Бундан узоқ йиллар аввал содир бўлган бу воқеани уни бошидан ўтказган одамнинг ўзидан эшитганман.
Хуллас, Давлат ака оиласи билан шаҳарга кўчиб келиб, янги уй қидира бошлабди. Узоқ қидиргандан кейин бир уйни топишибди. Уйнинг ҳам ҳашаматли, ҳам арзонлиги уларга маъқул тушибди. Шундан кейин кўчиб келиб, яшай бошлашибди. Орадан маълум вақт ўтгач эса…
Кунларнинг бирида Давлат ака ниманингдир тарақлашидан уйғониб кетибди. Ўрнидан туриб, ошхонага бораётса, ўғли ухлаб ётган хонанинг эшиги секин ёпилибди. Шунда у "Ўғлим ошхонага чиққандир-да”, деб ўйлаб, хонасига қайтибди. Эртаси куни нонушта вақтида эса ўғлининг гапи уни ажаблантириб қўйибди.
— Дада, кеча ошхонада ниманингдир тарақлагани эшитилди, кимдир чиққанмиди? — деб сўрабди Дониёр.
— Сен чиқмаганмидинг? — ажабланибди Давлат ака.
— Йўғ-э, ярим кечаси уйғониб кетадиган одатим йўқлигини биласиз-ку!
— Лекин мен ўша овозни эшитиб, хонамдан чиққанимда сенинг эшигинг секин ёпилди-ку! Мен сен чиққан бўлсанг керак, деб ўйлаб…
— Мен чиқмадим. Эшикни ҳам очиб ёпганим йўқ.
Уларнинг суҳбати Диёрани қўрқитиб юборибди.
— Дада, у арвоҳ бўлса-чи? — дебди у кўзларини катта-катта очиб.
— Қўйсанг-чи бунақа гапларни, қизим, — дея қизини овута бошлабди ота. — Шамолми, нимадир бўлгандир-да…
Аммо Давлат аканинг кўнглига ваҳима оралабди. Чунки у тарақлаган овозларни аниқ эшитган, бу ҳеч қандай шамолнинг оқибати эмасди. Қолаверса, ҳамма жой ёпиқ, шамол бўлган тақдирда ҳам хонадаги нарсаларга таъсир кўрсата олмайди-ку! Идишлар тушиб кетгандир-да, деб ўйлайдиган бўлса, улар тушиб кетадиган даражада омонат турган эмасди. Лекин Давлат ака оила аъзоларини хавотирга солмаслик учун ҳеч нарса демабди.
Хайриятки, эртаси куни ҳеч қандай ғаройиб, қўрқинчли ҳодиса содир бўлмабди. Бу эса Давлат аканинг кўнглини хотиржам қилибди, у илгари содир бўлган воқеани шунчаки тасодифга йўйиб қўя қолибди. Бироқ…
Ярим кечаси Диёранинг чинқирган овозидан уйғониб кетган Давлат ака қизининг хонасига югуриб борибди. Унинг ортидан қолганлар ҳам келишибди. Давлат ака хонага кириб, дарҳол чироқни ёқибди. Қараса, Диёра кўрпани бошига ўраб олиб, кўзларини жавдиратганча бир нуқтага тикилиб ўтирганмиш. Юзи оқариб кетибди. Бу аҳволдан Давлат ака қаттиқ қўрқувга тушибди.
— Сенга нима бўлди, қизим? Юзинг оқариб кетибди, тинчликми?!
— Амаки… — зўрға тили айланибди қизчанинг… — Бегона амакини кўрдим…
— Қанақа амаки, нималар деяпсан?! — хавотир аралаш сўрабди онаси.
— Ҳозиргина манави ерда, — дея эшик олдини кўрсатибди Диёра, — менга қараб турганди. Мўйлови бор… Ўзи ғалати қаради! Қўрқиб кетдим!
Давлат ака бошқаларни тинчлантириш учун:
— Босинқираган, шекилли, — дебди. — Кўзига кўринган бўлса керак.
У шундай деб қизининг бошини силабди.
— Қизим, у шунчаки кўзингга кўринган бўлса керак. Мана, қара, эшик олдида ҳеч ким йўқ! Қарагин…
Диёра эшик томонга қарагач, отаси:
— Ҳеч кимни кўрмаяпсан-а? — деб сўрабди.
— Йўқ, — дея бошини сарак-сарак қилибди қизча.
— Кўрдингми? Ҳеч ким йўқ. Сен шунчаки туш кўргансан, холос! Менга ишонасанми?
— Ҳа…
— Унда ётиб ухла. Ҳеч нарса бўлмайди!
Давлат ака қизини амаллаб тинчлантирибди. Лекин Диёра, барибир, ёлғиз ётишга қўрқибди.
— Майли, биз билан ётақолсин, — дебди онаси.
Шундан кейин Диёра тинчгина ухлабди.
Бу воқеалардан ҳам ҳайрон бўлган, ҳам хавотирга тушган Давлат ака эртаси куни "Балки, кимдир душманлик қилиб, фалокатга йўлиқтирадиган бирор нарса ташлаб кетгандир”, деган хаёлга бориб, уйни яхшилаб текшириб чиқибди. Аммо ҳеч нарса чиқмабди.
Бу сафар ҳам илгаригидек ҳолат кузатилибди. Яъни кейин ҳаммаси тинчиб кетибди. Диёра ҳам, бошқалар ҳам маълум муддат ҳеч қандай ғаройиб ҳолатга гувоҳ бўлишмабди. Шу боис Давлат ака: "Бўлган воқеа Диёранинг тасаввуридаги ваҳима”, деган хаёлга борибди. Кейин яна бироз вақт ҳаммаси унутилибди.
Аммо Диёранинг характерида ғалати ўзгаришлар юз бера бошлабди. Одамови бўлиб қолибди, ҳадеганда гапиравермайдиган одат чиқарибди. Бундан ҳайрон бўлган Давлат ака эса қизини шифокорга кўрсатибди, лекин шифокор тушкунлик, қаттиқ сиқилишдан бошқа ҳеч қандай ташхис қўя олмабди. Орадан бироз вақт ўтгач содир бўлган воқеа эса Давлат акани тамомила карахт аҳволга солиб қўйибди.
Ишга кетишга чоғланган Давлат ака эркак кишининг овозини эшитиб, чўчиб тушибди. Чунки биринчидан, эркак рус тилида гапирганди, иккинчидан, уйида бошқа эркак киши йўқ эди. У ҳайрон бўлганча ортига қараса, Диёра унга термилиб турганмиш. У ён-атрофда ҳеч кимни кўрмагач, қулоғимга шундай эшитилгандир, деб ўйлабди. Аммо эшикка яқинлашганида яна ўша овозни эшитибди. Ортига ўгирилганида эса даҳшатдан қотиб қолибди. Чунки унга рус тилида гапираётган эркак қизалоғи Диёра экан. Давлат ака нималар бўлаётганини тушунмабди, кейин қизи яна рус тилида ва эркак кишининг овозида гапиргач, кўраётганлари туш эмаслигини билибди.
— Нега бундай гапиряпсан, қизим? — деб сўрабди Диёрага яқинлашишдан чўчиб.
Аммо қизи яна русча гапирибди. Давлат ака эса беихтиёр қизалоғининг кўзларига қарабди. Диёранинг нигоҳида ёвузлик, совуқлик ифодасини кўргач эса бу ерда қандайдир синоат борлигини тушунибди. Кейинчалик маълум бўлишича, бу уйда олдин рус миллатига мансуб одам яшаган, у ўлгач эса руҳи шу уйда ўрнашиб қолган экан. Ошхонадаги идишларнинг тарақлагани, қизининг кўзига эркак кишининг кўрингани тасодиф эмаслиги ошкор бўлибди. Энг ёмони, руҳ Диёранинг вужудига ўрнашиб олиб, уни бошқара бошлаган, ўшанинг таъсирида рус тилини умуман билмайдиган қиз русча гапирган экан. Агар бу ердан кўчиб кетмаса, бундан-да аянчлироқ воқеалар содир бўлишини билган Давлат ака бошқа уй топиб, оиласи билан бу хонадонни тарк этишибди. Диёрани эса керакли муолажаларни қўллаган ҳолда амаллаб ўзига келтириб олибди. Кўчиб кетганидан кейин ҳеч қандай ғалати ҳодисалар содир бўлмабди. Ҳозир Давлат ака нафақада. Диёра ҳам улғайиб қолган. Давлат ака ўша машъум воқеани эсга олганида бу дунёда ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкинлигига яна бир марта ишонади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|