Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг қарори (http://lex.uz/docs/4434432) билан Тошкентда доимий пропискага кирита оладиган ташкилотлар сони яна биттага кўпайиб, улар сафига Савдо-саноат палатаси ҳам қўшилибди. Ҳозир жами 87 та ташкилот бор бу рўйхатда.
Бунинг мантиқсизлиги шундаки, фуқароларни 12 та тоифага ажратган прописка ҳақидаги ўша машҳур қонуннинг (http://lex.uz/docs/1869805) 11-бандида ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг 07.10.2016 йилдаги 336-сонли қарори (http://lex.uz/docs/3042005) билан тасдиқланган рўйхатда ҳам илтимоснома киритиш ҳуқуқи фақат давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига берилган. Бошқача вариант йўқ.
Лекин 87 талик рўйхатда 3 та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам киритилган. Булар:
1) Ёшлар иттифоқи; 2) Маҳалла республика кенгаши (номи узун, қисқартирдим); 3) Савдо-саноат палатаси.
Юқоридагилар давлат ташкилоти ҳисобланмайди, уларнинг ҳуқуқий шакли – ННТ!
Наҳотки шунақа қарорларни тайёрлаётганлар давлат ташкилоти билан ННТнинг фарқига бормаса? Боришади, борганда қандоқ. Чунки Вазирлар Маҳкамасида ҳам, ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказадиган Адлия вазирлигида ҳам жуда малакали юристлар ишлайди, бунга аминман. Фақат негадир кўз юмишади, кўриб кўрмасликка олишади. Ёки "тепадан” топшириқ бўлармикин кўз юмишга?
Бу гапларимни ўқиб, худдики рўйхатга қўшилган 3 та ННТга қарши чиқаётгандай, рўйхатдан уларни ўчириш керак деяётгандай кўринишим мумкин. Лекин асло бундай эмас.
Кўпчилик яхши билади, бу лаънати прописка тизимига тиш-тирноғим билан қаршиман. Шу жумладан, меҳнат соҳасидаги энг катта дискриминация ва коррупцияни келтириб чиқараётган 11-бандга ҳам.
Чунки Ҳукуматнинг ўзи фалон ташкилотга «сен бизга кераксан, республика аҳамиятига моликсан», деб туриб, бошқасини бу рўйхатга киритмасдан «сен бизга керакмассан, сенинг ходимларингни ҳам биз учун зиғирча қадри йўқ» дегандек иш тутишига чидаб бўлмайди.
Коррупция эса, ташкилотлар ичида бўлади. Қайсидир ходимга доимий прописка учун тавсиянома ёзишга ҳеч қайси раҳбар пул сўрамайди, деб кафолат берадиган бирорта мард борми? Шунинг учун бунақа бемаъни тартибни бекор қилиш керак. Бу ҳақида алоҳида мақолада батафсил тўхталишга ҳаракат қиламан.
Бу постдан асосий мақсад эса оддий – агар Ҳукумат ўз принципларида тура олмасдан, фақат давлат дейилган жойга нодавлатни ҳам қўшдими, унда охиригача борсин. Қолган йирик ННТларни ҳам рўйхатга киритсин. Масалан:
• сиёсий партиялар; • Касаба уюшмалари Федерацияси; • Хотин-қизлар қўмитаси; • Фермерлар кенгаши; • Миллий олимпия қўмитаси; • ННТлар миллий ассоциацияси (НАННОУз); • Электрон ОАВ миллий ассоциацияси (НАЭСМИ); • Маънавият ва маърифат маркази; • «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати; • ногиронлар жамиятлари; • Истеъмолчиларнинг ҲҲҚЖ федерацияси; • ФЖШМҚМИ (НИМФОГО); • «Олтин мерос», «Соғлом авлод учун», «Вақф» каби йирик хайрия фондлари; • Адвокатлар палатаси орқали адвокатлар; • Журналистлар уюшмаси орқали журналистлар; • Ёзувчилар уюшмаси орқали ёзувчилар; • ва шу каби бошқа йирик ННТлар.
Хўш, инсоф билан айтингчи, ушбу ННТларни давлат ташкилотларидан қаери кам? Давлатни қўя туринг, Ёшлар иттифоқи, Маҳалла кенгаши ёки ССП каби ННТлардан қаери кам? Бу учаласининг шохи борми ёки республика учун ўтказиб қўйган алоҳида хизматлари борми? Ёки Ҳукумат юқорида мен санаган ННТларни республика аҳамиятига молик бўлмаган, майда-чуйда ташкилотлар деб ҳисоблайдими?
Сиёсий партиянинг жонкуяр ходимидан «Ўзагросервис» ходими нима учун устун?
Хотин-қизлар қўмитасининг ходими «Ўзбекипаксаноат» ходимидан нима учун қадрсиз?
Фермерлар кенгаши ходими «Ўзпахтасаноат» ходимидан нима учун ғариб? (харип деб ўқиманг тағин)
Ҳукуматда бу саволларга жавоб борми? Айтинг, билайлик? Нодавлат ташкилот ходимларининг дискриминацияси сабабларини халқ билиб қўйса ёмон бўлмасди.
Ижтимоий адолатни чидаганга чиқарган, ёки охиригача адолат қилиш керак, ёки умуман бошламаслик керак бу ишни.
P.S.: аслида буни рўйхатнинг бошида турган сиёсий партиялар баралла айтиши керак, аммо улар ҳозирча жиддий мавзуларда соқов бўлиб юришни маъқул билади. Уларга тонировка хавфсизроқ мавзу… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|