Бугун АОКА штабида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Нега ички ЙПХ постлари ташкил этилди? Нима учун кўчада милиция, Миллий гвардия, ДАН ходими одамларни тўхтатиб, автобусга олиб киришяпти?
— Махсус комиссиянинг 2020 йил 8 апрелдаги 17-сон баёнида фуқароларнинг карантин даврида жорий этилган тартиб ва қоидалар ҳамда "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзига зид равишда сабабсиз уйдан ташқарига чиқиши, жамоат жойларида бўлиши — маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши белгилаб берилди.
Тошкент шаҳрида 55 та асосий кўчаларда ва 6 та махсус йўналишда 1096 нафар ўзгармас шахсий таркибдан ва 171 та махсус техникадан иборат, жами 61 та "Мадад" гуруҳлари ташкил этилди.
Карантин тадбирларини таъминлашни янада кучайтириш, маҳаллалар ички кўчаларида фуқароларнинг бемақсад юришларининг олдини олиш, "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзини амалда татбиқ этиш мақсадида:
514 та маҳаллада 2483 нафар ходимлардан иборат 778 та "Жамоатчилик назорати маскан"лари ташкил этилди.
Тошкент шаҳри ҳудудида бемақсад юрган, ўрнатилган чекловларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўришликни таъминлаш мақсадида, 18 та махсус автобусларда, 108 нафар шахсий тартибда иборат "Тўсиқ" гуруҳлари ташкил этилди.