Ҳаётда кўплаб ғалати воқеаларни эшитганман. Аммо уларнинг ҳеч бирига ишонгим келмасди. Лекин яқин инсонимдан бир воқеани эшитдим-у, ҳайратдан ёқа ушладим. Келинг, яхшиси, ўша яқин инсонимнинг тилидан ҳикоя қилиб бера қолай.
Бир танишим автобазага қоровул бўлиб ишга кирди. Бундан олдин эса унга автобазада сирли воқеалар содир бўлиши ҳақида кўп гапиришган экан. Баъзи одамларнинг айтишича, у ерда қандайдир кичкина хонача бўлиб, унга ҳеч ким яқинлаша олмас экан.
— Чунки у хонада шайтонга ўхшайдиган махлуқ яшайди, — дебди бир оғайниси. — Кундузи ҳеч қаерда кўринмайди. Лекин кечалари пайдо бўлади! Ҳатто орқасида думи бор экан. Сочлари ўсиб ётади.
— Йўғ-э, — табиийки, унинг гапига ишонмабди танишим, — менимча, у ҳеч қанақа махлуқ эмас. Бирорта дайди бўлса керак-да. Ўзига қарамаганидан сочлари тўзғиб кетгандир. Думига келадиган бўлсак, бу одамлар тўқиб чиқарган уйдирма!
— Одам бўлса, овқатланиши керак-ку, тўғрими?! — барибир, фикридан қайтмабди оғайниси. — Бирор нима ейди-ку! У бўлса кундузи умуман ташқарига чиқмаскан. Тасаввур қиляпсанми? Бирор нарса керак бўлганда чиқиши керак бўлади-ку! Айтишларича, у анчадан бери яшаркан.
— Йўғ-э. Одамлар унинг борлигини билишган экан, нега тегишли жойларга мурожаат қилишмабди? Агар чиндан ҳам шайтон бўлса, уни даф қилишнинг йўлини топишарди-ку!
— Буниси билмадим. Мен ҳам шуни тушунмаяпман.
— Балки, кечаси чиқар.
— Лекин автобазанинг атрофида эрталабгача ишлайдиган магазин бўлмаса керак. Устига-устак, агар у бирорта магазинга борган бўлса, ҳалигача шунчалик шов-шув кўтарилган бўлардики, иккиланишга ҳам ҳожат бўлмасди. Хуллас, ҳушёр бўл.
Танишимнинг юрагига қўрқув оралабди. Гарчи бунақа миш-мишларга ишонмаса-да, махлуқ ҳақидаги гапни унинг энг яқин оғайниларидан бири айтгани уни ўйлантириб қўйибди. Бир кўнгли автобазага ишга кириш ниятидан қайтмоқчи ҳам бўлибди. Лекин иш унга жуда зарурлиги учун бу фикридан қайтибди. Қолаверса, «Кап-катта одам бўлсам, шунақа гапларга ишониб юраманми? Қолаверса, агар у чиндан ҳам қўрқинчли махлуқ бўлса, ундан халос бўлиш чораларини излаб кўрган бўлишарди. Бу шунчаки айрим ваҳимакашларнинг сафсатаси, холос», деб ўйлабди.
Танишим шундай фикрлар билан ўзини овутиб, иш сўрагани борибди. Омади келиб, ишга жойлашибди ҳам. Ўша кундан кейин автобазада қоровуллик қила бошлабди.
Кунларнинг бирида автобаза атрофини айланаётиб, бурчакдаги кичкина хоначага кўзи тушибди. Худди оғайниси таърифлагандек. «У алдамаган, шекилли, — ўйлабди танишим. — Бу хонача чиндан ҳам бор экан. Балки, ичида ҳеч қанақа махлуқ яшамас!»
У шундай хаёллар билан хоначага яқинлашибди. Лекин негадир унинг эшигини очишга журъати етмабди. Хаёлида худди ҳозир эшикни очади-ю, ичкаридан жунлари ҳурпайган, даҳшатли махлуқ унга ташланади. Танишим эшикни оча олмай, ортга қайтаётганида уни кузатиб турган ҳайдовчилардан бири:
— Очмай тўғри қилдингиз. У ер бехосият жой, — дебди.
— Сиз ҳам шундай гапларга ишонасизми?
— Энди ҳар эҳтимолга қарши ишониб қўя қоламан. Аммо бундан бир неча ой олдин қоровуллардан бири ўша иблисни кўрган экан.
— Наҳотки? — ҳам қизиқиши, ҳам ваҳимаси ортибди танишимнинг. — Чинданми?
— Ҳа. Ўша иблис тун ярмидан оққанда, ён-атрофни қоронғилик қоплаганда пайдо бўларкан. Бир сафар ўша қоровул соат бирларда қандайдир тақирлаган овозларни эшитибди. Аввалига қулоғимга чалинаётган бўлса керак-да, деб ўйлабди. Лекин овозлар тўхтамагач, ташқарига чиқибди. Қараса, бир ғалати, одамга ўхшаш мавжудот ердан нималардир териб олаётганмиш. Қўрқиб кетибди. Бирорта алкашми, дайдими, деб ўйлаган экан, орқасида думи бор эмиш!
Танишим энди ростакамига қўрқа бошлабди. Чунки у иккинчи одамдан ўша махлуқ ҳақида эшитаётганди. Аксига олиб, бу одамнинг ҳикояси аввалгисидан ҳам ваҳималироқ эди.
— Сиз шунга ишондингизми? — сўрабди танишим, эҳтимол, ҳазиллашдим, деб жавобни эшитиб, кўнглим жойига тушар, деган умидда.
— Тўғри, бир қарашда ишониб бўлмайдиган воқеа, қўрқинчли кинолардаги фантастикага ўхшайди, лекин ҳадеб эшитаверганингиздан кейин, қоровуллар ёки ярим кечаси шу атрофдан ўтган одамлар билан турли ғалати ҳодисалар содир бўлаверганидан кейин ишонишга ҳам мажбур бўлиб қоларкансиз. Ҳар ҳолда, сизнинг ўрнингизда бўлганимда бу ерда қоровул бўлиб ишламасдим.
Шундоғам қўрқув исканжасида турган танишим баттар ваҳимага тушиб қолибди. Кундузи билан нима қилишни ўйлабди. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, ишдан бўшаб кета олмасди. Биринчидан, ўзи яқинда жойлашганди. Иккинчидан, ўша пайтда иш унга жудаям зарур эди. Шунинг учун иккала миш-мишни ҳам ёлғон деб ўйлаб ва ўзини шунга ишонтириб, ишини давом эттиришга қарор қилибди.
Ниҳоят, кечқурун ҳам бўлибди. Танишим автобазани бир айланиб чиқиб, кейин хонасига кирибди. Одатда, икки-уч соат мизғиб оладиган танишимнинг бу сафар кўзига уйқу ҳам келмабди. Ахир шундоқ ёнгинангда қандайдир махлуқ борлигини эшитганингдан кейин, юрагингга ваҳима оралагандан кейин кўзингга ҳам уйқу келмайди-да.
Танишимнинг кўзлари деворга осиғлиқ турган соат милларида экан. Соат тунги бирдан ошганда эса ниманингдир тарақлаган овози эшитилибди. Танишим ўрнидан сакраб турибди.
— Наҳотки ҳаммаси чин бўлса?! — дея пичирлабди ўзига ўзи.
Кейин беихтиёр секин қадам ташлаб, ташқарига чиқибди. Лекин ҳеч кимни кўрмабди. Бурчакдаги хона ёнида ҳам ҳеч ким йўқ экан. «Хайрият, шунчаки нимадир тушиб кетгандир-да», деб ўйлабди. Қўрққанидан терлаб кетгани учун юзини ташқаридаги умивалникдаги муздек сувга ювиб, сочиққа юзини артаётган экан, кимдир елгасига қўлини қўйибди. Сўнг:
— Сен бу ерда нима қиляпсан?! — деган дўриллаган овоз эшитилибди.
Танишим тўғрисидаги ойнага қараган экан, ортида турган жундор махлуқни кўриб, қўрқиб кетибди. Ортига ўгирилиб, уни аниқ-тиниқ кўрганда эса ҳушини йўқотибди. Сўнгги кўрган нарсаси эса махлуқнинг орқасидан ўсиб чиққан думи экан…
Кўзини очганида шифохонада экан. Кимдир унинг беҳуш ётганини кўриб, «Тез ёрдам»га хабар қилибди…
Танишим эртаси куни ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Анча вақт даволанди. Автобаза деган сўзни эшитса, ҳалигача бир чўчиб тушади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|