Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сен ўзи кўзга ҳам кўринмайдиган, заррадек махлуқсан. Бироқ шу ҳолингда ҳам бутун дунёни ларзага келтира олдинг. Чегаралар ҳам, аскарлар ҳам, ҳарбий қурилмалар ҳам, узоқ масофалар ҳам йўлингни тўса олмади. Қойил сенга, коронавирус!
Бугун ҳамма сендан қўрқяпти, эҳтиёт бўляпти, зараркунандалигингдан ёзғиришяпти. Уларга ўлим келтираётганинг учун сени жуда ҳам ёмон кўришмоқда. Мен ҳам сендан безорман, зарарингдан Роббимнинг паноҳига қочаман. Таълимларимиз, жамоат намозларимиз, жумаларимиз тўхтаганидан аламдаман. Лекин бир ҳақиқатни айтишим керак: қилган баъзи яхшиликларинг учун сенга раҳмат айтгим бор. Нега дейсанми? Бироз қулоқ тутсанг, айримларини айтиб ўтаман.
Биз Роббимизни унутиб, дунёга муккадан кетган эканмиз, сен бизга Роббимизни эслатдинг. Бунинг учун сенга раҳмат, коронавирус!
Сен бизга ожизлигимизни эслатдинг. Биз билиму қувватимизга ишониб, ҳамма нарса ўз қўлимизда деб, ҳовлиқиб кетган эканмиз. Ростини айтсам, сўзда бўлмаса-да, амалда худолик даъвосига ҳам ўтиб кетган эдик. Бугун эса кўзга кўринмас зарра олдида чорасиз қолдик. Бандалигимизни эслатиб қўйдинг, раҳмат, коронавирус!
Биз ўлимни унутиб, худди ўлмайдигандек, зулму фасодга, фаҳшу ҳаромга, ўйин-кулгига ботиб қолган эканмиз, бизга ўлимни эслатдинг, анча ўзимизга келдик, кўпчилигимиз тавба қилиб қолдик. Раҳмат сенга, коронавирус!
Биз инсонлар бир-биримизга душман бўлиб, бир-биримизнинг қонимизга ташна бўлиб ётган эдик. Ҳозир эса бир-биримизни эҳтиётлаб, ўзаро ёрдам улашяпмиз. Меҳрга қанчалар зор бўлиб кетган эканмиз! Раҳмат сенга, коронавирус!
Биз амри маъруф ‒ яхшиликка буюриш, наҳий мункар ‒ ёмонликдан қайтаришни деярли тарк этган эдик. Фаҳш, ҳаром-хариш ишлар оддий ҳол бўлиб, ҳатто «маданият»дек туюлиб қолган эди. Бугун эса ўша биз бепарво ташлаб қўйган буюк амални ‒ амри маъруф ва наҳий мункарни бизнинг ўрнимизга сен бажармоқдасан ва бунинг уддасидан чиқяпсан ҳам. Раҳмат сенга, коронавирус!
Сен сабабли ароқхўрлар ароқдан, зинокорлар зинодан, бузуқ ўйин-кулги шинавандилари ўша қилмишларидан тийилиб қолди. Эркак-аёл аралашиб, кўнгилхушлик қилишлар ҳам йўқ, улар ҳатто бир-бирига яқин келишга қўрқиб қолишди. Сен уларнинг барчасини уйига қамаб, ўзининг ҳалол оиласига қайтардинг. Раҳмат сенга, коронавирус!
«Ёшлигингда ўйнаб-кулиб қол», деган бузуқ шиорга алданиб, нафсоний майлини қондириш билан кун кўрадиганлар ҳам тинчиб қолишди. Бу каби ишлар, алдоқчи шиорлар онгимизни қанчалик заҳарлаб ташлаганини энди ҳис қиляпмиз. Раҳмат сенга, коронавирус!
Биз мана шу ҳаром ишларни тўхтатиш ҳақида гапирсак, оғзимизга уришар, бизни қолоқликда, мутассибликда айблашар эди. Сенга эса ҳеч ким ғиринг дея олмади. Ҳеч ким сенга даъво ҳам қилмади, таҳдид ҳам қилмади. Аксинча, сен уларга таҳдид қилдинг, мағрур турганча ҳаммасини тиз чўктирдинг. Қойил сенга, коронавирус!
«Аёллар зийнатларини кўз-кўз қилиб, ҳадеб кўчага чиқавериши яхши эмас, улар кўпроқ уйларида бўлиши, фарзанд тарбияси билан машғул бўлиши керак», деб ҳарчанд бонг урмайлик, бизга ҳеч ким қулоқ солмас эди. Сен эса уларнинг ҳаммасини бир кунда уйида ўтирғизиб қўйдинг! Раҳмат сенга, коронавирус!
Мастура муслималар иффатини ҳимоя қилиб, авратини тўсиб юришса, буни ёмон кўришар эди. Энди эса ўшаларнинг ўзи муслималардан ҳам кўпроқ тўсиниб олишди. Қай бири Роббингдан, қай бири сендан қўрқиб тўсинган. Энг муҳими, бугун бировнинг тўсингани билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳамма ўзи билан овора, нафсоний хуружлар сўнган. Бўлар экан-ку шундай яшаса ҳам? Раҳмат сенга, коронавирус!
Сен барчани покликка мажбур қилиб қўйдинг. Деярли ҳамма қўлини ювиб, оғиз-бурун чайқаб, таҳорат билан юрадиган бўлиб қолди. Ўзи аслида бизнинг маданиятимиз, қадриятимиз ана шундай эди, фақат унутилаёзган эди. Сен туфайли уларни анча тиклаб олдик. Раҳмат сенга, коронавирус!
Исломдаги покликнинг қадрини ўзимиз унча биламас эканмиз. Бугун ғайримуслимлар касалликдан сақланиш учун талаб қилинган покланишни Расулимиз бундан минг тўрт юз йил олдин ўргатиб кетганларини айтиб, ҳайратларини баралла изҳор қилмоқдалар. Биз ўзимиз бу ҳақиқатни уларга тушунтиришга ярамаган эдик, буни ҳам сен уқтирибсан. Раҳмат сенга, коронавирус!
Биз китоб ўқимай қўйган эдик. Китоб ўқиш ҳар қанча тарғиб қилинса ҳам, парво қилмаётган эдик. Бугун эса зерикканимиздан бўлса ҳам китоб ўқияпмиз. Бунинг қанчалик роҳатлигини айтсанг-чи! Руҳларимиз зир қақшаб қолган экан, анча ҳузур олмоқда, озуқаланмоқда. Раҳмат сенга, коронавирус!
Сен оталарни фарзандларига, оналарни уйларига қайтардинг. Тўзғиб кетаёзган оилаларни жамулжам қилдинг. Болаларимизнинг тарбияси билан шуғилланишимизга имкон яратиб бердинг! Раҳмат сенга, коронавирус!
Сен туфайли жамиятга кимлар кўпроқ керак эканини, қайси соҳаларга кўпроқ эътибор бериш лозимлигини ҳам билиб оляпмиз. Кўнгилхушлик, ўйин-кулгини касб қилиб олганларнинг асл қийматини ҳам англагандекмиз. Ажаб эмаски, эндиги ҳаётимизда Аллоҳ ҳаётимизнинг тутқичи қилиб берган мол-мулкни ўринли сарфлашга одатлансак. Бунга ҳам сенинг ташрифинг сабаб бўлмоқда. Раҳмат сенга, коронавирус!
Шаҳарлардаги бақир-чақир, шовқин-сурон, ур-тўполонлардан ҳам роса чарчаган эканмиз. Ўзимизни ўзимиз қийнаб яшаётган эканмиз. Сен туфайли жорий этилган чилла ‒ карантин шу жиҳатдан бизга истироҳат бўлди. Нафақат кўчалар, нафақат маҳаллалар, ҳатто ҳаммамиз нафас олаётган ҳаво ҳам тозаланиб қолди. Раҳмат сенга, коронавирус!
Дуо қилишни ҳам унутаёзган эдик. Дуони фақат бошимизга бирор ташвиш тушганда қилардик, ўша иш ҳал бўлса, шукрона айтиш ҳам эсимиздан чиқиб, яна ўша дунё ташвишига шўнғиб кетаверар эдик. Маросимларда, тадбирларда қўлларимизни юзимизга бирров суртиб, шуни дуо, дин деб юрар, яна ҳеч нарса бўлмагандек ишимизга кетаверар эдик. Сенинг бунчалик узоқ, муросасиз таҳдидинг оқибатида астойдил, қўрқиб, ялиниб-ёлвориб дуо қила бошладик. Ҳа, сен туфайли биз чин маънода дуо қилишни ўргандик. Раҳмат сенга, коронавирус!
Бугун кўпчилигимиз уйда ўтириб, илм олиш, Қуръон ўқиш, намоз ўрганиш, салавот айтиш билан бандмиз. Қалбимиздаги доғлар бироз аригандек. Бу эса сен қилган амри маъруфнинг самараси. Раҳмат сенга, коронавирус!
Ҳамма ўз қайғусида, ўзи билан овора, ўз тўрвасини тўлдириш ўйида. Сен бизга Қиёматни эслатдинг: фақат Аллоҳ учун дўстлашганларгина бир-бирига ёрдам берадиган Кунни бироз ҳис қилдик. Раҳмат сенга, коронавирус!
Бир сўз билан айтганда, сен инсониятни инсонийликка қайтардинг, ўзидан кетиб қолган башариятни анчагина ҳушига келтириб қўйдинг. Илоҳо, ўзинг тезроқ кетгин-у, аммо таъсиринг абадий қолсин. Раҳмат сенга, коронавирус!
Бироқ, барча баробар эмас экан, сенинг хайқириқларингдан ҳам ўзига келмаганлар, уйғонмаганлар кўп экан. Ҳали ҳам тавба қилмаган, ғафлатга чўмган, махфию ошкора гуноҳларга ботиб ётганлар йўқ эмас. Улар моддий оламга муккасидан кетиб, руҳи ўлиб, фақат жисмдан иборат махлуққа айланиб қолган кишилар экан. Эҳтимол, уларга Роббимнинг яна бошқа «атаганлари» бордир? Ёхуд уларни Қиёмат кутмоқдами?
Хуллас, очиғини айтганда, кулфатинг қадар неъматинг ҳам бор экан, коронавирус. Сен ҳақиқатан ҳам Роббимиз бизни огоҳлантириш учун юборган бир лашкар экансан.
Аллоҳим, Ўзинг айтганингдек, синовинг жуда тез етиб келди. Берган неъматларингни бир зумда олиб қўйдинг, шу заҳоти уларнинг қадрини билдик. Неъматнинг қадрини билиш тез бўлар экан, аммо қадрига етиш энди бир умр бўлади. Тавба қилдик, бизларни кечиргин ва бу балодан халос қилгин!
Биз Аллоҳга тавба қиламиз, Унга қайтамиз, Унга юкунамиз, ўзимизни ўнглаймиз. Эй коронавирус, бўлди, энди амри маъруф ва наҳий мункарни ўзимиз қиламиз, Роббимизга чин дилдан тазарру қиламиз. Шуни кутаётган бўлсанг, мана, кўзларимиз очилди. Энди қайтсанг ҳам бўлади. Ҳаммаси учун сенга каттакон раҳмат, яхши боргин, коронавирус!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|