Куни кеча Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг оммавий ахборот воситаси ходимларига кўрсатган қўпол муносабати, уларга тажовуз қилиши ижтимоий тармоқларни "портлатган” эди.
Қўполлик, маърифатсизлик, одамлар билан молдек муносабатда бўлиш, уларни ҳақорат қилиш Олмазор туманидаги айрим раҳбарларнинг ташриф қоғозига айлангандек. qalampir`га Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов ўтказган йиғилишдан аудиоёзув келиб тушди.
Аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётганини тинглаш мумкин.
Ушбу йиғилишда туманда жойлашган банклар – "Davr Bank” ХАТБ, "Asia Alliance Bank” АТБ, "Hamkorbank”, ТИФ Миллий Банк, "Ipak Yo’li” АИТБ, "Халқ банк”, "Саноатқурилишбанк” АТБ, "Ipoteka” АТБ, "Асака банк”нинг туман филиаллари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этган. Ҳоким йиғилишда туманда экспортни ошириш, экспортёрлар билан ишлаш бўйича ўдағайлаб банк ходимларига мурожаат қилган.
"Йиғилишда аёллар ҳам бор эди. Улар ҳокимнинг бундай сўконғичлигига ўрганиб кетишган. Банк раҳбарларини ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан огоҳлантирди. Туман экспорт салоҳияти билан орқада қолаётганидан жиғибийрон бўлган Бахтиёр Раҳмонов банк раҳбарларига зудлик билан экспортни ошириш талабини қўйди. Банк ходимлари тадбиркор бўлмаса, экспортни қандай оширсин?”, дейди йиғилишда иштирок этганлардан бири мухбир билан суҳбатда.
Нимага севсин, отасидан эшитмаган сўкишларини ҳокимбувадан эшитгани учунми? Маълумки, жорий йилнинг август ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Йиғилишда Тошкент шаҳрида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бўлиб ўтган йиғилиш, Президент танқиди Олмазор туманининг 60 яшар ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга оғир ботган чоғи, ҳоким қўл остидагиларни тинимсиз ҳақорат қилиб, йиғилиш ўтказган. Шуниси аниқки, унинг ўзи Президент қаршисида ё Тошкент шаҳар ҳокими билан йиғилишларда бундай ҳақоратларни эшитмайди. Шундай экан, ким унга бошқаларни ҳақоратлашга ҳуқуқ берди?
Ҳоким йиғилишда банк ходимларига куракда турмайдиган топшириқлар бергани айтилмоқда. Туманда жойлашган тадбиркорлик субъектлари планни бажариш учун келгуси ой ёки келгуси йилга режаланган экспортларни шу ойнинг ўзида бажариб, туман обрўсини кўтаришлари кераклиги буюрилган. Ҳоким бугуннинг ўзида 7 миллиард план бажарилишини, керак бўлса, экспортёрларни уйидан олиб келишни буюрган.
Президент йиғилишда раҳбарларга корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиши, бу борадаги муаммоларини ҳал этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификациядан ўтказиш бўйича ёрдам бериши зарурлигини таъкидлаганди. Олмазорнинг ҳокими Жаноб Раҳмонов эса экспортёрлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиш ўрнига, стол уриб йиғилиш ўтказмоқда, экспорт борасида тумандаги йўқотишларда банк ходимларини айбламоқда.
Тўғри, Олмазор Тошкентдаги энг оғир ҳудудлардан бири саналади. Бироқ, туманнинг салоҳияти юқори. Унда минглаб маънавиятли, маърифатли, жамиятда ўз ўрнини топган, жонкуяр, ватанпарвар кишилар истиқомат қилади. Туман ҳокимининг одамлар билан бундай мулоқоти, муомаласига ақлини таниган унча-бунча одам чидаб тура олмайди.
Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат. Маълум, 70 йиллик мустамлакани кўрган Ўзбекистонда одамларни уриб, ҳақоратлаб, тепиб ишлатиш ўша вақтлар оддий ҳол бўлган. Мустақиллик йилларига келиб ҳам, ўтган 25 йил давомида айрим "Николайнинг ёғини ялаган” раҳбарлар бу "анъана”дан воз кеча олмади. Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас деган гап бор, ахир. Сўнгги 3 йил Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик сиёсати раҳбарлардан маънавиятли, маърифатли, одамлар билан мулоқотда хушмуомала бўлишни талаб этмоқда. Боиси йиллар давомида халқ шундоқ ҳам эзилиб, таҳқирланиб келган. У энди яна ўша адолатсизликларни кўтара олмайди. Президентнинг айтганлари фақат йиғилишларда қолиб кетмай, ҳаётда ўз ифодасини топиши, одамлар телевизорда кўриб, ишонганларини ўз ҳаётида ҳам бошидан кечириши, ўзгаришларни сезиши керакми ё йўқ? Ё шаллақига шаҳар кенг қабилида олдимизга келганини итдек қопишда давом этаверамизми?
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кадрлар масаласи энг катта муаммо эканини айтди. Туну кун ишлаб, арзимаган ойлик олиб, яна алламаҳалгача йиғилишда ўтириб, ҳокимнинг ҳақоратларини эшитиб келаётган ходим қандай қилиб яхши ишласин? Қандай қилиб ишини, Ватанни севсин? Нимага севсин, отасидан эшитмаган сўкишларини ҳокимбувадан эшитгани учунми?
Чидагани-чи? Тишини тишига қўяди. Каттароқ раҳбар бўлса, боринг ана бўлим бошлиғи бўлса, бориб ўз қўл остидагиларга ҳокимдек муомалада бўлади, аламини улардан олади. Мен ҳам эшитиб келяпман, сенлар ҳам эшитасанлар қабилида иш тутади. Агар оддий ходим бўлиб ишласа, ғурури дош бермаса, ишдан бўшайди, қутулади. Охир-оқибат яна бонг урамиз: кадрлар танқис, ёшлар йўқ.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида энди ҳокимлар ҳафтасига уч марта мактабларга бориб дарс бериши ҳақида гапирган эди. Ҳозирданоқ, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновдан қандай "ўқитувчи” чиқишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Президент айтган эди: ҳокимлар – Президентнинг ҳудудлардаги вакили. Президентларга ҳавас билан қарашади. Кўз узмай телевизорда томоша қилишади, уларнинг одамлар билан мулоқотларидан, нутқларидан куч олишади. Айниқса, Шавкат Мирзиёев телеэкранлардаги ҳар бир чиқишида одамларга куч, ғайрат, иқтидорларини намоён этишга, яшашга ишонч бераётгани бор гап. Бироқ, уйдан нарига чиқиб, Президентнинг ҳудуддаги вакили "қароргоҳи”га бош урсангиз, буткул бошқа вазият, буткул бошқа чеҳралар қаршисидан чиқасиз. Айтайлик, оддий мактаб ўқувчиси Олмазорнинг ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга ўхшаган ҳокимларга қандай ҳавас қилсин? Қайси ота-она унинг сўкишини эшитгач, болам ҳоким бўлсин дейди?
Яқинда Президент ҳокимларнинг одамлар билан муносабати, сўкиниши, ҳақорат қилишини қаттиқ танқид қилганди. Давлат раҳбарининг "Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданият ўзгаргани йўқ. Ҳокимларнинг маданияти йўқ. Очиғини айтаман, биз яқинда учта районнинг ҳокимини жазога тортдик. Одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдингидек, маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб, одамларни ҳақорат қилиш… Ким уларга ҳуқуқ берди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат. Ўқимаганимиздан далолат, маънавиятимиз пастлигидан далолат. Шунинг учун, мана, студияда ҳамма ҳоким, ички ишлар ходими, прокурор миллий хавфсизлик ўтирибди, ҳаммаларинг билинглар, унақанги эртанги кунга бирорталаринг ишламайсизлар. Баҳони биттаю битта одамлар беради. Ҳаммамизга, Президентдан бошлаб ҳаммага…”, деган гапидан кўпчилик, жумладан Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов ҳам хулоса чиқармаган кўринади.
Гап шундаки, бундан аввал ҳам вилоят, шаҳар, туман ҳокимларнинг фуқаролар ва қўл остидаги ходимлар, мактаб директорлари, ўқитувчилар билан итдек муомалада бўлаётгани, уларни куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилаётгани, нафсониятига тегиб, таҳқирлаётгани акс этган видео, сурат ва аудиоёзувлар тарқалди. Бироқ, уларга чора кўрилмади, баҳридан ўтилмади. Бир-иккиси бошқаларни шарманда қилганидек, шармандалик билан лавозимидан озод этилганда эди, сўкиш у ёқда турсин, овозини баландлатишга ҳам қўрқиб турарди. Одамлар эса телевизорда кўрсатилаётган адолатли сиёсатнинг ҳаётдаги намунасини мана шундай ҳолатлар мисолида ҳам кутмоқда.
Олмазор туманида ҳоким одамларни ҳақоратлаб турса, биринчи ўринбосари ОАВ ходимига тажовуз қилса… Олмазорда кимлар ишлаяпти ўзи? Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни одамларга нисбатан адолатсизлиги, уларнинг дарди, ташвишлари билан яшамаслиги, Президент сиёсатини ҳудудларда тескари намоён этаётганини давлатга, давлат раҳбарига душманлик, хиёнат сифатида баҳолаганди. Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг хатти-ҳаракатлари Президентга дўстликми ё душманлик?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлиб ўтган воқеаларга шунчаки кўз юммаслигига ишонамиз.
Маълумот ўрнида, Бахтиёр Раҳмонов 1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Олий маълумотли. 1981 йили Киев муҳандис-қурилиш институтини тамомлаган. 1993-1997 йй. Учтепа тумани коммунал фойдаланиш бошқармаси бошлиғи – туман ҳокимининг ўринбосари, 1997-1999 йй. Учтепа тумани коммунал фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, 2000-2000 йй. Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директорининг биринчи ўринбосари, 2000-2003 йй. "Тошшаҳаргазтаъминот” шўъба корхонаси директори, 2003-2005 йй. Тошкент шаҳар коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директорининг ўринбосари, 2005-2008 йй. Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директори, 2008-2011 йй. Миробод тумани ҳокими, 2011-2016 йй. Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2016-2017 йй. Тошкент шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, 2017-2018 йй. Сергели тумани ҳокими лавозимларида ишлаган. 2018 йилдан буён Олмазор ҳокими сифатида фаолият юритмоқда. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|