказининг ҳужжатларида, вакцина фақат фавқулодда ҳолатларда ишлатиладиган дориларни рўйхатдан ўтказиш тартибидан ўтганлиги айтилган. «Гам-Ковид-Вак»ни қўллаш фақат аҳолини вакцинопрофилактикалаш ҳуқуқига эга бўлган тиббий ташкилотлар шароитидагина мумкин.
Чекловлар жуда тез ва жуда кенг бўлмаган тадқиқотлар билан бўлиқ. Иммунологик хусусиятлари ва хавфсизлиги фақат ўрта ёшдаги 38 нафар соғлом кишиларда ўрганилган холос.
Гамалея маркази ҳисоботларида келтирилишича, препарат билан эмлаш кўнгиллиларнинг 100 фоизида инфекцияга қарши антиген-специфик ҳужайравий иммунитетнинг шаклланишига олиб келган. Аммо 42 кунгина олиб борилган тадқиқот ишлаб чиқувчига чуқур хулосалар чиқаришга имкон бермаган.
Афтидан бу эмлаш бошланганидан 42-кун ўтгач барча кўнгиллиларнинг зардобида вирусни нейтраллаштирувчи ўртача титри 49,3 бўлган антитаналар деактивациялашгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Титр — муайян миқдордаги зардобда мавжуд антитанлар миқдори. Унинг ўлчов бирлиги мМЕ/мл бўлиб, у қанча кам бўлса, организмда антитаналар миқдори ҳам шунча камлигини билдиради. 49,3 кўрсаткич антитаналар ўртача миқдорига ҳам етмайди. Вақт ўтган сари у янада камайиб боради.
Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги «Гам-Ковид-Вак»дан кейин иммунитет икки йил давомида сақланиб қолиши мумкинлигини айтганди. Сеченов номидаги университет патафизиология профессори, тиббиёт фанлар доктори Антон Эршовнинг таъкидлашича, бу гипотезани тасдиқловчи далиллар йўқ.
Гамалея марказининг препаратнинг хавфсизлиги, бардошлилиги ва иммуногенлиги борасида очиқ клиник ўрганишлар асосида тузилган ҳужжатлари янги вакцинанинг ташқи белгилар намоён қилмаслиги ва ножўя таъсирлари йўқлиги ҳақидаги тезисни тасдиқлай олмайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, номаъқул ҳодисаларни содир бўлиши даражасига кўра тез ва жуда тез деб баҳолаш мумкин.
38 нафар кўнгиллида 144 та ножўя таъсирлар қайд этилган. Уларнинг кўпчилиги асоратсиз ўтган. Аммо тадқиқотнинг 42-кунига келиб, 31 та ножўя таъсир бартараф қилинмаган, 27 та ножўя таъсирнинг қандай якунлангани мутахассисларга ҳалигача номаълум.
Вакцинациядан кейин кўнгиллиларнинг препарат киритилган жойида шиш, оғриқ, гипертермия ва қичима кузатилган. Умумий асоратлар сифатида астения, кўнгил айниши, пирексия, ҳароратнинг кўтарилиши, иштаҳанинг пасайиши, бош оғриғи, томоқ оғриғи, диарея, бурун битиши, томоқ қичиши ва ринорея қайд этилган.
Тиббиёт ҳужжатларидан келиб чиқилса, вакцинани қўллаш 18-60 ёш чекловига эга. Бу ҳам тадқиқотларнинг қисқа ўтказилгани билан боғлиқ. Болалар ва кексаларга препаратни қўллаш мумкин эмас.
Шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга ҳам уни қўллаш тақиқланган, чунки унинг «самараси ва хавфсизлиги ўрганилмаган». Бундан ташқари, вакцинанинг бошқа дорилар билан ўзаро таъсири ва унинг транспорт воситасини бошқариш қобилиятига қандай таъсири кўрсатиши ҳам ўрганилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигини Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирганди.
Ассоциация вакцина яратувчилари унинг синовларини ҳатто юзлаб одамлар иштирокида ҳам якунламагани, бундан ташқари вакцина асосида синовлари ҳали ҳам давом этаётган MERS’га қарши бошқа вакцина борлигини билдирган ва шу сабабли унинг самарадорлиги тўғрисида хулоса беришга ҳали асос йўқ деб топган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош эпидемиологи Николай Брико унга жавобан Гамалея марказининг вакцинаси «йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмагани», марказ Эбола ва MERS’га қарши вакциналар ишлаб чиқиб, ушбу соҳада 10 йилдан ортиқ вақт давомида иш олиб бораётганини билдирган.
Росздравнадзордан бўлган Сергей Глаголев ўз навбатида АҚШ ва Европа Иттифоқида препаратлар клиник синовларнинг дастлабки босқичларида рўйхатдан ўтказилишини айтган.
11 август куни Россия президенти Владимир Путин ушбу вакцина рўйхатга олинганини ва қизларидан бири эмланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, биринчи эмланишдан сўнг қизининг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилган, эртаси куни эса 37 даражагача тушган. «Иккинчи муолажадан сўнг тана ҳарорати яна бироз кўтарилиб, кейин тушди. Ўзини яхши ҳис қиляпти», — деб айтган ва ушбу вакцина самарали эканлигини таъкидлаган.
Путин Россияда вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни ташкил этилишига умид қилмоқда.