Матназар болалар уйи дарвозасидан ичкарига қадам қўйди-ю, ҳовлида якка ўзи ўйнаб юрган Мардонга кўзи тушиб қўрқиб кетди. Унинг кийимлари анчагина кирланган, оёғидаги шиппаги йиртилган. Ранглари сарғайиб қолганди.
— Сенга нима бўлди, укажон? — укасини бағрига босаркан, сал бўлмаса йиғлаб юбораёзди Матназар. — Ким сени бу аҳволга солди? Мен эмасми? Ўша қанжиқнинг гапига кириб сени хор қилиб қўйдимми?.. Айт, бу ердагилар яхши қарашмас эканми-а? Нега индамайсан? Гапирсанг-чи!
— Мени олиб кетинг, ака! — оҳиста пичирлади Мардон ётоқхона томонга қўрқа-писа қараб олгач. — Бу ер ёмон экан. Олиб кетинг!..
— Албатта, олиб кетаман. Қўрқма, шу бугуноқ олиб кетаман сени!.. Қани, тарбиячиларингга учрашайлик-чи!..
Матназар укасини етаклаб ичкарига кирди. Кираверишда семиздан келган бир аёл сканворд ечиб ўтирган экан. Бирпас индамай турди. Аёл ҳадеганда бошини кўтарвермагач, аста йўталиб қўйди.
— Келинг, хизмат?! — ниҳоят қўлидаги ручкани бир чеккага қўйиб ўрнидан қўзғалди аёл. — Мардоннинг акасисиз-а, адашмасам?
— Ҳа, мен уни олиб кетмоқчиман, — деди Матназар жаҳлдан зўрға ўзини тийиб.
— Бутунлайми?
— Ҳа.
— Бу мумкин эмас. Сиз болани бизнинг қўлимизга топширгансиз. Энди мактабни тугатиб балоғат ёшига етмагунча ҳеч қаерга олиб кетолмайсиз.
— Мактабни битиргунча ўлиб қолади бу бола. Қаранг, рангини!..
— Бу ердаги болаларнинг ҳаммаси шунақа. Ота-оналарини, яқинларини соғинишади. Укангиз ҳам кўникиб кетади. Хавотир олманг!..
— Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен уни олиб кетаман дедимми, олиб кетаман.
— Унда директоримизга учрашинг! Ўша киши ҳал қилади…
Матназар болалар уйида кеч шомга қадар қолиб кетди. Шунга яраша директорни кўндирди. Мардон у билан кетадиган бўлди…
Чиқиб кетишаётганда ойнадан мўлтираганча қараб турган Марҳаматнинг ўғлига кўзи тушди. Тўхтади. Бир муддат термулиб турди. Нимадир демоқчи ҳам бўлди. Аммо… Болага яқин бориб баттар алам ўтида ёнмаслик учун тез-тез юриб кўчага, автобус бекатига йўл олди…
* * *
Қулматнинг оғзи қулоғида эди. Марҳамат очиқчасига ўзиники бўлганини эслагани сайин кулгиси қистар, Матназарнинг аҳмоқлигини кўз олдига келтириб мазза қиларди.
«Бу ҳали кам, — ўйларди у Ҳамида яшаётган ҳовли томон яқинлашиб. Бунақанги латталарни эзиб, сувини чиқарвориш керак. Ўшанда кўзи очилиб, оқ-қорани танийди, пул топишни ўрганади. Қайнотаси тўғри гапни айтди. Эзавериш, эзавериш керак. Аммо ўша қари тулкиям жа ҳаддидан ошяпти. Шунча ишни қилиб бердим. Ваъда қилган юз долларини бергиси йўқ, шекилли? Бунақаси кетмайди. Қулмат билан ҳазиллашмасин. Куёвини боши берк кўчага олиб кириб бердимми, сўзимнинг устидан чиқдимми, чўзиб қўйсин…»
У Матназарнинг ҳовлисига етганда, кўчанинг икки томонига қараб олди-да, ичкарига қадам қўйди.
Ҳовлида Ботир дўкондор неварасини ўйнатиш билан банд, Ҳамида ўчоқ бошида куймаланарди…
Қулмат Ҳамидани илгари кўп кўрган. Бироқ ҳозирги кўриниши…
Тўлишибди.
— «Чўлоқ бўлсаям, яхшигина бўп қопти-ку, — хаёлидан ўтказди у. — Қоматини қара!.. Оббо, Матназар тушмагур-ей, шундай хотининг бўла туриб, қаёқдаги суюқоёққа илакишиб юрсанг!.. Мана кўрасан, шу чўлоғинг ҳам менинг ноғорамга ўйнайди ҳали. Бўш-баёв эркакнинг аҳволи шу. Борини бой бериб юраверади».
— Э, келинг, мулла Қулмат! — неварасини сўрига ётқизиб, унга пешвоз чиқди Ботир дўкондор. — Ҳозир ўйлаб тургандим-а! Қани, ўтиринг!
— Сиз ҳам эсон-омон бормисиз? — пичинг аралаш гап бошлади Қулмат. — Сира тополмасам керак, деб ўйлагандим.
— Нималар деяпсиз? Биз қочиб кетадиганлардан эмасмиз. Ваъда бердикми, бажарамиз. Қизим, чой-пой опкелгин меҳмонга!..
Қулмат қўлида чойнак билан келиб салом берган Ҳамидага ер остидан тикилиб қаради. Шу тобда унинг ногирон оёқ-қўллари кўзига кўринмас, фақат бўлиққина гавдасига, шойи кўйлагини туртиб турган сийналарига суқ билан тикиларди.
— Хуш кепсиз! — унинг хаёлини бўлди Ҳамида. — Яхши келдингизми?
— Раҳмат… Сиз ҳам яхши ўтирибсизми?.. Қийинчиликлар бўлса, айтаверинг, биз хизматда.
— Йўқ, дадаси хабар олиб турибди.
— Ўшани тилингга олма! — қизини жеркиб берди Ботир дўкондор. — Ўшанақа хотинбозга сендақалар ҳайф!.. Оти ўчсин!.. Мана, мен Қулматжонни атайин ёллаганман. Худо хоҳласа, у ярамасни шундай балоларга йўлиқтирсинки, бир кун келиб оёқларингни ўпиб кечирим сўрасин. Дадаси эмиш! Ҳе ўргилдим, унақа дадалардан!..
Қулматнинг қулоғига бу гаплар умуман кирмади. Дўкондордан пулни олди-ю, ортга қайтди. Шу кеча, албатта, Ҳамиданинг ёнига кириши, кўнглига қўл солиб кўриши шарт эди.
* * *
— Ҳамидахо-он!.. — Қулмат дала тарафдан ҳовлига кириб келиб, чироғи ўчирилган хона деразасидан ичкарига мўралади. — «Бу аёл бир ўзи ётишга қўрқмасмикан? Ё менинг келишимни ўзиям кутиб ётибдимикан? Бошқа кунлари чироғи ёниқ турарди. Ёнида кимдир шерик бўлиб ётарди. Бугун негадир чироғини ўчириб олибди», — кўнглидан ўтказди Қулмат. — Ҳов, Ҳамидахон, ухламадингизми?..
Иккинчи марта чақирганидан кейин ҳам чироқ ёнмади, лекин эшик зулфи суғурилгандай бўлди. — «Оҳ, — кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйди Қулмат. — Худо бераман деса, шу-да!.. Бугун энди чўлоқхон билан бир маишат қилиш ёзилган экан. Ишқилиб, омадим келаверсин!.. Насиб бўлса, бу ойимчани бир додлатай!..»
Қулмат хаёлини йиғиштириб улгурмади. Бошини кўтариб не кўз билан кўрсинки, рўпарасида Матназар турарди.
— Ҳа, эркак, Ҳамидада нима ишинг бор? — сўради у сир бой бермасликка ҳаракат қилиб. — Ё Марҳамат камлик қилиб қолдими?..
Қулмат тезда ўзини ўнглаб, Матназарга яқинроқ борди.
— Секинроқ, ошна, деворниям қулоғи бор!..
— Қулоғи бўлса менга нима? Менинг одамлардан яширадиган сирим йўқ. Хўш, нега келдинг? Нима ишинг бор?
— Ҳа, энди… Сен уйда йўқ экансан… Шунга… Қайнотанг булардан бирров хабар олиб қўярсиз, деб тайинлаганди.
— Шунақами? Қайнотам билан ҳам тил топишиб олдингми? Оббо, сен-ей!.. Қайнотамнинг қўшмачилигини билмаган эканман.
— Оғзингга қараб гапир! — кутилмаганда Матназарнинг ёқасидан олди Қулмат. — Сенинг чўлоқ хотинингга зор эмасман. Ундан кўра…
— Нима?.. — Матназар бир зарб билан Қулматнинг қўлларини ёқасидан олиб ташлади ва икки қулоғини маҳкам чангаллаб олди. — Қани, юр, қиморхонага борамиз! Қаршилик қилсанг, шармандангни чиқараман.
— Мени қиморхонада қиладиган ишим йўқ.
— Менинг ишим бор. Иккаламиз ҳисоб-китоб қилиб олишимиз керак, юр, хунаса!..
* * *
Шу кеча қиморхона мелиса босгани сабаб ёпилган, ичкарида фақат уй эгасигина қолган эди.
Матназар Қулматни итара-итара ҳовлига олиб кирди-да, дарвозани ичидан тамбалади.
— Хўш, нима дейсан? — қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек, биринчи бўлиб Қулмат бўйнини чўзди. — Эркак бўлиб бирор иш қўлингдан келадими ўзи?
— Кўрсатиб қўяйми? — қўлларини мушт қилди Матназар. — Мана, сенга бўлмаса!..
Кутилмаганда башарасига келиб тушган муштдан Қулмат бир қалқиб кетди.
— Шуми бор кучинг? — совуқ тиржайди у уришга хезланиб. — Энди меникиниям бир кўр-чи!..
Матназар кўрдики, у чўнтагидан пичоқ чиқарди. Агар олдини олмаса, тушириб қолиши тайин. Шу сабабли куч билан қорнига тепиб юборди. Энгашиб қолган Қулматнинг қўлларини қайириб қўлидаги пичоғини тортиб олди ва… томоғига санчди.
— Мана бу Марҳамат учун!.. Мана буниси сотқинлигинг учун!..
Тиғ бир неча ўн марта баданига санчилгач, Қулмат хириллашгагина улгурди.
Уй эгаси эса бир бурчакка биқиниб олганча дир-дир титрарди…
* * *
— Матназар ўртоғини пичоқлаб қўйибди!..
Ҳамида оқсоқолнинг ўғлидан бу гапларни эшитди-ю, турган ерида тош қотди. На қимирлашни, на биғиллаб йиғлаётган қизчасини қўлига олишни билди. Орадан қанчадир вақт ўтиб, Ботир дўкондор ҳовлига чопиб келмагунича шу кўйи тураверди.
— Ўзингни қўлга ол! — бақирди дўкондор уни силтаб. — Мана… Ҳозир… Сув олиб келай… Ма, ичиб ол-чи!.. Яхши… Менга қара, бақир-чақир қилма!.. Овозингни чиқарма!.. Кўрдингми, эрингнинг қанақалигини?.. Энди менинг гапларимга ишонгандирсан?.. Қанақалиги энди билиниб қолди-ку!.. Юр, мен сенларни опкетмасам бўлмайди! Ҳали замон мелиса босади бу касофат уйни, юра қол! Қизингни қўлингга ол, бўл тез!..
— Мен ҳеч қаёққа кетмайман, — деди Ҳамида деворга суянган кўйи бошини орқага ташлаб. — Пешанамга ёзилганини кўраман. Агар ўлиш ёзилган бўлса, унгаям розиман. Аммо бу уйни ташлаб кетмайман.
— Аҳмоқ қиз, бутунлай ташлаб кет деяётганим йўқ-ку!.. Эринг одам ўлдирган. Сал босди-босди бўлгунча ўзимизнинг уйда турасан. Суд тугасин, қайтиб келаверасан!
Ота ҳақ эди. Ҳамида бир ўзи ёлғиз қолиши мумкин эмас. Қолаверса, Қулматга ўхшаганлар озми қишлоқда…
Ҳамида бирпас ўйланиб тургач, қўлига боласини олди — ю, отасининг ортидан эргашди…
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|