Меҳмонқул жиккакдан келган, эндигина йигирма ёшга қадам қўйган бўлишига қарамай, пул топишни билади. Шунинг орқасидан одмироқ бўлса-да, машина сотиб олди, ҳали уйланмаган бўлишига қарамай, яхши ниятда ўзига алоҳида ҳовли қурди.
Аммо чўнтаги пул кўрган одам бир жойда тўхтаб қолишни, борига шукр қилишни билмайди. Қанча топмасин, катмони қаппаймасин, камдек туюлаверади.
Бу тонгда ҳам Меҳмонқул шу ҳақда бош қотирарди. Хўш, осонликча пул топишнинг яна қандай усуллари бор? Қай бирини қўллаб кўришга улгурмади?..
«Йўқ, бош қашиб ўтираверган билан наф чиқмайди. — ўйлади у жингалак сочларини кафтлари билан текислаб. — Бир йўлини топишим ва пича пул ишлашим шарт. Ҳар ҳолда кексалик кўз очиб юмгунча мўралаб қолади. Ёшликда каллани ишлатиб қолиш керак. Ҳа, ёдимга тушди… Ўша усулдан фойдаланиб кўраман. Жин урсин!.. Ким эди-я? Қайси ошнам шунақа ишларни яхши ўзлаштирганди? Э, Неъмат эди-ку! Неъмат найнов бир пайтлар гапириб берганди. Қани, ўшанинг қўйнига қўл солиб кўрай-чи!..»
Меҳмонқул онаси қуйиб қўйган пиёладаги чойдан бир ҳўплади-ю, шошилиб ташқарига чиқди…
* * *
Афсуски, найновдан бир иш чиқмади. Дўконида харидор кўплигиданми, ё кайфи чоғ эмасми, ишқилиб, рўйхушлик бермади. Номигагина сўрашган бўлди-ю, ишга шўнғиди.
— Э, сендақанги ошналардан ўргилдим! — сўкинди ташқарига чиқиб Меҳмонқул. — Ўзимнинг билганимдан қўймасин! Локигин, сал туртки берворганда каттароқ пул топсам, берардим улушини! Майли, Обид пучуққа қўнғироқ қилай-чи!
Вақт тушга яқинлашганда ваъдага мувофиқ у пачоқбурун, хомсемиз Обид билан қаҳвахона рўпарасида учрашди.
Улар ўн дақиқача бош қотиришгач, ниҳоят Меҳмонқулнинг ўзи янги режани ўртага солди.
— Мен ҳозирча оғайниларимдан бири айтган корчалонга қўнғироқ қиламан. — деди Меҳмонқул бош қашиб. — Қани, кўнглига қўл солиб кўрай-чи, нима деркин! Башарти иш ўхшаб қолса, сенга хабар бераман. Тағин телефонингни ўчириб қўймагин!
— Гап йўқ! — дея кулди Обид. — Фақат улушни унутмасанг бас!
— Э, арра қиламиз, оғайни! — деди Меҳмонқул унинг елкасига қоқиб. — Буёғидан кўнглингни тўқ қил. Насиб бўлса, иккаламиз қўғирчоқдек машиналардан сотиб оламиз.
* * *
Меҳмонқул уйига келди-да, телефон гўшагини кўтариб керакли рақамларни терди. Бир неча марталик ту-тулашдан сўнг ниҳоят гўшакни кимдир кўтарди.
— Алло! Бу дон маҳсулотлари уюшмаси раиси Хуррамовми? — сўради Меҳмонқул овозини хийла дағаллаштириб.
— Ҳа, мен бўламан! — жавоб бўлди уёқдан. — Ўзингиз ким бўласиз?
— Мен маҳкамадан фалончиев бўламан!
Овоз соҳиби бу гапни эшитиб шошиб қолди. Унинг шивирлаб кимларгадир нималарнидир уқтирганидан билиб олса бўларди.
— Ж-жуда хурсандман, ака! — деди тутилиб Хуррамов. — Бизга… Қандай хизматлар бор?
— Хўш, ғалла қалай бўлди? — сўради Меҳмонқул. — Ҳосилнинг чўғи яхшими ишқилиб?
— Э, ака, режани юз эллик фоиз қилиб бажардик! — мақтаниб қўйди Хуррамов.
— Шунақами?.. — Меҳмонқул бироз жим тургач, давом этди. — Бу мақтовга лойиқ, ўртоқ Хуррамов! Баракалла! Лекин-чи… Сизнинг таърифингизни орқаваротдан эшитиб ўйланиб қолдим.
— Хўш, хўш? — ҳушёр тортган кўйи сўради Хуррамов. — Ака, бирор… Ножўя иш қилиб қўйибмизми ё? Ҳа энди… Иш бор жойда…
— Йўқ, аксинча… Сиз юқори ташкилотларда, каттароқ лавозимларда ишласангиз арзиркан!
— Раҳмат! — кулиб қўйди Хуррамов. — Ҳа энди… Буям насиб қип қолар!
— Агар хоҳласангиз, бир ҳафта ичида маҳкамадан юқори лавозим олиб беришим мумкин.
— Йўғ-э… Қ-қандай бўларкин?..
— Қанддай бўлади, ўртоқ Хуррамов! Фақат харажати бор. Ўзингиз биласиз…
— Биламиз, ака, биламиз! — Меҳмонқулнинг сўзини тасдиқлади Хуррамов. — Майли… Агар сиздай акахонимиз таклиф қилса қўлдан келганча…
— Унда эллик минг кўкини тайёрлаб қўяверинг. Мен сизга эртага эрталаб қўнғироқ қиламан. Ўша рақамни ёзиб қўясиз. Айтганча… Қачон ҳужжат ва пулларни олиб келишингизниям ўшанда айтаман.
— Хўп бўлади!.. Ака, агар иш ўнгидан келса, бир умр хизматингизда бўламан!
— Майли, биз яхши инсонларни ҳеч қачон четда қолдирмаймиз. Бардам бўлинг!
* * *
«Вилоятдагиларнинг соддаликларига энди ишондим. — ўйларди ўзича Меҳмонқул кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Кўрмай, танимай туриб лаққа тушди- қўйди-я!.. Буям менинг фойдамга. Ана энди ишнинг иккинчи босқичига ўтсам бўлади. Шошилиш керак, шошилиш, мулла Меҳмон! Худо хоҳласа, яқинда бойиб қоласан…»
У шоша-пиша қўл телефонини олди-да, Обид пучуқнинг рақамини терди.
— Алло! Обид! Қаердасан? — сўради ҳовлиқиб.
— Қаерда бўлардим? Уйдаман. Сени кутаётгандим.
— Тез Чорсу бозорига бориб иккита мардикорни ёлғондан ишга ёлла.
— Кейин-чи?
— Паспортларини олгин-да, уларнинг номига яширинча иккита сим карта сотвол!
— Нима қиламан иккита сим картани?
— Мижғовланмасдан айтганимни қил! Буёғи ўхшайдиган бўп турибди. Хуллас, икки соатда меникига етиб келасан!
Ҳаш-паш дегунча орадан бир ҳафта вақт ўтди. Меҳмонқул қўлга пул тегадиган куни эрта тонгдаёқ Обидни уйидан олиб чиқиб ҳаммасини обдон уқтирди.
— Сен фалон манзилга таксида айтилган вақтда етиб боришинг керак. — деди у. — Оқ «Волга» меҳмонхона қаршисида турган бўлади. Мижоз оппоқ костюмда, паст бўйли, бошига шляпа кийиб олган, истарали одам. Мана бу пуллар таксига беришинг учун.
— Сени қаердан излайман? — сўради Обид сал чўчигандек. — Ишкал чиқиб қолмасмикан ишқилиб?
— Қанақа ишкал? Жиннимисан? — уришиб ташлади Меҳмонқул. — Қўлингга халтада пул, ҳужжат тутқазишади. Оласан-у, қуён бўласан. Сени уйда кутиб ўтираман.
— Бўпти, борганим бўлсин!
Икки ҳамтовоқ худди узоқ сафар олдидан хайрлашаётгандек бир-бирини бағрига босди. Шундан сўнг Обид ҳаяжон оғушида такси тўхтатиш илинжида катта йўл бўйига жўнади.
Уч хонали квартира залида телевизор варангларди. Юмшоқ диванда эса Меҳмонқул гавдасини орқага ташлаган кўйи кофе ичар, телевизор орқали турли хориж машиналарини кўрганда, керилиб қўярди.
«Ҳа, бу дунёда фақат каллани ишлатиш керак. — ўйларди у ўзича. — Мия бутун бўлса, пулнинг ўзи қувиб келавераркан. Мана, вилоятдан йўл босиб ўзи келиб ўтирибди-ку! Буям каллани ишлатганимдан эмасми? Ҳа, Обид пучуққа ярмини бермайман. Ғоя кимники? Меники. Шундай экан, улушнинг учдан бир қисмини… Йўқ, беш минг берсам дўпписини осмонга отса керак пучуқ. Нима, тешиб чиқармиди?!..»
Шу тобда ташқари эшик безовта тақиллади. Меҳмонқул ўрнидан сапчиб турди-да, уёқ-буёғини тўғрилаган бўлиб йўлакка чиқди ва эшикни очди…
Не кўз билан кўрсинки, қаршисида уч нафар милиционер қўллари кишанланган Обидни маҳкам ушлаб туришарди.
— Шуми Меҳмонқул? — сўради милиционерлардан бири Обидга совуқ тикилиб.
У бош ирғаб саволга жавоб берган бўлди.
— Бизминан бўлимга боришингга тўғри келади. — деди милиция ходими Меҳмонқулга. — Кўрдингми, фирибнинг чатоғи чиқиб қолди. Бўл тез!..
Меҳмонқул Обидни кишанланган ҳолда кўргандаёқ ҳаммасини тушуниб етганди. Фақат қўрқоқ деб ўйламасликлари учун вужудидаги титроқни сездирмасликка уринганди.
— Борсак бораверамиз-да! — дея милиционерларга ўқрайди Меҳмонқул. — Барибир айб тополмайсанлар? Исботлаш керак олдин айбни!
— Айбинг аллақачон исботлаб бўлинган. Шеригинг гапириб берди. Кетдик!
ЭСЛАТМА:
Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исми-шарифлари ўзгартирилган.
Меҳмонқул ва унинг ҳамтовоғи Обид суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|