Улар 2017 йилнинг кузида танишишган эди. Онаси тез-тез бетоб бўлавергач, Замира (исм-фамилиялар ўзгартирилган) дугоналаридан туман марказида бир аёл яшаши, кимга дуо қилиб берса, дарди ариб кетаётганини эшитди-ю, сўраб-суриштириб топиб борди.
Чиндан ҳам онаси уникига бир-икки боргач, тезда соғайиб кетди. Шунданми, Замира ўша Барно опага астойдил ихлос қўйди. Бот-бот уни йўқлайдиган бўлди.
2019 йилнинг ёзида у тумандаги тиббиёт коллежида сиртқи бўлим очилиши ҳақида эшитиб, ҳаракатга тушиб қолди. Ўқиб дипломли бўлиб олса ёмонми?!
Шу ниятда коллежга бориб, ходимлардан қабул ҳақида аниқ маълумот олиш хаёли билан юрган кезлари бозорда Барно опасини кўриб, қувониб кетди. Улар ҳол-аҳвол сўрашгач, Замира Барнога хушомад қилди:
– Опа, Хизрни йўқласам бўлар экан. Шу кунларда уйингизга ўтмоқчи бўлиб юргандим…
Барно танишининг бир иши борлигини сезиб, уни четроққа етаклади:
– Тинчликми?..
– Ҳа, тинчлик… – кулди Замира. – Коллежларингизда сиртқи бўлим очилаётган эмиш-ку? Ўқимоқчи эдим, киришимга ёрдам бероласизми? Синглим ва бир дугонам ҳам бор…
Барно коллежда иш юритувчи бўлиб ишласа-да, ўқишга қабул қилиш борасида ҳеч қандай ваколати йўқ эди. Бироқ нафс қурсин, тайёр «ўлжа» оёғи остидан чиқиб турганида уни бегона қилгиси келмади.
– Ўқишга киритиш муаммо эмас, директор опа билан жуда яқинман, – деди у сирли қилиб. – Фақат бунақа ишлар ўзўзидан битмайди-да, буни биласизми?
– Биламан, опа, биламан, – деди Замира ҳам овозини пасайтириб. – Шунинг учун олдингизга бормоқчи эдим. Пулга иш битирадиганлар дуч келгандан олавермаса… Танишинг бўлмаса бунақа ишлар битмаса…
– Шунақа… – уни маъқуллади Барно. – Опа пулни ҳаммадан ҳам олавермайди.
У атрофга олазарак қараркан, Замиранинг қулоғига шивирлади:
– Бир кишига 300 доллардан бўлаётган эди, шунга қараб тайёрланиб тураверинг, қабул бошланиши билан ўзим хабар бераман.
Замира шундан кейин бир неча марта қўнғироқ қилиб, янгилик бор-йўқлигини сўради. Ҳатто сабри чидамай коллежга ҳам борди.
– Очилса ўзим хабар қиламан, сингилжон! – уни кулиб қарши олди Барно. – Сиз пулни тайёрлаб тураверинг дедим-ку?
– Майли-ю, синглимнинг сал қўли калтароқ… Сиз айтган пулни беролмайди шекилли. Шу… ҳар биримиз учун 250 дан 750 доллар берсак бўлмайдими?
– Ие, бу нима гап энди?! Пулнинг ҳаммасини директор опанинг ўзига бераман… – бу гапдан бироз ранжиди Барно. Ишласангиз харажатингизни дарров чиқариб оласиз, пулингизга куймайсиз!..
– Биламан! – уни маъқуллади Замира. – Аммо бизнинг шароитимизни ҳам тушунинг, опа. Бу пулни отам беради. Бирданига иккита қизга шунча пулни беришнинг ўзи бўлмаслигини биласиз-ку?!
– Майли, отангизнинг умри зиёда бўлсин, – ниҳоят ўзича рози бўлган бўлди Барно. – Директор опага сизларни турмуш ўртоғимнинг жиянлари деб айтиб, «ставка»ни тушириб беришини илтимос қиламан. Кўнар…
– Раҳмат, опа! – қувонганидан Барнони қучоқлади Замира. – Бу ёрдамингизни яхши кунларингизда қайтарай, илоҳим!
– Айтганча… – муҳим гап ёдига тушгандек Замирага ўгирилди Барно. – Анави дугонангиз ишончлими ишқилиб?! Яна яхшилик қиламан деб бир балога йўлиқиб ўтирмай.
– Унга менга ишонгандек ишонаверинг, опа! – таскин берди Замира. – Унга ўқишга кириши муҳим, бошқа нарса билан иши йўқ. Ҳатто сизни танимайди ҳам!
– Унда ҳужжатларни тезроқ тайёрланг. Қабул бошланмагани билан кириш истагидагилар аллақачон ҳаммасини ҳал қилиб қўйишди. Яна ўринлар тўлиб қолмасин…
Бир-икки кундан кейин Замира айтилган ҳужжатларни тайёрлаб, Барнонинг ёнига борди.
– Мана, опа! Айтилган ҳужжатларни олиб келдим!
– Вой, катта кўчада, ҳамманинг кўз олдида буларни менга бераётганингизни қаранг, кўрганлар нима дейди?! – Барно шошилиб у узатган целлофанни олди-ю, қовоқ уйганича сумкасига жойлаб қўйди. – Бунақа ишлар ошкора қилинмайди, сингил!
Замира Барнонинг бирдан ўзгариб қолганини кўриб, хавотири ортди:
– Вой, опа, билмабман, кечиринг! Бошқа қайтарилмайди.
– Буни олиб келишни билган, ичига пулини ҳам солиб келмабсиз-да?! – писанда қилди Барно.
– Ҳаракат қилаяпмиз… – чайналди Замира. – Бирданига шунча пулни топиш…
– Одамлар пулни кимга беришни билмай, таниш қидириб югуриб юрибди, сизлар бўлса…
– Олиб келаман!..
Ўша кунги суҳбатдан кейин Зарифа Барнодан шубҳаланиб қолди: «Ишқилиб мени лақиллатаётган бўлмасин. Ўқишга киритиб қўйиш қўлидан келармикан? Шунча пулни бериб қўйиб, кейин ортидан ололмай югуриб юрмасмиканман?».
Аксига олиб, Барно бир неча марта Замиранинг қўнғироқларига жавоб бермади. Кейинроқ эса ўзи телефон қилиб, учрашмоқчи эканини билдирди.
– Сингил, жуда ғалати экансиз! Телефонда ҳамма гап ҳам гаплашилавермайди. Эшитиб турган бўлишлари мумкин. Дарвоқе, пул масаласи ҳал бўлдими?
– Ҳа, бўлди ҳисоб…
– Унда бундай қиламиз! – Барнонинг юзига табассум югурди. – Мен эртага керакли одамлар билан гаплашиб кўраман. Агар сиз айтгандек фармацевтика очиладиган бўлса, сизга телефонда «Фарғонага бориб келадиган бўлдик» дейман. Сиз шунга қараб тушуниб олаверасиз, келишдикми?! Ҳа, энди, кўриб турибсиз-ку, ҳозир замон нозик. Эҳтиётингни қилмасанг бўлмайди…
Барно шу тариқа анча нарсаларни тушунтирди. Бундан Замиранинг шубҳалари яна ҳам ошди. Боз устига, синглиси билан бўлган суҳбат ҳам иккилантириб қўйди:
– Опа, нимага бунча шошилмасангиз? Танишингиз ишни ҳал қилоладими ишқилиб? Яна алданиб қолмайлик… Қолаверса, мен сиз айтган пулни тополмадим…
Замира синглисининг уйидан чиқар экан, сўнгги – энг тўғри қарорга келди-ю, шахдам юриб кетди.
– Опа, қаердасиз?
Барно Замиранинг қўнғироғидан бироз хавотирланган бўлса-да, дам ўтмай қўлига тегиши муқаррар пулдан кечгиси келмади:
– Бугун ишда эмасдим, уйдаман…
– Унда бир соатларга қолмай бораман.
– Яхши, кутаман.
Замира келгач, у берган 750 АҚШ долларини чўнтагига жойлади. Бироқ негадир юраги ғаш эди. Бу бежиз эмас экан. Дам ўтмай дарвоза тақиллаб, фуқаролик кийимидаги бир неча киши ҳовлисига кириб келгач, нима бўлаётганини англади-ю, ҳозиргина олган 750 долларни яширишга улгурди…
У аввалига айбига иқрор бўлмай, ўзини минг кўйга солди. Бироқ гувоҳлар ва далиллар айбини исботлаб турганини кўргач, ноилож тан олди…
Суд Барно Шамсиеванинг мазкур жиноят ишини атрофлича ўрганиб, уни икки йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ҳамда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди. Шунингдек, судланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик беш баробари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди…