Малика энди ўн олтига қадам қўйди. Лекин бу қадар гўзал бўлиш ҳам қиз болага бало экан. Йигитлар қўйишмайди. На кўчада, на мактабда бемалол юра олади. Гап отишгани, суюқлик қилишгани-қилишган…
Баъзида алам қилади. Шунчалар алам қиладики, узун-узун киприклари беихтиёр ёшланиб, анордек юзлари сўлғин тус олади. Ўша шилқим йигитларга бақириб-бақириб ташлагиси келади. Афсуски, қўлидан келмайди. Ўрганмаган. Қанча ҳаракат қилмасин, тили айланмайди…
— Яхши қиз, бир дақиқа тўхтанг энди!.. — Малика сумкасини қўлтиғига қисганча хаёл суриб подьехдга кириб кетаётганди. Рўпарасида пайдо бўлган барзанги, юзларига ҳуснбузарлар тошган, кўзлари қисиқроқ йигитни кўриб сал қурса қўрқувдан ағдарилиб тушаёзди.
— «Уф-ф, жонимга тегиб кетди шулар!» — кўнглидан ўтказди у ва секин йигитни четлаб ўтиб кетмоқчи бўлди. Бироқ йигит ўтказиб юбориш ниятида эмасди.
— Бунчаям гўзалсиз? — уятсизларча қизга еб қўйгудек тикилиб турарди у. — Келинг, танишайлик, менинг исмим Ботир! Сизники-чи?..
— Менга қаранг, нима ишингиз бор ўзи менда? Қочинг йўлимдан!..
— Ў, жа «шустрий» экансиз-ку-а?.. Исмингизни айтмагунингизча ўтказиш йўқ…
— Қочинг дедим!.. — тобора асабийлашиб лаблдарини тишлади Малика. — Мен дуч келган билан танишиб кетаверадиган қизмасман.
— О, шунақа денг?.. Яхши, кўрамиз, ҳали ўзингиз олдимга келиб танишишни таклиф қиласиз.
— Тушингизни сувга айтинг!..
Дастлабки суҳбат шу сўзлар билан якун топди. Ботир секин четга ўтиб масхараомуз кулимсираганча шоша-пиша ичкарига ўзини урган Маликанинг ортидан қараб қолди…
* * *
— Ҳа, намунча?.. Нимага рангинг оқариб кетибди?.. — Малика ичкарига кириши билан ойиси Марҳамат ая тўхтатди. — Бирон гап бўлдими, қизим?..
— Йўғ-э, — дарров ўзини қўлга олиб кулимсираган бўлди Малика. — нима бўларди? Чарчадим-да!..
— Худога шукр-ей, хаёлим бошқа ёқларга кетиб… Бўпти, овқатингни сузиб қўйдим, дарров еб олгин!..
Малика ойисига маъқул ишорасини қилди-да, хонасига кириб ўзини каравотга ташлади. Кўз ўнгидан ҳануз Ботирнинг ёқимсиз башараси кетмас, ҳар бир айтган гаплари хаёлидан ўтганда мияси тешилиб кетгудек бўларди…
— «Ярамас, шилқим, — ўйлади у шифтга ҳиссиз кўзлар билан боқиб. — қаердан чиқиб қола қолди ўзи?.. Бу ерликка ўхшамайди, мараз!.. Ўзингиз келасизмиш. Бекорларни бештасини ебсан-а!.. Яна бир марта йўлимни тўсгин, кўрасан кўрадиганингни!..»
Шу кўйи хонасида ётиб кунни кеч қилган Маликанинг хаёлини яна ойиси бўлиб юборди.
— Ҳой, Малика, нимага ястаниб ётаверасан?.. Овқатингни емабсан-ку!.. Турсанг-чи, шом бўлди, қара! Ҳадемай аканг ҳам машғулотлардан кеп қолади, чиқақол!..
— Менда ишингиз бормиди? — эринибгина ўрнидан тураркан, қовоғини уйди Малика.
— Ишим бор. Югуриб дўконга чиқиб келгин, ёғ қолмабди!..
— Оббо, акам келса чиқар!..
— Ие, аканг шундоғам хориб-чарчаб келади… Югур, чиқиб келақол!.. Ў сенлар туриб ўзим чопайми?..
— Бўпти, чиқиб келаман!..
Малика кийимларини кийди-да, Марҳамат ая берган пулларни киссасига солиб ташқарига йўл олди…
Дўкон автобус бекатининг ёнгинасида эди. Малика бекатда турган йўловчиларни оралаб дўкон тарафга юрганди. Кимдир орқадан келиб елкасига қўлини қўйди. Чўчиб кетган Малика шартта ўзини орқага олмоқчи бўлди. Лекин кучли қўллар уни қимирлашга қўймади…
Ортига ўгирилиб не кўз билан кўрсинки, қаршисида Ботир кулиб турарди.
— Қўлга тушдингизми? — деди у ҳануз қизни қўйиб юбормай. — энди қутулиб бўпсиз. Ў исмингизни айтасиз, ё мана шу еринг ўзидан сизни ўғирлаб қочаман.
— Юзсиз, қўйвор! — силтаниб йигитнинг қўлларидан қутулишга уринарди Малика. — Қўйвор дедим! Ҳозир бақираман!..
— Бақиринг, ҳеч ким сизга ёрдам беролмайди мендан бошқа!.. Қани, бақирмайсизми?..
— Мендан нима истайсан ўзи? ғанақанги сурбетсан-а?..
— Ҳа, муҳаббат одамни сурбет қилиб қўяркан. Нимаям қила олардим? Сизни кўрганимдан бери уйингизнинг олдидан кетолмай қолдим. Майли, исмингизни айтмаслигингиз мумкин. Чунки барабир аниқлаб биламан. Фақат… — Ботир ён-атрофдагиларга менсимайгина қараб қўйди-да, Маликани ўзига яқинроқ сурди. — Фақат ҳозир ҳов анави машинага ўтирсангиз, сизни зўр жойга обориб меҳмон қиламан. Йўқ дея кўрманг, айтдим-а ўғирлаб қочаман деб!..
Бундай вазиятларда ҳар қандай иффатли қиз ҳам ўзини йўқотиб қўяди…
Малика нима қилишни, қандай йўл тутишни билмай бирпас гаранг бўлиб қолди. Рўпарасидаги бу ёқимсиз йигитга боққани сайин нафрати қўзғар, аммо бақир-чақир қилиш, қарғаб-сўкиб ташлаш тугул унинг кучли қўлларидан халос бўлишга ожиз-у нотавон эди…
— Бўпти, — Малика бир муддат лаб тишлаб тургач, хаёлига келган фикрдан жонланиб йигитга мажбуран кулимсираб қаради. — розиман. Фақат… Ойим дўкондан ёғ олиб боришимни а йтганди. Подьездимизнинг ёнида бирпас кутиб тура оласизми?
— Гап йўқ, — деди Ботир оғзининг таноби қочиб. — кутиш керак бўлса кутамиз… Лекин айтиб қўяй, агар чиқмасангиз, овозимнинг борича бақираман. Мен қайтмайдиган боламан.
— Вой, чиқмай ўлибманми?.. Бўпти, сиз кутиб туринг, мен ёғни олиб уйга ташлайман-у чиқаман!..
* * *
Малика ёғни олиб уйига кириб келганда, акаси Маъруф энди бокс машғулотларидан қайтган экан. (У бир неча йилдан бери бокс тўгарагига қатнашарди) Синглисининг ранг-бошини кўриб ҳайрон бўлди.
— Сенга нима бўлди, Малика? — остона ҳатлаб ичкари киргани ҳамоно унинг йўлини тўсди Маъруф. — рангинг оқарибдими?..
— Ҳа, оқарди. — Малика шоша-пиша ёғни ошхонага қўйиб келди-да, акасини хонасига бошлади. — Юринг, сизга айтадиган гапларим бор!..
Икковлари олдинма-кетин ичкари хонага киришди. Марҳамат ая эса, ака-сингилнинг орқасидан қараб «Ҳа энди сирли гаплари бордир-да», деган хаёлда кулиб қўйди холос ва ошхонага қайтди…
— Бир шилқим сира ҳол-жонимга қўймаяпти, ака! — деди Малика дераза томонни кўрсатиб. — Мактабдан қайтганимдан бери кўчага чиқищга қўймайди…
— Нима деди? Ким экан ўзи?
— Ботирман дейди. Мен у билан учрашувга чиқмасам, ўғирлаб кетармиш. Ҳеч кимдан қўрқмайман деяпти!..
— Шунақами? — муштларини тугди Маъруф. — Зўр эканми шунақа?.. Кўрсатиб қўяман унга зўрликни!.. Ҳозир ҳам турибдими кўчада?
— Ҳа, мени маҳкам елкамдан ушлаб олганди. Сира кучим етмади. Охири алдаб-сулдаб зўрға қочиб қолдим…
— Бўпти, сен ўтиравер, ўзим гаплашаман у билан!..
Маъруф хона эшигини очиб йўлакка чиқди-да, эгнига спорт костюмини илиб ташқарига чопди…
У ташқарига чиқиб подьезд рўпарасида турган таниш йигитни кўриб қотиб қолди.
— Сен?..
Ботир танимади шекилли, Маъруфга беписанд боқди.
— Сенми Маликанинг акаси? Хўш, нима ишинг бор менда?
— Мени танимадингми, Ботир? — сўради Маъруф унга яқин келиб.
— Йўқ, танимадим. Кимсан ўзи?
— Наҳотки? Бир тўгаракда қатнашиб ҳам танимадингми?
— Ие, ҳа-а, сенам қатнашасанми?
— Қатнашаман. Лекин мен бошқа гуруҳдаман…
— Бунинг аҳамияти йўқ. Мақсадга ўт, боксчи!..
Маъруф уни кўриб бироз шаштидан тушганди. Бироқ синглисининг гаплари эсига тушиб…
— Синглимни тинч қўйсанг яхши бўларди. — деди босиқлик билан. — Яхшимас. Сен оиламизни шарманда қилаяпсан қўшниларнинг олдида.
Ботир хохолаб кулиб юборди.
— Йўғ-э, мен ёмон иш қилганим йўқ шекилли?..
— Вей, — Маъруф кутилмаганда Ботирнинг ёқасидан олди. — сен ўзингни жа осмонга кўтараверма!.. Аччиғим ёмон, бирор кор-ҳол юз бермасидан жўнаб қол!..
— Торт қўлингни, эркак!.. Ҳали мени синдирадигани онасининг қорнида юрибди, билдингми? Нима, севиш гуноҳми?.. Синглинг севса, мендақасини севади-да! Намунча ўзларингга эрк бермасаларинг?..
— Майли, мен охирги марта огоҳлантираяпман. Агар тушунмаган бўлсанг, кейинги сафар ўзингдан кўр!..
* * *
Ботирнинг эртанги кунги қилиғи ҳаммасидан ошиб тушди. Эрталаб Маъруф нонушта қилиб бўлиб телевизор томоша қилишга ўтирганди. Уйда ҳеч ким йўқ. Марҳамат ая бозорга тушиб кетган, Малика мактабда эди…
Кутилмаганда эшик қўнғироғи кетма-кет чалинди. Маъруф эринибгина бориб эшикни очди-ю, рўпарасида Ботирни кўриб бирдан қошлари чимирилди. У писканинг ярмини тишлаганча тиржайиб турарди.
— Яна нимага келдинг, йигит? — сўради Ботирнинг саломига алик олишни-да унутиб. — Мен сенга нима дегандим?
— Кўпам ҳовлиқаверма!.. Агар эркак бўлсанг, юр, четроққа ўтиб гаплашиб оламиз!..
— Шунақами? — деди Маъруф. — Яхши, сен автобус бекатида мени кутиб тур, ҳозир етиб бораман!..
— Йўқ, бекатдамас. Боғ ичига кирамиз. Ўша ер қулайроқ!
— Жуда яхши, унда ўша боғ ичида кутиб тур!..
Ботир пастга йўл олгач, Маъруф шошилинч ошхонага кирди.
— Ҳозир сен маразга кўрсатиб қўяман! — дея ғудраниб ошпичоқни чўнтагига жойларди у. — Каллангни оламан!.. Пискангга ишониб келгансан-да!..
Кўз очиб юмгунча Маъруф айтилган ерга етиб борди. Ҳақиқатан боғ ичида одам зоти йўқ эди…
Ботир ёлғиз эмас экан. Ўнида бўйи нақ икки метр келадиган бақувват бир йигитни кўриб Маъруфнинг энсаси қотди.
— Вой, хунаса-ей, — кўнглидан ўтказди у Ботирга яқинлашиб келаркан. — ҳолинг шу экан-ку, тағин осмондан келдингми менга?..
Афсуски, ҳаммаси Маъруф режалаштиргандек бўлиб чиқмади. Яқин келиб улгурмай, унга Ботирнинг ёнида турган барзанги кўндаланг бўлди. Ва кутилмаган ҳаракат билан Маъруфнинг юзи аралаш мушт туширди…
— Ҳали шунақами?.. — базўр ўрнидан турган Маъруф тепасида кулиб турган Ботирга алам билан боқди. — Йигит киши яккама-якка муштлашади, ҳезалак!..
— Нима? Ким ҳезалак?..
Энди уриш навбатини Ботирнинг ўзи олди. Аммо қорни аралаш икки-уч марта тепки тушганига қарамай, Маъруф ўзини ўнглаб ўрнидан туриб олишга улгурганди.
— Мана сенга! — у чўнтагидаги ошпичоқни олди-да, бармоқлари орасида писка ўйнатиб келаётган Ботирнинг бўйнига тиғ тортиб юборди.
— Иҳ-ҳ!.. Единг-ку, ифлос!..
Шеригининг бўйнидан тирқираб қон оқа бошлаганини кўрган барзанги қўрқиб кетдими, шу заҳоти жуфтакни ростлади. Маъруф эса, қайтмоқчи эмасди. Ерда ғужанак бўлиб ётган Ботирнинг танасига яна бир-икки пичоқ урди-ю, ҳеч нарса бўлмагандай, кийимларига сачраган қонларни кетказиш ниятида боғ ёнбошидан оқиб ўтган анҳор томон чопиб кетди…
Қасоскор акани орадан икки соатлар ўтиб милиция ходимлари анҳор бўйидан топишди…
У ортиқча қаршилик ҳам кўрсатиб ўтирмади. Ҳамма айбларини тергашларсиз бўйнига олди…
Фақат… Ботирнинг касалхонада жон берганини эшитгач, бироз афсусланган бўлди…
Шунга қарамасдан, ёлғизгина синглисининг номусини асраб қолганидан мамнун эди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|