Жорий йил 01 май куни Сирдарё вилоятидаги "Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми "б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълумот учун:
207-модда. Мансабга совуққонлик билан қараш
Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
258-модда. Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш
(2-қисм «б» банди)
Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.