Ҳар биримиз умримиз давомида бу ўткинчи дунёни тарк этгунимизга қадар ўзимиздан 20-40 тонна чиқинди қолдирар эканмиз. Биз ана шу ҳолатни ўзгартиришимиз мумкин. Йўқ, йўқ, биз албатта, уни ўзгартиришга мажбурмиз!
Қуйидаги рақамлар осмондан олиб ёзилмаган, балки бу экспертларнинг аниқ ҳисоб-китобларига асосланган.
Ерга тушган пластик идишлар 300-500 йил давомидагина йўқолиб кетади. Ер сайёрасида ҳар йили 270 000 000 000 та пластик бутилкалар ишлаб чиқарилади. Тренер-консультант Глеб Шулишевнинг «Бир марталик қотиллар» тақдимотига кўра ҳар сонияда 8562 дона бутилка чиқинди қутисидан жой олар экан. Улар эртами ё кечми барибир сув ҳавзалари ва дунё океанига бориб тушади. Океанларда бутун бир «Чиқинди орол»лари ҳосил бўлиб, уларнинг узунлиги сувда бир неча километрларни ташкил қилади. Аста-секинлик билан шўр сув пластикни емира бошлагач, у майда бўлакларга бўлиниб кетади. Сув оқими бўйича ҳаракат қилувчи ҳайвонлар ва ўсимликлардан иборат тирик организмлар билан бирикиб кетади. Ана шундан балиқлар ва денгиз сут эмизувчилари озиқланади. Натижада нуфузли ресторанлардаги кимёвий заҳарланган энг тансиқ балиқлардан тайёрланган овқатларни истеъмол қилган мижозларнинг танасида ана шу пластик заррачалар тўплана бошлайди.
Яна бир деталга эътиборингизни қаратиш зарур. Бу уларнинг турли ранглардаги қопқоқчалари бўлиб денгиз қушлари кўпинча адашиб балиқчалар ўрнига палапончаларини ана шу қопқоқлар билан боқяпти, соддагина палапончалар уларни истеъмол қила-қила, ошқозонлари пластикка тўлиб қолгач, бир азобда ҳалок бўлишмоқда. Ҳар йили миллионга яқин қанотли ҳамроҳларимизнинг қотили жоҳил одамларнинг хатоси туфайли десак хато бўлмайди.
Соғлиқ учун зарарли бўлган яна бир кимёвий бирикма бисфенол (ВРА) АҚШ, Канада, Туркия ва Евроиттифоқ мамлакатларида тақиқланган. Унинг хавфлилиги шундаки, аёлларнинг эстроген гормонлар тузилишига ўхшаш бўлиб, организм уни билмасдан «ўзиникидай» қабул қилади, шу вақтда маккор душман организмда тўпланади ва мияга, бола туғилиш функциясига салбий таъсир қила бошлайди, онкологик касалликларнинг пайдо бўлиши ва она қорнидаги ҳомилада Дауна синдроми пайдо бўлишига худди шу нарса сабабчи бўлади.
Агар эътибор берган бўлсангиз охирги йилларда Дауна синдроми билан туғилаётган «қуёш» болалар жуда кўпайиб бормоқда. Дунё бўйича ўлим миқдори саратон касаллиги ҳисобидан қайд этилмоқда.
Буларнинг барчаси табиатга шафқатсизларча муносабатимизга жавоб албатта.
Бисфенол нима?
Бисфенолнинг ўша машъум бутилкалар билан қандай боғлиқлик жойи бор деб сўрарсиз? Бу кўпинча одамлар сезмаган ҳолда содир бўлади. Масалан, машиналарда бутилкали сувларни ташиш вақтида улар критик ҳолатдаги ҳароратда қизийди. Ана шу вақтда бисфенол бутилкадан ажралиб чиқа бошлайди. Сиз тозаланган сувдан ичяпмиз, деб ўйласангиз катта хато қиласиз. Чунки сиз суюқ заҳарни ичаётганлигингизни ҳатто сезмайсиз ҳам. Жуда кўп экспертлар машҳур фирмаларнинг бутилкалардаги сувлари оддий водопровод суви билан тўлдирилганлигини бир неча бор исботлаб беришган. Йилига пластик бутилкаларни ишлаб чиқариш учун 17 миллион баррел нефт сарфланар экан. Ҳар бир бутилкани ишлаб чиқариш жараёни учун уч баравар кўп сув сарфланади. Бутилкалик сув учун тўловнинг 90 фоизини уни ишлаб чиқарилган идиши ва 10 фоизгинаси эса ичидаги сув учун амалга оширилади.
Саломат бўлинг!!!