— Бу сафар қандай қочдинг турмадан? — дала ҳовлига етиб келишлари билан кулиб сўради Бек ака Ҳусан акага кўз қисиб. — Шунчалик уддабуронмисан-а?..
— Мени нима учун алдадингиз? — Матназар жавоб бериш ўрнига қовоғини уйиб Бек акага юзланди. — Нега моддани олдиндан айтмадингиз?
— Сен-чи? Кўзинг қаердайди ўшанда? Сўраш керак эди.
— Сиз устимдан кулмоқчи бўлгансиз, биламан.
Бу гап Бек акага ёқмади шекилли бир-икки томоқ қириб қўйди:
— Сен ўзи кимсан? Келиб-келиб сенинг устингдан куламанми? Мендай одамнинг назарига тушганинг учун Худога шукур қилсанг-чи! Агар истасам, аллақачон ўлдиртириб юборардим сени. Бироқ бундай қилмайман. Чунки, сен ҳали кераксан бизга. Турма масаласига келсак, шу йўл билан текшириб олмоқчийдим, холос.
— Хўш, текшириб бўлгандирсиз?
— Албатта. Бугун ваъда қилган уч юз эллик мингни бераман қўлингга. Сен янги иш бошлайсан.
— Қанақа?
— Ўз атрофингдаги дўконлар, ишлаб чиқариш корхоналарини назорат қиласан. Менинг номимдан. Ҳеч ким мушугингни пишт, демайди. Анови пулларга эса хизматчилар ёллайсан.
— Кечирасиз-у, кафолат қани? Ахир, мени ҳозир ҳам турмадагилар қидиришяпти!
— Ҳеч ким қидирмайди сени. Бирпасдан кейин ўзим қўнғироқ қилиб, ўйин тугаганини айтаман уларга. Бўпти, гапни калта қилайлик. Мана бу одам — Ҳусан аканг. Бу ёғига ҳамкорликда ишлайсанлар. Юр, энди сенинг улушингни берай!
— Мен-чи? — бир четда қимтинибгина ўтирган Мардон Бек акага умидвор термилди. — Нима қилай?
— Сен бориб бозорингни қилавер! — Бек аканинг ўрнига жавоб қилди Ҳусан ака. — Эртага кечқурун йигитлар боришади. Улушимизни, албатта, улардан бериб юбор!
— Гап йўқ.
Мардон Ҳусан акага бир қараб олгач, секин ташқарига йўл олди…
* * *
Қариган чоғда шайтоннинг йўлига кирган ёмон. Ботир дўкондор ичкиликка берилганидан бери хаёллари бузила бошлаганди. Айниқса, аввалига Матназар, кетидан Мардон лўмбиллаган Марҳаматни орқаларидан эргаштирганини кўриб ич-этини ерди. Олдин қизи Ҳамида бахтсиз бўлиб қолганини кўриб аламдан ёнганди. Энди у кунларни унутди. Марҳаматнинг келишган қомати қарияни турли орзулар оғушига олиб кирган эди.
— Аниқ шийпон томонга кетди, — кўнглидан ўтказди қария уйига кириб яшириб қўйган юз грамм ароқни шоша-пиша симириб кўчага йўл оларкан. — Орқасидан бораман. Барибир ҳозир ким ёрдам бераркан, деб мўлтираб юрибди. Милисадан яшириниш осон эканми!.. Гапимга кўнса, қабристон қоровули билан гаплашиб, ўша ердан биронта пана жой топиб бераман. Кирмаса… Агар кирмаса, ўз қўлларим билан милисанинг қўлига топшираман…
Дўкондор адашмаганди. Марҳамат шийпоннинг қоронғи хоналаридан бирига кирганча бурчакда биқиниб ўтирар, йиғлаган товуши эшитилиб қоларди.
— Ким у? — даст ўрнидан туриб бурчакка қаттиқроқ қисилди у. — Ким деяпман?
— Менман, — шивирлади дўкондор. — Ботир амакиман.
— Вой, сиз… Бу ерда нима қилиб юрибсиз?
Ботир дўкондор жавоб бермай, Марҳаматга яқинроқ келди.
— Сенинг азобда қолганингни кўриб чидолмадим. Ҳамдард бўлай, деб келдим…
Шу гапни айтиш асносида дўкондор Марҳаматнинг икки қўлини ушлаб, аста ўзига тортди.
— Вой, бу нима қилганингиз? — қўлларини тортмоқчи бўлди Марҳамат. Лекин кучи етмади. — Қўйворинг! Ахир…
— Нега қўрқасан? Менам одамман. Менам эркакман. Сенинг ўша саёқлар билан етаклашиб юрганингни кўрганимда ёниб кетишимни билмайсан. Кел, бу ёғига учрашиб юрайлик! Сени ўзим ишончли жойга яшириб қўяман. Иссиқ-совуғингдан хабар олиб тураман. Ташлаб қўймайман. Фақат… Менинг раъйимни қайтарма!
Марҳамат бошқа пайт бўлганда, шубҳасиз, оғзидан ароқ ҳиди гупириб турган бу қари чолни итариб ташлаган, кўпчиликнинг олдида шарманда қилган бўларди балки… Лекин ҳозирги вазиятда ҳеч нима қилолмайди. Қидиришаётганини, ушлаб олишса, турмага тиқишларини билади. Шу сабабли дўкондорга ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Пайтдан фойдаланган дўкондор эса уни белидан маҳкам қучоқлаб ахлат сочилиб ётган полга ётқизди…
* * *
— Вой, мен ўлиб қўя қолай!.. — Ботир дўкондор Марҳаматнинг қўйнида ухлаб қолган экан. Эрта тонгда кимнингдир қаттиқ қичқириғидан уйғониб сакраб ўрнидан турди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида қизи Ҳамида турарди.
Унга кўзи тушган Марҳамат ҳам шоша-пиша ўрнидан турди-да, дўкондорнинг орқасига беркинди.
— Бу нима қилганингиз, ота? — қичқирди Ҳамида. — Нималар қилиб қўйдингиз?..
— М-мен… Қизим, ўзингни бос! Сал кайфим ошган экан. Билмайман… Билмайман…
— Қариган чоғингизда қайси шайтон йўлдан урди сизни? Яна келиб-келиб манови қанжиқ билан-а? Онам билса нима бўлади?
— Қизим, ўзингни бос! Биласан-ку, сени…
— Овозингизни ўчиринг! — юзларини ювиб тушаётган кўз ёшларини арта-арта отасининг сўзини бўлди Ҳамида. — Мен… Мен чидай олмайман бундай иснодга. Мен… Йўқ… Ўзимни ўлдираман. Шунда қутуласан ҳамманг!
У шу гапни айтди-ю, оқсоқлана-оқсоқлана уйи томон югуриб кетди.
— Ҳой, қиз, аҳмоқлик қилма! Тўхта! — Ҳамиданинг ортидан кетиб бораркан, уни тўхтатишга уринарди дўкондор. — Мени шарманда қилма! Отангни адойи тамом қилма!
Қарилик эканми, Ҳамидага ета олмади…
У аллақачон узоқлашиб қишлоқ кўчасига кириб улгурганди…
Дўкондор сўкина-сўкина ҳовлисига кириб келди ва юраги қинидан чиққудек омборларни, машина гаражларини титкилаб Ҳамидани қидиришга тушди.
Ҳеч қаерда йўқ. Хотини ҳам негадир кўринмайди.
— Қайдасан, Ҳамида? — қичқира бошлади у оғилхона томон йўл оларкан. — Нега индамайсан?
Аксига олгандек, оғилхона эшиги ҳам ёпиқ экан.
— Ҳа-а, ичкаридан беркитиб олган, — хириллаган кўйи шивирлади дўкондор. — Қизим, оча қолгин! Ҳаммасини тушунтираман ўзингга! Очсанг-чи! Отангни маҳтал қилмасанг-чи!
Ҳеч ким жавоб қилмагач, эшикни тепа кетди. Очилмади. Шундан сўнг атрофни айланиб йўғон бир хода топди-да, оғилхона эшигига тинимсиз ураверди. Ниҳоят эшик очилди. Дўкондор ходани бир четга улоқтириб жонҳолатда ўзини оғилга урди…
— Қизи-им! Ҳамида-а-а! Нималар қилиб қўйди-инг?! Жон бола-ам!
Дунё азобларидан безиб кетган Ҳамида оғилхонанинг шифтида осилиб турар, юзлари арқон зарбидан кўкариб кетганди.
* * *
Мардоннинг кўзи Ҳамиданинг ўлимидан кейингина очилди. У Марҳамат Ботир дўкондорнинг қўйнида тун бўйи ётиб чиққанини эшитгач, буткул тутақди. Жанозанинг эртаси куни қора дори бозоридаги савдони ҳам йиғиштириб қўйиб, тўппа-тўғри ўша шийпонга йўл олди.
Бахтга қарши у ерда ҳеч ким йўқ эди.
— Ифлос, — деди у овоз чиқариб. — Сени ўз қўлларим билан ўлдираман. Қўлимга тушгин, қанжиқ! Кунинг битди сенинг!
Мардон уч соатча қишлоқни, қишлоққа яқин жойларни эринмай кезди. Ҳеч қаерда йўқ.
Шунда қабристон эсига тушиб қолди.
«— Ҳа, — кўнглидан ўтказди у машинани ўша томон буриб. — Ўша ерда бўлиши мумкин. Бунақангилар қабр ичига кириб ётишданам қўрқмайди…»
Қабристоннинг нариги четида, деворларга яқин ерда улкан чинор бор эди. Шу қадар тарвақайлаб кетгандики, унинг соясида ўтирилса, нариги тарафдан келаётган одам ҳадеганда кўра олмасди.
Марҳамат худди шу ерга беркинган экан. Бошидаги катта оқ рўмолни чинор остига тўшаганича, ер чизиб ўтирган Марҳаматни кўриб Мардоннинг муштлари тугилди. Ўнг қовоғи пирпираб учиб, рангидан қон қочди.
Лекин… Марҳамат Мардонни кўргандан кейин ҳам қимирламай ўтираверди. Ҳатто, қўзғалиб қўймади.
— Қилар ишни қилиб энди ўзингга гўр танлаяпсанми? — унга яқин келиб сўради Мардон. — Менга айтсанг, топиб берардим-ку!
— Бировларнинг кўмагига муҳтож эмасман, — деди Марҳамат ердан бошини кўтармай.
— Шунақами? Қани, унда бир ўрнингдан тур-чи! Мен ўтирган одамга қўл кўтара олмайман.
— Турмасам-чи?!
— Турасан. Турмасанг, мана шу қўлларим билан ўзим турғазиб қўяман.
— Хўш, мана турдим. Кейин-чи?
— Қанжиқ! — унга қарата чирт этиб тупурди Мардон. — Сени ўлдирган савобга қолади.
— Унда… Ўлдиринг! Нега қараб турибсиз?
— Йў-ўқ, — бир қадам ортга чекинди Мардон. — Сени осонликча ўлдирмайман. Қийнаб ўлдираман…
Марҳамат бу гапни эшитиб совуқ кулиб қўйди-да, энгашиб дарахтга суяб қўйган сумкасидан пичоқ чиқарди.
— У ҳолда сени мен ўлдираман! — пичоқни Мардонга тўғрилаб аста яқинлаша бошлади Марҳамат. — Сенлар эркакмидинг? Акангам, сенам бир гўрсан! Хотинчалишсан! Энди ўзингдан кўр ҳезалак! Менга уйланаман, деб алдаганинг учун…
— Нима? — Мардон кутилмаганда чўнтагидаги наганни чиқарди-ю, яшин тезлигида ўқлаб Марҳаматга йўналтирди. — Сен қанжиққа-я?! Ҳозир… Ҳозир… тўғрилаб олай, ўлиминг яқин сенинг! Мени пичоқлармиш бу мегажин!
Мардон чўнтагидан овоз пасайтиргични олиб тўппончанинг уч қисмига кийдирди. Шундан кейингина орқага тисланиб борган ҳолатда ўзини таъқиб этиб келаётган Марҳаматга тўғрилаб тепкини босди.
Тўппонча тиқ этган товуш чиқарди, холос. Аёл ток урган каби орқасига қулади.
Мардон эса, эҳтиёт шарт яна бир марта унинг кўксини мўлжаллаб отгач, мурдани дарахт панасига ётқизди. Устига боягина ўзи бошига ўраб турган рўмолни ташлади…
* * *
Умрида одам ўлдириб кўрмаган киши бундай лаҳзаларда ўзини йўқотиб қўяди.
Мардон ҳам Марҳаматни ўлдиришга ўлдирди-ю, кутилмаганда аъзойи баданида титроқ туйиб юраги тез-тез ура бошлади. Тўппончасини чўнтакка жойладими-йўқми, билмайди. Фақат аланглаб, зир югуриб айлана атрофни кузатар, «биронтаси кўриб, эшитиб қолмадимикан?» деган хаёл миясини кемириб борарди.
«Энди нима қилдим, — ўйлади у дарахт остида ётган мурдага ўғринча кўз ташлаб. — Агар эшитиб ё кўриб қолган бўлишса, адойи тамом бўлдим. Милисабозлик бошланади. О, Худойим, йўл кўрсатсанг-чи!.. Акамнинг олдига бораман. Ҳа, ўшагина мени қутқариб қолади… Тўхта, ҳайдаб солса-чи? Сотиб қўйса-чи? Йўқ, сотмайди. Нима бўлгандаям жигарим-ку! Наҳотки, акам бўла туриб кўзимга чўп суқса? Ҳа-а, айтаман. Бузуқдан қутулдик, деб айтаман. Ўшанда кечиради. Ўшанда ишонади менга…»
Мардон шуларни ўйларкан, худди иштонини ҳўл қилиб қўйган боладек оёқ учида аста-аста юриб катта кўча томон кетди…
* * *
— Жон ака, мени кечиринг! Сизни ранжитиб қўйдим! Сизга кўп ёмонликлар қилдим! Кечиринг! — Матназарнинг оёқларига ёпишганча йиғлаб ёлворарди Мардон. — Илтимос, кечира қолинг! Ахир, акамсиз-ку! Жигаримсиз-ку!
— Сенга нима бўлди ўзи? — Матназар укасини қўлтиғидан тутиб турғазди. — Намунча аёлга ўхшаб дод-вой қилмасанг? Нима бўлди? Айт!
Мардон шоша-пиша кўз ёшларини артиб бошини эгди:
— Мен… Анави бузуқини ўлдирдим.
— Нима? Қайси бузуқини?
— Марҳаматни.
— Марҳаматни? Нега?
— У ўлимга лойиқ эди…
Матназарнинг бўлиб ўтган ишлардан хабари бор эди. Лекин бу хабар кутилмаган чиқиб, сал довдирагандек бўлди.
— Ахир, сени қамаб қўйишади-ку! — деди у эҳтиёт шарт очиқ деразани маҳкам ёпиб. — Мурда қаерда? Қаерга яширдинг?
— Қабристонда… У ярамас мени пичоқламоқчи бўлганди.
— Шунақами? Уф-ф… Чатоқ бўпти. Яхши иш бўлмабди… Нима қилиш керак? Менга қара, ҳозирча ертўлага тушгин-да, ўша ерда ёта тур! Мен… Бек акага айтмасам бўлмайди. Иссиғида ҳал қилиш керак… Бор, бу ерда қотиб тургандан фойда йўқ!
Мардон қуллуқ қилганча югуриб ташқарига чиқиб кетди. Матназар эса қўл телефонини олиб, Бек аканинг рақамини теришга тушди…
* * *
«Тўхта, мен аввал ўйлаб олишим керак эмасми», — Матназар кутилмаганда телефонни жойига қўйиб бошини чангаллади. — Бу бола не кунларни бошимга солмади. Не маломатларга қолмадим унинг дастидан. Энди олдимга кўз ёшини оқизиб келибди. Агар ҳозир индамай кечирсам, мушкулини осон қилсам, бу ишимнинг қадрига етармикан? Туғишган акасига бир неча бор хиёнат қилиб, сотиб келган йигит-а? Йўқ, қадримга етмайди. Бунинг кўзи очилиши лозим. Оғир кунларни кўрсин. Оқ-қорани танисин. Ўшандагина одам бўлади. Буни турмага жўнаттиришим керак. Ҳа, ўшанда кимнинг ким эканини англайди… Йўқ, тўхта, нималар қилмоқчиман ўзи? Мен… Қамоқнинг нима эканини билдим. Бошимдан не кунлар ўтмади. Энди келиб-келиб ўз укамни ўша ерга тиқаманми? Онам-чи? Онамнинг руҳи чирқирамайдими? Ҳа, бундай қилишим нотўғри. Устига-устак у оддий одамни ўлдирмабди. Қаёқдаги бир бузуқини, қачон қараса, менинг бошимни эгиб келган бир ярамасни ўлдирибди. Мен аксинча иш тутишим керак. Ўша ўзимизнинг уйни қайтадан қуриб яхши бир қизга уйлантириб қўйишим керак Мардонни. Билар. Билмаса… Э, билади. Шунча яхшиликлар қиламан-у, билмайдими?»
Матназар шундай ўйлар билан ташқарига чиқди. Бу ҳовлини яқиндагина қуриб битирганди. Ҳовлида айланиб юрган йигитларга керакли юмушларни топширган бўлди-да, ертўлага қараб юрди.
* * *
Бир ҳафта ичида ҳаммаси жойига тушди. Мардонни Бек аканинг ўзи турмадан қутқариб олди. Энди у биларди. Ака-укалар унга ҳеч қачон хиёнат қила олишмайди. Чунки, бўйниларидаги қарз осмонча бор. Бу йигитчанинг тўйини ҳам ўтказиб берса, янада бўйни эгилади. Ипсиз боғланади. Кўрибсизки, унинг қўли билан қора дори бозори гуркирайверади. Бора-бора Мардонга бериладиган фоизниям камайтириш мумкин. Баҳона бор. Қарзларни аста-секинлик билан узиб бориш керак. Ахир, ҳисобли дўст айрилмас, деган мақол бекорга айтилмаган…
— Мен икки ёшга фақат бахт тилайман! — дея тилак билдирди Бек ака тўй кечаси ўртага чиқиб. — Мана, бугун Мардонбой учун энг бахтли лаҳзалар. Уям бўйдоқ юравермай, ниҳоят уйланишга розилик берибди. Бахтли бўлишсин! Ували-жували бўлишсин!
Бек ака сўзини тугатгач, хизматга шай турган таниқли санъаткорлар билан қўл бериб сўрашган бўлди-да, Матназарни қидира бошлади. Шу тобда Матназар ғирт маст, қозон қаршисида бир-икки эркакни ўтқазиб қўйиб тинимсиз ғўлдирарди:
— В-вей, Бек аканг ким бўпти менинг олдимда? Мен… Бу — менман… Турмалариниям атак-патагини чиқариб юрган одамман… Биласанларми, қиморда, ҳатто ўша Бек акангам менинг олдимдан ўтаверсин! Онасини учқўрғондан кўрсатиб қўяман унақа одамларни!
Бу гапларни Бек ака анча яқиндан туриб эшитди. Аммо сир бой бермади. Ёнидаги қўриқчи йигитларга нимадир деди-ю, индамай ташқарига чиқиб кетди.
* * *
— Ҳусан, мен анови мишиқига ишониб бекор қилдим, шекилли? — деди Бек ака эртаси куни айвонда чой ичиб ўтириб.
— Кимни айтяпсан?
— Кимни бўларди? Матназарни айтяпман.
— Нима бўлди? Бирор хато қип қўйдими?
— Хато қилса майлийди. Кеча укасининг тўйида сал нотўғри гапларни гапириб қўйди. Нимаймиш, онамни учқўрғондан кўрсатиб қўярмиш-а!
— Астағфириллоҳ! Шунчалик кучайиб кетибдими, у аҳмоқ?
— Ҳа, майли, энди бундай қиламиз. Бугун кечаси йигитлардан уч-тўрттасини олиб уйига боргин-у, борини тортиб ол! Ўзини яхшилаб калтаклат! Бугундан бошлаб у кўзимга кўринмасин!
— Тинчитиб юборсак-чи?
— Йўқ, у ўзини-ўзи еб, адойи тамом бўлиши керак. Шундай аҳволга солгинки…
— Ҳовли-чи? Уям бизнинг пулларга қурилган-ку!
— Ҳовлига тегмай тур! Вақти келади ўзи. Айтганча, бугундан бошлаб қатъий назорат қиласан. Матназар ҳеч қаердан иш тополмасин! Қимор ўйнай олмасин. Хуллас, хор-зор бўлиб кўчаларда дайдиб юрсин!
— Хўп, сен айтгандай бўлади ҳаммаси…
Ҳусан ака ташқарига чиққани ҳамон ичкаридан Бек аканинг сўкингани эшитилди:
— Хунаса!
* * *
Бугунги кун Матназар учун жуда қийин кечди. Қиш келганидан далолатми, негадир эрталабдан қор учқунлаб, асабни бузгани етмай, ҳар сафар гап-сўзсиз улуш тайёрлаб қўядиган савдогарлар бугунга келиб қўлларини қовуштирганча бир жумлани қайтараверишди:
— Бек акам улушни ўзлари келиб олиб кетарканлар!
Матназар ҳеч нимага тушунмай, бир кўнгли Бек акага қўнғироқ қилиб аниқламоқчи ҳам бўлди. Бироқ ўйлаб қолди. Балки, бирор режани ўйлаб қўйгандир, яна?
Шу хаёл уни ниятидан қайтарди-ю, бўшашганча уйига келди…
Шом вақти. Масжиддан сўфининг чўзиб-чўзиб намозга чорлаган овози эшитилади. Дарвозага қўйилган соқчилар ҳам бугун қандайдир бошқача. Гоҳ ичкарига киришади, гоҳ кўчага чиқиб ўзаро шивир-шивир қилишади.
— Нима бўлди? — секин Сарибойдан сўради Матназар кўчага ишора қилиб. — Нега соқчилар безовталаниб қолишди?
— Тўғрисини айтаверайми? — Матназарга тик боқди Сарибой.
— Албатта тўғрисини айт-да!
— Ҳали замон Ҳусан ака келаркан бу ерга.
— Нима иши бор экан?
— Бунисини билмадим-у, аммо… Э, қисқаси, ака, менам билмайман…
У гапини тугатмай, ташқарида таниш машинанинг сигнали эшитилди.
Матназар ҳушёр тортиб секин ўша ёққа йўналди…
У дарвозага етиб улгурмай, ҳақиқатан, ёнида беш-олти нафар йигит билан Ҳусан ака ҳовлида пайдо бўлди.
Матназар югуриб бориб у билан сўрашишга тутинди. Бироқ қўллари ҳавода муаллақ қолди.
Ҳусан ака сўрашиш ўрнига унинг ёқасидан олди.
— Ҳа, хўроз, — дея Матназарни маҳкам бўғиб олди у. — Қачондан бери ўзингдан катталарни ҳақорат қиладиган бўлиб қолдинг?
— Бу… нима деганингиз? — хириллади Матназар. — К-кимни ҳақорат қипман?
— Ўзингни билмасликка оляпсанми, ит? Яхши. Унда яхшилаб эшит. Укангнинг тўйи эсингдами?
— Ҳа, эсимда.
— Ўшанда Бек акани сўкканмидинг?
— Сўккан? Қачон?
— Итдай ичасан-у, кейин нима деганингни эслолмай юрасан. Ўзингга ўзинг қилдинг, бола! Бу ёғига тақдирга тан берасан. Қани, тезда уйингдаги бор пулларни менинг қўлимга топшир!
— Нега?
— Ҳа-а, ҳали мени сўроққаям тутмоқчимисан? Кимлар билан ўйнашиб қўйганингни унутиб қўйибсан, чоғи? Майли, эслатиб қўямиз. Қани, йигитлар, бир четга олиб ўтиб эсини киритиб қўйинглар! Мен унгача уй ичкарисини тинтиб тураман!
Йигитлар буйруқни эшитишлари билан Матназарни икки қўлтиғидан олиб томорқа томонга олиб ўтиб кетишди…
* * *
Қора дорини шаҳардан анча нарида — далага яқин жойда ярим кечаси сотишади. Бу бозорда савдо қиладиганларнинг барчаси қамалавериб эти қотган, ранглари захил, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, кўзлари доимо ўйнаб турадиган ўрта яшар эркаклар…
Бу кеча Мардон чет эллик сотувчилардан оғунинг кучлисини сотиб олиб жони кириб қолди. Ўзининг мижозларига ана шу оғуларни нақд уч баравар қимматига пуллади.
Қаршисидаги икки тансоқчига беркитиб қўйганларидан пичасини татиб кўриш учун бераркан, ўзининг ҳам бир маза қилгиси келиб кетди.
— Тўхта, — деди у тансоқчи йигитнинг қўлидаги кичкинагина целлофан халтачани тортиб оларкан, кўзлари аланг-жаланг ён верига ўғринча назар ташлаб. — Бу зормандани аввал мен татиб кўраман. Қани, ростданам кучлимикан? Алдашмаган бўлса, кейинги гал ҳам худди шунақасидан опкелиб сотамиз…
Эндигина оқ кукундан озгинасини бармоғига илиб бурнига яқинлаштирган эдики, кимдир келиб елкасига туртгандай бўлди.
Мардон шоша-пиша халтачани кафтлари орасига яшириб орқасига ўгирилди.
Милиционерларданми, деб ўйлаганди. Сарибой экан.
— Ҳа-а, бу ерда нима қилиб юрибсан, арвоҳга ўхшаб? — Сарибойни жеркиб ташлади у. — Ўласанми, бундоқ йўталиб-нетиб келсанг?
— Узр, ака, фалокат юз берди!
— Нима бўлди? Қанақа фалокат?
— Акангизни уравериб ярим жон қилиб ташлашди.
— Нима? Ким?
— Бек аканинг одамлари. Шахсан Ҳусан аканинг ўзи келиб калтаклатди. Ичкаридаги пулларни тийин-тийинигача қўймай олиб кетди.
— Олиб кетди? Ие, ахир… Темир сандиқдаги пулларнинг ярми меникийди-ку! Нима қип қўйдиларинг, итлар?
Мардон беихтиёр Сарибойнинг томоғини чангаллаб бўға бошлади.
— Нима қип қўйдиларинг? Мени хонавайрон қилибсанлар-ку!
— Менда айб йўқ, ака! Қўйворинг!..
Мардон бирдан Сарибойни қўйиб юбориб муштларини тугди.
— Мен уларга кўрсатиб қўяман! Қўрқадиган аҳмоқ йўқ энди. Акам айб қилган бўлса, менда нима гуноҳ? Ўзидан олмайдими ўчини? Ўлдираман! Ўлдираман!
У қаршисидаги йигитларни куч билан итариб юборди-да, сумка тўла пулни қўлтиғига қисганча машинаси томон чопиб кетди.
Сарибой эса, аллақачон ўрнидан қўзғалган машина ортидан югургилаган кўйи қичқириб борарди:
— Мардон ака, борманг! Акангизда айб йўқ! Бекорга ўлиб кетасиз!
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|