Ҳурматли Қорбобо!
Ўйлаб қарасам, сенга ҳеч хат ёзмаган эканман. Аммо бу сафар ёзаман. Майдалашиб машина, иссиқ кийим-бош, ўйинчоқлар сўраб ўтирмайман. Зотан мен сўрайдиган нарсаларни ҳал этсанг, қолганлари шундоқ ҳам бўлаверади.
Хуллас ўтган йил келиб-кетганингдан бери мен яшайдиган мамлакат қонунларида кўплаб ўзгаришлар бўлди. Ҳар бир чиқарилаётган қарор ва фармон, қабул қилинган қонунлар орасида узоқ кутилгани ҳам бор, кутилмаганлари ҳам. Ўтган йили келганингда сўрашга юзхотир қилгандик. Бу йил қонунлар, тартиб-таомиллар бўйича сендан сўрайдиганларимиз кўп ва хўп. Ҳа айтганча, буларни яна ўзига сўраяпти деб ўйлама. Мен азалдан монополияга тиш-тирноғи билан қарши болалардан бўлганман.
Прописка
Қорбобожон! Сен прописка нималигини билмасанг ҳам керак. Тушунтириб ўтсам. Прописка дегани бу эски даврнинг ҳал қилинмай қолган муаммоларидан бири. Балки энг долзарби ҳам дейиш мумкин. Дастлаб Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2018 йил 22 январь куни ПФ-5308-сонли Президент фармони билан 2018 йилги давлат дастурида бу мавзуга тўхтаб ўтилган эди.
Унда "Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш” деган жумлалар мавжуд эди. Айнан шу банд ҳали-хануз амалга киритилмаган, тартиби ишлаб чиқилмаган. Тўғри, прописка бўйича кўплаб ўзгаришлар бўлди. Масалан, ходимни ишга қабул қилишда бу талаб олиб ташланди. Бунинг ортидан иш берувчи ҳам жабр кўрмайдиган бўлди. Вақтинча ёки доимий пропискасиз бўлса ҳам уйига ижарачи қўйган шахсларга жавобгарлик олиб ташланди. Бироқ, энг асосий жиҳат ҳозиргача ўзгаришсиз қолмоқда.
Соддароқ қилиб тушунтира қолай сенга. Айтайлик, қорқиз ва сен вилоятликсиз. Тошкентдан уй олмоқчисиз. Бироқ бунга сизда ҳуқуқ йўқ. Аслида, ҳуқуқингиз йўқ ҳам деб бўлмайди. Фақат бу ҳуқуқнинг нархи анча қиммат. Яъни Тошкентдан вилоятликларнинг уй харид қилиш ҳуқуқи фақат "новостройка”ларга тегишли. Айнан қонун билан иккиламчи бозордан кўчмас мулк олди-сотдиси фақатгина Тошкент шаҳри пропискасига эга фуқароларга амал қилади. Бу сенга фуқароларни табақаланишдек туюлаётган бўлса керак…
Конституциянинг 28-моддасида ҳам келтириб ўтилганидек, "Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга”. Аммо бу қоида сен ва қорқизга тегишли эмас, менимча. Чунки сизларда прописка йўқку.
Ҳокимларнинг кенгаш раислигидан олиниши
Сен ҳассангни ерга бир уриш билан арчанинг чироқларини ёқа оласан, шундайми? Мен сенга айтсам, ҳассанг ҳам, арча ҳам бизнинг ҳокимларнинг бир дўқ уриши билан бутун бошли маҳаллани буздириб юбориши олдида ҳеч нарса эмас. Холбуки, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурининг 28-бандида ҳокимларнинг энг "катта ваколатлар”ининг биридан айрилиши кўзда тутилган эди. Унга кўра, ҳокимлар халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилиниши бўйича лойиҳа қабул қилиниши белгиланган.
Ушбу масала юзасидан чора-тадбирлар амалга ошириш бўйича 2019 йил 2 мартгача муддат қўйилган. Бироқ, бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 3 апрелдаги қўшма қарори билан чора-тадбирлар дастури қабул қилиш билан тугади. Бу йил кўпчилик томонидан кутилаётган тартиблардан яна бири айнан шу. Илтимос, шу тартибни тезроқ амалга киритиб бер! Баъзи ҳокимбувалар "ўзим хон, кўланкам майдон” бўлиб кетди-да. Ахир, демократия бўйича бу мумкин эмас-ку.
Истеъмол саватчаси
Сен борган кўп юртларда "истеъмол саватчаси” бор. Биз ҳалиям совет давридан қолган тартиб энг кам ойлик иш ҳақи бўйича юрибмиз. 2018 йил давлат дастурининг 139-бандида "истеъмол саватчаси” тушунчаси ишлатилди. Дастурда илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича "истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, назарда тутилган эди. Муддат 2018 йил 1 июлига қадар белгиланганди.
Жорий йил 27 июль куни (орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб) иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев "истеъмол саватчаси” ва "тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни амалиётга жорий этиш учун ташкилий масалаларни амалга ошириш лозим эканлигини айтганди. Ўшанда у ҳам кўзимга қорбободек кўринди. Нега десанг, бизда ҳозиргача бу тартиб, бундай гапнинг ўзи бўлмаган. Сендан шуни ҳам Янги йилга қўшиб олиб келишингни сўраймиз.
Паспорт ўрнига ID-карта
Билишимча, паспортинг йўқ. Сен бирор мамлакатга бориш учун виза ҳам олиб ўтирмайсан. Сенга айтсам, 2018 йилги давлат Дастурининг 27-бандига биноан фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш белгиланди. Лойиҳада хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, Ўзбекистон ҳудудида шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ID – идентификация картасини босқичма-босқич жорий этиш масаласи назарда тутилди.
Қорбобо, буларнинг юртида фақат камчиликми деб ўйлама! Бизда хорижга чиқиш паспорти жорий этилди. Ушбу қизил рангли хужжатни олиш аввалгидек югур-югурни талаб қилмайди. Буни йўлга қўйилгани кўп енгилликлар берди. Бироқ, дастурнинг банди тўлиқ ижрога қаратилмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 апрелдаги "Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимлари жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикада ID карталардан фойдаланиш тизими жорий этилиб, унинг дастлабки синови Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгилаб қўйилган эди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 майдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда Германиянинг "Veridos GmbH” компанияси (инвестор) томонидан ID-карталарни ишлаб чиқиш тизимини йўлга қўйиш тартиби жорий этилган. Амалда эса ҳали ишлар қилинмаган. Кел, шу келаётган йили ортиқча югур-югурлар, бюрократияларсиз бизга ID картани осонгина бериб қўяқол!
Лоббизм тўғрисидаги қонун
Қорбобожон! Сен жуда кўп мамлакатларда бўласан. Катта мамлакатларнинг муаммолари ҳам, пуллари ҳам катта. Аслида шу коррупция балоси ўша тарафлардан бизга келган бўлса ҳам йўқотолмай ҳалакмиз. Ўзингга маълум, коррупция ва лоббизм яхлит бир тизимдаги бир-биридан ажратиб бўлмас тушунчалар. Бизда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бироқ ҳозиргача лоббизм масаласида қонунчилик жим. Бу масалада илк марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов ОАВ олдидаги чиқишида тилга олди.
Коррупция ва лоббизм халқнинг оёғига болта урувчи иллатлардан биридир. Шу сабабли, халқнинг бефарқ бўлмаган ҳар қандай вакили бу бўйича қонунчиликда акс эттирилишини кутиши, табиий ҳол. Шунинг учун ҳам бизга қонунчиликда пухта механизмлар билан ишланган шундай битта қонунни совға қил. Зора, лоббистларнинг "шўрига шўрва тўкилса”.
Таълим тўғрисидаги қонун янги таҳрири
2018 йилги давлат Дастурининг 172-бандига биноан "Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини 2018 йилнинг 1 июлига қадар ишлаб чиқиш белгиланган. Муҳокамага қўйилган сана 29 август куни бўлган.
Янгиланиш талабини замонннинг ўзи қўймоқда. Қайсидир давлат таълимга юқори технологиялар жалб қилиш тарафдори бўлса, бошқа давлат кадрлар бўйича экспериментлар ўтказмоқда. Дунё миқёсида масофадан, яъни online тарзида ўқув жараёнлари ташкил этилган. Сен келадиган ўша шимолий юртларда, масалан Скандинавия, Европа давлатларида бу тизим жуда илгарилаб кетган деб эшитганмиз. Бизда-чи?
Айтсам ишонмайсан. Бизда ҳали-хануз 1997 йил 29 август куни қабул қилинган қонун амал қилиб келмоқда. Келаётган йилда ушбу қонун ҳам қабул қилинишига кўмак бериб юбор. Болалар ва ёшлар сендан жуда хурсанд бўлишади.
Монополия, Ҳаво йўллар, Узавтосаноат
Биламан, бу мавзулар жуда ҳам сийқаси чиқиб кетган. Буларни йўқотиш сени ҳам қўлингдан келмас балки, лекин чиқмаган жондан умид. Президентимиз 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида "Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, парвозларни амалга ошириш, аэропортларни бошқариш ва аэронавигация хизматлари бир-биридан ажратилиши ҳақида айтганди. Биз бу ташкилотнинг бозордаги ҳукмронлигига чек қўйилиб, кўплаб лоукостерлар кириб келишига умид қиляпмиз.
Худди шу ҳолат "Ўзавтосаноат” бўйича ҳам. Машина ҳақида сўрамайман дегандим-ку, лекин бозорда танлов бўлгани яхши-да
Умуман, шу монополлик қилаётган ташкилотларга ҳам қонун бормикин? Уларнинг сонини санасам бисёр.
Журналистларга нисбатан тажовуз учун жавобгарлик кучайтирилиши
Қулоғингга етиб боргандир, бу йил Ўзбекистонда журналистларнинг обрўси жуда-а ошиб кетди.
Ўзи асли журналист касби хавф-хатарга тўла. "Шес секунд”да нималар бўлиб кетмайди дейсан. Кўплаб ривожланган давлатлар сингари бу касб эгалари алоҳида қонуний муҳофазага олиниши бугунги кун талаби.
Давлатимиз раҳбари Конституциянинг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда ОАВ ҳақида алоҳида гапириб, кўнглимизни тоғдек кўтарди.
"Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир.
Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди”, деди Президент.
Энди бу жиҳат жавобгарлик назарда тутувчи кодексларда ҳам акс этса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Прокурор қарори устидан судга шикоят қилиш
Қорбобо-қорбобо, соқоллари бор бобо! Бизда-чи, узоқ вақтлардан бери прокурор қарори устидан фақатгина юқори турувчи прокурорга арз қилиш тартиби амал қилиб келди. Бу тартиб коррупцияга қарши курашни амалга оширувчи ташкилотнинг ўзи коррупцияга ботиши учун асосий омил сифатида баҳоланмайдими? Мана масалан, Қорқизнинг устидан сенга шикоят қилишса, сен нима қиласан?
Прокурор қарори устидан судга шикоят қилиш тартиби амалга киритилиши Президентимиз томонидан айтиб ўтилди. Бу жараённинг амалга киритиши кўплаб юристлар, ҳақсизликка учраётган шахслар томонидан узоқ вақтлардан бери кутиб келинаётгаи ҳам бор гап. Келаётган йилда тезроқ бу тартибни кучга киришини кўпчилик кутмоқда. Бу тартибни амалга киритишга ёрдам берсанг, қинғирлик билан ишлаб кўкрагини кериб юрган айрим прокурорларга зарба бўларди.
Қорбобожон, биламан сендан бирон нарса сўраш учун шеър айтиш керак. Мен сенга марҳума шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг шеърини ўқиб бермоқчиман.
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим, Оҳорлари кетиб борар, билмаслар. Жамалаксоч пари-пайкарлар кўрдим, Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари, Дунё молин маҳкам тишлар тишлари – Боғларининг ширинзабон қушлари – Олқорлари кетиб борар, билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари Гижинглайди, деб ўйласам, додлади. Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади – Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр-қирини, Билмай қолдим келмак, кетмак сирини. Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини, Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда, Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда. Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда, Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|