Коронавирус инфекциясининг янги турини юқтиришнинг ягона йўли касал одам билан узоқ муддат яқин мулоқотда бўлиш экан. Худди шундай хулосага германиялик олимлар ўз тадқиқотлари якунида келишди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Вирусологлар Германиянинг Хайнсберг шаҳрида кенг кўламли тадқиқот ўтказган. Ушбу шаҳарда 1,4 мингдан касалланганлар аниқланган. Олиб борилган ўрганишларда объектлар юзасида вируснинг тирик аломатлари топилмаган. Мутахассислар эшик тутқичлари, телефонлар ва ҳожатхоналардан намуналар олишган. Лекин улардан топилган вируслар лабораторияда яшаб кетмаган.
Шундан келиб чиқиб, мутахассислар инфекция юқишининг энг катта хавфи касалликни юқтирган одамлар билан мулоқотга киришиш деган хулосага келишган. Яъни, COVID-19ʼнинг буюмлардан юқиши камдан-кам ҳолатда рўй бериши мумкин экан.
Олдинроқ бошқа давлатларнинг вирусологлари ҳам шундай фикрларни илгари сўришган эди. Яъни улар коронавирус фақат касаллик аниқланган инсонга мулоқотга киришиш орқали юқишини билдиришган эди.
Булар ўрганишлар асосида келинган хулосалар, албатта. Шундай бўлса-да, мутахассисларнинг тавсияларига амал қилинг: қўлларингизни тез-тез ювишни унутманг, кўчада ниқобсиз юрманг!