АҚШ давлат котиби Майк Помпео 2020 йилда Қозоғистонга ташрифи доирасида Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича стратегиясини тақдим этади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди хабар берди.
«Аввало, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси тақдим этилишини кутмоқдамиз. Ушбу ҳужжат биринчи марта қабул қилинмоқда», – дея Тлеубердининг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс».
Шунингдек, унинг аниқлик киритишича, АҚШ давлат котибининг Нур Султонга ташрифи чоғида АҚШ-Қозоғистон муносабатларининг барча жиҳатлари муҳокама қилинади.
Агентликнинг хабар беришича, олдинроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ойбек Смадиёров Помпеонинг ташрифи 2020 йил бошига режалаштирилгани ҳақида маълумот тақдим этган.
Сентябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ Бош ассамблеяси 74-сессиясидаги юқори даражали сиёсий мунозараларда республика муваффақиятли келажаги йўлида чуқур сиёсий трансформацияга муҳтожлигини маълум қилди.
Бундан олдин, Майкл Помпео январь ойи бошида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётгани хабар берилганди.
Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, Майкл Помпео Ўзбекистонга ташрифи мобайнида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.