Пайғамбаримиз туғилишларидан салгина олдин баъзи ҳижозлик[4] араблар тижорат сафарларида аҳли китобларнинг холис олимларидан ҳамда ўша пайтда жинлари орқали осмондаги фаришталардан хабар ўғирлайдиган айрим коҳинлардан "Муҳаммад исмли охирзамон пайғамбарининг Ҳижоз ўлкасидан чиқиш вақти яқинлашди”, деган хабарларни эшитишади ва ўша пайтда туғилган ўғил болаларга, ажабмас мана шу фарзандимиз пайғамбар бўлса, деган умид билан "Муҳаммад” деб исм қўйишади.
Бу ҳақда Абду Раҳмон Суҳайлий[5], Ибн Қутайба[6] ва Ибн Халиккон[7] ўша пайтда "Муҳаммад” исмли "Уч киши бўлган”, дейишади. Қози Иёз "Аш-шифо” (1/287), Ибн Касир "Ас-сийратун набавия” (1/299), "Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/259), Имом Саолибий "Ат-тафсир” (4/297), Исмоил Ҳаққий Ҳанафий "Руҳул баён” (9/404) ва Муҳйиддин Дарвеш "Эъробул Қуръон ва баёнуҳу” (9/197) асарида: "Олти киши бўлган”, дейишади.
Бироқ Ибн Ҳажар Асқалоний "Фатҳул Борий” (6/556)да: "Улар учта ёки олти киши бўлган деб чеклаш тўғри эмас. Мен бу ҳақдаги барча маълумотларни жамлаганимда, уларнинг сони йигирма нафарга етди. Ўша маълумотларни умумлаштирганимда эса, ўн беш ёки ўн олти киши қолди”, деб таъкидлайди.
Дарвоқе, ўша "Муҳаммад”ларнинг пайғамбарликни даъво қилиб чиқишларига Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила йўл бермаган. Чунки "…Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир…”[8].