Яқинда Москва вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари 2017 йили содир этилган қотиллик жиноятини очиб, айбдорни қўлга олишди. Қотил истеъфодаги ички ишлар подполковниги Алексей Жданов бўлиб чиқди.
Маълум бўлдики, Жданов 2017 йили шахсий автомобилида светофорга яқинлашгач, нимадир бўлган-у, тўхтаган. Орқадаги машина ҳайдовчиси, 38 ёшли озарбайжонлик йигит сигнал чала бошлаган. Подполковникка яна бу йигит уни масхаралагандек, ҳайдаб кетаётган «Жигули»сига масхараомуз қарагандек туюлган ва йигитнинг орқасидан бориб, масалага ойдинлик киритмоққа шайланган. Улар кўп қаватли уйлардан бири ҳовлисида рўбарў келишган.
— Сен бу шаҳарда хўжайинмисан? — сўраган Жданов ундан.
Саволга жавобан озарбайжонлик йигит Георгий Акопжонов подполковникни бўралаб сўккан. Шунда пенсионер чўнтагидан Макаров тўппончасини чиқарган-у, йигитни отиб ўлдирган. Қотиллик содир этилгач, подполковник Жданов ўзининг «Жигули» автомобилини ёқиб юборган. Тўппончани эса дарёга улоқтирган. Аммо барибир ўша куниёқ қўлга тушган.
— Мен шундоғам уйдан ёмон кайфиятда чиққандим, — деди Жданов тергов жараёнида. — Бу йигит устимдан кулди, мени ҳақорат қилди. Шунинг учун ўлдирдим…
Тергов давомида маълум бўлдики, Жданов аслида биринчи марта қотилликка қўл урмабди. Илгари яна бир озарбайжонлик эркакни ўлдириб, жасадини ўрмонга беркитиб кетган экан. Марҳумнинг танасида тиғ ва ўқотар қурол туфайли пайдо бўлган жароҳатлар борлиги аниқланди. Демак, Жданов уни олдин пичоқлаган, бу камлик қилиб тўппончадан отиб ўлдирган.
Терговчилар аниқлашдики, марҳум таксичилик қилган. Бироқ ўлими сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб турибди.
Жданов ички ишларда фаолият юритиш жараёнида кўп маротаба раҳбарларнинг назарига тушган. Албатта қонунбузарликлар содир этгани туфайли. Масалан, у қўзғатилган жиноий ишларни пул эвазига ёпди-ёпди қилиш билан ҳам астойдил шуғулланган. Худди шундай жиноятни содир этгани учун 1999 йили уни ички ишлардан ҳайдашган. Лекин ҳеч қанча ўтмай, Москва вилоятидаги Климовск туман ички ишлар бўлимида раҳбар лавозимлардан бирини эгаллади.
Орадан икки йил ўтгач, яна қонунбузарликка йўл қўйди. Ждановни бу сафар фоҳишалар билан боғлиқ жиноят содир этганликда айблашди. У ҳар ойда уч минг доллардан пул олиш эвазига фоҳишахоналарни ҳимояси остида ушлаган экан.
Полициядан чиққан маньяк Алексей Жданов энди барча қилмишлари учун қонун олдида жавоб беради.
Астағфирилло!!!