Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳри Тошкент шаҳри билан метро орқали боғланади. Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.
19 февраль куни Нурафшон шаҳрида – вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ўтган йил июнь ойида қилган ташрифида берилган топшириқларнинг ижросини бориши, ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича дастлаб Президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев сўзга чиқиб, давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, энг аввало, халқ ишончи ва меҳрини қозониши шартлиги, бу – уларнинг фаолиятига баҳо беришнинг энг асосий мезони эканини таъкидлади. Президент маслаҳатчиси, шунингдек, топшириқлар натижадорлиги бўйича бошқа устивор жиҳатларга алоҳида тўхталди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди – Тошкент вилояти ҳокимига иккита янги ўринбосар; Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари тайинланди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов нутқ сўзлади. У давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ва вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳудудлар кесимида фикр билдирди. Вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда барпо этишда йўл қўйилаётган камчиликлар, сусткашликлар, уларнинг сабаблари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди.
«Яқин истиқболда Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади. Шунингдек, инфраструктурани ривожлантириш масалалари бўйича айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан қатъий иш олиб бораяпмиз. Ичимлик суви, йўл қурилиши, коммуникация ва канализация тармоқларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар жадал давом этмоқда», — деган Очилбой Раматов.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўз олиб, Ўзбекистон миллий иқтисодиётида Тошкент вилоятининг тутган алоҳида ўрни, нуфузи бўйича фикр билдирди.
«Ҳеч бир муболағасиз айтиш керакки, мамлакатимизнинг миллий иқтисодиёти – Тошкент вилояти иқтисодиётининг ривожланишида акс этади. Шу пайтгача давлатимиз раҳбарининг топшириғи ва кўрсатмалари билан амалга оширилган ишларнинг мароми ҳудуд потенциалига нисбатан олганда қониқарли деб бўлмайди. Янги тайинланган раҳбарлар вилоят ҳокими атрофида маҳкам жипслашиб, ишни ташкил қилса, ўйлайманки, натижа янада юксакроқ бўлади», — деди у.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов фикр билдириб, ҳудудда қонун устуворлиги, Президент қарор ва фармонлари, топшириқларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапирди.
«Президент маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосарлари, янги ташкил этилган вазирлик раҳбарининг вилоятимизга ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор, муносиб баҳо бераётгани, вилоят ҳокимлиги мамлакатимиз миқёсида энг етук ижрочи кадрлар билан кучайтирилгани айни муддао бўлди. Биз Ватан, давлат раҳбари, эл-юрт олдида тўла масъулиятни ўз зиммамизга олиб, вилоятни Республикамиздаги энг ривожланган ҳудудга айлантириш бўйича бор куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз»,— деган вилоят ҳокими. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|