ҒАЛАТИ ЙЎҚОЛИШЛАР
Рус-япон уруши якун топар пайтларда Полтаванинг чекка қишлоқларидан бирида ғалатомуз воқеалар содир бўла бошлади. Аввалига Мария Бурова деган гўзал ва ёш қиз изсиз ғойиб бўлди. Ташвишга тушган ота-онаси қўшнилар, қариндошларникигача кириб чиқди. Маша ҳеч қаерда йўқ эди. Эрталаб қишлоқ аҳли Машани қидиришда ота-онасига ёрдам қўлини чўзди. Кимдир дарё музлагани, аммо музи юпқалиги, Маша ўша дарёнинг нариги соҳилига ўтмоқчи бўлган-у, муз ёрилиб чўкиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Аммо бу ҳам тахминдан бўлак нарса эмасди.
Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, Пасха байрами арафасида шу қишлоқда яшовчи яна бир ёш қиз йўқолиб қолди. Қишлоқ оқсоқоли бу қизни йўлдан ўтиб кетаётган лўлилар ўғирлаб сотиб юборган бўлиши мумкинлигини чамалади.
Ёзга бориб яна қишлоқдаги икки қиз йўқолди. Уларни ҳам қидириб топа олишмади. Йўқолган қизлардан бирининг онаси охири чидай олмади ва Наталья деган фолбинникига йўл олди. Фолбин қартага қараб фол очарди. Қарталарини ёйиб кўзларини каппа-каппа очганча чўзиб эснади-да, аёлга деди:
— Қизингни қидириб овора бўлма! У аллақачон ўлиб бўлган!..
Келаси йили Рождество байрамидан сўнг яна бир қиз йўқолди. Нималарни тахмин қилишмади-я! Бари бефойдалигича қолаверди. Ниҳоят қишлоқ аҳли ўзаро маслаҳатлашиб, шаҳарга жўнашди ва раҳбарларга бор гапни тўкиб солишди. Ёрдам беришларини с ўрашди.
— Сизларнинг дардингизга шерикмиз, — дейишди шаҳар корчалонлари. — Бораверинглар! Яқинда қишлоққа тажрибали изқуварни жўнатамиз. У ёрдам беради…
КЕКСА ХУТОРНИНГ СИРИ
Ҳа, корчалонлар алдамабди. Кўп ўтмай, қишлоққа Николай Солово деган изқувар полициячилар ҳамроҳлигида кириб келди. Солово ҳали ёш бўлишига қарамай, жуда интилувчан, тажрибали изқуварлардан эди. У оқсоқолдан қишлоқ билан таништиришини сўради.
— Мен ёвуз кучларга ишонмайман, — деди изқувар кулимсираб. — Лекин далилликка ярайдиган изларни албатта топишим лозим…
Оқсоқол бутун қишлоқни кўрсатиб чиқди.
— Ҳов анави четдаги эски уй кимники? — сўради у қишлоқнинг нариги этагига етишгач. — У ерда ким яшайди?
— Э, — қўл силтади оқсоқол. — Бу уйда Нааталья Кравченя деган жодугар аёл яшайди. Қишлоқдагилар бу уйни ҳов наридан айланиб ўтишади. Айтишларича, Наталья ёвуз руҳлар билан тиллашармиш.
— Қаранг, — деди изқувар майса устидаги изларни кўрсатиб. — Фикримча, кимдир шу уйга тез-тез келиб туради шекилли. Излар ҳали янги. Наҳотки, жодугардан қўрқмайдиганлар ҳам бўлса?
— Бе, — деди яна норози қўл силтаб оқсоқол. — Хотинларимиз аҳмоқ-да. Эрини иссиқ-совуқ қилдиргани келиб туришса керак…
Бу гал изқувар дурбинини олди-да, уйни кузата бошлади. Натальяни ҳам кўрди. Ёш, бақувват, ўрта яшар аёл экан. У ҳовлида уёқдан-буёққа юриб, уй юмушларини адо этарди.
Изқувар Натальянинг уйига боришни маъқул кўрди. Боришди. Киришди. Ичкарини кўздан ўтказишди. Шубҳаланишга арзийдиган ҳеч нарса кўрина қолмади. Шу тобда изқувар тўрт тарафи тахминан 50 сантиметрлик шолчани кўриб қолди ва бирдан сергак тортди. Шошилинч шолчани кўтариб олди. Унинг остида худди шундай тўртбурчак тахта қопқоқ бор эди. Изқувар қопқоқни кўтариб олди. Адашмабди. Бу ертўла экан. Зиналардан пастга тушди-да, фонар билан тор ертўлани кўздан кечира бошлади. Четда сандиқ бор экан. Ичини очмоққа шайланди. Оча олмади. Четга сура бошлади. Бу ишни уддалади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, сандиқнинг остида юмшоқ тупроқ зоҳир эди. Кимдир чуқур ковлаган-у, яқиндагина кўмган кўринади. Ёнидагилардан бири фонар тутиб турди. Изқувар қўллари билан юмшоқ тупроқни ковлаб ола бошлади. Билмайди. Йигирма, ёки ўттиз сантиметр ковладими-йўқми, аёл кишининг озғингина қўлини тортиб олди. Кўрсаткич бармоғига узук тақилибди.
ИБЛИС ЕТОВИДАГИ ҚОТИЛ
Шу куниёқ Наталья Кравченяни қамоққа олишди. Полициячилар эса ўша чуқурни охиригача ковлаб, ичкарисидан етти нафар қиз мурдасини тортиб олишди. Бу қизлар изсиз ғойиб бўлганлар, ўша қишлоқда яшовчилар эди. Қийноқлардан сўнг жодугар Наталья ҳаммасини айтиб берди. Айтдики, қайсидир китобда ёш, навқирон, гўзал қизларнинг қонидан ёшартирувчи элексир тайёрлаб ичса, одам ёшариши ҳақида ўқиган экан. Китобда қизларнинг қонини ичишдан ташқари, яна бир талай сирли ҳаракатлар, амалларга эътибор қаратиш лозим экан. Ёшариш учун у қизларни ўлдираверган. Қонини ичгач, мурдаларни сандиқ остидаги чуқурга кўмиб юборган.
Наталья воқеаси бутун дунёни даҳшатга солди. Уни қийноққа солишди. Мажбурлашди. Аммо ёшариш масаласидаги асосий сирларни айтмади. Суд ҳукмига кўра, Натальяни қатл этишди. Ўлса ўлдики, бироқ ёшартирувчи ўша элексир тайёрлаш сирини айтмади. Сирларини ўзи билан қабрга олиб кетди.