Приморскдаги турмадан бирданига уч маҳбус қочиб кетишга эришди. Қарангки, улар оддий қошиқ ёрдамида ерости йўли қазиган эканлар…
ЁМОН ТЎДА
Болаликдан Егорь дўстларга ёлчимади. У яшайдиган шаҳарча ҳам мундоқ одам яшайдиган тахлитда эмасди. Шаҳар ўртасида қаҳвахона. Унинг рўпарасида эса, турма. Қаҳвахонада шу сабаблими асосан милиция ходимлари, қамалиб чиққанлар биргаликда ўтириб улфатчилик қилишарди…
Нима қилсин? Улғайиб Егорь ҳам ўшаларга қўшилди. Улфат шу экан-да дея кунини ўтказаверди. Афсуски, қамоқ кўрганлардан юқдими, билмайди, ўзи ҳам кунларнинг бирида қамалди. Аммо камера эшиги ташқаридан ёпилиши ҳамоно бу ерлардан қандай қочиб кетиш тўғрисида бош қотира бошлади. Тўғри-да, ёши қирқ бешга бориб қолди. Турмадан қачон чиқади-ю, қачон ширин ҳаёт кечиради…
Камерадошлари икки киши эди. Бири ғирт нашаванд, иккинчиси босқинчи. Уларнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Егорьнинг режасини бараварига қўллаб-қувватлашди…
Учовлашиб режани қандай амалга ошириш масаласини келиша бошлашди…
«ХАТА» ИЗЛАБ…
Дюманинг «Граф Монте Кристо» романини ўқиган бўлсангиз керак. Роман қаҳрамонлари ҳам Францияда энг жирканч ва хавфли турма ҳисобланган Иф қалъасидан қочиб кетишга муваффақ бўлишган. Егорьнинг хаёлига ҳам худди шундай фикр келди. Демак, қочишнинг энг мақбул усули ерости йўли ковлаш. Аммо нима билан ковлаш мумкин?..
Егорь, камерадошлари камера девори остиларини текшириб чиқишди. Бахтни қаранг, ўрнатилган бетонлар, тошлар жуда юмшоқ чиқиб қолди. Орасига темир аралаштирилмаган…
Камерадошлар энди нима билан ер қазиш ҳақида бош қотира бошлашди. Қидира-қидира, бунинг ҳам имконини топишди. Оддий ош қошиқда ковлай бошлашди. Кўпчилик-кўпчилик-да! Кечалари тиним билмай тер тўкишди. Кундузлари эса, ковланган жойни латта-путталар билан ёпиб, соқчилар кўзидан пана қилишди. Нашавандга ҳам, босқинчига ҳам барибир эди. Бир кунмас бир кун қўлга тушишларини билишади. Озгина муддат бўлса-да тайин жой топиб маишат қилиб олишса бўлди. Кейин бир гап бўлар…
Иш шу қадар пухта эдики, турма раҳбарларининг хаёлига келмасди бундай ҳийла ишлатилиши. Шу сабабли уларда гумонсираш деган нарсанинг ўзи йўқ ҳисоб…
Ниҳоят ерости йўли тайёр бўлди. Энди тезроқ турмадан даф бўлиш лозим…
Шу кеча учовлари осонгина турмани тарк этишди. Чунки тезроқ ҳаракат қилинмаса бўлмайди. Қочганларини бир-икки соат ичида сезишади. Қисқа муддат ичида шаҳардаги барча йўллар ёпилади. Унда кеч бўлади…
ҚЎЛГА ОЛИШ ОПЕРАЦИЯСИ
— Мен сизлар билан узоққа бориб ўтирмайман, — деди нашаванд йўлда. — Яхшиси, уйга бораман. Уйим яқин. Қўлга тушгунимча пича кайф қилиб олсам бас…
— Унда бизни сотиб қўймасликка қасам ич! — деди босқинчи. — Ҳар қалай, жон ширин. Сотиб қўйсанг ҳаммамизга ёмон бўлади.
— Қасам ичаман!.. Бораверинглар!..
Нимаям қилишсин? Нашаванд билан хайр-хўшлашишди-ю, йўлда давом этишди.
Узоқ изғиб юришлардан сўнг Егорь ва босқинчи бир «хата» топишди. Бу ерда қари кампир ёлғиз яшарди.
— Уйда яна ким бор? — дўқ аралаш сўроққа тута кетишди кампирни. Қўрқиб кетган онахон титраб-қақшаб уларни дастурхон атрофига таклиф этди.
— Болаларим, мен ёлғиз яшайман. Лекин бугун кечқурун қоровулликка боришим лозим. Бормасам бўлмайди. Сизлар бемалол дам олаверинглар!..
Аввалига кампирни ташқарига чиқаришга рози бўлишмади. Ким билсин, сотиб қўйса… Бироқ қўйиб юборишмаса ҳам нотўғри иш қилган бўлишади. Ишхонасидагилар хавотир олиб бу ерга етиб келишса, қўлга тушишлари аниқ.
— Бўпти, кетавер! — деди Егорь. — Фақат биз ҳақимизда бировга айта кўрма! Ўласан!
— Вой, бу нима деганинг, болам?..
Кампир шоша-пиша кийимларини кийди-ю, уйни тарк этди…
Албатта, ишхонага келиб биринчи қилган иши милицияга хабар бериш бўлди. Орадан бир соатлар ўтиб-ўтмай, ҳовлига милиция наряди етиб келди. Қочоқлар осонликча қўлга олиниб турмага қайтарилди…