Обид Асомовнинг рафиқаси Дилфуза Асомова «Hurriyat» газетаси мухбирига берган интервьюсида эри нима учун узоқ вақт тақиқловда бўлганини гапириб берди.
— Менинг эрим ўзбек қизиқчилари орасида биринчилардан бўлиб хорижда концертлар берган, — деди у. — У Ўзбекистон ҳақида чет давлатларда гапиришса, жуда фахрланиб кетарди. Хурсанд бўларди. Чунки у ватанини жуда яхши кўрарди. Аммо хориждаги айрим чиқишлари баъзи юқори лавозимли шахсларга ёқмасди. Бир куни уни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган тадбирлардан бирига таклиф қилишди. Ўша пайт Обид Асомов Москвада эди. Айтилган вақтда етиб кела олмади. Шу айби учун лицензиясини тортиб олишди, Ўзбекистон телеканалларида унинг чиқишларини тақиқлаб қўйишди…
Дилфуза Асомова тақиқлов жараёнида Обид ака ҳақида қандай миш-миш пайдо бўлгани, бу қизиқчининг саломатлигига жуда ёмон таъсир қилганини ҳам гапириб ўтди.
— Ўшанда Обид акани Тошкент аэропортида роса калтаклашибди, — деган миш-миш тарқалди. — Интернетда Обид Асомовнинг юз-кўзлари кўкариб кетган ҳолатдаги суратлари намойиш этилди. Аслида бу ҳолат фильм суратга олиш учун ўйлаб топилганди. Бу ҳам эримнинг саломатлигига салбий таъсир қилди. Қаттиқ ранжиди.
Эслатиб ўтамиз, Обид Асомов 2018 йил 11 декабрда касалхонага ётқизилган. 14 декабр куни юрак хасталигидан вафот этган. Артист ўшанда энди 55 ёшни қаршилаганди.
Оллоҳ Обид Асомовни раҳматига олсин! Яқинларига сабр берсин!