Юмалоқдан келган, қорамағиз, ёши ўттиз бешлар оралағидаги аёл йўл четида туриб олганча чамаси ўттиз қадам нарида келаётган эркакдан кўз узмасди.
Эркак яқин келгач, ўзи таниса керак деган ўйда индамади. Аммо кўрдики, эркак жимгина ўтиб кетаяпти. Орқасидан чопиб борди-да, йўлини тўсди.
— Ҳалимжон ака, танимадингизми? — хиёл кўзларини сузиб танишига боқди аёл.
— Ие, Сафинамисиз? Қаранг-а, сал бўлмаса танимай ўтиб кетаёзибман!
— Шунақасиз-да! — ўпкаланган бўлди Сафина. — Танимай қоласиз! Эски танишларни унутиб юбориш яхшима-ас!
— Узр, синглим, узр! — хижолат тортган бўлди Ҳалим ака. — Хаёл билан бўлиб… Хўш, қалайсиз? Болалар яхшими? Рўзғор бутми?
— Раҳмат, ҳаммаси зўр! — деди Сафина кулимсираб. — Нонвойлик қилаяпман. Тўғрироғи, уйимда нонвойхона очганман. Вилоятдан келган нонвойларни ишлатаяпман.
— Ў, зўр-ку! — кулди Ҳалим ака. — Бизнес қилаяпман денг? Омадингизни берсин!
— Ўзингиз-чи? — сўради Сафина. — Нима ишларминан бандсиз?
— Э, юрибман панада. — деди Ҳалим ака қўл силтаб. — Ўша ўзингиз билган кичкинагина дўконни юрғазиб турибман-да!
— Шунақами? — Сафина бироз ўй сурган бўлиб давом этди. — Ҳалимжон ака, мабодо дўконингизда ортиқча ун йўқми?
— Нимайди? Ун керакмиди?
— Э, бир танишимга эллик қоп ун топиб бераман деб ваъда қилгандим. Аксига олиб мен ун оладиган дўконда тугаб қопти. Шунга… Бошим қотиб тургандим.
— Эллик қоп чиқса керак. — деди Ҳалим ака. — Куни кеча Қозоғистоннинг тоза унидан олиб келгандим.
— Ўша унингизни менга бериб туринг! Пулини-чи, уч кун ичида тўғрилатиб бераман.
— Бе, Сафинахон, қизиқмисиз? Сизминан бизда қолиб кетармиди. Бўпти, қачон борасиз?
— Вой, бугуноқ ўтаман машина олиб, ака! Айтганча, телефон рақамимни ёзиб олинг! Кейин ўзингизникиниям беринг! Олдин қўнғироқлашиб, кейин ўтаман!
— Бўпти.
* * *
Иши хамирдан қил суғургандек осон битганидан Сафинанинг оғзи қулоғида эди. Қандайдир икки-уч соат ичида унни харидорларидан бирига сотиб юбориб, пулларни чўнтакка урган аёлнинг ичи қизиб қолди.
— Мана шу ишнинг бошини тутишим керак экан. — деди ўзига ўзи. — Битта нонвойхонанинг даромадига қараб ўтирсам ўтираверман-да! Ундан кўра лақма таниш эркакларнинг қулоғига лағмон оссам, «оборот»га катта пул ишлаб оламан. Ана ўша пулларни бир-икки марта айлантириб юборсам-чи? Унда пулнинг тагида қоламан. Ҳа, Сафина, бўш келма! Ҳозирча қариб қолганинг йўқ. Қоматинг ҳам, муомаланг ҳам жойида. Ҳеч қурса шундан фойдаланиб қол. Қариганда роҳатини кўри-иб ётасан…
У ўйлай-ўйлай, икки даҳа наридаги Ўринбой деган таниш дўкондорни қидириб боришга қарор қилди. Бир пайтлар хушомад қилгани қилган эди.
«Қани, кўрай-чи, — ўйлади Сафина таксига ўтираётиб. — Хушомади чинмикан ё ёлғонмикан… Э, мени кўрди дегунча «оғзининг суви» оқарди-ку! Ўлибманми ўшани эритолмасам?!..
Ўн беш дақиқа ичида дўконга етиб борди. Ичкарида сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмасди.
Сафина тез-тез юриб бориб мудир ўтирадиган хона эшигини тақиқлатди. Кимдир овоз бергач, эшикни очиб ичкарига мўралади.
Ўнгдаги диванда паканадан келган, калбош, ёши элликларга бориб қолаёзган Ўринбой дўкондор газета варақлаш билан овора эди.
Сафинани кўрди-ю, сапчиб ўрнидан турди.
— Ие, ие, кимлар келибди бизнинг кулбага!?. — кўзлари чақнаб Сафинага яқинлашди у. — Қайси шамоллар учирди, хоним?.. Биз шўрликни унутворганмисиз деб ўйловдим.
— Сизни унутиб бўларканми, акажон? — ноз аралаш жавоб қайтарди Сафина. — Мана, келдим соғиниб!
Ўринбой ака аёлнинг қўлини кафтлари орасига олиб ўпиб қўйди-да, секин тўрга бошлади.
— Қани, ўтиринг, Сафинахон!.. Бир мириқиб суҳбатингизни олайлик!
— Фақат суҳбатимними? — ҳазил аралаш луқма ташлади Сафина.
— Биласиз-ку, сизни кўрдим дегунча бутун вужудим уйғониб, ёна бошлайман!.. Шундай экан…
— Унда мениям шартим бор. — деди Сафина.
— Хўш, қандай шарт қўядилар?
— Кўнармикансиз?..
— Дунёни сўранг, Сафинахон, дунёни! — керилиб қўйди Ўринбой дўкондор. — Айтаверинг!
— Ўринбой ака, нонвойхонамга эллик қоп ун керак бўлиб қолди. — деди Сафина. — Улгуржироқ буюртма тушиб қолувди. Бера оласизми арзонроқ?..
— Ун дедингизми? — бирдан бош қашишга тушди дўкондор. — Ўзимизнинг унни… сотиб қўйгандим-ку… Лекин сизга топиб беришим мумкин. Бир танишим бор ишончли.
— Аммо пулини уч кундан кейин бераман. Биласиз-ку…
— Биламан, биламан. — қўл силтаб қўйди дўкондор. — Хўш, шартлари шу холосми?
— Ҳозирча шу.
— Унда бизнинг илтимос нима бўлади?.. Ҳар ҳолда… Сиз билан би-ир ўтириб…
— У ишни пул олиб келган куним, яъни, индинга гаплашамиз. — деди Сафина дўкондорнинг гапини кесиб. — Ҳозир сиз менга иложи борича тезроқ эллик қоп ун топиб беринг!
— Гап йўқ. — дўкондор шоша-пиша эгнига курткасини илди. — Юринг, хоним, ҳозироқ ўша унни топиб бераман!..
— Ростданми? — ўзини гўё ишонқирамаётган кўрсатиб бир қадам ортга тисланди Сафина. — Шунча тезми?..
Бунга жавобан дўкондор силкиниб-силкиниб кулди-да, гап қистирди:
— Ахир… Бизнинг илтимос ҳам тезлашсин деймиз-да, хоним!..
* * *
Сафинанинг ишлари юришгандан юришиб кетди. Осон йўл билан қўлга киритилган пулларни катта «мол»га ташлади. Орадан бир ойча вақт ўтиб, олган қарзлари ўн-ўн беш баробар даромад келтирди. Бироқ Сафина қарз берган танишлари қанча қўнғироқ қилиб ёлворишмасин, пулларни ўз эгаларига қайтаришга шошилмасди. Аниқроғи, бу пулларни бериб юборишга ҳам кўзи қиймасди.
— Қуриб кетларинг! — дерди ўзича. — Шунча пулинг бор, индамай туравермайсанларми? Қараб қолганларинг йўқ-ку шунга!..
Хуллас, шундай кунларнинг бирида вокзалдан қўнғироқ қилиб қолишди. Икки вагон «мол» келган экан. Сафина зудлик билан уларни мижозларга тарқатмаса бўлмасди. Машинасига ўтирди-да, кўзланган манзил томон жўнади.
Шошилинчдами, тезликни бироз ошириб юборибди. Йўлда ҳаракатни назорат қилиб турган йўл патрул хизмати ходими дарахтлар орасидан чопиб чиқди-да, ҳуштак чалиб машинани тўхтатди.
— Оббо! — оғир хўрсиниб қўйди Сафина ғилофдаги ҳужжатларни оларкан. — Шу етмай турувди шошганда!
Шу орада милиционер етиб келиб ўзини таништирди.
— Сержант Ғуломов! Ҳужжатларингизни кўрсатинг!
— Нима бўлди, ака? — хотиржамлик билан ҳужжатларни унга тутқазиб сўради Сафина. — Бирор айб иш қилиб қўйдимми?
Милиционер жавоб ўрнига ҳужжатдаги суратга, сўнг Сафинанинг ўзига тикилиб олди-да, индамай нари кетди ва шеригига нималарнидир уқтира бошлади.
Сафина ҳайрон эди. Нима қилмоқчи булар? Айтадиганини айтиб қўя қолмайдими?
Ўйлаб ўйининг охирига етмай, икки милиционер бараварига у томон юриб келиб машина эшигини очишди.
— Опажон, биз билан юрмасангиз бўлмайди. — деди улардан бири.
— Вой, нега? — Сафина жиғибийрони чиқиб бақирди. — Айб қилган бўлсам, айтинг! Шошиб турибман, ахир!
— Афсуски, иложи йўқ. — деди милиционер жиддий оҳангда. — Сиз фирибгарликда айбланасиз. Шунинг учун ортиқча қаршилик кўрсатмасдан биз билан юринг!
— Қанақа фириб?.. Ўйлаб гапиряпсизми?..
Сафина шундай дерди-ю, хаёлида Ўринбой дўкондор, Ҳалимжон акалар айлана бошлаганди.
«Маразлар! — хаёлан сўкиниб пастга тушди Сафина. — Дарров мелисага хабар беришибди шекилли! Ўлиб кетсин! Жа танг келса, берарман-да ўша ҳаром пулларини!..
ЭСЛАТМА:
Бахтга қарши Сафина фақатгина пулларни эгаларига қайтариш билан қутула олмади. Тергов ташкилотлари қўзғатилган жиноий ишни охиригача етказишди.
Суд ҳукми билан фирибгар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Фириб йўли билан олинган пуллар эгаларига қайтарилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|