- Болам, шеър ёдлай олмайди, – дейди бир таниш аёл. – Кичик дуоларни ўргатмоқчи бўламан, бефойда, ҳеч бири ёдида қолмайди… Ўша болакай билан суҳбатлашаман. Телевизорда бериладиган ҳамма реклом матнларини ёд билар экан. Мультфильм қаҳрамонлари диалогларини-ку сув қилиб ичворибди, ҳатто овозларигача ўхшатиб беради. – Телевизорнинг тагидан турмайди, – шикоят қилади она. – На отасининг, на менинг гапимни олмайди… Ноҳақсиз, она! Бола айнан сизнинг тарбиянгизни олган! Қорнингиздан телевизор билан тушмаган-ку! Ҳали гўдаклигидаёқ уни телеэкран қаршисига ўтқазиб қўйиб, бўтқа едирганларингиз эсингиздан чиқдими? У емак еяётган вақтда сизга эмас, экранга кўпроқ боқарди; сизнинг эмас, экрандагиларнинг ҳаракатларини кузатарди; сизнинг эмас, экрандагиларнинг суҳбатларини (гарчи тушунмаса ҳам) эшитарди. Унинг жимгина мультфильм кўриб ўтирганидан қувониб, уй ишларини қилиб олардингиз. Муҳими тўполон қилмай ўтирса бўлди! Эсингиздами? Тўғри, уни сиз туғдингиз, катта қиляпсиз, лекин миясига, онгига телевизор эгалик қиляпти. Телеэкран қаҳрамонлари сизнинг болангизнинг нутқини бошқаряпти, фарқига боряпсизми? Эътибор қиляпсизми, у отасига ўхшаб эмас, мультик қаҳрамонларига ўхшаб гапиряпти. Отасидан кўра кўпроқ «Ўргимчак одам»га, «Бетмэн»га ҳавас қилади у. Унинг дунёси, маслаҳатчиси, орзулар ошёни – телевизорда! Хотинлар билан гаплашиб ўтирганингизда нуқул сериаллар қаҳрамонларини муҳокама қиласиз, актёрларнинг чиройини, кийиниш тарзини оғзингиздан бол томиб мақтайсиз, буни этагингизга ўралашиб ўтирган болангиз эшитиб, кўриб турибди. Унинг тарбияси билан шуғулланиш, унга китоблар ўқиб бериш ўрнига, қўшни хотинлар билан кўчада оёғингизни бамайлихотир узатиб олганча, эрингизни, қайнонангизни ғийбат қиласиз. Янги чиққан матолар, янги «мода»лар ҳақида соатлаб гаплашасиз. Гап-гаштаклар муҳокамасини ҳам эшитади у. Ҳар бир гапингизни, фикрингизни мойчироқ пилиги сингари ўзига шимиб олади. Ундан ёзғирманг. У сизнинг маҳсулингиз! Агар шикоят қилиш керак бўлса, ўзингиздан шикоят қилинг. Агар нолиш керак бўлса, ўзингиздан нолинг. Агар тарбиялаш керак бўлса, ўзингизни тарбия қилинг. Болани увол қиляпсиз. …Болаларни увол қиляпсизлар! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|